Адвокатларнинг ҳуқуқлари кенгайтирилади



 
  Расм манбаси : d-russia.ru

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 2018 йил 30 августда “Юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Фуқаролик кодексига, Уй-жой кодексига ва Солиқ кодексига, шунингдек “Нотариат тўғрисида”ги ва “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ ҳакамлик судларида ва халқаро тижорат арбитражларида судья сифатида, патент вакили ва медиатор сифатида, шунингдек шартномавий-ҳуқуқий асосда давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатида иштирок этишга доир адвокатларнинг ҳуқуқлари кенгайтирилмоқда. Шунингдек, адвокат мақомини олиш учун малака имтиҳонини такроран топшириш муддати бир йилдан олти ойгача, адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига лицензия олиш учун адвокатлик тузилмасида мажбурий стажировкадан ўтиш муддати олти ойдан уч ойгача камайтирилмоқда.

Адвокатура институти самарадорлиги тубдан оширилиши ва адвокатлар мустақиллиги кенгайтирилиши муносабати билан тегишли ўзгартиш ва қўшимча Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилмоқда. Уларга кўра, адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилинган тақдирда адвокатнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузмасдан ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси тўғрисидаги маълумотларни, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, вақтни ва бу ҳуқуқбузарликнинг моҳиятини, шунингдек ишни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда.

Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар Сенат томонидан тасдиқланганидан сўнг кучга киради.

2018-09-13 14:46:04  |  2311 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация