Ким англаб, ким англамаётган уйғониш тарихи
Ёки адвокатура соҳасига дахлдор яхши-ёмон сўзлару амаллар билан кечаётган жараён тафсилотлари
Ҳар бир юрт тарихида бўлгани каби бир мамлакат ичидаги айрим соҳаларда ҳам бурилиш, уйғониш, янгиланиш даврлари ёки унга туртки берадиган воқеа-ҳодисалар бўлади. Айни пайтда бу ҳодисалар катта бир кашфиётлар, оламшумул хатти-ҳаракатлар кўринишида акс этиши ҳам шарт эмас. Балки, аксинча, турғунликни бузувчи кичкинагина бир тўлқин, қисқагина бўлса-да, олға ташланган илк қадам, заифгина жаранглаган илк озод сўз тарихда ана шундай улкан из қолдириши мумкин...
Гапни бундай бошлашимиз бежиз эмас, албатта. Зеро, жорий йил бошида адвокатура соҳаси атрофида содир бўлган, кимдир сезиб, кимдир фаҳмламай ҳам қолган айрим воқеаларда биз ана шундай бир жараённи кузатгандай бўлдик. Ҳа, бу воқелик, ҳеч бир муболағасиз, яқин тарихда кузатилмаган, ҳатто хаёлга ҳам келмаган, фақат мамлакатимизда унда-бунда эса бошлаган сўз эркинлиги ва демократик муносабатлар эпкини туфайлигина содир бўлган ишлар эди. Эҳтимол, Президент фармони ва қатор қонун ҳужжатлари билан адвокатларга ва Адвокатлар палатасига берилаётган қатор ҳуқуқларнинг амалдаги илк жонли инъикоси десак ҳам ўринли бўлар бу жараённи.
Тўғри, амалда бу ишлар ҳали жуда катта натижа берганича йўқ. Аммо, ишончимиз комилки, у қанча қалблардаги ўлик умидларни тирилтирди, унча-мунча мудроқларни тумандек тарқатди. Демак, унинг меваси ҳали олдинда!
Худди мана шундай таассуротлар бизни бу жараённи ортиқча изоҳларсиз бўлса-да журналимизда чоп этишга ундади. Зеро, ҳар бир адвокатнинг диққат марказида туриши шарт бўлган бу жараён асосан интернет манбалари орқали кечганлиги боис ундан ўқувчиларимизнинг катта қатлами бехабар қолгани ҳам эҳтимолдан холи эмас. Энг муҳими эса, умид қиламизки, бу кичик тарих соҳа тараққиётида кескин бурилиш ясаб берган даврнинг илк саҳифалари сифатида ҳали кўп титкилаб ўқилади...
“Қўрқинчли статистика” ҳақидаги кутилмаган хабар
Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Бошқарувининг жорий йил 25 январь куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида Палата раиси Алим Эрназаров кутилмаган, тўғрироғи, оммавий тарзда айтилиши одат тусига кирмаган маълумотларни тилга олди ва Advokatnews.uz орқали у интернет нашрларда кенг тарқалди:
“Бугунги кунда турли идоралар томонидан адвокатларга ҳар хил кўринишда тазйиқ ўтказиш ҳолатлари учраб турибди. Уриш ҳолати ҳам бор, ҳимоясидаги шахснинг олдига киритмаслик ҳолати ҳам бор ва ҳоказо. Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда адвокатлар ўртасида бу борада ўтказилган аноним сўровнома статистикаси жуда қўрқинчли. Албатта, бу аноним сўровнома. Адвокатлар бу ҳақда фактларни ҳозир сўрасак, бера олмаслиги мумкин. Чунки, аввало, адвокатларда қўрқув бор, қолаверса, орадан вақт ўтиб кетганидан кейин уни асослаб, исботлаб бериш ҳам қийин.
Қолаверса, асосли фактлар ҳам кам эмас. Жумладан, ўтган йили Андижон вилоятида ички ишлар тизимининг мансабдор ходимларидан бири адвокатни олдига чақириб, унинг ордерини ва ишончномасини йиртиб ташлаган. Шунингдек, ушбу адвокатнинг ҳимоясидаги шахсни ҳам адвокат томонидан ёзилган кассация тартибидаги аризадан воз кечишга мажбурлаб, бу тўғрида ёзиб беришини талаб қилган. Аммо адвокатимиз ёш, уддабурон йигит экан, ўз ҳуқуқларининг бузилаётгани тўғрисида зудлик билан прокуратурага мурожаат қилиб, Адвокатлар палатасига ҳам билдирги берган. Шунга кўра биз энг аввало адвокатни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун у билан телефонда боғланиб, далда бердик. Ҳудудий бошқармамиз бошлиғи эса ходимлари билан биргаликда у билан юзма-юз учрашди. Шу тарзда ходимларимиз бир неча кун давомида адвокатнинг ёнида бўлиб, тазйиқнинг яна давом этиши эҳтимолларини бартараф этишга ҳаракат қилиб туришди. Уларга ёрдам бериш учун Палата марказий аппаратидан ҳам мутахассис юбордик. Натижада мазкур масала юзасидан бир қатор идоралар билан мулоқотлар олиб борилиб, тегишли баённомалар расмийлаштирилди. Шунга кўра Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига бунақа ҳолатларнинг олдини олиш масаласини кўриб чиқишларини сўраб мурожаат қилдик ва улар томонидан ҳам бунга тегишлича муносабат билдирилди. Айни пайтда юқорида қайд этилган масалани Бош прокуратура ўз назоратига олган бўлиб, жиноят иши очилган ва ички ишлар тизимининг бир неча ходими эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Ҳозирда тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда”.
Алим Эрназаров шуларни гапирар экан, бу мисол ягона ҳолат эмаслигини ҳам таъкидлади. “Шундан хулоса қилиш мумкинки, адвокатларни ҳимоя қилишнинг ишланган қулай тизимини яратишимиз керак, — деди у, жумладан. — Ҳозирча ҳеч бўлмаса адвокат тазйиққа учраган ҳолларда бу ҳақда ўз вақтида Палатага мурожаат қилиб, тегишли тез ёрдамни олиш имконига эга бўлсин! Шунинг учун бу борада қулайроқ шароит яратиш мақсадида ҳозир 4 рақамли қисқа телефон рақами олиш ҳаракатидамиз. Шунингдек, Палата томонидан адвокатлар ҳимоясини таъминлашга доир илк Низом ишлаб чиқилди. Албатта, у ҳали амалиётдан келиб чиқиб такомиллаштириб борилади”.
Аноним сўровнома натижалари эълон қилинди
Шундай хабардан сўнг, аниқроғи, 30 январь куни юқорида тилга олинган аноним сўровнома натижалари тўғрисидаги маълумотнома Адвокатлар палатасининг расмий сайтида эълон қилинди. 31 январь куни эса биз ҳам Advokatnews.uz сайтида бу ҳақда хабар бердик. Шу куни кечқурун бу хабар кўп минг сонли ўқувчиларига эга бўлган Kun.uz порталида ҳам Advokatnews.uz интернет нашрига ҳавола қилинган ҳолда тарқатилди.
“Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатаси томонидан адвокатларларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши ҳолатлари юзасидан аноним сўровнома ўтказилган бўлиб, унда республикада фаолият олиб бораётган 3881 нафар адвокатдан 3553 нафари ёки 91 фоизи иштирок этган, — дейилади хабарда. — Адвокатлар палатаси сайтида ушбу сўровнома бўйича тайёрланган таҳлилий маълумотнома эълон қилинди. Унда ёзилишича, сўровномада иштирок этган адвокатларнинг 1101 нафари тергов органларида, 820 нафари судларда, 293 нафари суриштирув органларида ўз профессионал мажбуриятларини амалга ошириш билан боғлиқ адвокатлик ҳуқуқлари бузилганлигини қайд этган.
Шунингдек, сўровнома бўйича берган жавобларида адвокатлар ўзларига нисбатан турли кўринишда тазйиқлар бўлганлигини ҳам билдиришган. Жумладан, унда адвокатга нисбатан жиноят иши қўзғатиш (258), адвокатни мақомидан маҳрум қилиш (621), адвокатнинг электрон почтаси ва ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини бузиш (80), адвокатни ҳимоя ҳуқуқини амалга оширишдан четлатишга уриниш (640), адвокатнинг телефон сўзлашувларини эшитиш (160), адвокатга нисбатан ноқонуний равишда тинтув ўтказиш ва кўздан кечиришни амалга ошириш (267), адвокатга жисмоний зиён келтириш тўғрисида таҳдид қилиш (208) каби қайдлар мавжуд” ва ҳоказо (Тўлиқроқ матн билан сайтимиз орқали танишишингиз мумкин).
Шу билан бирга, 363 нафар адвокат Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг адвокатура институти ҳимоячиси сифатидаги роли пасайиб кетганлиги ҳақидаги фикрларини ҳам билдирган. 207 нафар адвокат эса Палата томонидан қонун ҳужжатларида берилган ваколатлар ҳамда юклатилган вазифа ва мажбуриятларнинг тўлиқ амалга оширилмаётганини қайд этган.
Бир фурсат ишлаган “сеҳрли қалпоқ”
Аммо орадан бир кун ўтиб, 1 февраль куни кечқурун аввалига Палатанинг расмий сайтидаги мазкур маълумотнома, кўп ўтмай эса интернет нашрлардаги хабарлар ҳам “йўқолиб” қолди. Тўғриси, бу мамлакатимизда эркин ОАВга йўл очилаётгани ва ахборотлар шаффофлиги таъминланаётгани ҳақидаги умидларимизни сўндириб, яқин “ўтмишнинг қора кунлари” бошимизга яна қайтаётгандек таассурот уйғота бошлади... Турли интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлардаги муносабатларда ҳам ана шундай кайфият сезилиб турарди.
Ана шундай бир пайтда, минг шукрки, “сеҳрли қалпоқ” ўз ишини тезда якунлаб, қора булутлар тарқади — маълумотнома ва у ҳақдаги хабарлар яна ўз ўрнига қайтди. Балки “қайтиш”га мажбур ҳам бўлди десак тўғрироқ бўлар. Зеро, ушбу сўровнома натижалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ўз расмий сайтига баёнот жойлади ва у Xabar.uz портали орқали 4 февраль куни оммага тарқатилди. Унинг ортидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳам бу ишни такрорлади ва мазкур баёнотнинг оммалашишига бу сафар Kun.uz портали хизмат қилди. Демак, энди адвокатлар ўртасида ўтказилган аноним сўровнома натижаларини оммадан яширишдан мантиқ қолмаган эди...
Бош прокуратура нимадан норози бўлди?
“Бугунги кунда давлатимизда адвокатларнинг мақоми ва процессуал ваколатларини кенгайтириш, уларнинг дахлсизлигини ишончли таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аноним сўровнома натижасида эълон қилинган рақамлар жиддий шубҳа уйғотади, — дейилади баёнотда. — Масалан, ўтказилган аноним сўровнома натижаларида адвокатларга ҳимоя остидаги шахс билан учрашишга тўсқинлик қилиниши ҳолатлари суриштирув жараёнида 461 тани, тергов давомида эса 328 тани ташкил этади, деб кўрсатилган. Ваҳоланки, амалдаги қонунчиликка биноан, адвокат суриштирув ёки тергов жараёнида ҳимоя остидаги шахс билан жиноят ишини юритишга масъул бўлган давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг рухсатисиз, учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда ҳоли учрашишга ҳақли”.
Шунингдек, баёнотда адвокатлар учун яратилган шарт-шароитлар қайд этилиб, жумладан, “тергов ҳибсхоналари ва ёпиқ турдаги жазони ижро этиш муассасаларининг ҳар бирида махсус адвокат хоналари (32 та муассасада – 69 та адвокат хонаси) ажратилган”лиги, “ҳар қандай тазйиқ ҳолатларининг олдини олиш мақсадида тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларининг барчаси видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган”лиги таъкидланади.
Баёнотда яна бир эътиборга молик маълумот бор: “... эълон қилинган аноним сўровнома натижаларида тергов органлари ходимлари томонидан адвокатга нисбатан ҳақоратли, камситадиган муносабатда бўлиш ҳолатлари 209 тани ташкил этади, деб кўрсатилган бўлса-да, ўтган 2018 йилда республика миқёсида прокуратура органларига адвокатлардан ўзига нисбатан ҳақоратли ва камситувчи муносабатда бўлинганлиги ҳолати юзасидан 2 та мурожаат келиб тушган ва қонуний тартибда кўриб чиқилган.
Шунингдек, аноним сўровномада иштирок этган адвокатлар томонидан адвокатга нисбатан жисмоний зиён келтириш тўғрисида таҳдид қилишнинг 208 ҳолати мавжуд, деб қайд этилган бўлса-да, 2018 йил давомида прокуратура ва ички ишлар органларига бундай мазмундаги биронта ҳам расмий мурожаат келиб тушмаган”.
Шуларга кўра Бош прокуратура “очиқ ва қонуний мурожаат механизми мавжуд шароитда адвокатлар томонидан уларга нисбатан мунтазам тазйиқ ва таъқиб бўлаётгани ҳақидаги эътирозларнинг аноним сўров шаклида эълон қилинишининг ўзи касбий ва ахлоқий нуқтаи назардан мақсадга мувофиқ эмас” деб ҳисобласа-да, “мазкур сўровнома асосида баён этилган маълумотлар қонунни қўллаш амалиётида мавжуд вазиятни танқидий баҳолаш учун жиддий сигнал” ҳисобланишини тан олади.
Қолаверса, баёнотнинг якуний қисми ҳам умид уйғотувчи чақириқ ва муждадан иборат:
“Касбий фаолиятига тўсқинлик қилиниши ва тазйиқ ўтказилиши ҳолатларига бевосита дуч келган адвокатлар Бош прокуратурага мурожаат қилишлари сўралади.
Адвокатларнинг бундай мазмундаги ҳар бир мурожаати шахсан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори назоратида индивидуал ва шаффоф тартибда кўриб чиқилиб, қонуний баҳо берилиши қатъий таъминланади”.
Олий суднинг кескин эътирози
Бош прокуратура баёнотидан кейин Олий суд расмий сайтида пайдо бўлган муносабат эса бир қадар фарқли бўлди. Аввало, негадир, аноним сўровнома натижалари бўйича муносабат Олий суд номидан эмас, балки Олий суднинг Матбуот хизмати номидан билдирилди. Бунинг устига, у сарлавҳасиданоқ жуда кескин раддия кўринишида эди: “Ҳақиқатдан йироқ аноним сўровнома натижалари”.
“Ажабланарли жиҳати, хабарда давлатимизда адвокатларнинг мақоми ва процессуал ваколатларини кенгайтириш, уларнинг дахлсизлигини ишончли таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аноним сўровнома натижасида эълон қилинган рақамлар жиддий шубҳа уйғотиши табиий, — дейилади баёнотда. — Жумладан, маълумотлардаги судлар профессионал фаолият билан шуғулланиш учун суд биносига компьютер, мобиль телефон ва бошқа коммуникация ускуналарини олиб киришда адвокатларга асоссиз тўсқинлик қилишаётганлиги ҳақидаги важлар билан келишиб бўлмайди”.
Шундан сўнг мамлакатимиз суд тизимида амалга оширилган ишлар, қонун ҳужжатларидаги янгиликлар бўйича маълумотлар берилади. Хусусан, ёпиқ суд мажлисида кўрилиши талаб этиладиган ишлардан ташқари, барча жиноят ишлари судларда ошкора кўрилиши ва суднинг ташаббуси ёки процесс иштирокчиларининг илтимосномасига кўра аудио ва видеоёзувдан фойдаланиши ҳамда суд мажлислари видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкинлиги, адвокатлар, суд жараёнини ўтказиш тартибини бузмаган ҳолда, суд биносига компьютер, мобил ва бошқа алоқа воситаларини монеликсиз олиб кириш ҳуқуқига эга эканлиги таъкидланади ва “Бугунги кунга қадар қонуннинг ушбу талаблари бузилаётганлиги хусусида Олий суд ёки судьялар Олий малака ҳайъатига мурожаатлар келиб тушмаган” дея қайд этилади.
“Судларда адвокатлар учун алоҳида хоналар мавжуд эмаслиги ҳақидаги фикрлар ҳам асоссиздир, — дейилади баёнотда. — Чунки ўрганишлар ва Судлар фаолиятини таъминлаш департаментидан олинган маълумотлар республика бўйича фаолият юритаётган 606 та суд жойлашган 296 та суд биносининг 291 тасида (98,3 %) адвокатлар учун хоналар мавжудлигини кўрсатмоқда”.
Шунингдек, баёнотнинг якуни ҳам унинг аввали каби жуда таҳликали: “Бундан ташқари, профессионал юрист бўлиб, ўз ҳақ-ҳуқуқларини жуда яхши билган адвокатлар бу масалаларда Олий суд ёки судьялар Олий малака ҳайъатларига расмий тарзда мурожаат этмаган бир вазиятда, ижтимоий тармоқларда, 820 та ҳолатда адвокатларнинг ўз профессионал мажбуриятларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари бузилганлиги, 222 та ҳолатда суд муҳокамаси жараёнида процессуал талабларининг бузилганлиги, 514 та ҳолатда суд иши юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишув принципларига риоя этилмаганлиги, 144 та ҳолатда судьялар ва суд ходимлари адвокат ва унинг ҳимояси остидаги шахсга нисбатан ҳақоратли муносабатда бўлишганлиги, 300 та ҳолатда адвокат ва унинг ҳимояси остидаги шахсга таржимон тақдим этилмаганлиги ҳақида тасдиқланмаган маълумотларни тарқатишлари, уларнинг касб этикасига зид ҳаракат, деб баҳоланиши лозим бўлади”.
Баёнотларни омма қандай қабул қилди?
Мазкур кескин баёнотлар юзасидан ижтимоий тармоқларда ва интернет нашрларда билдирилган муносабатларда эътирозлар устунлик қилди. Ҳатто уларни тазйиқ сифатида баҳолаганлар, Адвокатлар палатаси сайтидан сўровнома натижаларининг олиб ташланишини эса журъатсизлик сифатида танқид қилганлар ҳам бўлди. Айниқса, қайсидир муаммо хусусида тегишли идорага шикоят қилинмагани бу ҳали амалда ўша шикоятга арзийдиган ҳолатлар йўқ дегани эмаслиги кўпчилик томонидан айтилди. Жумладан, Gazeta.uz нашридаги мақолага бу борада кўплаб изоҳлар қолдирилди. Қолаверса, таҳририятимизнинг электрон почтаси, телеграм-канали ва бевосита телефон қўнғироқлари орқали кўплаб ўқувчиларимиз, адвокатлар баёнотлар юзасидан ўз норозиликларини билдириб, бу идораларга айтишимиз учун ўз саволларини ҳам қолдирдилар.
Аммо биз бу жараённи хотиржамроқ кузатиб туришга қарор қилдик. Яширмаймиз, қош қўяман деб кўз чиқариб қўймайлик деган хавотиримиз устунлик қилди. Мазкур баёнотларга Адвокалар палатаси томонидан асосли раддия берилишини интизорлик билан кута бошладик.
Палата бошқа йўлдан борди
Адвокатлар палатаси эса биз кутаётган йўлдан бормади. Балки Бош прокуратурага учрашув таклифи билан чиқди ва шунга кўра Палата раҳбарияти А.Қ.Эрназаров ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов очиқлик ва ишчанлик руҳида суҳбатлашиб олдилар. Келажакда ҳамкорликда ҳаракатлар олиб бориш, хусусан, Адвокатлар палатаси, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ва бошқа давлат органлари вакиллари иштирокида ишчи комиссияси тузиш ҳақида келишиб олинди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов адвокатларнинг касбий ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ масалаларни шахсан ўзи назорат қилишини билдирди ва адвокатлар ўзларининг фаолиятига аралашиш ёки бирон-бир тарзда тазйиқ ўтказиш ҳолатлари юзасидан бевосита Бош прокурорга мурожаат қилишлари мумкинлигини айтди.
Бош прокурорнинг ваъдаси эълон қилинди!
Бош прокурорнинг бу ваъдаси ҳақида Палатанинг расмий сайти орқали маълум қилиниб, баҳонада аноним сўровнома бўйича ҳам “қизим сенга айтман, келиним сен эшит” қабилида умумий тушунча бериб ўтилди:
“Адвокатлар палатаси ўз аъзолари, яъни адвокатлар орасида аноним сўровнома ўтказиш ҳуқуқига эга. Ўз навбатида адвокатлар бундай аноним сўровномаларнинг натижалари ҳақида маълумот олишга ҳақлидирлар. Шу мақсадда, Адвокатлар палатаси адвокатлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатилишида уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши ҳолатлари юзасидан 2018 йил октябрь-ноябрь ойларида ўтказилган аноним сўровноманинг натижаларини адвокатларнинг эътиборига етказиш учун жорий йилнинг 30 январь куни аноним сўровнома таҳлилини эълон қилди.
Бундан ташқари, 2018 йилнинг декабрь ойида мазкур аноним сўровнома натижалари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суди ва Ички ишлар вазирлигига ҳам тақдим этилган...
Аноним сўровнома таҳлили натижаларига кўра Адвокатлар палатаси адвокатлик фаолияти мустақиллиги ва эркинлигини таъминлашга қаратилган ҳаракатлар дастури ва превентив чора-тадбирларни белгилаб олади”.
Адвокатлар палатаси интернет баҳс-мунозарасидан тийилди
“Адвокатлар палатаси оммавий ахборот воситалари орқали “интернет-баҳс-мунозараси”га киришиш ниятида эмас, негаки бундай услуб самарасиз бўлиб, ҳамкорликнинг бошқа самарали платформаларини қўллаш муҳим деб ҳисоблайди, — дейилади, жумладан Палата ахборотномасида. — “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги ПФ-5441-сонли Фармонининг 5-бандида белгиланган замонавий талаблар, адвокатура фаолиятининг кафолатларини амалда таъминлаш, адвокатлик тузилмалари ва адвокатларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонуний манфаатларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратган ҳолда ўз ишини қайта йўналтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш бўйича Адвокатлар палатасига юклатилган вазифалар ҳам айнан шундай ёндашувни назарда тутади”.
Адвокат ҳамкасбларини Бош прокурорга ишонишга чақирди
“Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг зиммасидаги иш ҳажмидан келиб чиқиб, у тергов ва суриштирув органлари мансабдорлари ёки судлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари устидан қилган шикоятлари бўйича адвокатларни қабул қилишга имкон топа олмайди деб ҳисоблаган эдим, — дейди ижтимоий тармоқда ўз ҳамкасбларига мурожаат билан чиққан адвокат А.С.Пашковский. — Аммо аслида бундай эмаслиги маълум бўлди. Мен 2019 йил бошида дастлабки тергов органлари ва тергов ҳибсхонаси мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан бир неча маротаба процессуал шикоятлар берган эдим. Шунга кўра 2019 йилнинг 8 февраль куни Бош прокурор Отабек Баҳритдинович мени ўзининг қўл остидаги раҳбар ходимлари билан биргаликда шахсан қабул қилиб, шикоятим мақсадини диққат билан эшитди ҳамда айрим ўринларига аниқлик киритиб олди. Шундан сўнг шикоят қилинган ҳуқуқ-тартибот органлари мансабдор шахсларига нисбатан зудлик билан тегишли чоралар кўрилиши тўғрисида қабулда иштирок этаётган ваколатли ходимларига кўрсатма берди. Уларнинг зиммасига адвокатларнинг касбий фаолиятига доир ҳуқуқлари бузилиши бўйича тушган ҳар қандай шикоятлари ҳақида Бош прокурорга шахсан ҳисобот бериш ва уларни зудлик билан ўрганиб чиқиб, айбдорларга нисбатан жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар кўриш вазифаларини юклади. Шунингдек, Бош прокурор шу пайтдан бошлаб адвокатларнинг касбий ҳуқуқлари ўз назоратида бўлишига ва унга риоя этилмаслиги юзасидан хавотирга ўрин йўқлигига мени шахсан ишонтирди”.
Олий суд раиси ҳам шундай йўл тутса...
Адвокат Пашковский Бош прокурор ваъдасининг қанчалик ҳақиқат эканлигига ўз мисолида гувоҳ бўлганини баён қилар экан, бунинг учун Бош прокурорга миннатдорчилик изҳор қилади ва айни пайтда Олий суд раиси томонидан ҳам худди шундай йўл тутилиб, суд тизими ходимлари томонидан адвокатларнинг касбий ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини назоратга олиш ва бартараф этиш учун уларни шахсан қабул қилишни ташкил этишига умид билдиради.
Шунингдек, адвокат ўз ҳамкасбларини ҳам фаолликка ундаб, фаолиятлари давомида касбий ҳуқуқларига турли идоралар мансабдор шахслари томонидан дахл қилинганида сусткашлик қилмасдан, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли процессуал ҳаракатларни амалга оширишга, бу йўл билан масала ҳал бўлмаганида эса бу ҳақда Бош прокуратурага мурожаат қилишга чақиради. Айни пайтда бу жараёнда адвокатлар ўзларининг ва раҳбариятнинг қимматли вақтларини ҳурмат қилишлари лозимлигини ҳам таъкидлайди.
Яна бир адвокат бош прокурорга ишонч билдирди
“Адвокатлар ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатларини шахсан Бош прокурор ўз назоратига олгани айни муддао бўлди, – дейди таҳририятимизга мурожаат қилган адвокат, Тошкент шаҳридаги “EGIDA” адвокатлик бюроси бошқарувчиси А.Хамидов. – Сайтингиз орқали бу хабарни ўқиб шахсан менда умид учқунлари уйғонди. Чунки айнан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан кейинги пайтда бир жиноят иши бўйича иштирок этаётган биз адвокатларнинг ва ҳимоямиздаги шахсларнинг ҳуқуқлари бузилаётган, бу ҳақда 2019 йил 21 январда бошқарма бошлиғи номига ёзган шикоятимиз эса жавобсиз қолаётган эди. Шу боис, айниқса, ҳамкасбимиз Пашковскийнинг мурожаатидан завқланиб, ҳуқуқларимиз бузилишига доир барча ҳужжатларни Адвокатлар палатасига тақдим қилдим. Агар Бош прокурор назоратида ушбу масала ҳам ростдан ўрганиб чиқилиб, тегишли чора кўрилса, бу хушхабарни биз ҳам албатта ҳамкасбларимизга етказамиз. Чунки, ишончим комилки, бизга ўхшаб дардини кимга айтишини билмай юрган адвокатлар ҳали кўп топилади”.
Адвокатнинг айтишича, унинг ҳимоясидаги шахсга доир жиноят иши бўйича тергов 2018 йилнинг 30 ноябрида тугаганлиги эълон қилиниб, иш ҳужжатлари билан таништириш жараёни бошланган бўлса-да, адвокатларга ҳужжатлар тўлиқ тикилмаган ва рўйхати тузилмаган ҳолда тақдим этилган. Бундан ташқари, “жиноят иши ҳужжатлари махфийлаштирилган” деган важ билан унинг варақларини фотосуратга олишга ҳам қаршилик қилиб келинмоқда экан. Аммо махфийлаштириш ҳақидаги қарорни сўрашганида кўрсата олишмаган. Шунингдек, адвокат ўз ҳимоясидаги айбланувчини қамоқда сақлаш муддати ҳам ўтиб кетганини, аммо Бош прокуратура бу масалага ҳам ўз муносабатини билдирмаганини айтади. Қолаверса, тергов тугаган бўлишига қарамасдан, жорий йилнинг 23 январидан 1 февралигача айбланувчини ҳар куни, ҳатто шанба ва якшанба кунлари ҳам, тергов бошқармасига олиб келишгани ҳақида ҳам айбланувчининг ўзи адвокатга маълум қилган экан. Шуларга асосан адвокат жорий йилнинг 4 февралида шахсан Бош прокурорнинг номига шикоят аризаси ёзган.
“Хуқуқларим бузилишига доир шикоятимга жавоб беришмади!”
“Сайтингизда адвокатларнинг касбий ҳуқуқлари бузилишига доир масалаларни Бош прокурор шахсан ўз назоратига олгани ҳақида ҳам ёздингиз. Агар ваколатингиз бўлса сўраб беринг-чи, Бош прокурор қайси санадан кейинги шикоятларни ўз назоратига олар экан?!”
Таҳририятимизга қўнғироқ қилган адвокатнинг бундай истеҳзоли саволи, тўғриси, бизни сал саросимага солди. Шу боис ундан бунинг сабабини ётиғи билан тушунтириб беришини илтимос қилдик. Шунга кўра адвокат таҳририятимизга тегишли ҳужжатлар билан келишга розилик берди.
“Бош прокуратура томонидан адвокатлар ўртасида ўтказилган аноним сўровнома натижаларига нисбатан билдирилган ишончсизлик мени ҳайратда қолдирди. Жумладан, Бош прокуратуранинг баёнотида “2018 йилда республика миқёсида прокуратура органларига адвокатлардан ўзига нисбатан ҳақоратли ва камситувчи муносабатда бўлинганлиги ҳолати юзасидан 2 та мурожаат келиб тушган ва қонуний тартибда кўриб чиқилган” дейилган. Қанчадан-қанча адвокатларимиз ўз ҳуқуқларининг бузилиши бўйича ёзган аризаларига, мурожаатларига жавоб ололмай турган бир пайтда бу гапни қандай тушуниш мумкин?! Ахир шахсан менинг ўзим етти ойдан буён аризамга жавоб ололмайманку... Қолаверса, менинг шикоятим мамлакатимизнинг қайсидир чекка бир туманидаги прокуратура идораси ходими устидан эмас, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси терговчисининг хатти-ҳаракатлари устидан ёзилган эди...”
Юнусобод туманидаги “PRAVOVED” адвокатлик бюроси адвокати Абдуғани Қурбанов таҳририятимизга келиб, биз билан суҳбатни ана шу оҳангда бошлади. Адвокатнинг айтишича, унинг ҳимоясидаги фуқарога нисбатан 2018 йил 19 июнда тергов ҳаракатларини олиб бораётган терговчи ўз ваколатлари доирасидан чиқиб, тергов бераётган фуқарога нисбатан, гарчи у саволларга жавоб бераётган бўлса-да, руҳий босим ва тазйиқ ўтказа бошлаган. Шунда адвокат унинг бу хатти-ҳаракатларига нисбатан эътироз билдириб, тазйиқ ўтказмасликни, терговга доир процессуал талабларни бузмасликни сўраган. Аммо терговчи адвокатнинг қонуний талабини бажариш ўрнига унинг ўзини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб, унга бу ер Бош прокуратура эканини “эслатиб” қўйган ва уларнинг олдида жим ўтириши кераклигини кўча тилида “тушунтирган”. Шунингдек, яна шу ҳолат такрорланса уни бу ишдан четлатишлари мумкинлиги билан тазйиқ ўтказган.
“Шундан сўнг мен 2018 йилнинг 22 июнида Бош прокурор номига ариза ёзиб топширдим, — дейди адвокат. — Аризамда Бош прокуратура терговчисига нисбатан қонуний чора кўришларини, уни менинг ҳимоям остидаги фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўйича тергов ҳаракатлари олиб боришдан четлатишларини ҳамда терговчига нисбатан кўрилган чора ҳақида менга маълум қилишларини сўрадим. Аммо, мана, орадан шунча вақт ўтаётган бўлса-да ҳанузгача бу аризам бўйича на мени чақиришди, на жавоб хати беришди...”
Агар эсингизда бўлса, Бош прокуратура баёнотида “2018 йилда республика миқёсида прокуратура органларига адвокатлардан ўзига нисбатан ҳақоратли ва камситувчи муносабатда бўлинганлиги ҳолати юзасидан 2 та мурожаат келиб тушган ва қонуний тартибда кўриб чиқилган” дея қайд этилган эди...
Олий суд рақамда адашганмиди?
“Мен ўйлайманки, Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатаси ҳамкорлигида адвокатлар ўртасида ўтказилган аноним сўровномада ҳамкасбларимиз сўровлар бўйича холис ўз фикрларини билдиришган, — дейди Палатанинг Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зафар Валиев таҳририятимиз ходимлари билан вилоят адвокатлари ўртасида ташкил этилган учрашувда. — Минг афсуски, унга Олий суд томонидан ишончсизлик билдирилди. Аммо мен шахсан бу эътирозга қўшилмайман. Чунки, узоққа боришнинг ҳам ҳожати йўқ, ўтган йили Палата бошқармасидан вилоят судига хат билан мурожаат қилиб, суд биноларида адвокатлар учун алоҳида хоналар ажратилишида амалий ёрдам беришларини сўраган эдик. Бу илтимосимизга жавоб берилмади. Аксинча, масалан, жиноят ишлари бўйича вилоят судида номигагина “Адвокатлар хонаси” деб ёзиб қўйилган хона ҳам орада фуқароларни қабул қилиш хонаси қилиб қўйилди. Ёки туманларда ҳам аксарият суд биноларида адвокатлар учун ажратилган хоналар йўқ, борида ҳам номигагина ёзиб қўйилган бўлиб, ичкарида ҳеч қандай шароит, ҳатто ўтириб кутиш ё ишлаш учун стол-стул йўқ. Шу боис фурсатдан фойдаланиб вилоятдаги 203 кишилик адвокатлар жамоаси номидан сизлардан илтимосимиз шуки, бу маълумотни Олий суд раҳбариятига етказсангиз. Аноним сўровномага эътироз ёзган ва уни имзолаган Олий суд мутасаддилари жойларга чиқиб асл ҳолатни ўз кўзлари билан кўришсин. Мана, Олий суд раисининг ўзи, ўринбосарлари жойларга чиқиб сайёр қабуллар ўтказишдек яхши ишга қўл уришяпти, шу баҳонада суд биноларига кирганларида адвокат хоналарини ҳам сўрашсин, борларини очиб кўришсин”.
Тўғриси, адвокатнинг бундай эътирозини дарҳол ОАВга олиб чиқишни маъқул кўрмадик. Модомики, Олий судга асл аҳволни ўрганиб чиқмасдан туриб эътироз билдирганлик айбини қўяётган эканмиз, аввало ўзимизнинг эътирозимиз аниқ фактларга таянган бўлиши керак деб ҳисобладик. Шу боис сафардан қайтишимиз билан Адвокатлар Палатаси раҳбариятидан ҳудудий бошқармалар ёрдамида барча суд биноларида адвокатлар учун яратилган шароит ўрганиб чиқилиши бўйича таклиф киритдик. Бу таклифимиз қўллаб-қувватланди ва барча ҳудудий бўлимларга бу борада расман топшириқ берилди. Мана, ниҳоят, қўлимизда республикамизнинг тўртала йўналиш бўйича судлари биноларидаги ҳолат алоҳида-алоҳида акс этган жадвал...
Уни ўрганганимизда энг яхши ҳолат жиноят ишлари бўйича судларда экани маълум бўлди. Айниқса ЖИБ Тошкент шаҳар ва вилоятлар судларидаги ҳолат бир қадар қониқарли — Қашқадарё вилоятидан бошқа барча жойда адвокатлар учун хона ажратилган. Фақат ЖИБ Навоий вилоят судида стол-стул, ҳатто китоб жавони билан жиҳозланган “Адвокатлар хонаси” доимий қулф ҳолатда бўлиб, асосан суд ходимларининг ўзлари очиб фойдаланишар экан. Наманган вилоятида эса ундан маслаҳатхона сифатида фойдаланилиши қайд этилади. Ёки ЖИБ Жиззах вилоят судидаги адвокатлар хонасининг бор-йўғи битта стол ва битта стул билан жиҳозлангани ҳам мақтангулик факт эмас.
Манзарани туманлар кесимида кўрганимизда эса қизиқ бир ҳолат кўзга ташланди. Яъни Адвокатлар палатаси томонидан 2018 йилда ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, ЖИБ туман ва шаҳар судлари биноларида мавжуд бўлган адвокатлар хоналари 2019 йил март ойида ўтказилган ўрганишда “йўқолиб” қолган. Бундай тескари натижа, жумладан, Навоий вилоятининг саккизта, Хоразм вилоятининг бешта, Қорақалпоғистон Республикасининг тўртта, Бухоро вилоятининг учта, Наманган, Самарқанд, Сирдарё вилоятларининг биттадан туман ёки шаҳар ЖИБ судларида қайд этилган. Шунингдек, сақланиб қолинган адвокатлар хоналаридан аввал мавжуд бўлган стол-стуллар йўқолиб қолгани ёки камайиб қолгани ҳолатлари ҳам мавжуд ва ҳоказо.
Қолаверса, ЖИБ Навоий ва Наманган вилоят судлари “тажрибаси” туманларда ҳам учраб турибди. Масалан, ЖИБ Ангрен шаҳар судида “Адвокатлар хонаси” деб ёзилган хонада судьянинг котибаси ўтиради. Шунингдек, “Адвокатлар хонаси” деб ёзиб қўйилган бўлса-да, ҳамиша қулф турадиганлари, умуман таъмирсизлари ёки жиҳозланмаганлари туманларда ҳам бор.
Хуллас, шуларни ҳам “борми-бор” қабилида тўлиқ ҳисобга олган тақдиримизда жиноят ишлари бўйича 206 та суд биноларидан 92 тасида (44,7%) умуман адвокатлар хонаси йўқлиги маълум бўлмоқда.
Афсуски, бошқа йўналишдаги судларда ҳам аҳвол бундан яхши эмас — ўрганилган маъмурий судларнинг 100 тасида (48,5 %), фуқаролик судларининг 42 тасида (47,2 %), иқтисодий судларнинг 47 тасида адвокатлар хонаси умуман ажратилмаган (56,6 %).
Олий суд эътирозномасида эса, Судлар фаолиятини таъминлаш департаментидан олинган маълумотларига таянилган ҳолда, 98,3 фоиз суд биноларида адвокатлар хоналари мавжудлиги қайд этилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасидан маълум қилишларича, юқорида қайд этилган ўрганиш натижаларини солиштириб кўриш ва аниқлик киритиш учун Олий судга тақдим этиш кўзда тутилмоқда.
Олий суд нега мақолаларга муносабат билдирмайди?
“Журналда ва сайтингизда Олий суддаги муаммолар, адвокатларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилишига доир қанча мақолалар чоп этилди, аммо нега улардан муносабат талаб қилмайсизлар? Нега аноним сўровнома натижаларига бундай кескин муносабат билдирган Олий суд мақолаларда асосли фактлар билан очиб берилаётган муаммолар юзасидан муносабат билдирмайди?”
Таҳририятимизнинг энг яқин ҳамкорларидан бири, Таҳрир ҳайъати аъзоси, олим ва адвокат Баҳром Саломовнинг телефон орқали айтган эътирози бизга сал оғир ботган бўлса-да, ўзимизнинг бу борада сусткашлик қилганимизни тан олмасликнинг ҳам иложи йўқ эди. Зеро, Олий суддаги мутасаддиларга бу масалада оғзаки мурожаат қилиб, мақолаларга муносабат сўраган бўлсак-да, расмий хат билан мурожаат қилмаган эдик. Эҳтимол, ростдан ҳам, журналимиз Олий суд раҳбариятига етиб бормаётгандир...
Гап қайси мақолалар ҳақида кетаётганини тушуниб етган бўлсангиз керак. Журналимизнинг 2018 йил 3-сонида “Олий суднинг хати изсиз йўқолди” сарлавҳали мақола чоп этилгач, унда кўтарилган муаммога ўхшаш ҳолатлар юзасидан адвокатлардан мурожаат ва мақолаларнинг кети узилмай қолди. Натижада 4-сонда “Олий суддаги оғриқли нуқта...”, 5-6-сонда “Ваколатнинг чегараси борми?” каби мақолалар чоп этилди. Қолаверса, Advokatnews.uz сайтимизда ҳам ушбу мавзуга доир “Яна ўша эски мавзу — Олий суд ҳозирча рад қилмаган муаммолар”, “Яна Олий суд: шикоят манбаси битта, муносабат эса икки хил!” сарлавҳали муносабатлар эълон қилинди. Телеграмм каналимизда ҳам бу мавзу доирасида муносабатлар ҳали-ҳамон тўхтовсиз давом этмоқда.
Бироқ, ушбу мавзу кўтарилганига ярим йилдан ошиб кетса-да, адвокатимиз ўринли эътироз қилганидек, унга Олий суднинг ўзидан ҳеч қандай муносабат билдирилмаган эди. Шу боис жорий йилнинг 6 март куни ушбу мартабали идорага хат билан мурожаат қилиб, журналимизда соҳага доир муаммолар кўтарилаётганлигини маълум қилишга мажбур бўлдик. Зеро, мавзунинг бир томонлама муҳокамаси қанча узоқ давом этса, кўзланган мақсад ўз аҳамиятини йўқотиб, мақолалар муаммо ечимига эмас, аксинча, жамоатчиликда Олий судга нисбатан салбий муносабат шаклланишига хизмат қилиб қолиши ҳам мумкин эди...
Олий суд раиси мақолаларимиздан шахсан бохабар бўлди!
Ҳар нарсанинг ўз фурсати бор деганларидек, журналимизда муаммолар кўтарилаётганини Олий суд раисининг шахсан ўзига етказиш учун ҳам имкон пайдо бўлиб қолди. 28 март куни Олий суд раиси Козимджан Камилов иштирокида марказий ва ҳудудий ОАВ вакиллари учун видеоконференцалоқа орқали очиқ мулоқот ўтказилди. Табиийки, бундай имкониятдан фойдаланиб, Олий суд раисига журналимиз ва унда чоп этилаётган мақолалар хусусида мухтасар хабар беришга улгурдик.
Олий суднинг Матбуот хизмати раҳбари Олимжон Ўсаров эса журналимизда чоп этилган мақолалар юзасидан юборган хатимиз тегишли бошқармаларга юборилганлиги ва улар томонидан ўрганиб чиқилаётганини маълум қилди.
Суд мажлисида видео-аудио ёзувлар муаммоси
Мазкур тадбирда биз учун эътиборга молик яна бир масала кўтарилди. Яъни суд мажлисларида овоз ва тасвир ёзиб олиш воситаларидан фойдаланиш борасида муаммолар борлиги Олий Мажлис депутати ва ОАВ вакиллари томонидан қайд этилди. Зеро, Олий суднинг аноним сўровномага эътирозномасида “ёпиқ суд мажлисида кўрилиши талаб этиладиган ишлардан ташқари, барча жиноят ишлари судларда ошкора кўрилиши ва суднинг ташаббуси ёки процесс иштирокчиларининг илтимосномасига кўра аудио ва видеоёзувдан фойдаланиши ҳамда суд мажлислари видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкинлиги” таъкидланган эди. Ваҳоланки, бу борада муаммо борлигига таҳририятимиз ҳам ўз фаолиятида гувоҳ бўлганди — ҳатто расмий хат билан мурожаат қилиб ҳам суд жараёнидан видео ва аудио ёзувни амалга оширишга рухсат ололмагач, бу ҳақда сайтимизда хабар берган эдик.
Шу боис, ўз тажрибамиздан келиб чиқиб, мазкур масалада биз ҳам ўз таклифимизни билдирдик. Яъни амалдаги тўртала процессуал кодексларда ҳам суд мажлисларида аудио ва видео ёзувларни амалга ошириш ускуналаридан фойдаланиш учун судга раислик қилувчининг рухсати кераклиги белгилаб қўйилганлиги, аммо судья қандай ҳолларда бунга рухсат бермаслиги масаласи очиқ қолганлигини айтиб, Олий суд Пленуми томонидан бу масалага ойдинлик киритилиши, масалан, шарҳ берилишини илтимос қилдик.
Аммо регламент сабабли битта саволимизни беришга улгурмадик. Шу боис аввалига Олий суд матбуот хизматидан суд мажлисларида адвокатлар ва журналистлар томонидан аудио ва видео ёзувларни амалга ошириш борасида қанча илтимоснома бўлгани ва уларнинг қанчасига рухсат берилгани тўғрисида маълумот бор-йўқлигини сўрадик. Жавоб ололмагач эса бу ҳақда хат билан Олий судга мурожаат қилдик.
Наҳотки ишончга путур етса?...
Кейинги ўзгаришлардан завқланиб, баъзан ҳатто унда-бунда мақтаниб ҳам юрган бир пайтимизда Тошкент шаҳридаги “EGIDA” адвокатлик бюроси адвокати А.Хамидовнинг тушкун кайфиятдаги қўнғироғи бизни хавотирга солиб қўйди. Ҳа, бу киши мазкур тарихномамизда исми аввалроқ қайд этилган, Бош прокурор ваъдасидан завқланиб, унга ишонч билдирган адвокатлардан бири эди. Яъни у Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси терговчиси томонидан бир жиноят иши бўйича ўз ҳимоясидаги шахснинг ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида жорий йилнинг 4 февралида Бош прокурор номига шикоят аризаси ёзганини айтиб, бу каби шикоятлар, ниҳоят, юқори доирада назоратга олинаётганидан хурсанд бўлганини таъкидлаган эди...
“Бош прокурор номига ёзган шикоятларимдан кейин муаммо бартараф этилиши ўрнига тескариси бўлди, — дейди адвокат. — Жумладан, 25 жилддан иборат жиноят иши билан танишиб чиқиш учун менга терговчи 4 кунлик муддат белгилаб, ҳуқуқларимни чеклагач, бу ҳақда 22 февраль куни Бош прокурор номига яна бир шикоят топширишга мажбур бўлдим. Бундан хабар топган терговчи эса ҳимоямдаги маҳбусга “адвокат А.Хамидовдан воз кечасан” деб босим ўтказибди. 25 февраль куни тергов ҳибсхонасида кўришганимда ҳимоямдаги шахс бу ҳақда менга айтиб берди (унинг бу гапларини диктофонга ёзиб олганман). Шу боис терговчи ҳимоямдаги шахсни мендан воз кечтиришга мажбур қилиши мумкинлиги тўғрисида Бош прокуратурага ўша куниёқ яна шикоят ёзиб топширдим. Шундан сўнг адвокат И.Тешаев билан бирга терговчининг хонасига бордик. Аммо, худди гумон қилганимиздек, у “айбланувчи сизлардан воз кечди” дея жиноят иши ҳужжатларини танишиш учун бизга бера олмаслигини айтди. Кейин эса адвокатдан воз кечиш жараёнини ўтказиш учун ҳимоямдаги шахсни олиб киришди. У мазкур юзлашувда “Шикоят ёзгани учун адвокат А.Хамидовдан воз кечяпман” деб айтди ва баённомага ҳам бу ҳақда ўз қўли билан ёзиб, имзолади. Мен ундан: “Терговчининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан шикоят ёзганим учун мендан воз кечаяпсизми?” — деб сўраганимда эса у: “Ҳа, шундай”, — деб жавоб берди.
Шундан буён терговчи нега бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларга қўл ураётгани сабабларини ўрганишга ҳаракат қилдим ва ҳужжатлар асосида тегишли хулосага ҳам келдим. Ушбу хулосаларни батафсил баён қилган ҳолда 27 февралда Бош прокурорга, 14 мартда эса Бош прокурорнинг биринчи ўринбосарига шикоят топширдим. Шикоятларимга ҳимоямдаги шахс билан бўлиб ўтган суҳбат ёзилган хотира қурилмасини ва ўша суҳбат стенограммасини ҳам илова қилдим. Ушбу суҳбатда ҳимоямдаги шахс: “Терговчи адвокат А.Хамидовдан воз кечасан, акс ҳолда ўғлингни ва онангни қамайман” деб таҳдид қилди, шу сабабли Сиздан воз кечишим тўғрисида ариза ёзиб бердим”, – деб айтган.
Аммо бу шикоятларимга Бош прокуратуранинг муносабати, тўғриси, ҳафсаламни пир қилиб, умидларимни пучга чиқарди...”
Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари 2019 йилнинг 17 март санаси билан имзолаган жавоб хати нусхасини адвокат бизга тақдим қилди.
Мазкур жавоб хати “Сизнинг Ҳ.га (таҳририятнинг шартли қисқартириши) нисбатан жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган аризаларингиз ўрганилди”, деб бошланади ва бу айнан қайси бир аризага жавоб экани ҳам кўрсатилмаган (Демак, барча 6 та аризага бўлса керак). Кейин жиноят иши тарихи ҳақида қисқача маълумот берилиб, айни пайтда у “мазмунан кўриш учун 16.03.2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий судига юборилгани” хабар қилинади (назаримизда, санада техник хато бор, чунки мантиқан воқеа 2019 йилга тўғри келмоқда). Шундан сўнг эса гўё ариза мазмунига жавоб берилади:
«Бундан ташқари, аризангизда келтирилган важларингиз бўйича Ҳ. терговда Сиз ва бошқа ҳимоячиларнинг ҳимоясидан ўз хоҳишига кўра Бош прокурор номига ёзган аризаси асосида воз кечган.
Терговда Жиноят-процессуал қонуни талаблари бузилишига йўл қўйилмаган.
Сизга Ҳ.га нисбатан бўлган жиноят ишининг тергови юзасидан келгусида судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз борлигини тушунтираман».
Назаримизда, изоҳга ҳожат бўлмаса керак... Узр, негадир битта рақам бизнинг эътиборимизни тортди — жиноят иши Олий судга 16 март куни жўнатилган, жавоб хати эса 17 март куни имзоланган. Демак, иш сал камайгандан кейин жавоб ёзишга фурсат топишгандир-да, тўғрими? Зеро, тергов ҳаракатлари устидан Бош прокурор номига шикоят аризалари 4 февралдан бошланган эди (Бошқарма бошлиғига 21 январда ёзилган аризани инобатга олмаган тақдирда ҳам)...
Бошқаларни умидлантирган адвокатнинг ўзи энди норози...
Юқорида ёзганимиздек, адвокатлар ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ масалаларни Бош прокурор ўз назоратига олгани ва бу ўзининг ижобий натижасини бериши ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали ҳамкасбларини умидлантирган адвокат Аллан Пашковский журналимиз босмахонага топширилиши арафасида бизга Бош прокуратуранинг жавоб хати нусхасини юбориб, ундан қониқмаганлигини маълум қилди. Адвокатнинг айтишича, у бу ҳақда яна Бош прокурорнинг номига ариза ёзиб, шикоятини ўрганиб чиқишда прокуратура ходимлари томонидан эътибордан четда қолдирилган масалаларни қонун меъёрлари асосида батафсил баён қилган. Бу ҳақда яқин кунларда сайтимиз орқали батафсил ахборот беришга ҳаракат қиламиз.
Хотима ўрнида
Хуллас, жорий йилнинг илк чорагида кўз ўнгимизда ана шундай бирда қувончли, бирда хавотирли жараёнлар кечди ва давом этмоқда. Зеро, ҳеч қандай ютуқ курашларсиз қўлга киритилмайди. Демак, Президентимиз айтмоқчи, нимагадир эришмоқчи эканмиз, ҳар биримиз бунинг учун қўлимиздан келганича ҳаракат қилишимиз, керак бўлса ёнишимиз лозим! Зеро, натижа ҳам шунга яраша бўлади.
Шу маънода юқорида ҳикоя қилганимиз тарихда таҳририятимиз ҳам бевосита иштирок этгани бизни қувонтиради. Қолаверса, қай бир ҳолатларда, қайсидир маънода, сабабчи вазифасини ҳам ўтаган бўлсак ажаб эмас. Жумладан, аноним сўровнома натижаларининг эътиборга тушишида ҳам унинг сайтимиз орқали ёритилиши ўз ўрнига эга бўлди десак ёлғон бўлмаса керак. Чунки бу маълумотлар аслида Адвокатлар палатаси томонидан Бош прокуратура, Олий суд ва Ички ишлар вазирлигига 2018 йилнинг декабрь ойидаёқ тақдим этилган, аммо у интернетда ёритилмагунича бу идоралардан ҳеч қандай акс-садо бўлмаган эди...
Нима бўлганда ҳам, энг муҳими, адвокатура соҳасининг органи, ихтисослашган минбари сифатида ўз ўрнимизни топа бошлаганимиздан хурсандмиз. Қолаверса, ана шу ютуқлардан завқланган ҳолда журналимиз ва сайтимизни, замонавий тилда айтганда, босма ва электрон ОАВ сифатидаги фаолиятимизни чамбарчас боғлиқ ҳолда олиб боришга ҳаракат қилмоқдамиз. Хусусан, ушбу тарихномамизда ҳам асосан сайтимизда ёритилган ахборотлардан фойдаланиб, улар билан батафсил танишиш истагида бўлганлар учун хабарларнинг интернет манзилларини ҳам ҳавола қилдик.
Республикамизнинг адвокатлар жамоаси ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясига бефарқ бўлмаган кенг жамоатчилик бизнинг бу саъй-ҳаракатларимизни ҳамиша қўллаб-қувватлайди деган умиддамиз. Зеро, биз Сизлар учун бормиз ва Сизлар билангина бормиз!
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш