Олий суднинг хати изсиз йўқолди!



 
  Расм манбаси : Gazeta.uz

 

Энг ёмони, жорий йилнинг 7 майида йўлга чиқиб, ҳалигача изи топилмаган бу жўнатмада инсон тақдирига дахлдор ҳужжат — суд ажрими нусхаси бор эди...

 

АДВОКАТ МУРОЖААТ ҚИЛДИ...

Андижон вилоятидаги “Himoya” адвокатлик фирмаси бошқарувчиси Т.А.Тожибоев таҳририятимизга 2018 йилнинг 31 май санаси билан мактуб йўллаб, Ўзбекистон Республикаси Олий судидан жорий йилнинг 1 май куни чиққан ажрим нусхасини ололмаётганини ва бу борада амалий ёрдам кўрсатишимизни сўради.

Адвокатнинг ёзишича, у ўзининг ҳимоясидаги маҳкум Тожибоев Нематулла Бегалиевичга нисбатан Жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман судининг 2017 йил 12 октябрдаги ҳукми ва Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 5 декабрдаги ажрими устидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига назорат тартибида шикоят берган. Унинг назорат тартибидаги шикояти 2018 йилнинг 1 май куни кўриб чиқилиб, суд қарори эълон қилинган. Аммо Т.А.Тожибоев томонидан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига 10 мартадан ортиқроқ илтимоснома, адвокат сўрови ва эслатмалар юборилганига қарамасдан, у суд ажрими нусхасини ололмаган.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2018 йил 17 майдаги 175 эм-18-сон жавоб хатида (Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раисининг ўринбосари В.Назаров томонидан имзоланган) эса мазкур ажрим нусхасининг 2018 йил 7 май куни почта хизмати орқали юборилгани маълум қилинган, холос. Бироқ мазкур жўнатма манзилга етиб бормаган...

 

ТАҲРИРИЯТСИЗ ҲАМ МУАММО ҲАЛ...МИ?

Журналимиз мухлиси, қолаверса, фаол муаллифларимиздан бири бўлган адвокатнинг мурожаатига кўра унга кўмаклашиш бизнинг бурчимиз эди, албатта. Шу боис адвокатга амалий ёрдам берилишини сўраб 2018 йил 4 июндаги хат билан таҳририятимиз номидан Олий судга мурожаат қилдик. Шунингдек, унда “2018 йил 7 май куни почта хизмати орқали юборилган” хатнинг изини топиш мақсадида Олий суддан ушбу хат юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхасини ҳам сўрадик. Мақсадимиз мазкур жўнатманинг кетига тушиб, “тиқилиб” қолган жойидан туртиб юбориш, шу билан адвокатга ёрдам бериш эди. Зеро, бизга ёзилган мурожаатда айтилишича, Олий судга қилган шунча мурожаатларига жавобан унинг электрон манзилига фақат ажрим “2018 йил 7 май куни почта хизмати орқали юборилган” деган жавоб йўлланган. Демак, ажрим нусхасини қайта юбориш Олий судга малол келган. Балки бу борада биз билмаган қандайдир қонун меъёрлари ҳам бордир (Ахир ўтган йилларда шаклланган қанча-қанча “ички тартиб-қоидалар” бор). Шундай экан, ўша хатнинг ўзини топишдан бошқа чора йўқ экан деган ўйда эдик...

Аммо таҳририятимиз хатига Олий суддан нақ 15 кундан кейин (Қонун бўйича 7 кун ичида кўриб чиқилиши керак эди1) — 19 июнь санаси билан чиқазилган жавоб хатида ёзилишича, Олий суд томонидан ажрим нусхаси 2018 йилнинг 23 май куни такроран юборилган бўлиб, адвокатдан қўнғироқ қилиб сўралганида у ажрим нусхасини олганини айтган.

Демак, масала таҳририятимиз аралашувисиз ҳам ҳал бўлган. Фақат, муаммо шундаки, адвокат бизга, биз Олий судга хат йўллаган пайтимизда ўша иккинчи маротаба юборилган ажрим нусхаси ҳам ҳали узоқ сафарини якунлаб улгурмаган, яъни манзилга етиб бормаган бўлган, холос...

 

НЕГА ОЛИЙ СУД ЎЗ “ТАРТИБ”ИНИ БУЗДИ?

Табиийки, биз ҳам адвокатга мурожаат қилиб, ажрим нусхасини ростдан олган-олмагани билан қизиқдик.

“Ҳа, олдим, 21 май санасида чиққан хат билан бирга юборилган ажрим нусхаси менга 9 июнь куни етиб келди, — дейди Т.Тожибоев. — Аммо, алам қиладигани, бу ажрим нусхасини олиш учун бизнинг шунча сарсон бўлишимизга, сизларни ва яна бошқа идораларни безовта қилишимизга тўғри келди... Биласизми, мен мурожаатларимга кўра ажрим нусхасини ололмагач, Сизларга ёзишдан аввал Президентимизнинг виртуал қабулхонасига ҳам бу ҳақда ёзма мурожаат қилган эдим. Аммо Олий суд аввалига ҳатто шунга ҳам ўша эски жавобни ёзган экан. Яъни 21 майдаги хатида Президентнинг виртуал қабулхонасига ёзган мурожаатим ўрганиб чиқилгани айтилиб, ажрим нусхасини бериш ўрнига яна “2018 йил 7 май куни почта хизмати орқали юборилган” дейилган. Мен бу хатни 6 июнь куни олганда, тўғриси, тепа сочим тикка бўлиб кетди. Тасаввур қилинг, ҳатто Президентга ёзилган мурожаатдан кейин ҳам Олий суд ажрим нусхасини юборишдан бош тортса-я...

Аммо орадан икки кун ўтгач Олий суд мутасаддиларига инсоф кириб, 23 майдаги хат билан ажрим нусхасини ҳам юборишибди. Менга бу ва бошқа аввалги хатларнинг ҳаммаси йиғилиб бир кунда, яъни 9 июнь куни етиб келди (Демак, почта хизматида ҳам муаммолар етарлича...). “Advokat” журналининг хатидан кейин эса Олий суддан қўнғироқ қилишиб, ажрим қўлимга етиб келган-келмаганини сўрашди. Шунингдек, судьяларнинг электрон имзо олишида қандайдир ички муаммолари бўлганлиги сабабли хатларни ва суд ажримини фақат почта орқали юборишга мажбур бўлганларини айтиб, узр ҳам сўрашди...”

Ҳа, “ҳечдан кўра кеч” деганларидек, Олий суд қайсидир истиҳола билан бўлса ҳам ўз “тартиб”ини бузиб, ажрим нусхасини қайта юборибди. Балки шунисига ҳам шукр қилиш керакдир...

 

«ФАҚАТ БИР МАРТА» ҚОИДАСИДАН ВОЗ КЕЧИЛСА-ЧИ?..

Аммо, барибир, Олий суднинг суд қарорлари нусхасини фақат бир марта бериш “тартиб”и қайси ҳужжатга асосланишини билиб қўйсак ёмон бўлмасди. Ахир, мантиқан қараганда, бир неча бор “2018 йил 7 май куни почта хизмати орқали юборилган” деган мазмунда хат юборгандан кўра ўша ажрим нусхасини қайта юбориб қўйилса ҳар иккала томон учун манфаатли бўлар эди. Аммо Олий судни бундай қилмасликка мажбурлаган қандайдир меъёр бўлса керакки, фойдали йўлдан бора олмаган. Қолаверса, адвокат фақат электрон тарзда мурожаат қилиб турган бир пайтда вақтдан ютқазилишини кўра-била туриб (бунинг устига йўқолиш факти кўриниб турган эди) унга қоғозли хат орқали жавоб беришга уриниш ҳам замон талабига мос эмасдек, назаримизда. Умуман олганда эса, Ҳаракатлар стратегиясида ҳамда Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепциясида суд-тергов фаолиятининг шаффофлиги ва ошкоралигини таъминлаш масаласи кўндаланг турган бир пайтда Олий суднинг аслида ҳамма учун очиқ туриши керак бўлган қарорини ҳатто судда иштирок этган томонлар ойлаб ололмай сарсон бўлиши жуда ачинарли...

Шу ўринда, юқоридаги мисолдан келиб чиқиб, масаланинг яна бошқа бир томонига ҳам эътиборингизни қаратмоқчимиз. Яъни Олий суд “ажрим нусхасини бир марта берганман” дея узоқ муддат оёқ тираб турган бўлса-да, алалоқибат, ўша меъёрни барибир бузди — ажрим нусхасини иккинчи маротаба ҳам юборди-ку (гарчи Президентнинг виртуал қабулхонаси аралашувидан кейин бўлса ҳам). Демак, ўша ички тартиб (агар шундай ноқонуний ички ҳужжат ростдан ҳам бор бўлса, албатта) жуда қаттиқ талаб ҳам қўймаса керак. Шундай экан, ўз-ўзидан таклиф келиб чиқади — мазкур “фақат бир марта берилади” қоидасидан бутунлай воз кечилса бўлмайдими? Зеро, шунда Олий суд яна битта ноқонуний тартибдан қутилган, соҳадаги ислоҳотлар туфайли эришилган шунча яхши ютуқлар қаторига яна бир ютуқ қўшилган бўларди...

 

ЙЎҚОЛГАН ХАТНИ ТОПИШ КЕРАК!

Бизнинг журналист сифатидаги иддаоларимиздан яна бири эса ўша йўқолиб қолган хатни топиш. Зеро, муаммо яна такрорланиб, бошқаларни ҳам ойлаб қийнамаслиги учун унинг тагига етиб, муҳокама қилиб, ечимини топиш керак деб ҳисоб­лаймиз. Ахир, кимсан Олий суддай мартабали маҳкаманинг хати манзилига бормай изсиз йўқолиб кетаверса, бошқа идоралар, айниқса, қуйи судлардан чиқаётган хатлар тақдири шубҳа остида қолмайдими? Бундан эса, алалоқибат, фуқаро, тўғрироғи, адолат жабр тортади!

Бироқ Олий суд бизнинг бу борадаги қизиқиш­ларимизни негадир эътиборсиз қолдирибди. Яъни адвокатга 2018 йил 7 майда юборилган ўша “машҳур” хатнинг почта орқали жўнатилганини тасдиқловчи ҳужжатлардан нусха бериш ҳақидаги илтимосимизга мутлақо жавоб бермабди. Балки мутасаддилар асосий эътиборни адвокатнинг талабини қондиришга қаратишгани боис бу сўровимизни фаромуш қилишгандир.

Ана шундай яхши гумон билан бу ҳақда яна сўровнома юбордик. Умид қиламизки, Олий суд таҳририятнинг бу борадаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ва биз биргаликда муаммонинг тагига албатта етамиз.

Азиз ўқувчи, мабодо сизда ҳам шу каби “йўқолган хат”лар тўғрисида маълумотлар бўлса биз билан ўртоқлашинг. Зора, масалага ечим топишимизда шу орқали сизнинг ҳам нафингиз тегиб қолса...

Жамшид МАТЁҚУБОВ, «Advokat» журнали мухбири

("Advokat" журналининг 2018 йил 3-сонидан).

 

1. «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонуннинг 351-моддаси.

2018-10-26 20:02:33  |  2625 |   0  | 

2 изоҳлар

Июль 19, 2019  23:10

1.Ойбек

Худо денов судиясини Абоснига хам худо борку 500 додлор беродмадим

Июль 19, 2019  23:08

2.Ойбек

Мен 167 модда билан судланганман мени кечиришини сурайман



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация