Ваколатнинг чегараси борми?



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

Ёки Олий суднинг мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси охирги инстанция бўлиб қолаётгани хусусида...

Мен «Advokat» журналининг 4-сонида чоп этилган “Олий суддаги оғриқли нуқта ёки мурожаатлар билан ишлаш тизими ислоҳотга муҳ­тожми?” сарлавҳали долзарб танқидий мақола учун таҳририят ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Чунки 1964 йилдан бери суд, прокуратура, адлия ва адвокатура соҳасида фаолият юритиб келаётган, шундан 30 йилида судья бўлиб ишлаган, матбуотни ­доимий равишда кузатиб келадиган мутахассис сифатида айтишим мумкинки, шу пайтга қадар бундай мақолани кўрмаганман!

Мазкур мақола бугунги кунда ростдан ҳам жуда чегарадан чиқиб кетган катта бир муаммони рад қилиб бўлмас фактлар асосида очиб ташлагани билан қадрлидир.

Ҳа, кейинги пайтда Олий суднинг мурожаатлар ­билан ишлаш тизими ислоҳотга муҳтож бўлиб қолди. Бунга шахсан менинг ўзим ва “Ishonch-R.F.” адвокатлик фирмамиздаги бош­қа бир қатор адвокатлар ҳам шахсан гувоҳмиз. Адвокатларнинг мурожаатларига бепарволик билан, шаблон кўринишида жавоб қайтарилавериши оқибатида битта иш учун баъзан 5-6 мароталаб мурожаат қилинишига тўғри келмоқда. Бу ҳақда юқори идораларга, шахсан Олий суд раиси ва Судьялар Олий кенгашига, Бош прокуратурага, бир қанча ОАВга мурожаат қилганмиз, аммо натижа бўлмаган... Шу боис ҳам “Advokat” журналида бу мавзу кўтарилгани бизга оз бўлса-да таскин берди.

Қизиғи шундаки, биз суд-ҳуқуқ тизимида улкан ислоҳотлар сари қадам қўйдик деб хурсанд бўлиб юрибмиз-у, аммо баъзан илгаригидан ҳам бешбадтар ҳолатларга дуч келмоқдамиз. Хусусан, назорат тартибидаги ишлар энди фақат Олий судда кўрилаётгани сабабли ЖПК талабларига риоя этилмай қўйди. Яъни ҳамма ваколатлар Олий суднинг мурожаатлар билан ишлаш бошқармасига топшириб қўйилгандек гўё... Бунинг устига, қонунчилигимизда Олий суд томонидан мурожаатларнинг қабул қилиниши ва уларга жавоб берилиши тартиби, мурожаатлар билан ишлашга масъулларнинг бурч ва ваколатлари белгилаб берилмаган.

Муқаддам биринчи инстанция суди ҳукми ва кассация инс­танцияси ажримини вилоят суди раиси рад этадиган бўлса, бу иш Олий судга чақирилар эди. Агар протест киритилиши лозим деб топилса, томонларга хат юборилар, иш рад этилган тақдирда эса асослантирилган хулоса жўнатиларди. Бу хулосани, аввало, ишни Олий судда кўрган судья имзолар, шунинг­дек, Олий суд раиси ўринбосарлари ҳам уни имзо билан тасдиқлашар эди. Шу боис бу хулоса устидан томонлар Олий суд Пленумига мурожаат қилиш­лари мумкин бўларди.

Ҳозир эса Олий судга келиб тушган назорат тартибидаги аризалар Олий суд раисига ҳам, унинг ўринбосарларига ҳам кўрсатилмаяпти. Минг машаққат билан йиғилган ҳужжатлар, асослантирилган эътирозлар ўрганиб кўрилмасдан, мурожаатлар билан ишлаш бош­қармасининг ўзида узоқ вақт ҳаракатсиз ушлаб турилиб, шу жойнинг ўзидан яна тутуруқсиз жавоблар билан ортга қайтарилмоқда.

Ваҳоланки, процессуал қонунчилигимизга кўра, ўзининг ҳақ-ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблаётган ҳар қандай шахс Олий суд Пленимуга қадар шикоят қилиш ва унга тегишлича асослантирилган жавоб олиш ҳуқуқига эга. Аммо бугун Олий суднинг мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси фуқароларнинг ана шу ҳуқуқларини паймол қилиб, сунъий охирги инстанция вазифасини бажариб ўтирибди...

Ўз-ўзидан савол туғилади: бу ишлар мана шу бошқармадагиларнинг ўз ваколатларини суъиистеъмол қилишлари натижасими ёки уларга кимлардир томонидан ёзилмаган топшириқлар берилмоқдаю, ­бошқарма шунчаки оддий қурол вазифасини ўтамоқдами? Ўйлаймизки, бу саволга мутасадди идоралар албатта жавоб излаб кўришлари ва бир хулосага келишлари керак. Бунинг фурсати аллақачон етиб келган...

Қолаверса, бу ҳолат билибми-билмайми нохолис қарорлар, ҳукмлар чиқараётган айрим судьяларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари хаспўшланиб, хато-нуқсонлари эътибордан четда қолиб кетишига ҳам олиб келмоқда. Мен бу гапларни ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтмоқдаман. Зеро, ўзим ЖИБ Сирдарё вилоят судида коллегия раиси, судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш комиссияси раиси, Президиум аъзоси бўлиб ишлаган даврларимда бирор бир судьянинг ҳукми, қарори бекор қилинса ёки ҳукми ўзгарса ёхуд иш терговга қайтарилса ё бошқатдан судда кўрилса (айниқса, енгил жазо қўллаган бўлса) албатта унинг устидан интизомий иш қўзғатилиб, уч ойлик иш фаолияти таҳлил ва муҳокама қилинар эди. Малака комиссияси мажлисининг жазо белгилаш ҳақидаги қарори судьянинг шахсий иш ҳужжатларига тикиб қўйи­ларди. Шу боис бу судья энди “қатиқни ҳам пуфлаб ичадиган” бўлиб қолар, ҳар бир ишга имкон қадар пухта ёндашишга, холис, асослантирилган қарорлар чиқаришга ҳаракат қиларди. Худди шунингдек, назорат шикоятини асослантирилган хулосасиз қайтарган ­судьянинг иши ҳам муҳокама қилиниб, бу хусусдаги қарор ҳам Олий судга юбориларди. Ҳозир эса, кўриб-билиб юрибмиз, қанча-қанча ишлари бекор бўлган судьялар ҳам гердайиб, ўз билганича ишлашда давом этмоқда. Чунки, уларни тартибга чақирадиган механизм ишламаяпти. Ҳисоботлар эса номигагина бўлиб, уларни хоҳлаганча “таҳрир” қилинмоқда, судьянинг аввалги хато-камчиликлари қасддан ўчириб ташланмоқда... (Ҳа, ОАВда ёзилишича, ҳатто “марҳумни сўроқ қилиш”гача бориб етган судьялар ҳам бир тумандан бош­қа туманга суд раиси қилиб юборилмоқда — Таҳририят).

Шу боис, бу соҳани ислоҳ қилишга қаратилаётган кейинги саъй-ҳаракатлар, жорий этилаётган янгича тартиб-тамо­йиллар ҳам шунчаки кўзбўямачиликка хизмат қилиб қолиши керак эмас...

Шу ўринда бир таклифимни ҳам ўртага ташламоқчиман. Яъни, ­маълумки, “Ўзбекистон ­Республикаси Адвокатлар пала­таси ҳузу­ри­даги Олий ­малака комис­сияси тўғрисида”ги Ни­зом­­га кўра Олий малака комиссияси ва жойлардаги малака комиссиялари таркиби адвокатлар ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги ­тажрибали мутахассислардан шакллантирилиши белгиланган бўлиб, жумладан, комиссияга судья­лар ҳам жалб этилмоқда. Бу, албатта, холисликни таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга. Аммо, айни пайт­да, ­“Судьяларнинг малака ҳайъат­лари тўғрисида”ги низомда Олий малака ҳайъ­ати ва ­малака ҳайъатлари таркиби фақат судья­­лардан иборат бўлиши белгиланган. Назаримизда, шу­нинг ўзи адолат талабларига мос эмас. Яъни, адвокатлар тақ­дирини ҳал этишда бошқа мутахассисларга эҳтиёж бор-у, судья­лар тақдирини фақат судья­ларнинг ўзлари ҳал этишлари керакми? Қолаверса, дунё тажрибасида ҳам судьялар ишини баҳоловчи органлар таркиби турли соҳа вакилларидан шакллантирилади. Жумладан, бевосита алоқадор соҳа вакили сифатида адвокатлар ҳам киритилади. Демак, бизда ҳам бу ҳақда ўйлаб кўрилса ёмон бўлмайди!

Ўлмас РАСУЛОВ, “Ishonch-R.F.” АФ адвокати.

("Advokat" журналининг 5-6-сонидан).

2019-02-05 10:05:53  |  1971 |   0  | 

3 изоҳлар

Ушбу мақолага билдирилган адвокатларнинг фикрлари жуда ўринли бўлиб, фақат амалиётда келиб чиққан ҳолатларни ёритишган. Ҳар бир жамиятда, шахсга бошқалар, жумладан давлат идоралари томонидан бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва ҳимоя қилишни сўраб судга мурожаат қилиш механизми мавжуд. Натижада шахснинг бузилган ҳуқуқлари тўлиқ ёки қисман тикланиши мумкин.Лекин суднинг ўзи томонидан қонун нормалари очиқ-ошкора ва қўпол равишда бузилса қандай оқибатларга олиб келади? Бу саволга И.А.Каримовнинг “Суд ҳокимиятнинг учинчи тармоғидир. Давлатнинг обрўси, жамиятнинг обрўси суд органлари ва судьяларнинг қонун меъёрларига қанчалик риоя қилишига, улар қабул қилган қарорларнинг адолат меъёрларига мос келишига бевосита боғлиқдир” деган фикри билан жавоб бериш жуда ўринли бўлади деб ҳисоблайман. Ҳозирги кунда Олий суднинг судьялари ва ходимлари томонидан мурожаатларга умуман асоссиз ва мантиқсиз жавоб бериш, бу орқали мурожаат гўёки "ўрганилган ва жавоб берилган" деб ўзларини китобида қайд қилиш механизми жуда яхши йўлга қўйилган. Ишонамизки, айнан ушбу амалиётдан шахсан раиснинг ҳам хабари бўлса керак. Демак бундай амалиётдан Олий суддагиларнинг барчаси манфаатдор. На раис, на бошқа ходимлар мурожаатларга бундай кўзбўямачилик ва юзакилик билан жавоб бериш орқали давлатимизнинг халқаро нуфузига обрўсига салбий таъсир қилаётганлиги, судларга нисбатан ишончсизлик тобора ортиб бораётганлиги ҳақида қайғурмаяпти. Олий суд раисига ёзган асосли мурожаатни умуман ваколатсиз бўлган хатлар бўлими бошлиғи муҳокама қилиб қайтариб юбориш механизми бизнинг Олий суддан ташқари яна қаерда бор? Қонунчиликда судьяларнингва бошқа ходимларнинг асоссиз ҳаракатларига жавобгарлик масаласини белгилаш керак. Зеро мансабдор шахс ўз мажбуриятини бузмаса, бошқа шахснинг ҳуқуқлари бузилмайди.

Муаллиф томонидан маколада курсатиб утилган фикрлар шундан далолат берадики, агар давлатимиз суд хокимиятининг юкори органи хисобланган Олий судда ахвол шу даражага бориб етган булса, унда бошка бугиндаги суд идораларидан нимани кутиш мумкин? Бу каби холатларни бартараф этиш буйича конунда белгиланган тартибда катьий чоралар куриш вакти-соати етганга ухшайди. Акс холда, суд тизими самарадорлиги тугрисида гапириш ортикча булиб, адолатсизликка йул очилаверади...

Жуда уринли ва асосли фактлар келтирилган. Менда далиллар куп. Чунончи, шахсни айбсизлигини инкор этувчи ва айбловлар сохталаштирилганини тасдикловчи химоя томонидан судга такдим билади, Президентни ПФ -5268-сонли фармони билан химоячи такдим этган далиллар ишга кушилади ва мажбурий куриб чикилиши шарт булгани ва апелляция-назорат инстанцияларида химояси иштироки шарт булгани холда Олий суд далилларни кайтариб, юзаки муносабат билдириш билан чегараланади. Олий суд мурожаатлар билан ишлаш булими, девонхонаси буткул "футбол" билан шугулланади. Олий судга янги рахбарлар келганидан бери бирорта хам иш раёсатда ёки Пленумда курилган эмас! Савол тугилади, у ерда ишлайдиганлар пайгамбарми...? Умуман Олий судни ва умуман суд тизимини таркатиш керак... Бу маколада жуда хам тугри фикрлар билдиришган. Рахмат муаллифларга.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация