“Сўнгги йилларда дастлабки тергов сифати кескин тушиб кетди”



 
  Расм манбаси : 

“Simay Kom” адвокатлик фирмаси адвокати Сергей Майоров билан суҳбат.

Сергей ака, сиз кўп йиллардан бери адвокатлик фаолияти билан шуғулланиб келасиз. Жорий йилда сиз иштирок этган ва оқлов билан якунланган 11 нафар фуқаронинг тақдири хусусида бугун фикрлашсак. Нима дейсиз?

Маъқул.

Олмазор туман судида 2022 йилнинг февралидан октябрь ойига қадар бўлиб ўтган суд мажлисларида қатнашдингиз. Мазкур суд мажлиси ва унинг натижаси бўйича чиқарилган оқлов ҳукми тўғрисида нима дея оласиз?

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан содир қилинмаган жиноятларда айбланган 11 нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан бўлган жиноят иши ҳақиқатдан ҳам 05.10.2022 йилда оқлов ҳукми чиқарилиши билан якунланди.

Биринчи навбатда, мазкур ҳукмнинг истисновий характерга эга эканлигига эътиборингизни қаратмоқчиман. Жиноят кодексининг бир нечта моддаси билан айбланган кўп сонли шахсларга нисбатан кўп эпизодли ишлар олдин ҳам кам эмас эди. Лекин, уларнинг ҳеч бири бу даражадаги масштабда, яъни ишда иштирок этаётган баъзи судланувчиларга нисбатан эмас, балки истисносиз ҳамма судланувчиларнинг оқланиши билан якунланмаган.

Агар суд жараёнига қандай давлат органлари жалб қилинганлигини билсангиз эди, натижани қанчалик даражада ҳайратланарли эканлигини тушунардингиз. Булар ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти, ички ишлар вазирининг ўринбосарлари, Бош прокурорнинг ўринбосарлари, Тошкент шаҳар солиқ хизмати ходимлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш департаменти ҳамда судланувчиларга “қамоққа олиш” эҳтиёт чорасини қўллаган жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судьялари ва Тошкент шаҳар суди жиноий ишлар бўйича ҳайъати судьяларидир. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари томонидан судланувчилар ва гувоҳларга бўлган ўта кучли руҳий босим ҳақида эса алоҳида гапириб берсам ҳам бўлади.

Қатағон қилишга қаратилган улкан машина мана шу 11 одамни жиноятчи, деб топиш учун қаратилган эди. Давлат айбловини қўлловчи прокурорга ёрдам бериш ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун “жабрланувчилар” таниқли ва яхши билимга эга адвокатларни жалб қилишган эди.

Лекин Олмазор туман суди судьяси Абидов оқлов ҳукми чиқарди.

Судья “ҳукм айблов хулосасидан унча фарқ қилиши керак эмас” деган ёзилмаган қоидага амал қилиб келган суд тизимига қарши чиқди, дейиш мумкин. Айблов хулосаси бу давлатнинг иккита ходими, яъни терговчи ва прокурорнинг давлат номидан судланувчиларнинг айби тасдиқлангани ҳақидаги биргаликда тузган ҳужжатидир. Бошқа давлат ходимлари – судьялар эса аксарият ҳолларда терговчи хулосаси билан келишиб, айблов хулосаси чиқаришади. Тўғри, тан олиш керак, кўпинча судьяларнинг айблов ҳукми асосли ва адолатли бўлади.

Албатта, бир тарафдан судьянинг қатъияти одамни ажаблантиради, иккинчи томондан қандай қилиб миллий суд тизимимизда бу каби ижобий ҳолат рўй берди, деган савол ҳам туғилади.

Бу масала бўйича мен тушунтириш ҳам, изоҳ ҳам беришим мумкин. Биринчидан, афсуски, барча судланувчиларнинг бу каби оқланишни камдан-кам, ҳатто ягона ҳолат ҳам дейиш мумкин ва бунга қоидадан истисно тариқасида қараш керак. Қоидадан ҳар қандай истисно эса қоиданинг мавжудлигини тасдиқлайди холос. Тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкин-ки, агарда терговчи айбсиз одамга айблов эълон қилса, айниқса уни қамашга эришса – бу одамда биринчи инстанция судида оқланиш имконияти умуман йўқ.

Иккинчидан, охирги йилларда қоида тариқасида терговчилар дастлабки терговни ўта сифатсиз ва малакасиз олиб боришяпти, яққол фактларни тан олишмайди, ЖПК нормаларини бузишади, айбловнинг сунъий далилларини вужудга келтиришади. ИИВ Тергов департаменти томонидан ҳам мазкур 11та судланувчига нисбатан худди шундай муносабатда бўлишган. Дастлабки тергов нохолис ва ошкора айблов йўналишида олиб борилгани Олмазор туман судида кўрилган жиноят иши доирасида жуда кўп ўз тасдиғини топди. Судья айблов билан келиша олмагани, прокурорнинг позициясини қўллаб-қувватламаганининг сабаби ҳам шунда.

Учинчидан, залда 11 судланувчидан ташқари 20дан ортиқ бошқа иштирокчилар иштирок этаётган суд мажлисида 8 ой давомида тартиб ва интизомни таъминлаб, ҳаммани диққат билан эшитган судьяга тасанно айтиш керак холос.

11 нафар оқланган судланувчига нисбатан терговчилар томонидан содир қилинган қонунбузилиш ҳолатларига мисол келтира оласизми?

Мени ҳимоям остида фақатгина битта судланувчи бўлган. Шу судланувчига нисбатан терговчилар, прокурорлар ва бу судланувчини ҳибсга олган судьялар томонидан содир қилинган қонунбузилиш ҳолатларини айтиб беришим мумкин.

Биринчидан, мени ҳимоям остидаги шахс ҳибсга олинган 2021 йилнинг июнида 70 ёшдан ошган эди. Ёши туфайли бир қатор касалликлари бор, юрак-қон томирлари тизимига бир неча марта жарроҳлик муолажаларни олган ва врачларнинг кўрсатмасига кўра кечиктириб бўлмас жарроҳлик муолажасига муҳтож кекса киши шафқатсизларча ҳибсга олинган эди. У жуда кўп йиллар вазир ўринбосари бўлиб ишлаган, Ўзбекистон манфаатларини 10 йилдан ортиқ чет элда ҳимоя қилиб, вакиллик қилган, ҳукуматнинг жуда кўплаб мукофотларини олган ҳурматли ва  баобрў шахс. Асосийси эса тергов учун ҳеч бир заруратсиз ҳибсга олинган ва бир йил атрофида қамоқда сақланган. Тергов давомида, яъни 2021 йилнинг июнидан ноябрь ойига қадар бор-йўғи уч марта сўроқ қилинди. Тўртинчи тергов ҳаракати – бу тафтиш далолатномаси билан танишиш. Яъни у ҳибсда сақланган 180 кун ичида у билан 4 мартагина тергов ҳаракатлари амалга оширилди. Лекин асосий тергов ҳаракати, яъни якуний айблов бўйича сўроқ умуман амалга оширилмади. Терговчи томонидан тузилган айблов бўйича мени ҳимоям остидаги шахс биринчи марта судда кўрсатув берди. Яъни терговчи ЖПКнинг энг оддий қоидаларини бузиб, айбланувчини сўроқ қилмади, важларини текшириб кўрмади. Ҳибсга олишдан мақсад мени ҳимоям остидаги шахсни руҳан синдириш эди холос, лекин терговчи бу мақсадига эриша олмади. Агарда мени ҳимоям остидаги шахс очиқда бўлганида терговга халақит қилиши мумкинлиги ёки терговдан яшириниши мумкинлигини тасдиқловчи бирор-бир далил иш материалларида мавжуд эмас. ЖПКга кўра энг оғир эҳтиёт чораси бўлган “қамоққа” эҳтиёт чораси фақатгина айбланувчи очиқда қолдирилган тақдирда терговга ҳалақит қилиши мумкин бўлса ёки терговдан яшириниш хавфи бўлсагина қўлланилади.

Иккинчидан, “Қамоққа олиш” тўғрисидаги Бош прокурор ўринбосарининг илтимосномасини кўриб чиққан Яккасарой туман суди судьяси ЖПК талабларига умуман эътибор бермай, ҳимоям остидаги шахсни анкета маълумотларини аниқлаш билангина чекланиб, “қамоққа олиш” ҳақидаги илтимосномани қаноатлантирди. Тошкент шаҳар суди ҳайъати эса ҳолатни ўрганиб чиқмасдан, “қамоққа олиш” ҳақидаги ажримни ўз кучида қолдирди.

Учинчидан, ҳимоям остидаги шахсни ҳибсда сақланиш муддатини 5 ойга узайтириш масаласи кўрилганида ҳам Яккасарой туман суди судьяси, прокурор ва Тошкент шаҳар судининг судьялари яна худди шундай иш тутишди. ЖПК талабларига кўра, терговчи ва прокурор нима сабабдан 3 ой муддат ичида тергов ҳаракатларини тугатмаганлигини судда тушунтириб беришлари, қамоқда сақлаш муддатини узайтириш зарурати нимадан иборатлигини, ҳибсга олинган шахс билан қандай тергов ҳаракатлари амалга ошириш зарурлигини, нима сабабдан бу тергов ҳаракатларини судланувчи фақат қамоқда сақлансагина ўтказиш мумкинлигини тушунтириб бериш керак, лекин бу талаблар терговчи ва прокурор томонидан умуман бажарилмаган. Туман суди судьялари ва Тошкент шаҳар суди судьялари ҳам ЖПКнинг бу талабларига эътиборсизлик билан қараб, ҳимоям остидаги шахсни қамоқда сақланиш муддатини “қонунийлаштириш”ди холос.

Тўртинчидан, ҳимоям остидаги шахс раҳбарлик қилган корхона фаолиятини текшириш бўйича 29.12.2021 йилда тузилган далолатнома терговчилар томонидан яратилган сунъий далиллардан бири ҳисобланади. Тошкент давлат солиқ бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган мазкур текширув ЖПК талабларига зид тайинланган ва ЖПК ҳамда Солиқ кодекси нормаларини бузган ҳолда ўтказилган. Ноқонуний ўтказилган текшириш натижаси бўйича ваколатли бўлмаган шахслар томонидан имзоланган далолатнома далил бўлиб ҳисоблана олмасди.

Бешинчидан, терговчининг ишга чуқур киришмай, олиб борган юзаки ҳаракатлари натижаси ўлароқ мени ҳимоям остидаги шахсга доир жиноят ишида умуман бошқа (Савельевга нисбатан) бўлган жиноят ишининг ҳужжатлари нусхалари пайдо бўлган. Пайдо бўлган бу ҳужжатларни ўзи ҳам терговчи томонидан лозим даражада расмийлаштириб олинмаган. Аммо терговчи ўз айбловида айнан шу ҳужжатлар нусхаларига асосланган.

Олтинчидан, терговчи мени ҳимоям остидаги шахс ва мазкур жиноят иши бўйича жалб қилинган бошқа айбланувчилар ҳамда жабрланувчилар ўртасида юзлаштириш ўтказишдан бош тортди. Жабрланувчилар билан юзлаштиришдек зарурий тергов ҳаракатини ўтказишдан терговчининг бош тортиши ҳақиқат судда аниқланишига олиб келди. Судда “жабрланувчилар” ҳимоям остидаги шахснинг юзига қараб ёлғон гапириша олмади ва тўғри кўрсатув беришга мажбур бўлишди, бу эса мени ҳимоям остидаги шахснинг алибисини тасдиқлаб берди.

Мен келтирган мисоллар терговчилар, прокурорлар ва судьялар томонидан йўл қўйилган қонунбузарликларнинг озгина қисми холос. Мутахассис бўлмаган одамга қандай қилиб ЖПКнинг у ёки бу бузилишлари эълон қилинган айбловнинг асоссизлигига олиб келишини тушуниш қийин. Ўйлайманки, оқланган 11 нафар ўзбекистонлик фуқароларга бўлган мазкур жиноят иши бўйича терговчилар томонидан содир қилинган сохтакорликларга, прокурорларнинг бир томонлама – айблов йўналишидаги ҳаракатларига, судьяларнинг совуққонлигига тегишли давлат органларининг мутахассис юристлари ўзларининг ҳуқуқий баҳосини беришади. Оқланган шахслар ва уларнинг адвокатлари ҳам терговчи ва прокурорларга худди шундай баҳо беришса, ажаб эмас.

Мазкур ғайриодатий жиноят иши бўйича воқеалар қандай ривожланади, деб ўйлайсиз?

Албатта, прокурор Олмазор туман судининг оқлов ҳукмига апелляция протести беради. Балки “жабрланувчилар” ҳам апелляция шикояти беришар. Лекин апелляция протести прокурорга “қонунийлик” ва “адолат”ни қарор топтириш учун эмас, ўз шаънини ҳимоя қилиш учун керак. Умид қиламанки, оқлов ҳукмига берилган протестни Бош прокурор чақиртириб олади. Мен ўзим Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига илтимоснома билан шахсан мурожаат қилмоқчиман.

Терговчи ва прокурорларнинг ўзбошимчалигидан жабр кўрган 11 нафар жабрдийда ҳам жим ўтиришмайди, Давлатимиз раҳбаридан ёрдам ва Ўзбекистон Ресубликаси суд ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тизимини шарманда қилаётган шахсларни жавобгарликка тортишни сўраб, мурожаат қилишади.

Уч нафар адвокат аёл –Барчиной Имомова, Феруза Қурбонова ва Нозима Оқиловаларнинг қамоққа олиниши Сиз бугун изоҳ берган иш билан боғлиқлиги маълум. 11 нафар оқланган шахснинг иши ҳибсга олинган адвокатларнинг жиноят ишига қандай таъсир қилиши мумкин?

Савол учун раҳмат. Икки нафар адвокат – Б. Имомова ва Н.Оқиловалар билан шахсан танишман. Тўғрисини айтганда ўзимнинг ҳимоям остидаги шахсга юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ эстафетани мен шу адвокатлардан олганман. Менинг ҳимоям остидаги шахс манфаатида ҳаракат қилаётган адвокат Б. Имомова ва Н. Оқиловаларни терговчи 2021 йилнинг июнь ойида қонунга хилоф равишда ишдан четлаштириб, уларга ўз адвокатлик вазифаларини бажаришга тўсиқ яратган. Уларнинг ўрнига ишга мен киришдим. 2021 йилда ИИВ терговчиси томонидан мени ҳимоям остидаги шахсга эълон қилинган айбловда адвокат Б. Имомова ва Ф. Қурбоновалар ҳимоям остидаги шахснинг жиноий шериклари сифатида кўрсатиб ўтилган. 11 нафар оқланган шахсга нисбатан бўлган жиноят ишини 2021 йилнинг декабрь ойида судга жўнатишдан олдин ИИВ Тергов департаменти мазкур асосий жиноят ишидан ажратилган материалларни ошпаз гуручни аралаштиргандек аралаштириб ташлади. ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан Гофурджановлар оиласига алоқадор корхоналар бўйича ажратилган ва/ёки қўзғатилган жиноят ишларни аниқ ҳисоблаб чиқолмаймиз. Бу шахсий сир. Лекин ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ғилофдаги одам сингари янги жиноят ишларини кўпайтиряпти, сўнг уларни бирлаштиряпти, сўнг яна ажратяпти... Аёл адвокатларга нисбатан бўлган жиноят иши ана шундай мавҳум ишлардан бири. Агар 11 нафар оқланган шахсга нисбатан ҳукм ўз кучида қолдирилса, у асосий ишдан сунъий ажратиб олинган барча жиноят ишлари, шу жумладан адвокат аёлларга нисбатан бўлган жиноят иши учун ҳам преюдиционал аҳамиятга эга бўлади. Бу эса терговчи ва прокурорга Олмазор туман судида оқлов ҳукми чиқарилган эпизодлар бўйича айбловни тугатиш мажбуриятини юклайди, дегани. Бироқ ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти терговчилари ва ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан амалга оширилаётган тергов устидан назоратни амалга оширишга масъул бўлган прокурорлар ЖПК талабларига риоя қилишга ошиқишмайди. Шунинг учун, агар Бош прокурор ўзининг иродасини намоён қилмаса, адвокат аёлларнинг ишини тергов қилаётган терговчи қонун талабини бажармайди, ишни тугатмайди, “қамоққа олиш” эҳтиёт чорасини бекор қилмайди. Бир муҳим ҳолатга эътибор беринг – аёл адвокатлар мазкур жиноят ишлари бўйича фигурант сифатида 2021 йилнинг июнида белгиланган бўлсада, уларни фақатгина 2022 йилнинг июнида қамашди.

Ишонч билан айтиш мумкинки, бизни умумий ҳимоямиз остида битта шахс бўлгани учун жабр кўришди. Албатта бу ҳолатда ҳимоямиз остидаги шахснинг айби йўқ. Ҳимоям остидаги шахс қамалгунига қадар адвокат Б. Имомова ва Ф. Қурбоновалар ҳимоямиз остида бўлган шахс бошқарган корхона манфаатида жуда самарали адвокатлик ишини амалга оширишаётган эди.

Шахсий нарса билан ўртоқлашсам. ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти мени ҳам жиноят ишидан четлаштиришга ҳаракат қилиб кўрган. Лекин Тергов департаменти мени зарарсизлантиришга эришолмади, чунки Республика Адвокатлар палатаси мени ҳимоя қила олди. Афсуски, Адвокатлар палатасининг аёл адвокатлар билан бўлган ҳолатга таъсир ўтказишга қаратилган ҳаракатлари зое кетди. ИИВ ва Бош прокуратуранинг нафақат бутун адвокатлар ҳамжамиятини, балки унинг республика даражасидаги органи бўлмиш Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасини менсимаслиги, у билан ҳисоблашмаслиги яққол кўринди.

2022 йилнинг июнь ва август ойларида мен БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарига илтимоснома билан мурожаат қилиб, Ўзбекистонда аёл адвокатларга нисбатан содир қилинган қўпол қонунбузилишига муносабат билдиришини сўрадим. Умид қиламанки, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси Ўзбекистонда адвокатлар мустақиллигини таъминлаш ҳақида ҳукуматимизга сўров юборади.

Давлатимиз раҳбари парламентга Мурожаатномасида «Давлат идоралари мансабдорлари шуни чуқур англаб ол­синлар: судлар мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назора­ти­да бўлади. Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекис­тонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак» деб таъкидлади. Шундай экан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қи­лиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар бундан кейин ҳам давом этишига ишонаман.

Воҳид Аҳмад суҳбатлашди.

2023-01-04 03:42:09  |  96 |   0  | 

1 изоҳлар

Даҳшат! Даҳшат! ва яна Даҳшат! 21 асрда Ўзбекистон энди янги Ўзбекистон номи билан қадди росланаётганда. ИИВ ТД томонидан бундай иш юритиш...? Ҳаммангизни Аллоҳ кўриб турибди, жаноб терговчилар, прокурорлар, судялар. Вақти келиб буги тарих гапиради ва келажак авлод лънатлайди. Мен қўрққан нарса шуки, қонун ишламаган жойда, жиноятчилик кучаяди ва адолатга даъвогарлик қилади. Ўтмиш тажрибаси бунга дилил... Эссиз... Лекин, биз яна мусулмонмиз даб даъво ҳам қиламиз...(?) Афсус...(!)??? Қонунни ҳурмат қилмаслик Ватан хоини(!), унга риоя этмаслик энг хавфли давлат душмани.(!)



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация