Олий суддаги оғриқли нуқта (Ёки мурожаатлар билан ишлаш тизими ислоҳга муҳтожми?)



 
  Расм манбаси : 

«Йўқолган хат»ни излаган хатимиз ҳам йўқолди...

Журналимизнинг ўтган сонида чоп этилган «Олий суднинг хати изсиз йўқолди!» сарлавҳали мақоламизга кўзингиз тушгандир. Ўқиган бўлсангиз, «сеҳрли қалпоқча» кийиб олган ўша хат ҳамон топилмаганига ишонасизми?..

Ўзимизча шу хабарни жуда жиддий масаладек мақоланинг кириш қисмига чиқаздик. Аммо журналхонларимиз орасида уни истеҳзо билан қабул қилиб, «топилмаслиги аниқ эди-ку, шу гапни яна кўтариш шартмиди» дея биздан гина қилаётганлар ҳам бўлса ажаб эмас. Чунки, ўзимиз ҳам борган сари ўша хатнинг мутлақо топилмаслигига ишониб боряпмиз... Умидсизлигимиз сабабини эса бугунги мақоламиздан билиб оласиз...

Асосий мавзуга ўтишдан олдин аввалги мақоламизни ўқимаганлар учун қисқача маълумот бериб ўтсак. Хуллас, андижонлик бир адвокат ўзининг назорат тартибида берган шикоятини кўриб чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлар бўйича судлов ҳайъатининг ажримини сўраб 10 мартадан ортиқ ёзма мурожаат қилган. Олий суддан эса унга бир хил — «ажрим нусхаси почта хизмати орқали юборилган» деган мазмундаги жавоб хатлари бораверган (Ҳа, биз ҳам (сиз каби) ажрим нусхасини қайта бермасдан «аввал юборганмиз» деган хатни жўнатавериш нимаси билан афзал эканини ҳалигача тушуна олганимиз йўқ). Оқибатда адвокат бу ҳақда Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига арз қилишга мажбур бўлган. Шундан кейингина ажрим нусхаси «такроран» (ҳар ҳолда Олий суд шундай ҳисоблайди) адвокатга юборилади. Аммо шунда ҳам Президентнинг виртуал қабулхонаси олдида ўзларини оқлаб олиш учун бўлса керак, аввалига яна ўша — ажрим нусхаси почта хизмати орқали юборилганлиги ҳақидаги эски жавоб қайтарилиб, фақат эртаси кунги сана билан ёзилган кузатув хатига илова қилган ҳолда ажрим нусхаси юборилган.

Аммо шу хатнинг етиб бориши ҳам чўзилиб кетади (бунинг учун роппа-роса 19 кун керак бўлибди). Шу боис ажримни барибир ололмайман шекилли дея ҳафсаласи пир бўлган адвокат бу ҳақда «Advokat» журнали таҳририятига мурожаат қилади. Шу сабаб можарога биз ҳам аралашиб қолдик — Олий судга хат ёзиб, адвокатга ажрим нусхасини юборишларини илтимос қилиш баробарида, ўша йўқолган хатни топиш учун унинг почта орқали юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхасини сўрадик...

Олий суд эса ҳатто бизга ҳам Қонундаги муддатни нақ икки баробарга бузиб, 15 кунда жавоб берди. Энг қизиғи, жавоб хатида биз сўраган масаланинг фақат бир қисмигагина жавоб берилган. Яъни ажрим нусхаси адвокатга етиб борганлиги айтилган, холос. Йўқолган хатнинг почта орқали юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхасини бериш ҳақидаги илтимосимизни эса гўё кўришмаган.

Шунга кўра биз, ўтган мақоламизда ҳам хабар қилганимиздек, мазкур ҳужжатни сўраб Олий судга 2018 йилнинг 3 июлида такроран мурожаат қилдик. Аммо... орадан ойлар ўтса ҳамки ундан жавоб бўлмади. Бу орада хаёлимизга не-не ўйлар, режалар келиб-кетмади дейсиз. Ҳатто, қатор қонунларни қўпол равишда бузаётган Олий суд устидан прокуратурага мурожаат қилишгача кўнглимиздан ўтди. Бироқ ҳар сафар истиҳола устунлик қилаверарди: «Ахир у ердагиларга ҳам осон эмас, иш кўп, хат кўп, ходим эса кам... Қолаверса, бизнинг арзимиз қондирилганида ҳам муаммонинг илдизи бартараф бўлармиди, аксинча, яна бир бечора ходимнинг жабр кўргани қолади-да... Қўяқолайлик энди, шу ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича тура-турсин. Ҳамма нарсанинг ҳам ўз вақти-соати бор-ку...»

Тўғриси, агар таҳририятимиз эшигини худди аввалги тоифадаги яна бир шикоят хати тақиллатиб келмаганида, бундай истиҳолаларимиздан сўнг масалани бошқа қўзғамаслигимиз аниқ эди...

 

Олий судда ҳужжатлар тўплами ҳам йўқоладими?

Ҳа, бизни мавзуга қайтишимизга мажбур қилган навбатдаги шикоят хати мазмунига кўра Олий судда энди хат эмас, бутун бошли ҳужжатлар тўп­лами — 7 бетлик адвокат илтимосномаси, унга илова қилинган адвокат ордери ва 127 варақдан иборат бўлган суд қарорлари нусхалари йўқолган! Йўқолганику майли, буни Олий суд тан олиб, масалага ечим изласа кошки, аксинча, «ким кимни алдайди» тарзида «томоша» кўрсатган...

Хуллас, ана шу «томоша»га гувоҳ бўлишни истасангиз, воқеалар кетма-кетлигини диққат билан кузатинг:

1. «Impartial Defence» адвокатлик бюроси раҳбари Темур Раҳматов адвокатлик вазифасига кўра ўз ҳимоясидаги Ф.Д.га нисбатан кўрилган жиноят иши юзасидан назорат тартибида протест келтиришини сўраб 2017 йилнинг 16 июнида Олий судга илтимоснома киритган. Илтимосномага адвокатлик ордери ҳамда 127 вароқдан иборат суд қарорлари нусхаси илова қилинган. Мазкур ариза 119-рақам билан Олий судда кирим қилинган.

Илтимосномага жавобни Олий суд 2017 йилнинг 30 октябридаги 13-1811-17-сон хат билан юборади (Бир куни кам тўрт ярим ойдан сўнг-а! Ахир ЖПКнинг 483-моддасига кўра «Юқори суд томонидан жиноят ишини кўриб чиқиш давомийлиги уни кўриб чиқиш бошланган кундан эътиборан икки ойдан ошмаслиги керак» эмасми?..). Хатда айтилишича, жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди кассация инстанциясининг 2017 йил 31 августдаги ажримига кўра Ф.Д. ва бошқаларга оид суд ҳукмининг бошқа бир судланувчига тегишли қисми бекор қилиниб, ишнинг шу қисми Сирдарё вилоят судининг биринчи инстанциясида кўриб чиқиш учун юборилган. Шу боис адвокатга мазкур суд қарори қонуний кучга кирганидан кейин қайтадан мурожаат қилиши мумкинлиги тушунтирилиб, илтимосномага илова қилинган барча ҳужжатлар ҳам қайтарилган.

Мурожаатга жавоб берилган муддатни инобатга олмасак, ҳозирча ҳаммаси жойида. Аммо, воқеаларнинг келгусидаги ривожи давомида чалкашиб кетмаслигингиз учун жавоб хати санаси — 2017 йилнинг 30 октябрини эслаб қолишингизни тавсия қиламиз. Зеро, бу шунчалик муҳим санаки, ҳали ўзингиз ҳам бунга аминлар бўлиб кетасиз...

2. Олий суд кўрсатмасида айтилганидек, ЖИБ Сирдарё вилоят судининг тегишли ҳукми қонуний кучга киргач, адвокат Т.Раҳматов юқорида қайд этилган илтимосномани 2017 йилнинг 18 декабрида қайтадан барча иловалари (адвокат ордери ва 127 варақ суд қарорлари нусхалари) билан киритади. Илтимоснома Олий суд қабулхонасида 45420-рақам билан кирим қилинади...

Ҳамма томоша мана энди бошланади — яъни орадан олти ой ўтса ҳамки жавоб бўлмайди. Адвокатнинг ёзишича, у бунга қадар илтимосномаси тақдири билан қизиқиб Олий суднинг мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси ходимларига бир неча бор оғзаки мурожаат қилган. Аввалига унга илтимосномаси ўрганишда эканлигини, иш кўплиги сабабли вақтида жавоб берилмай қолган бўлиши мумкинлигини айтишган. Аммо ярим йилда ҳам натижа кўринмагач, адвокат улардан илтимосномасини кўраётган судянинг кимлигини айтишларини талаб қилган. Шундагина ходимлар ҳақиқатни тан олишга мажбур бўлганлар — ҳужжатларни топа олишмаётган экан...

 3. Шундан сўнггина адвокат ёзма мурожаатсиз иш битмаслигига амин бўлади ва ўзи 2017 йилнинг 18 декабрида тақдим қилган ва айни пайтда Олий суд ходимлари топа олмаётган ҳужжатлар тақдирини аниқлашда амалий ёрдам ­беришини сўраб Олий суд раисига 2018 йилнинг 1 майида хат билан мурожаат қилади.

Энди бу хатга Олий суднинг Мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи в.б. М.Набиев жавобини (2018 йил 10 май) асл матнда ўқинг: «Ф.Д. ва бошқаларга оид жиноят иши юзасидан чиқарилган суд қарорларидан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Олий судига ёзган шикоя­тингизга илова қилинган ҳужжатларни сўраб ёзган аризангизга Олий суднинг 2017 йил 30 октябрдаги 13-1811-17-сонли жавоб хатлари билан бирга илова ҳужжатлар ҳам юборилганлигини маълум қилади».

Ҳурматли журналхон, сиз бу жавобни қандай баҳолайсиз, билмадик. Аммо, бизнинг наздимизда, 2017 йилнинг 18 декабрида тақдим қилган ҳужжатларингиз 2017 йил 30 октябрда ўзингизга қайтариб юборилган дея жавоб берганлар ё ойлар кетма-кетлигини билмайдиган даражада саводсиз бўлиши керак, ёки айбини бўйнига олмаслик учун ҳар қанча талмовсирашдан ҳам қочмайдиган даражада пихини ёрган айёр бўлиши мумкин.

4. Албатта адвокат ҳам бу жавобни кўриб ёқасини ушлаган бўлиши турган гап. Аммо, ўз бурчини бажаришга масъуллиги боис у яна қўлига ­қалам олади ва Олий суд раисига 2018 йилнинг 21 майида такроран ёзма мурожаат қилиб, вазиятни қайтадан яхшилаб тушунтирмоқчи бўлади. Ҳатто ростдан ҳам биринчи бор юборган илтимосномасига 2017 йил 30 октябрдаги 13-1811-17-сонли жавоб хати билан бирга ҳужжатлар қайтарилганлигини, аммо у 2017 йилнинг 18 декабрида илтимосномани барча иловалари билан бирга қайта тақдим ­этганлигини, ҳозир ана ҳужжатлар йўқолиб қолганлигини батафсил баён қилади. «Уларнинг ҳам иши кўп, балки биринчи илтимосномам билан адаштириб юборгандир» дея яхши гумон қилган бўлса керак-да. Аммо, афсуски...

Ҳа, афсус қилишга мажбурмиз. Зеро, мана, қўлимизда М.Набиевнинг навбатдаги жавоб хати (2018 йил 23 май):

«Ф.Д. ва бошқаларга оид жиноят иши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига ёзган аризангизга илова қилинган ҳужжатларни сўраб ёзган аризангизга Олий суднинг 2017 йил 30 октябрдаги 13-1811-17-сонли жавоб хатлари билан бирга илова ҳужжатлари ҳам юборилганлиги маълум қилинади».

Изоҳга ҳожат бўлмаса керак...

5. Хўш, бу ҳолатга тушсангиз сиз нима қилардингиз? Бизнинг қаҳрамонимиз эса нажот истаб бу сафар Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига шикоят билан чиқади (2018 йил 4 июнь) ва Олий суд томонидан асоссиз жавоб хатлари юборилиб, сарсон-саргардон қилинаётганлигини айтиб, ўзининг йўқолиб қолган ҳужжатлари тақдирини аниқлашда амалий ёрдам беришларини сўрайди.

Яна афсуски, Судьялар олий кенгаши ҳам биз билган қонунларга зид равишда шикоятни кўриб чиқишни устидан шикоят қилинган ­идоранинг ўзига қолдиради ва бу ҳақда шикоят эгасини орадан 14 кун ўтиб хабардор қилади. Тағин «бошқа бизни безовта қилманг» дегандек, жавобни ҳам Олий суднинг ўзи беришини эслатиб қўяди:

«Сизнинг шикоятингиз тааллуқлилигига кўра кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судига юборилди.

Натижаси ҳақида Сизга Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан маълум қилинади».

Олий суд бу сафар қандай жавоб берар экан, яна қандай баҳона топишаркин деб кутяпсизми? Ҳаяжонланманг, устаси барибир йўлини топади. Ишонмасангиз, мана исботи — жаноб М.Набиевнинг 21 июндаги хатидан иқтибос:

«Ф.Д.га оид жиноят иши юзасидан чиқарилган суд қарорларидан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига ёзган шикоятингиз юзасидан қуйидагилар маълум қилинади».

Қойилмисиз энди! Ахир мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси ўз айбини хаспўшлашнинг бундан яхшироқ йўлини топиши мумкинмиди? Қаранг-а, гўё адвокат Судьялар олий кенгашига Олий суднинг асоссиз жавоблари устидан шикоят қилиб эмас, балки «Ф.Д.га оид жиноят иши юзасидан чиқарилган суд қарорларидан норози бўлиб» шикоят қилгандек йўл тутиляпти. Бу йўл билан эса бирданига икки қуён урилмоқда. Яъни, биринчидан, юқорида кўрганимиз масқарабозларча ёзилган жавоб хатларини гўё билмаганга олинади. Иккинчидан эса адвокат мурожаат талабларини бажармаганликда айблаб қўйилади. Қарабсизки, мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси сувдан қуп-қуруқ чиқиб турибди. Мана бунинг исботи (жавоб хатидан иқтибос):

«Аниқланишича, шикоятга иш бўйича қабул қилинган суд қарорларининг тасдиқлаган нусхалари илова қилинмаган».

Ана бўлмаса, адвокат Судьялар олий кенгашига Олий судда йўқолган ҳужжатларини топишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилиши баробарида ўша йўқолган ҳужжатларни хатига илова ҳам қилиши керак экан! Ол-а!!!

Хуллас, бу сафар Олий суд адвокатга юқоридаги сабабга кўра аризаси кўриб чиқилмасдан қайтарилаётганини айтиб, «Қайд этилган ҳолатларни бартараф этиб Олий судга қайта мурожаат қилиши» мумкинлигини тушунтиради...

6. Тиниб-тинчимаган адвокат энди Судьялар олий кенгаши раиси ва Олий суд раисига яна вазиятни тушунтирмоқчи бўлиб, 2018 йил 2 июлда уларнинг номига хат ёзади. Аввалги хатлари раҳбарларга етиб бормасдан, Олий суднинг мурожаатлар билан ишлаш бошқармасидан қайтиб келаётган бўлиши мумкинлигини ҳам эслатади.

Бу хатга Судьялар олий кенгашининг 2018 йил 6 июлдаги жавобини ўқишни истасангиз юқоридаги жавобга мурожаат қилинг. Чунки улар нуқта-вергулигача бир хил...

Олий суд эса бу сафар жавоб беришни ҳам раво кўрмаган...

7. Адвокат унинг жавобини сўраб 2018 йилнинг 24 сенябрида Олий судга яна мурожаат қилади. Ҳатто хатнинг юқори қисмига «5-марта ТАКРОРАН» деган эслатма ҳам ёзиб қўяди. Кошки шу нарса бирон масъулнинг эътиборини тортса деб умид қилгандир-да.

Бу пайтда эса Олий суднинг мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи в.б. лавозимига энди бошқа ходим — Т.Обидов келган экан. Бу раҳбарнинг иш тамойили эса бошқача бўлиб чиқди, зеро у хаспўшлаб ҳам ўтирмасдан, аллақачон эски босқичда қолган жавобни кўр-кўрона такроран юбориб қўя қолди (2018 йил 2 октябрь):

«Ф.Д. ва бошқаларга оид жиноят иши юзасидан чиқарилган суд қарорларидан норози бўлиб Ўзбекис­тон Республикаси Олий судига ёзган аризангиз юзасидан шу мазмундаги шикоятингизга Олий суднинг 2017 йил 30 октябрдаги 13-1811-17-сонли хати билан жавоб берилганлигини маълум қилинади».

Ана шу жавоб адвокатни ниҳоят шаштидан қайтарибди. Ишқилиб, Олий судга бошқа хат ёзмасликка қасам ичиб юбормаган бўлса яхши эди. Ахир касби буни ҳали кў-ўп тақозо қилиши турган гап!

 

«Қачонгача кўз юмамиз?..»

Адвокатнинг ушбу тарихни батафсил ёзиб таҳририятга йўллаган хатини, унинг иловалари — ёзишмалар тарихини кўриб, тўғриси, бизнинг ҳам ҳафсаламиз пир бўлди. Демак, Олий суднинг мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси аллақачон чегерадан чиқиб бўлибди. Шундай экан, бу ҳақда яна мақола ёзиб нимага ҳам эриша олардик...

Аммо, адвокат шикоятидаги охирги жумлалар бизни таъсирлантирди:

«Савол туғилиши мумкин, «шунча вақт адвокат нима қилади ёза-ёз қилиб, кўриб турибдику бу тизимни ўзгартиролмаслигини, қайтадан ҳужжатларни тўплаб, бошқа ордер ёздириб топширмайдими» деган. Лекин ҳаммамиз бу нарсаларга кўзимизни юмсак умуман ҳеч қандай ўзгариш бўлмайдики бу тизимда...»

Ҳа, рост гап. Аслида шу пайтгача «ҳаммамиз кўз юмаверганимиз» учун ҳам юқоридаги каби иллатлар юзага келган. У шу қадар сингиб кетган эканки, мамлакатимизда амалга оширилаётган шунча ислоҳотлар ҳам таъсир қила олмабди. Агар яна кўз юмаверсак, у ҳали яна узоқ яшаши мумкин...

Шуларни ўйлаган ҳолда, бирон нарса чиқишига чала умид билан бўлса-да, 2018 йилнинг 15 октябрь куни Олий суд томонга йўл олдик.

Кутганимиздек, у ерда бизни қарши олган илк муомала «Расмий хат билан мурожаат қилинг» деган кўрсатма бўлди. Шунда биз Олий суднинг мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи в.б. Т.Обидовга «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддасини, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасини эслатдик, аммо кор қилмади, худди хатларидаги каби бир хил жавоб бераверди: «Бизда тартиб шунақа, ёзма мурожаат қилинг!»

На чора, суд мустақил ҳокимият, балки ростдан ҳам улар учун алоҳида қонун-қоидалар бордир. Хат бўлса хат-да.

Хуллас, адвокат Т.Раҳматов ростдан ҳам 2017 йилнинг 18 декабрида илтимосномани қайтадан барча иловалари билан юборганлигига ишонч ҳосил қилиш мақсадида Олий судга 2018 йилнинг 16 октябрида ушбу илтимоснома нусхасини тақдим қилишларини сўраб мурожаат қилдик.

Аммо... ушбу расмий хатимизга жавоб бериш муддати ҳам деярли икки баробар ўтиб кетса-да жавоб бўлавермагач (Т.Обидов берган рақамга шу пайтга қадар бир неча марта қўнғироқ қилиб туша олмадик), оёғимизни зўрға судраб, яна Олий суд томон йўл олдик... 2018 йилнинг 31 окбярь куни эрталаб 9.30 да дардимизни айтиб борган бўлсак, тушга яқин жавоб хатини чиқариб беришди. Назаримизда, жавоб шу куни, биз сўраб борганимиздан кейин тайёрланди. Аммо шунисига ҳам хурсанд бўлдик. Қуруқ қайт­гандан кўра ҳарна-да (жавобни қонунда белгиланган 7 кунда эмас, 15 кунда, яна тағин ўзимиз сўраб бориб олган бўлсак нима қилибди, ҳар ҳолда адвокатларга ўхшаб ойлаб кутмадик-ку...).

Қолаверса, жавобдан маълум бўлишича, Т.Раҳматов ростдан ҳам 2017 йилнинг 18 декабрида илтимосномани қайтадан киритган экан. Бизга ёзилган жавоб хатига ушбу илтимосномадан нусха ҳам илова қилинибди! Зеро, бу Олий суднинг бутун бошли хатни ва иловаларини йўқотиб қўйганини, билибми-билмайми, расман тан олгани эди! Қолаверса, аслида сал аввалроқ буни мутасаддилар норасмий тарзда тан олиб, адвокатнинг ишини ҳал қилиб ҳам беришган-ди...

 

«Таҳриятга раҳмат, ишим ҳал бўлди, аммо...»

Ҳа, шундай бўлган эди. Тушунарли бўлиши учун воқеалар ривожидан сал орқага қайтамиз. Яъни биз 2018 йилнинг 15 октябрь куни илк бор Олий судга борганимизда «ҳужжатлар йўқолмаган бўлса уни кўрайлик» деган илтимосимизга жавобан Мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи в.б. Т.Обидов бу ҳужжатни бегона шахсларга кўрсатишга ҳаққи йўқлигини, фақат уни юборган адвокат билан бирга келсаккина кўрсатишини айтган эди. Шунга кўра 2018 йилнинг 18 октябрида Олий суднинг қабулхонасига адвокат Т.Раҳматов билан бирга бориб, Т.Обидов билан учрашдик ва талабига кўра адвокатни олиб келганимизни айтдик. У эса «Ҳозир келаман» деганча ичкарига кириб кетиб, бир соатдан ошиқроқ вақтдан кейин қайтиб чиқди ва ичкарига фақат адвокатнинг ўзи киришини, биз эса кутиб туришмиз кераклиги айтди. На чора, кутдик. Кўп ўтмасдан адвокатнинг ўзи қайтиб чиқди ва иш битганини айтиб, бизга раҳмат изҳор қилди. Унинг гапига қараганда, ҳужжатлар Мурожаатлар билан ишлаш бошқармасининг аввалги бошлиғи даврида ростдан йўқолган. Шу боис янги раҳбар унинг айбини бўйнига олмоқчи эмас. Шунчаки у ёрдам сифатида адвокатнинг илтимосномасини қўшимча ҳужжат талаб қилмасдан қабул қилишга рози бўлган эмиш.

Хўп дедик. Ҳартугул меҳнатимиз зое кетмабди, салкам бир йилдан бери ҳал бўлмаётган муаммо «Advokat» журнали таҳририятининг аралашуви билан бўлса-да ҳал бўлибдику дея ўзимизни овутдик. Аммо 2018 йилнинг 16 октябрь куни хат киритганмизку, кўрайлик-чи, унга қандай жавоб беришаркин. Зора, «адвокат билан ўзимиз келишик олдик» деб тўғри гапни ёзишса дея умидландик. Бироқ, юқорида ёзганимиздек, жавобда ҳақиқат бунақа очиқ тан олинмади. Шунга қарамасдан, билмасдан расман тан олиб қўйишганининг ўзи ҳам Олий суд томонидан инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузиб келинганлигини ёзишимизга асос бўла олади. Гувоҳи бўлганингиздек, шундай қилдик ҳам. Энди хулосани ўзингиз чиқазиб олаверинг, дея мақолани шу ерда якунласак ҳам бўларди... агар яна бир қизиқ ҳангома чиқиб қолмагани-да...

 

Жавоб хати топилди, аммо...

Янги ҳангомамиз эса аслида эски ҳангомамизнинг давоми. Гап шундаки, 2018 йилнинг 16 октябрь куни хат олиб борганимизда 2018 йилнинг 3 июлидаги (Бу хат қандай хат эканлиги эсингиздан чиққан бўлса мақоламиз бошига мурожаат қилинг) изсиз кетган хатимизга ҳам биратўла жавоб беришларини сўраган эдик. 31 октябрда жавоб излаб борганимизда қўлимизга 3 июлдаги хатимизнинг жавобини беришди. Маълум бўлишича, ушбу хатимизга Олий суд 25 июлда (7 кун ўрнига 22 кун бўлса ҳам майли-да) жавоб берган ва почта орқали юборган экан. Аммо почта «Манзилни аниқ кўрсатинг» деган сабаб кўрсатган ҳолда хатни 1 август куни Олий судга қайтариб берган экан. Олий суддагилар эса манзилни тузатиб қайта жўнатишга «имкон» топа олишмаган кўринади. Зеро, ростдан ҳам хатда тўғри кўрсатилган манзилимиз конверт устига нотўғри ёзилган...

Бу ҳам майли, мурожаатларга жавоб ёзишда на муддатни, на масъулиятни писанд қилмайдиган (юқоридаги мисоллар шундай хулоса қилишимизга ҳуқуқ беради деб ўйлаймиз) ходимлар учун манзилни тузатиб, қайта юбормаслик жуда катта айб ҳам эмас. Аммо...

Аммо ичкаридаги масала яна бизни ҳайратга туширди.

Гапни қисқа қиламиз. Жавобда ёзилишича, ўша «йўқолган хат» (яъни андижонлик адвокат Т.Тожибоевга 2018 йилнинг 7 майида юборилган жўнатма) «100186-сонли почта алоқа бўлими ходими М.Валиева томонидан шахсан қабул қилиб олинган» ва манзилга ҳам етиб борган. Аммо унинг етиб борганини тасдиқловчи ҳужжат кўрсатилмаган. Шундай бўлса-да, адвокат Т.Тожибоевга қўнғироқ қилиб, ўша 7 майдаги хат кечикиб бўлса ҳам етиб борган-бормаганлигини сўрадик. У эса: «Олий суд 21 май кунги сана билан «такроран» деб юборган ажрим нусхаси менга 9 июнь куни етиб келган, бошқа хат келмади», – деди.

Шундан сўнг Тошкент шаҳридаги 100186-сонли почта алоқа бўлими ходими М.Валиевани изладик. Буни қарангки, у ҳам Олий суд биносида, мурожаатларни қабул қилиш жойида ўтирар экан... Аввалига у ердагилардан почта бўлимини сўрасак, ҳеч ким билмади. Фақат М.Валиевани айтганимиздан кейингина чақириб беришди (Афтидан бошқармадагилар уни Олий суд ходими деб ўйлашса керак). У эса ўша хат RI100796088UZ ва RI100796304UZ рақамлар билан кодланиб, манзилга юборилганлигини айтиб, «реестр» кўрсатди. Шундан сўнг «Ўзбекистон почтаси» АЖ мутахассислари тавсиясига кўра pochta.uz порталидан ушбу коддаги жўнатмаларни излаб кўрдик. Аммо... қидирув тизими бу жўнатмани топа олмади...

Хуллас, бу ҳақда бошқа ҳеч нарса ёзиб вақтингизни олмоқчи эмасмиз... Расий жавобни тегишли идоралардан кутамиз яна. Аммо, хафа бўлманг, мақоламизни барибир тугата олмаймиз ҳали... Чунки қўлимизга Олий суднинг яна бир куракда турмайдиган жавоб хати тушиб қолди...

 

Тоғдан келсангиз боғдан келади...

Мазкур ғаройиб жавоб хатининг ғаройиблигини тушуниш учун у қайси хатга жавоб эканини ҳам билишимиз керак. Шу боис аввал адвокат хатини жузъий қисқартиришлар билан, биз учун муҳим мазмунни сақлаб қолган ҳолда эътиборингизга ҳавола этамиз:

«ИЛТИМОСНОМА

Мен ... судланган Алиев Валининг (Исм-шариф шартли равишда ўзгартирилди — Таҳририят) жиноят иши юзасидан назорат тартибида шикоят тайёрлаб, уни 2018 йил 17 июлида Ўзбекистан Республикасн Олий судига топширган эдим. Аммо мазкур назорат тартибидаги шикоят кўриб чиқилганлиги ҳақида менга шу пайтгача белгиланган тартибда хабар берилмади.

Олий судга такдим этган шикоятимда судланувчи ... эпизод буйича иқрорлик кўрсатувлари ҳали унга жиноят иши қўзғатилмасдан олдин, унга нисбатан атайлаб маъмурий иш уюштирилиб, маъмурий қамоқ жазоси берилган пайтда ... шаҳар ИИБнинг вақтинча сақлаш ҳибсхонасида ғайриқонуний равишда жисмоний тазйиқ остида олинганлиги ва кейинги тергов ҳаракатларида айнан ўша пайтда берилган иқрорлик кўчириб ёзилиб, уни айблаш учун ғайриқонуний асос қилиб олингани сабабли уни номақбул далил деб топиб, айбловдан чиқаришни сураган эдим.

Яқинда, яъни 2018 йилнинг 26 сентябрь кунида айнан Алиев Валига нисбатан бўлган учта маъмурий иш ... вилоят прокурорининг ўринбосари протестига асосан ... вилоят маъмурий суди томонидан қайта кўриб чиқилиб, Жиноят ишлари буйича ... шаҳар судининг ҳар учала маъмурий қарорлари бекор қилинди. Вилоят маъмурий судининг қарорларида маъмурий ишни кўриш жараёнида ҳуқуқбузар Алиев Валининг МЖтКнинг 294-моддасида кўрсатилган ҳуқуқлари бузилганлиги, тўпланган далиллар ишончга сазовор эмаслиги ва суд томонидан унга асоссиз маъмурий жазо тайинланганлиги кўрсатиб ўтилган.

Мазкур маъмурий ишларнинг бекор қилинганлиги иқрорлик кўрсатувини олиш максадида Алиев Валига нисбатан маъмурий иш атайлаб уюштирилиб, маъмурий қамоқ белгиланлигини яна бир бор тасдиқлайди ва айблов асосига қўйилган унинг ушбу иқрорлик кўрсатувини номақбул далил сифатида айбловдан чиқариш учун асос бўлади деб ҳисоблайман.

Юқорида баён этилган ҳолатлардан келиб чиқиб, тақдим этилаётган ушбу далилларни дастлабки берган назорат тартибдаги шикоятимга қўшиб кўришни ... сурайман.

Мазкур иш бўйича ... ордер мен томонимдаи тақдим этилган.

Илова: ... вилоят маъмурий суди қарорларининг нусхаси, жами 4 варақ».

***

Кўриниб турибдики, адвокат мазкур илтимосномаси орқали ўзининг аввал ёзган назорат тартибидаги шикоятига қўшимча маълумот тақдим этмоқчи. Чунки ҳали унинг шикояти кўриб чиқилмаган. Аммо Олий суднинг шикоятлар билан ишлаш бошқармасидагилар ана шу оддий мантиқни тушуниб етишмаган кўринади. Акс ҳолда унга қуйидагича жавоб беришмаган бўларди (2018 йилнинг 11 октябрь санаси билан ёзилган ушбу хатни имло ва пунктацион хатолари билан чоп этяпмиз):

«Алиев Валига оид жиноят иши юзасидан чиқарилган суд қарорларидан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Олий судига йўллаган мурожаатингиз юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.

Мурожаатда, суд ҳужжатларига нисбатан эътироз билдирилган (Ё товба! Жавоб ёзаётганлар бу туҳмат гапни қеардан олишдийкин? Улар ё хат матнини ўқишмаган ёки жавобни бутунлай бошқа хатга ёзган деб гумон қилайлик десак, судланувчининг исм-шарифини тўппа-тўғри ёзишган. Ёқа ушлашдан бошқа чора йўқ... — Таҳририят).

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекснинг 5101-моддасига мувофиқ, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича қуйидаги суд қарорлари устидан назорат тартибида шикоят қилиниши белгиланган.

Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекснинг 5102-моддасига кўра, Сизнинг суд ҳукмидан норозилигингиз ҳақидаги жиноят иши апелляция ёки кассация тартибида кўрилмаганлиги боис назорат тартибида берилган шикоятингиз кўриб чиқмасдан қайтарилади.

Қайд этилган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин жиноят иши бўйича чиқарилган барча суд қарорларини илова қилган ҳолда, суд қарорлари устидан Олий судга назорат тартибида мурожаат қилишингиз мумкинлиги тушунтирилади.

Илова: ҳужжатлар тўплами.

Мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи в.б.                                   Т.Обидов».

Бу жавобни ўқиб қай ҳолатга тушганимизни тасаввур қиляпсиз. Демак, изоҳга ҳожат бўлмаса керак!

 

Аччиқ хулоса

Одатда мақолаларимизда хулоса чиқаришни ўқувчининг ўзига қолдиришни маъқул кўрардик. Аммо бу сафар ўз фикримизни ҳам айтишга жазм қиляпмиз. Албатта, биз у ердаги салбий ҳолатнинг туб сабабларидан бехабармиз. Балки малакали ходимларни танлаш тизими йўқдир, балки штат бирлиги иш ҳажмига муносиб эмасдир ёки яна бошқа ички муаммолар тўпланиб қолгандир. Аммо бизнинг юқоридаги фактларга асосан англаганимиз ва хулосамиз шуки, Олий суднинг мурожаатлар билан ишлаш тизими аллақачон ислоҳотга муҳтож! Агар у тез орада муолажа қилинмаса, яра маддалаб, янада жиддийроқ дардни келтириб чиқариши ҳеч гап эмас! Умид қиламизки, буни Олий суд мутасаддилари инобатга олади ва журналимизнинг яқин келажакдаги сонларида ислоҳотларнинг ижобий самаралари ҳақида ҳам мақолалар чоп этиш бахтига мушарраф бўламиз!

«Advokat» журнали мухбирлари жамоаси

(«Advokat» журналининг 4-сонидан).

2018-11-16 10:43:41  |  684 |   0  | 

14 изоҳлар

Март 15, 2019  14:58

1.Фукаро Одилжон Хужанов

Ҳурматли адвокатлар Ўзбекистон халқи Сизларнинг ушбу машаққатли ишларингизда ҳар тарафлама қўллаб қувватлайди...Негаки ушбу мақола ва шарҳларда узоқ ойлар ва йиллар давомида адолат излаб сарсону-саргардон бўлиб юрган, ҳамда Ўзбекистон халқи қалбида жуда оғир муаммога айланган масала кўрсатиб ўтилган. Президентимизнинг 2017 йил 13 июнь куни Тошкент шаҳрида «Суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган» видеоселектор йиғилишида “Фуқаролар адолатни қарор топтириш умидида ойлаб, йиллаб сарсон-саргардон бўлиб, нажот излаб Президентга мурожаат қилмоқда. Шунинг ўзи судлар фаолиятига халқ томонидан берилаётган холисона баҳо эмасми? Бундай ҳолатларга қатъий чек қўйиш вақти келди” каби сўзлар билан ушбу соҳада ислоҳатларни бошлаб берганларига мана орадан 22 ой вақт ўтди, лекин Ўзбекистон Республикаси судлов тизимидан, хусусан Олий суд фаолиятидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича қанақа ўзгариш бўлди. Минг бор афсуски хеч қанака ўзгариш бўлгани йўқ ва бундан кигин бўлмаса ҳам керак, Олий суд раиси бошчиллигида қабул қилинган қасамёдлар ҳаммаси қоғозда қолиб кетди, натижа эса уша “эски тос, эски тоғора”... Бош прокуратура ёки бирор-бир каттарок мансабдор шахс топшириғи бўлсагина мурожаатлар кўриб чиқилади бўлмаса, уша “ШАБЛОН” жавоб хати жўнатилаверади..... Чунки ушбу ҳолатга оддий фуқаро сифатида ўз кўзим билан гувоҳ бўлдим, жўнатилган мўрожаатлар керагидан ортиқроқ вақт давомида хўжа кўрсинга сабабсиз ўшлаб турилади, кигин эса Сизнинг мурожаатингизнинг маъносидан қатъий назар уша “ШАБЛОН” жавоблар жўнатилаверади..... Президентимиз таъбири билан айтганда “Ушбу система чириб битган, буни даволашни бирдан-бир йўли эса уни таг-томири билан қўпариб ташлаш” .... Билимингизга-билим, ғайратингизга-ғайрат қўшилсин Адвокатлар....

Олий суддаги мурожаатлар билан ишлаш тартиби билан танишиб, суднинг хукми ва аппеляция судлов хайъатининг карорига нисбатан химоямдаги Н.Муйдиновни конуний хукук ва манфаатларидан келиб назорат тартибида келтирган шикоят аризам Олий судга 23.01.19 йил куни топширган бу́лсамда, шикоят аризани 2 ойлик муддат ичида куриб чикилиши таъкидланган. Лекин ушбу белгиланган муддат тугаш арафасида булсада, жиноят иши ханузгача урганишлик учун Олий судга чакиртирилмаган. Вахоланки, мазкур шикоят аризамизда келтирилган асосли важларни у́рганишлик ва уларга холис бахо беришлик учун колган муддат етарли бу́лмаслиги аник. Олий суд хам у́з у́рнида шикоят аризамни хар томонлама у́рганмасдан, шунчаки жавоб хати ёзиб юборишлари билан кифояланишлари шубхасиз. Шундан келиб чикиб, мен хам якинда иш бошлаган адвокат сифатида Олий судга бу́лган хурматим ва ишончим су́ниб бормокда. Айнан Олий судга килинган биринчи мурожаатларим шу зайлда куриб чикиладиган бу́лса, демак устоз адвокатлар юкорида келтирган Олий суддаги ушбу огрикли нукта бор хакикат экан...

Олий судга қилган мурожаатларим самара бермагани учун анча вақт ӯтиб, Бош прокуратурага мурожаат қилган эдим. Бош прокуратура жиноят иши (бошқа шахсга нисбатан қисми гӯёки ӯрганилаётган эмиш) Олий суд назорат тартибида ӯрганиб чиқаётганлиги сабабли тегишлилигига кӯра деб, мурожаатимни Олий судга юборди. Энди менга жавоб хати келди. Олий суднинг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Т.Обидов имзоси билан. Унда мен белгиланган тартибда Олий судга қайта мурожаат қилар эканман. Буни қандай тушуниш мумкин? Қачон бундай сансоларликка чек қӯйилади? Майли, топшираман. Қани воқеалар ривожи қандай тус олади?

Адвокат А.Абдуллаев томонидан келтириб утилган фикрлар диккатга сазовордир, яьни айнан бир асос билан назорат тартибида куриб чикиш учун Олий судга берилган адвокат шикояти каноатлантирилмаса-ю, прокурор протести каноатлантирилса, бунда албатта, Олий суднинг холислигига биргина шу холатнинг узи хам шубха тугдиради. Шуни алохида таькидлаш керакки, Олий суд жуда куп холларда жиноят ишини чакириб олмасдан, назорат тартибида урганиб чикмасдан туриб, шикоятга илова килинган хужжатлар асосида юзаки урганиб, рад этиш тугрисида ажримлар кабул килмокда. Бундай холатлар кейинги вактларда жуда купайиб бормокда ва ушбу фикримизни жиноят ишларини судлардан чакириб олинмаетганлигининг узи тулик тасдиклайди. Айтмокчиманки, ишни бевосита хар томонлама чукур урганмасдан туриб, йул куйилган хато-камчиликларни кандай аниклаш мумкин? Бу саволга факатгина Олий суддагилар узларининг тажрибаларидан келиб чиккан холда жавоб беришлари мумкин, холос. Шу тажрибани биз адвокатлар билан бахам курсалар жуда яхши буларди. Биз шуни улардан кутиб коламиз.

Usadvokat: “Adolat darchasi” адвокатлик бюроси бошқарувчиси Усмонхон САЛОҲИДДИНОВ изоҳи: “Мана Сизга суд ҳокимиятининг “олий” идорасининг юзи! Мақолада келтирилган ҳар бир далил орқасида қонунни менсимаслик факти ётибди. Наҳотки тарихга, келажак авлодга кулги бўлаётганларини ўйламаётган бўлса бу ердаги мутасаддилар? Судялар Олий кенгаши нима билан машғул? Қани илгариги суд инспекциялари? Тўғриси, бунақа далиллар менда ҳам кўп. Чунончи, шахснинг айбсизлигини ва айбловлар сохталаштирилганини тасдиқловчи далиллар ҳимоя томонидан судга тақдим қилинганида, Президентимизнинг ПФ-5268-сон фармонига кўра, бу далиллар ишга қўшилади ва унинг кўриб чиқилиши мажбурий ҳисобланади. Аммо апелляция-назорат инстанцияларида унга риоя этилмаяпти. Бунинг ўрнига Олий суд одатда далилларни кўрмасдан қайтариб, юзаки муносабат билдириш билан чегараланади. Олий суднинг девонхонаси, мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси-ку, тўғриси, “футбол” билан шуғулланади. Қолаверса, менинг билишимча, Олий судга янги раҳбарият келганидан бери бирорта ҳам иш раёсатда ёки Пленумда кўрилган эмас! Савол туғилади, у ерда ишлайдиганларнинг вазифаси нима ўзи? Умуман, бундай Олий судни ва фақат бунақа тартибда “ишлайдиган” суд тизими жамоасини тарқатиб юбориш керак эмасми?.. Хуллас, мақолада ҳам, унга адвокат билдирган муносабатда ҳам жуда тўғри фикрлар билдирилган, ўта долзарб, аллақачон маддалаб бўлган, пишиб етилган муаммо кўтарилган. Раҳмат муаллифларга! Ҳамкасблар, мен баъзида ўйланиб қоламан, Олий суддаги бундай муносабат давлат сиёсатига, Президентимизнинг даъватларига нисбатан саботаж эмасми? Шу боис, балки, Адвокатлар палатаси орқали етакчи ва тажрибали адвокатлар бирлашиб Президентимизга мурожаатнома тайёрлашимиз керакдир... Яна бир чуқурроқ ўйлаб кўрайлик, ахир қонунни менсимаслик алалоқибат хаосни юзага келтиради-ку. Биз буни кўра-била туриб томошабин бўлиб тураверамизми?..

Март 08, 2019  22:45

6.Адвокат Б.М.

Ҳокимият ва суд идораларида ижобий ўзгаришлар бўлмас экин, инвесторлар ҳам ғайрат қилмайди, чунки четдан киришидан олдин ҳуқуқий кафолат ва адолат қанчалик кучлилигини ўрганади, агар бу идоралар халқни, тадбиркорни ва адвокатини назар илмаса ёки адолатли муносабатда бўлмаса, афсус бори ҳам(инвестор) бошқа жойга кетиб қолиши мумкин.

Қӯшимча: айнан бир асос билан, буни тасдиқловчи илова ҳужжатлар билан назорат тартибида қилган шикоятимни Олий суднинг судьяси рад этиб, назорат тартибида қайта кӯриш учун асос мавжуд эмаслиги ҳақида ажрим чиқарди. Лекин, Бош прокурор ӯринбосари Ғ.Ҳидоятов имзолаган айнан шу асос билан берилган назорат тартибидаги протест қаноатлантирилди. Майли, раҳмат Ғ.Ҳидоятовга. бироқ, гап шундаки Олий суд судьяси адвокат шикоятини нима сабабдан қаноатлантирмади. Нима учун? Ғ.Хидоятов аввал Олий суднинг жиноят ишларни бӯйича судлов ҳайъатида ишлаганини ҳурмати учун шундай қилдими? Ёки Бош прокуратура ҳурмати учунми? Қани ижтимоий адолат? Қани тенглик? Олий суд нима сабабдан адвокат мурожаатига эътиборсиз? Бу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатлар ихтиёримда, агар Судьялар Олий кенгаши текширув ӯтказишни лозим топса тақдим этишим мумкин. Хуллас, Олий суд адвокатларга, уларнинг мурожаатларига муносабатини ӯзгартирмас экан, . Олий суддаги тизим эскилигича қолиб кетаверади деб ҳисоблайман.

Ҳалигача Олий суд раиси К.Камилов шахсан қабул қилган ҳолларида, менинг "ишни ӯрганган судьяни чақиринг, у ҳам иштирок этсин, важларимни этишсин, ишни пухта ӯрганган бӯлса, важларимга изоҳ берсин, кейин мени изоҳимни эшитинг, сӯнг ишни чақириб, важларим билан бирга иш пухта ӯрганилганидан сӯнг якуний қарор чиқарасиз" деб билдирган эътирозларимга менинг фикримча ӯрганган судьяни уялтиргиси келмаган чоғи ёки бошқа сабаб бор шекили эътирозимни очиқ қолдириб келиб, бунинг натижасида гӯёки ӯрганилган ишлар юзасидан жавоб хатларини шахсан ӯзи имзоламасдан, имзолашга ҳам журъат қила олмасдан, унинг ӯрнига бошқа мансабдор шахс имзо қӯйиб, айилганидек "шаблон" тарзида жавоб хатлари бериб келишмоқда. Бу билан менинг кейинги инстанцияга мурожаат қилиш ҳуқуқимни давомли тарзида бӯлиб келмоқда. Чунки, Олий суд раиси К.Камилов шахсан имзо қӯйиб жавоб хатлари берса, нима оқибат келтириб чиқаришини билади. Имзо қӯймаслигини биринчи сабаби шу бӯлса, кейинги сабаби ушбу иш мабодо яна кӯтарилиб қолса, имзо қӯйиб жавоб хатлари бермагани учун ҳам ижобий натижа билан протест қилиниб муносабат билдирилиши, яна бошқа сабаб бордир, балки менга номаълум бӯлган. Хуллас, Олий суд раиси К.Камилов ӯз бӯйнидан соқит қилиб мурожаатларимга жавоб хатларини имзолашдан бӯйин товлаб келмоқдалиги кӯринади.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация