Маҳбус адвокатдан нега воз кечди?



 
  Расм манбаси : Xabar.uz

Адвокатнинг айтишича, бунга уни терговчи мажбур қилган, Бош прокуратура эса процессуал қонунчилик бузилмаганини айтмоқда...

“Бош прокурорга ишонч билдириб, бир жиноят иши бўйича терговчининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан ёзган илк шикоятимдан кейин муаммо бартараф этилиши ўрнига тескариси бўлди, – дейди таҳририятимизга қайта мурожаат қилган адвокат. – Жумладан, 25 жилддан иборат жиноят иши билан танишиб чиқиш учун менга терговчи 4 кунлик муддат белгилаб, ҳуқуқларимни чеклаган ҳолда ҳужжатлар билан имкон қадар таништирмаслик пайига тушгач, бу ҳақда 22 февраль куни Бош прокурор номига яна бир шикоят топширишга мажбур бўлдим. Бундан хабар топган терговчи эса ҳимоямдаги маҳбусга “адвокат А.Хамидовдан воз кечасан” деб босим ўтказибди. 25 февраль куни тергов ҳибсхонасида кўришганимда ҳимоямдаги шахс бу ҳақда менга айтиб берди (унинг бу гапларини диктофонга ёзиб олганман). Шу боис терговчи ҳимоямдаги шахсни мендан воз кечтиришга мажбур қилиши мумкинлиги тўғрисида Бош прокуратурага ўша куниёқ яна шикоят ёздим. Шундан сўнг адвокат И.Тешаев билан бирга терговчининг хонасига бордик. Аммо, худди гумон қилганимиздек, у “айбланувчи сизлардан воз кечди” дея жиноят иши ҳужжатларини танишиш учун бизга бера олмаслигини айтди. Кейин эса адвокатдан воз кечиш жараёнини ўтказиш учун ҳимоямдаги шахсни олиб киришди. У мазкур юзлашувда “Шикоят ёзгани учун адвокат А.Хамидовдан воз кечяпман” деб айтди ва баённомага ҳам бу ҳақда ўз қўли билан ёзиб, имзолади. Мен ундан: “Терговчининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан шикоят ёзганим учун мендан воз кечаяпсизми?” – деб сўраганимда эса у: “Ҳа, шундай”, – деб жавоб берди.

Шундан буён терговчи нега бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларга қўл ураётгани сабабларини ўрганишга ҳаракат қилдим ва ҳужжатлар асосида тегишли хулосага ҳам келдим. Ушбу хулосаларни батафсил баён қилган ҳолда 27 февралда Бош прокурорга, 14 мартда эса Бош прокурорнинг биринчи ўринбосарига шикоят топширдим. Шикоятларимга ҳимоямдаги шахс билан бўлиб ўтган суҳбат ёзилган хотира қурилмасинни ва ўша суҳбат стенограммасини ҳам илова қилдим. Хусусан, ушбу суҳбатда ҳимоямдаги шахс айтади: “Терговчи: “Адвокат А.Хамидовдан воз кечасан, акс ҳолда ўғлингни ва онангни қамайман”, – деб таҳдид қилди, шу сабабли Сиздан воз кечишим тўғрисида ариза ёзиб бердим”.

Аммо бу шикоятларимга Бош прокуратуранинг муносабати, тўғриси, ҳафсаламни пир қилиб, умидларимни пучга чиқарди...”

Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари 2019 йилнинг 17 март санаси билан имзолаган жавоб хати нусхасини адвокат бизга тақдим қилди. Мазкур жавоб хати “Сизнинг Ҳ.га (исм-шариф таҳририятнинг шартли қисқартиришида) нисбатан жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган аризаларингиз ўрганилди” деб бошланади ва бу айнан қайси бир аризага жавоб экани ҳам кўрсатилмаган (Демак, барча 6 та аризага бўлса керак). Кейин жиноят иши тарихи ҳақида қисқача маълумот берилиб, айни пайтда унинг “мазмунан кўриш учун 16.03.2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий судига юборилган”и хабар қилинади (назаримизда, санада техник хато бор, чунки мантиқан воқеа 2019 йилга тўғри келмоқда). Шундан сўнг эса гўё ариза мазмунига жавоб берилади:

«Бундан ташқари, аризангизда келтирилган важларингиз бўйича Ҳ. терговда Сиз ва бошқа ҳимоячиларнинг ҳимоясидан ўз хоҳишига кўра Бош прокурор номига ёзган аризаси асосида воз кечган.

Терговда Жиноят-процессуал қонуни талаблари бузилишига йўл қўйилмаган.

Сизга Ҳ.га нисбатан бўлган жиноят ишининг тергови юзасидан келгусида судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз борлигини тушунтираман».

Назаримизда, изоҳга ҳожат бўлмаса керак... Узр, негадир битта рақам бизнинг эътиборимизни тортди – жиноят иши Олий судга 16 март куни жўнатилган, жавоб хати эса 17 март куни имзоланган. Демак, иш сал камайганидан кейин жавоб ёзишга фурсат топишгандир-да, тўғрими? Зеро, тергов ҳаракатлари устидан Бош прокурор номига шикоят аризалари 4 февралдан бошланган эди (Бошқарма бошлиғига 21 январда ёзилган аризани инобатга олмаган тақдиримизда ҳам)...

Шу ўринда айтишимиз керакки, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори жорий йилнинг 4 февралида Адвокатлар палатаси раиси билан учрашувда адвокатларнинг ҳуқуқлари бузилишига доир шикоятларни шахсан ўзи назоратга олишини ваъда қилгач, Тошкент шаҳридаги “EGIDA” адвокатлик бюроси адвокати А.Хамидов бундай эътибордан қувончини бизга маълум қилган ва Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси терговчисининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан Бош прокурорга ёзган шикояти юзасидан энди тегишли чора кўрилишига ишонч билдирган эди. Адвокатнинг бу қадар умидсизлиги сабаби шундан...

2019-04-09 18:30:25  |  2741 |   0  | 

5 изоҳлар

Мен айрим ҳамкасбларимдан илтимос қилган бӯлар эдим. Терговда шахс ӯзи ёки яқинлари ёллаган адвокатдан воз кечган ҳолларда, "навбатчи адвокат" бӯлиб, терговчининг илтимосига кӯра шу ишда иштирок этмасликларини сӯрайман. Бу айрим ҳурматли ҳамкасбларим бӯлган "навбатчи адвокат" ларга тегишли. Уларни ҳурмат қиламан. Лекин, ....

Усмонхон Салохиддиновнинг фикрлари жуда тугри ва асослидир. Айтмокчиманки, биз адвокатлар хар бир конунбузилиш холати буйича тезда асослар юзага келиши биланок, судга мурожаат килиш амалиетига утишимиз лозим. Акс холда адвокат шикоятига мантиксиз ва асоссиз жавоблар олиш давом этаверади. Хозирги даврда хукукни мухофаза килувчи органлар мансабдор шахсларининг хукукий маданияти даражаси пастлиги ана шундай холатларни юзага келишига асосий сабаблардан биридир....

Апрел 12, 2019  23:37

3.Адвокат Ойбек Рахимов

Маколага хамфикрман. Менда хам шунга ухшаш холат юз берди. Профилактика инспекторини пора билан ушлаган тадбир иштирокчилари уларни харакатини суратга олаётган камерани курмасдан гумондорга зарбалар бериб, тан жарохати етказишди. Кулларига биттамас, иккиталаб кишан такиб, ашёвий далилни кидиришди. Топилмагач, бошка машинада келган яна бир ходим куллари оркага кишанланган гумондорга якинлашиб кулларига нимадир суртиб кейин машинасига утириб кетиб колди.(камера тасвиридаги холатни) видео ёзувни терговчига такдим килиб экспертиза утказиш хакида, гумондор курсатув бериши, берган курсатуви далиллар мажмуи билан бирга узига карши ишлатилиши мумкинлигини, курсатув беришдан бош тортиш мумкинлигини гумондорга терговчи олдида тушунтирганимда, химоямдаги шахс, яьни гумондор курсатув беришдан бош тортишини маькул курди. (Хибсхонада сакланиши керак булган махбус, негадир дхх хибсхонасида икки ойлаб колиб кетди)Тергов якунида эса, химоямдаги шахс мени химоямдан воз кечди. Сабабини дхх сокчиси олдида тушунтиришни истамади холат шуни такозо этарди. Терговчидан конунга кура холи учрашишга шароит яратишни сураб, фойдаси булмагач, талаб кила бошладим. Терговчи илтимос ва талабини дхх сокчиси кошкийди тингласа... Собик химоямдаги шахс аризасига кура мендан воз кечди, бу хакда баённома тузилди, унда воз кечиш сабаби суралмади, конун куч ишлатар тизим манфаати йулида бузилди. Биров бунга эьтибор килармиди, оркада кимсан, столбани камовчиларни узи турган булса... Энг кизиги тергов якунлангач, руй берди. Терговчи эмас, кимсан вилоят прокурори уринбосари конунбузар химоячи устидан хизмат текшируви тайинлаб, унда мен химоячи сифатида вазифамни виждонан бажармаган эканман, сабаблари мен гумондорга узини суньий жарохатлаш ва экспетга тадбир иштирокчилари урганини айтишни, курсатувларини эса узгартириш хакида кундиришга уринибман. Уринбосар менимча мен ишга такдим килган видеоёзувни халигача (купи билан йигирма етти йил) мансабида ухлаб утиргани учун курмай колган,... курганида, кургазмалардаги курсатув беришдан бош тортиш хакида гумондор маьлум килганидан бехабар колмасдан, пора челлендж ташкилотчилари нималар килганини видеоёзувдан курган булармиди,, шаррмандалик хизмат текшируви тайинлаб, бу хам етмагандек текширувга жиддийрок карашни телефон оркали илтимос килмаган булармиди... Энди мен халол, холисона химоя позициясини ташкил киламан деб узим интизомий гумондорга айландим шекилли... Курамиз хали вакт олий хакамдир... Э нимани хам курардим, узимни интизомий жазога тортилаётганимни тасаввур килишдан бошка илож йук... Уринбосарни устидан шикоят килганимда нима хам буларди, хозир унинг окибатини узим тушунтираман:"шикоятим бош прокуратурада урганилиб, (касбдошларимга таниш жумлалар) конунбузарлик аникланмагани, норози булсам, юкорирокка мурожаат килишим (яьни билганингни киловурр барака топкурр) мумкинлигини" тушунтирилишиними... Э майлида, курайликчи малака комиссиясидагилар сунгги сузни балким бошкача айтишарр... (Имловий хатолар учун олдиндан узр)...

Терговчининг ҳаракати ҳақиқатни аниқлашга қаратилган экан, процессуал қонунда назарда тутилган 10 ортиқ тергов ҳаракатларини аксариятини агар хоҳласа, албатта процессуал шакл ва тартибга риоя этган ҳолда ӯтказсин, кейин шахсни айби бӯлса айбласин, айби бӯлмаса ишни шу қисмини ёки тӯлиқ ҳолда тугатсин, нима қилади, кӯп вақтини, кучини адвокатга самарасиз сарфлаб, ишга ҳис-туйғуларини қӯшиб...? Жамиятда ҳимояланиш ҳуқуқи институти жорий этилган экан, шахс хоҳлаган адвокатини олиб курашсин! Нима сабабдан айрим терговчилар ишда адвокат қатнашишини хоҳлашмайди? Эртага судда қатнашиши мумкин-ку! Иш судда бузилиши мумкин-ку! Шуни олдини олиш учун ҳимояланиш учун барча имкониятни яратиб берса, кейин ҳақиқатан айби етарли далиллар билан тасдиқланган бӯлса, нимадан қӯрқади? Ҳозирда тергов камчиликларидан бири шуки, айрим аксарият терговчиларнинг ишга ӯз эҳтирослари, ҳис-тӯйғуларини қӯшиб, ишларни тергов қилишлари муаммо бӯлиб қолмоқда. Бу ӯз навбатида жиноят иши "заказ қилиниб" кимнингдир манфаати йӯлида тергов қилинаётганлигини ҳам кӯрсатиб қӯймоқда. Терговда йӯл қӯйилаётган аксарият процессуал қонунбузилиш ҳолатлари шундан келиб чиқяпти деб ҳисоблайман. Ҳар қандай ҳолатда ишга позитив ёндашиб тергов қилишга ким ҳалал беради! Таъсир кӯрсатса, пора таклиф қилаётганларга тадбир ташкиллаштирилган каби бу ҳолат бӯйича ҳам тегишли тартибда тадбир бӯлсин! Йӯқ, менимча бунга йӯл қӯйилмайди. Бундан яна бир муаммо кӯринади, яъни терговчи амалда ЖПКда 36-моддасида назарда тутилгани каби мустақил шахс эмас. Хуллас, айтмоқчиманки, терговчи психологик кучли шахс бӯлиши давр талаби. Лекин, амалда аксинча бӯлиб қолмоқда. Балки, терговчилар ӯртасида айнан шу йӯналишда касб-маҳорат дарсларини кучли, тажрибали адвокатлар, судьялар ва прокурорлар, шунингдек кучли тажрибали психолог-мутахассислар иштирокида ӯтказилар, бу ҳам масалани ечишни бир йӯли. Терговчи ҳам амалда мустақил бӯлса, ҳар хил таъсирларга берилмайди. Хуллас, терговда муаммо етарли.

Химоячидан воз кечганлик тугрисида ЖПК ни 52- моддаси 1- кисмига белгиланган тартибда баённома тузилади. Химоячи мазкур баённомани уз химоя остидаги шахс билан холи учрашгандан кейин тасдиклайди. Химоя остидаги шахс воз кечиш тугрисида арз килгач химоячиси билан холи учрашиши ва уни сабабларини тушунтириш имкониятига эга булиши керак. Адвокатдан воз кечиш жараёнида гумонланувчи, айбланувчи ёки судланувчи хохлаган пайтда (хаттоки химоячидан воз кечишни кайд этиш баённомани тузилаётганда хам ) химоячи билан битимни давом этдириши ва химоячидан воз кечиш тугрисидаги аризани эътиборсиз колдиришни талаб килиш хукуки унга расман тушунтииилиши лозим. Акс холда адвокат ЖПК ни 11 ва 52- моддаси талабига риоя килмаганлик холатини тасдиклаш ва мансабдор шахсни процессуал конунни бузганлигини эътироф этиб маъмурий судга мурожаат этишга хакли. Юзага келган холат юзасидан хам (Бош прокуратурани асоссиз жавоби юзасидан) судга мурожаат килиш мумкин...



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация