Яна ўша эски мавзу — Олий суд ҳозирча рад қилмаган муаммолар



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

Ўтган йили “Advokat” журалининг кетма-кет сонларида ва сайтимизда Олий суддаги ва суд тизимидаги муаммолар ҳақида чоп этилган мақолалар таҳририятимизга энг кўп муносабат хатлари келишига ҳамда эндигина ишга тушган сайтимизда энг кўп изоҳлар ёзилишига сабаб бўлганди.  Куни кеча ана шундай мақолаларимиздан бирига Xabar.uz порталида каттагина бир муносабат эълон қилиниши эса ўқувчиларимизни бу мавзуга яна қайтаргандай бўлди. Таҳририятимизнинг электрон манзилига яна кетма-кет муносабатлар келиб туша бошлади. Шу боис ушбу муносабатлардан айримларини, жузъий таҳрир билан бўлса-да, эълон қилишга қарор қилдик.

Шу ўринда айтишни истардикки, шу пайтга қадар эълон қилинган мақолаларимизга Олий суднинг сукутини биз ризолик аломат, яъни танқидда кўтарилган муаммоларни тан олиш деб баҳоладик. Зеро, хабарингиз бор, адвокатлар ўртасида ўтказилган аноним сўровнома маълумотлари эълон қилинганида Олий суд ундаги рақамларнинг асосланмагани тўғрисида дарров баёнот берди. Шундан ҳам кўриниб турибдики, ОАВдаги чиқишлар уларнинг эътиборидан четда эмас... Демак, кўтарилаётган муаммолар Олий суд мутасаддилари томонидан ўрганилаётганига ва бу борада албатта тегишли чоралар кўрилаётганига ҳам умид қилсак бўлади.

 

“Himoya Plus”" адвокатлик бюроси бошқарувчиси, юридик фанлар номзоди Холмурод ИСАНОВ изоҳи (Қибрай тумани):

“Мақолага муносабат билдирилган адвокатнинг ёзганларини ўқиган одамда “Агар давлатимиз суд ҳокимиятининг юкори органи ҳисобланган Олий судда аҳвол шу даражага бориб етган бўлса, унда бошқа бўғиндаги суд идораларидан нимани кутиш мумкин?” деган савол туғилиши табиий. Демак, бу каби ҳолатларни бартараф  этиш  бўйича қонунда белгиланган тартибда қатъий чоралар кўриш вақти-соати етганга ўхшайди. Акс ҳолда, суд тизими самарадорлиги тўғрисида гапириш ортиқча бўлиб, адолатсизликка  йўл очилаверади...”

 

“Адолатли Нусратулла” адвокатлик бюроси бошқарувчиси Насим ХИДИРОВ (Самарқанд вилояти, Пахтачи тумани) изоҳи:

“Мақолада қайд қилинганга ўхшаш ҳолат тажрибамизда жуда кўп учрамоқда. Битта янги мисол айтаман: мен ўзим ҳимоям остидаги маҳкумга доир жиноят иши бўйича барча босқичларни, бу жараёндаги ҳамма тўсиқларни босиб ўтиб, Олий суд раиси қабулигача етиб бориб, шунда ҳам икки марта раиснинг ўзи қабул қилмаётгани учун қайтиб кетиб, учинчи уринишда кирган эдим. Аммо раис менга жуда кам вақт ажратгани учун барча фикрларимни айтиб улгурмадим. Шундай бўлса-да, жиноят ишини чақиртиришди (Менимча, раис қабулига кирилишига сабаб бўлган жиноят ишларини чақириб ўрганиш амалиёти шаклланган). Бироқ, тўрт ой деганда мен ҳам ўша таниш “шаблон” жавобни олдим... Яна кимдан денг, аввалги шикоятларимиз бўйича рад жавоби берган судья Бердиқиличевдан. У мазкур ишни қайта кўришга асос йўқлиги ҳамда биринчи инстанция ва апелляция инстанциялари судлари қарорлари ўз кучида қолдирилганлиги ҳақида ажрим чиқазибди. Ҳеч бўлмаса жавоб хатини бирон ўринбосар имзоламабди. Ахир бу процессуал қонунчиликка зид-ку. Ахир Олий суд раиси қабулигача тегишли босқичлардан ўтиб чиқиб бориб кирилдими, ушбу мурожаатга жавоб ҳам шахсан Олий суд раисининг ўзининг имзоси билан бўлиши лозим эмасми?

Яқиндаги воқеа эса бунисидан ҳам бешбадтар. Яъни мен Олий суд судьясининг юқорида айтилган ажримидан норози бўлиб, назорат тартибида протест келтириш тўғрисида 2019 йилнинг 7 февралида Олий суд раиси номига илтимоснома юборган эдим. Яқинда эса ҳимоям остидаги маҳкум С.нинг онаси менга Олий суддан унга бир хат келганлигини, аммо Олий судга хат ёзмаганлигини айтиб қолди. Не кўз билан кўрайки, бу менинг ўша Ўз.Р.ЖПК талаби бўйича тўғри ва тўлиқ ёзган илтимосномам ва унга илова қилинган ҳужжатлар эди. Унга Олий суднинг мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси томонидан “ўғлингизга оид жиноят иши бўйича шикоят қилиш ҳуқуқингиз йўқ, ЖПК талаби бўйича ўғлингиз ёки адвокати шикоят қилиши мумкин” деган мазмунда қисқа ва лўнда жавоб берилибди. Қизиғи шундаки, менинг бу илтимосномамда ҳимоям остидаги шахснинг онаси ҳатто имзо ҳам қўймаган ва бехабар бўлиб, илтимоснома адвокатлик бюроси муҳри ва тамғаси билан тасдиқланган эди...

Билмадим, энди мен Олий судга ёзган илтимосномамга жавоб хати беришларини сўраб мурожаат қилсам нима деб жавоб беришар экан. Ахир улар илтимосномамнинг асл нусхасини бошқа манзилга қайтариб юборишган (Зеро, аслида ҳар қандай илтимосноманинг асли, неча қайта юборилса ҳам, Олий суднинг ўзида сақланиши керак эди).

Менинг ўйлашимча, бу “ўйин”ларнинг ҳаммаси иш оқловга қараб кетаётгани учун атай қилинаяпти. Умуман олганда эса буларнинг ҳаммаси ҳаддидан ошиш, қўпол қилиб айтганда, қўштирноқ ичидаги “қутуриш” эмасми?

Хуллас, бу каби ҳолатлар, мақолада келтирилган фактлар шуни кўрсатаяптики, ЖПКга ва “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиб, ҳар қандай мурожаатга идоранинг биринчи раҳбари имзоси билан жавоб берилиши, жумладан, Олий суди раисининг жавобидан норози бўлганлар Олий суд Пленумига ёки Президент Девонига шикоят қилиши мумкинлиги белгилаб қўйилиши лозим”.

 

“Mukhiddinova i partnyory” адвокатлик фирмаси адвокати Шерзод ОЛИМОВ (Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани) изоҳи:

“Суд тизимидаги баъзи ишлар кўзбўямачиликка ўхшайди ростдан. Масалан, ўз талабингизни ўнлаб далиллар билан асослаб назорат тартибида шикоят ёзасиз. Аммо Олий суддан ҳамиша бир хил мазмундаги тайёр қисқа рад жавоблари келаверади. Яшириб нима қиламиз, бунақа жавоблардан кўнглингиз айнийди, нафратингиз ошади. Қанийди келтирилган важларингизга асослантирилган рад жавоби беришса, сиз ҳам шунга кўра тегишли хулосага чиқариб ё жавобдан қаноат ҳосил қилган ёки қўшимча далил излаган бўлардингиз. Йўқ, судга “нотўғри малакаланган” деб шикоят қилсангиз, бир қатор билан “айбига яраша жазо берилган” мазмунидаги жавоб оласиз. Бунинг устига, мақолада айтилганидек, ҳар бир мурожаат бўйича ишни судьялар кўриб чиқиши ва шунга кўра жавоб хати йўлланиши лозим бўлса-да, Олий суд номидан мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси асослантирилмаган жавоб юбораётганини мен очиқчасига қонунни менсимаслик, адвокатнинг ва фуқаронинг устидан кулиш деб ҳисоблайман.

 Шу ўринда судлардаги яна бир кўзбўямачилик одатини ҳам айтиб ўтишни истардим. Яъни адвокат, судланувчи ёки жабрланувчиларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига тўпланган далиллар асосидаги шикоятларига кўра нечтадан битта жиноят иши апелляция ёки кассация инстанциясида ўзгарадиган бўлса ҳам мазкур суд ажримида албатта “прокурорнинг протести” борлиги қайд этилиб, жиноят ишига протест тиқиштириб қўйилади. Бу ҳам қуйи инстанция судларининг хатоларини хаспўшлаш, бошқачароқ айтганда эса, сохтакорликнинг ўзгинаси-ку. Чунки аслида бунақа протестлар билан одатда ҳеч ким танишмаган, унга муносабат ҳам билдирмаган бўлади. Аммо бечора адвокат шу “протест” унинг шикоятига “тиргагич” бўлаётгани учун ҳам тилини тишлайди, эътироз қилишдан тийилади. Нима қилишса ҳам меҳнати зое кетмаганига, ҳимоясидаги шахснинг ҳуқуқлари тикланганига хурсанд бўлиб индамай кетаверади. Лекин бундай “ўйин”лар ҳам қачондир барҳам топиши керак-ку ахир...”

Хуллас, шунақа гаплар, изоҳлар ва муносабатлар оқими эса тўхтамаяпти... Демак, бу мавзуга ҳали яна қайтамиз!

2019-03-08 23:07:39  |  365 |   0  | 

5 изоҳлар

Март 14, 2019  10:55

1.Jahongir

Nasim aka oqlovga tortmaydi u delo. foydasi yuq.

Март 09, 2019  14:04

3.Мустакил фикр

Хурматли адвокатлар мана шундай фаол харакатлар, шижоатли ишлашда давом этсангиз адвокатура институтини кутарган буласиз. .

Ҳурматли Казим Камилов раислигидаги Олий суд адвокатлар ӯртасида ӯтказилган аноним сӯровнома бӯйича дарров баёнот билан чиқди. Бироқ, раис Facebook да 31.05.2018 йил куни соат 12.37 да "Вадим Ким" сайтида эълон қилинган "Председатель Верховного суда окончательно развалил судебную систему страны" сарлавҳаси остида чоп этилган мақолага, унда келтирилган Олий суд раиси Казим Камиловнинг ва Олий судда бӯлаётган ножӯя хатти-ҳаракатлар ҳақидаги фактларни инкор этувчи далилларни келтириб жиддий раддия билан муносабат билдирмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Ёки ҳали ҳам кеч эмас тӯлиқ асослантирилган раддия билдирсин! Бош прокуратура аноним сӯровнома натижаларини жиддий сигнал деб эътироф этганлигини била туриб ҳалигача сукут сақлаб турибди.

Март 09, 2019  00:11

5.Адвокат А.А.А.

Ўзбекларда ота бобомисиздан қолган гап бор, “азага борганда ҳар ким ўз дардини айтиб йиғлайди” деган. Ҳамкасбларимизнинг Олий суд раҳбариятидан норози бўлиб баён этган фикрларига тўлиқ қўшилган ҳолда, мен ҳам амалиётда учратган нохушликни баён этишга жазм қилдим. Мақсадга ўтадиган бўлсак, менинг ҳимоямдаги махкум .А. В. Э.га нисбатан жиноят ишлари буйича Миробод туман судининг 2017 йил октябрь ойининг 31 кунги чикарилган хукмига кўра, ноқонуний 5 (беш) йил муддатга озодликдан махрум этиш жазоси тайинланган. Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси ва назорат тартибида Олий судга берган шикоятларимда баён этган важларимга, асослантирилган қонуний жавоб олганим йўқ. Суд айблов ҳукмининг тавсиф қисмида судланувчи А.В.Э 2011 йилда фирибгарлик жинояти содир этган деган хулосага келгани ҳолда,унинг жиноий шерикларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 2013 йил 12 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма бир йиллиги мунособати билан Амнистия тўғрисидаги ” Қарорини қўллаб, жиноий жазодан озод этишган ҳолда, номаълум сабаларга кўра мазкур масала А.В.Э. нисбатан суд томонидан муҳокома этилмаган ва қўлланмаган. Шунингдек, терговчи Ж.Сафаров томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖПК нинг 417-модда ўн учинчи қисми талаблари қўпол равишда бузилиб, ҳимоямдаги А.В.Э.га нисбатан дастлабки тергов жараёнида жиноий шериги билан юзлаштиришда, гуяки жиноий шериги ёлғон гувохлик бергани учун уни пора эвазига оғдирган олган деб Ўзбекистон Республикаси ЖК 238 моддаси 2 қисми билан ноқонуний айб эълон қилгани ҳақидаги важларимга қонуний, асослантирилган ва ҳақиқатга мос келадиган жавоб олган эмасман. Менинг 2018 йил 07 июнь куни назорат тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судига берган шикояти Олий суд судьяси А.Утаев томонидан кўриб чиқилган бироқ 2018 йил 12 июлда чиқарилган ажрим тавсиф қисмида юқоридаги важларим асоссиз эканлиги юзасидан ЖПК модда, қисм, банд билан тавсифланган ҳолда рад этилгани аниқ кўрсатилган тушунтириш берилган эмас. Мазкур иккита масалага аниқ,асослантирилган ва ҳақиқатга мос жавобни Олий суд бермасдан “шаблон” яъни жазо қонуний тайинланган деган жавоб берилган. 1..Ўзбекистон Республикаси ЖПК нинг 417-модда ўн учинчи қисм талаби Мирзо Улуғбек тумани ИИБ терговчиси Ж.Р.Сафаров томонидан қўпол тарзда бузилгани, яъни била туриб ёлғон кўрсатув берган шахс С.Э.Бабажановга ЖК 238 моддаси 1 қисми билан жиноий жавобгарликка тортиш ҳақида суд ҳукм чиқаргандан сўнг материалларни прокурорга юбориб хабардор қилмасдан, терговчи томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК 238 моддаси 2 қисми билан ноқонуний жавобгарликка тортилгани ва суд ҳукмига кўра айбдор деб топилиши қонун талабларига мутлоқо зид эмас-ми? 2. Махкум А.В.Э жиноий шериги деб ҳисобланган С.Э.Бабажанов жиноят ишлари бўйича М.Улугбек туман судининг судьяси Т.А.Қосимовнинг 2015 йил 05 ноябрда чиқарган ажрими билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 2013 йил 12 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма бир йиллиги муносабати билан Амнистия тўғрисидаги ” Қарор қўлланилиб, жиноий жазодан озод этилгани ҳолда амнистия акти А.В.Э.га нисбатан қўлламасликка қандай қонуний асослар мавжуд? Олий суд судьяси А.Утаевнинг ажримида бу саволларга жавоб йўқ. Бу каби ҳолатларга барча адвокатлар дуч келаётгани боис, Республика адвокатлар Палатасида жамоатчилик асосида ёки йиғилаётган бадаллар ҳисобидан Кенгаш ташкил этилиб, адвокат ва уларнинг ҳимоясидаги шахсларнинг фикр ва важларини ўрганиб, асосли топиладиган бўлса, тегишли тартибда бу масалани Омбусдман,Бош прокуратура ёки Олий суд раҳбариятига етказиш ва бу масалаларга ечим топиш чораларини кўриш лозим.Ҳамкасбларда бошқа фикрлар бўлса, ўртоқлашиб масалага ечим топиш керак. Зеро адвокатларнинг асосли важлари қонуний ечимини топсин.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация