Адвокатлар энди масофадан ўқиб малака ошириши мумкин



 
  Расм манбаси : topspb.tv

Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан адвокатлар учун масофавий таълим платформаси ишга туширилди.

Ахборот-коммуникация технологияларига асосланган замонавий таълим технологиялари юристларни ўқитиш ва малакасини ошириш тизимига ҳам жадаллик билан жорий этилмоқда.

Аввалроқ Юристлар малакасини ошириш маркази нотариуслар учун масофавий таълимни йўлга қўйган эди. Энди адвокатлар ҳам касбий фаолиятидан ажралмаган ҳолда, масофавий шаклда малака ошириш имкониятига эга бўлишди.

Ўқув курслари офлайн ва онлайн шаклларда ташкил этилди. Умумий ўқув соати 72 соат этиб белгиланган.

2020 йил 1 июнда адвокатларнинг дастлабки гуруҳи учун масофавий ўқув курслари бошланади.

Масофавий шаклда малака ошириш учун Марказнинг расмий веб-сайти ичида махсус бўлим (http://mt.uzmarkaz.uz) яратилган. Бироқ тингловчи (адвокат)лар аввало http://uzmarkaz.uz/uzc/page/m саҳифасидан масофавий таълим олиш тартиб-қоидалари билан танишишлари керак.

Дарвоқе, ушбу саҳифада Юристлар малакасини ошириш марказида масофадан ўқитиш таълим усуллари орқали қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низом билан ҳам танишишингиз мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Юристлар малакасини ошириш маркази билан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ўртасида Ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган. Ушбу ҳужжат доирасида, шунингдек юрист кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларига асосан адвокатларнинг малакасини оширишга мўлжалланган махсус ўқув дастури ишлаб чиқилган эди.

Адвокатларни ўқитиш бўйича масофавий таълим платформаси эса ана шу ўқув дастури негизида яратилган.

Платформани ишга туширишда Марказимиз Адвокатлар палатаси билан яқиндан ҳамкорлик қилди ва бунинг учун Палата раҳбариятидан миннатдормиз.

Сўзим охирида масофавий таълим билан боғлиқ саволларингизга қуйида телефон рақамлари орқали жавоб олишингиз мумкинлигини эслатиб ўтаман:

(998 71) 234-54-30; 234-54-72; 234-53-46.

Севархон Марипова,

Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, доцент

2020-05-29 14:39:54  |  3134 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация