Журналистга нисбатан даъво, видео-аудиоёзувга қаршилик ва ахборот беришга тақиқ...



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

Аввал хабар берганимиздек, бугун Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судида таниқли журналист Турсунали Акбаровга нисбатан киритилган даъво аризаси юзасидан суд жараёни бошланди. Ушбу суд мажлисида “Advokat” журнали таҳририяти мухбирлари иштирок этмоқдалар.

Суд мажлисининг биринчи куни аввалида судья Маликахон Закирова даъвогар А.Гайбназаровнинг жавобгар “Xabar.uz” ахборот-таҳлилий портали ва қўшимча жавобгар журналист Турсунали Акбаровга нисбатан шаън ва қадр-қимматни ҳимоя қилиш, маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъво аризаси кўриб чиқилишини маълум қилди. Шундан сўнг томонларнинг даъво ва раддиялари эшитилди. Шунингдек, даъвогар томоннинг ишончли вакили, адвокат О.Облақулов журналист Т.Акбаровга айрим саволлар билан мурожаат қилди. Сўнгра у суддан суд мажлисининг давоми бошқа кунга қолдирилишини сўради. Унинг илтимоси қабул қилиниб, кейинги суд мажлиси 2019 йилнинг 21 январь куни соат 10.30 га белгилангани айтилди.

Видео ва аудео ёзувга рухсат берилмади!

Шу ўринда айтишимиз керакки, юқорида қайд этилган фуқаролик суди мажлислари жараёнида видео ва аудио ёзувни амалга ошириш борасидаги таҳририятнинг бир кун олдин киритган расмий сўрови мазкур суд ишини кўраётган судья М.Зокирова томонидан оғзаки рад этилгани боис суд мажлисида видео-аудио ускуналаримиздан фойдалана олмадик. Бундай қарорининг сабабини тушунтиришни эса судья истамади. Унинг айтишича, бу маълумотлар суд баённомасига киритилади (Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида бундай маълумотларнинг суд баённомасида акс этиши кўзда тутилмаган).

Аслида ростдан ҳам ФПКга кўра суд жараёнида аудио ва видео ёзувни амалга ошириш судга раислик қилувчининг рухсати билан амалга оширилиши белгиланган. Шунинг ўзи судьянинг бу масалада рухсат бериш-бермаслик ҳуқуқига эга эканлигини кўрсатади. Аммо судья қандай асосларга кўра буни рад этиши мумкинлиги тўғрисидаги меъёрни қонунларимиздан топа олмадик. Демак, сабабни билиш учун Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди раиси номига киритган расмий хатимизга бериладиган жавобни кутамиз. Умид қиламизки, суд идораси бу жавобни беришда Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонуни 351-моддасида белгиланган етти кунлик муддатни бузмайди. Шунда судьянинг таҳририят сўровини рад этиши сабабини билиш учун, судьянинг ўзи айтмоқчи, суд жараёни тугаб, қарор чиқиши ва суд баённомаси имзоланишини кутиб ўтиришимизга эҳтиёж қолмас, зора.

Суд мажлиси ҳақида хабар бериш мумкин эмасми?

Судья суд мажлисида ОАВ вакилларининг иштирок этишига рухсат берар экан, журналистларнинг фақат эшитишгагина ҳақлари борлигин айтиб, ҳатто қоғозга ёзиб олишни ҳам тақиқлади ва суд мажлиси давомида бу ҳақда бир неча маротаба огоҳлантирди. Шундай бўлса-да, бу талаб қонуний эмаслигини билган айрим ҳамкасбларимиз қатори биз ҳам суд мажлисидаги воқеалар кетма-кетлигини, унутиб қўймаслик мақсадида, қоғозга тушириб бордик. Зеро, ФПКнинг 208-моддасида “Суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ёзма қайдлар қилиш ҳуқуқига эга” деб очиқ-ойдин кўрсатилган.

Шунингдек, судья мазкур суд иши тўғрисида ўзининг рухсатисиз бирон бир маълумот тарқатмаслик тўғрисида ҳам журналистларни огоҳлантирди. Ҳатто шундай ишга қўл урган журналистга нисбатан жиноий иш қўзғатишини билдирди. Аммо, яна, очиқ суд мажлиси тўғрисида ахборот бериш қайси қонун билан жиноий ҳаракат саналишига ойдинлик киритмади. Суд мажлисидан қайтиб келиб ярим кун изласак-да, биз ҳам бундай нормани топа олмадик. Шу боис судья ҳар қанча ваколатга эга бўлса ҳам қонунда йўқ жавобгарлик билан бизни жавобгар қила олмас деган умид билан ушбу хабарни ёзишга журъат қилдик...

Хонбуви МАХАМОВА, Абдурашид АБДУМАННОНОВ, “Advokat” журнали мухбирлари.

2019-01-10 19:26:51  |  3625 |   0  | 

5 изоҳлар

Январ 14, 2019  13:52

1.Таҳририятдан

Ҳурматли Жасси хоним. Таҳририятимизга шу пайтгача ҳеч ким судда қатнашишни сўраб мурожаат қилган эмас. Агар шундай мурожаат бўлса, имконимиз даражасида суд мажлисларида қатнашишга тайёрмиз! Қолаверса, айнан халқ тақдирига бефарқ бўлмаган, инсон ҳуқуқларининг ва қонунларнинг бузилиши ҳолатларига қарши танқидий мавзуда мақола ёзадиган кам сонли журналистларимизнинг айнан ўша танқидлари учун судга берилишига бефарқ бўлмаслигимиз ва унинг суд томонидан қандай кўриб чиқилиши билан қизиқишимиз ҳам аслида халқ манфаатига мосдир.

Январ 14, 2019  08:25

2.Жасси хоним

Ўзларингизнинг журналист судлашвотгани учун жанжаллашвотсилами?! Нега шу пайтгача бирон бир фуқоро жабр кўрганда судда қатнашайлик деб даъво қилмадингизлар?! Ҳалқ тақдирини бир тийинга олмай энди ҳақ ҳуқуқ даъво қилвосиларми?! Ҳайф сизларга журналист деган ном?! Шу маҳалгача бу даъволаринг билан қаерда эдингизлар?!!!!!

Январ 11, 2019  11:16

3.дилмуро тогаев

судьялик мансаб эмас мажбурият эканлигини барча журналистлар бирлашиб тушинтириб куйишлари керак.

Январ 10, 2019  20:35

4.Абдувохид Якубов

"Адвокат" журнали мухбирларига омад ва куч-куваат тилаймиз. Суд жараёнини видео тасвирга олишга рухсат бермасликка качон ва кайси холларда йул куйилиши конунда аник курсатилмагани холатини судьялар узок йиллардан бери суистеьмол килмокда. Узига ишонмаган судьлар хато килишини билгани учун видеотасвирга рухсат бермайди. Шунинг учун конунга узгартириш ва кушимчалар киритиш таклифи бн Адлия вазирига, Олий мажлис конунчилик Палатасига мурожжаатларни хаммамиз купайтиришимиз кк. Олий суддан эса бу борада умид килиш ноурин бса кк. Чунки бу модда судьяларни фойдасига бир ёклама максад бн судларни ташаббуси бн киритилган

Январ 10, 2019  19:50

5.Ойбек Мўминов

Жараённи қонунлар йўл берган қадар очиқлаб бориш керак. Бунда бошқа журналистлар, салмоғи бор нашрлар ҳам бош қўшса яхши бўларди



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация