"Адвокатнинг сифатли жавоб олиши кафолатланиши лозим!"



 
  Расм манбаси :  jur24pro.ru

“Advokat” журналнинг 3-сонида чоп этилган “Олий суднинг хати изсиз йўқолди” сарлавҳали мақолада келтирилган факт бўйича менинг ўз тажрибамдан келиб чиқадиган шахсий фикрим шундайки, ўша йўқолган хат аслида юборилмаган. Чунки бундай ҳолга биз биринчи маротаба дуч келаётганимиз йўқ. Яъни адвокатнинг сўровномасига жавобни почта орқали юборганликларини айтишса-да, ўша жавоб хати келиб тушмаган ҳолатлар учраб туради.

Одатда идора ва корхоналар аслида ўша жавобни юбормасдан, унинг нусхасини ўзларига тикиб қўйган бўлишади. Бу, биринчидан, берган жавобларидан адвокатнинг фойдаланишини истамасликларидан бўлса, иккинчидан, аслида вақтида жавоб бера олишмайди-да, шунчаки чиқим хатига рақам олиб қўйиб, улгурган пайтларида ўша сана ва рақамда рўйхатдан ўтказиб, ҳужжатни тўғрилаб қўйишади. Адвокат сўраб борганида эса “почта орқали юборганмиз” деб вақтдан ютиб туришади. “Почтадан жўнатган бўлсангиз ҳам ҳозир нусха чиқазиб беринг” деган илтимосни эса инобатга олишмайди. Ҳатто хат жўнатилганлиги тўғрисидаги квитанцияни ҳам кўрсатишмасдан, “жавоб хатларини буюртма билан эмас, оддий қилиб жўнатганмиз” деб туриб олишади. Амалдаги қонунчиликда эса уларнинг бу борадаги мажбурияти аниқ акс этмаган.

Шуларни инобатга олган ҳолда “Адвокатура тўғрисида”ги қонунга адвокатлик сўровномасига ҳар қандай идора томонидан уч иш куни ичида, қўшимча ҳужжатларни ўрганишга тўғри келган тақдирда эса, бу ҳақда адвокатни  огоҳлантирган ҳолда, ўн кун ичида ёзма жавоб берилиши ва хат почта орқали буюртма билан юборилиши шартлиги тўғрисидаги меъёр киритилиши керак. Шунингдек, агар адвокат ўз сўровномасига жавобни олиш учун шахсан келса, жавоб хатидан унга албатта нусха берилиши лозимлигини ҳам кўрсатиш мақсадга мувофиқ.

Бундан ташқари, жавобнинг сифатсизлиги ёки адвокат сўровномасига мувофиқ келмайдиган, иккинчи даражали нарсалар ҳақидаги юзаки жавоб берилганлиги муносабати билан адвокат қайта сўровнома юборса, ҳар қандай ҳолатда, уч кун ичида жавоб берилиши шартлиги ҳамда такрорий сифатсиз жавоб учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши ҳам қонунда акс этиши лозим деб ҳисоблайман. Акс ҳолда адвокатларнинг ҳозиргидек идоралардан жавоб кутиб сарғайиши, сарсонгарчиликлари давом этаверади. Кўпчилик ҳолларда асосий саволга жавоб берилмасдан, сўралган нарса қолиб кетиб, бошқа – иккинчи, учинчи даражали нарсалар ҳақида шунчаки ёзиб юборилади.

Бундан ташқари, қонунда “Олий суд раиси ўринбосарининг жавобидан кейин Олий суд раиси албатта ёзма равишда жавоб бериши керак” деган тартибни ҳам жорий қилиш зарур. Чунки Олий суд раиси жавобга имзо қўймаганлиги сабабли одатда унинг бошқа ўринбосарлари ёки мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси илгариги жавобни такрорлаб жавоб бериш билан шуғулланаверишади.

Шунингдек, Конституциявий суд қошида Республика Олий суди раисининг қарорларини ёки адвокатларнинг шикоятларига берган жавобларини қонунийлиги юзасидан ўрганувчи махсус маҳкама ташкил қилиш лозим. Токи бу Маҳкамада адвокатлар шикоятларида кўрсатилган ҳар бир важни синчковлик билан кўриб чиқиб, унинг асосли ёки асосли эмаслиги тўғрисида бир хулосага келиш ваколати бўлсин. Адвокат шикояти асосли деб топилган тақдирда эса маҳкама тегишли қарор ёки ажримни бекор қилиш тўғрисида протест киритишни Олий суд раисига таклиф қилиши керак.

Агар шу ёки шунга ўхшаш бирон механизм ишлаб чиқилмаса, Олий суд томонидан баъзан “қарға қарғанинг кўзини чўқимас” қабилида иш кўрилиб, судьяларнинг асоссиз ҳимоясига ўтиб олиниши каби ҳоллар такрорланаверади ва бошқа инстанция бўлмаганлиги сабабли фуқароларнинг, адвокатларнинг эътирозлари жавобсиз, очиқ қолиб кетаверади.

Сафар КАТТАБОЕВ, 2018 йил бўйича "Йилнинг энг яхши адвокати" танлови ғолиби, Қарши шаҳридаги “Protsessual kafolat” адвокатлик бюроси адвокати.

2019-05-14 16:12:00  |  194 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация