Олий суднинг ОАВга муносабатида жиддий бурилиш бўлиши мумкин



 
  Расм манбаси : Олий суд Матбуот хизмати

Жумладан, “Advokat” журналида чоп этилган мақолаларда кўтарилган масалалар ҳам, ниҳоят, Олий суднинг тегишли бошқармалари томонидан ўрганилаётгани маълум бўлди...

Журналимизнинг 2018 йил 3-сонида “Олий суднинг хати изсиз йўқолди” сарлавҳали мақола чоп этилгач, унда кўтарилган муаммоларга ўхшаш вазиятларга дуч келган адвокатлар томонидан таҳририятга кетма-кет хатлар, муносабатлар, мақолалар кела бошлади. Натижада кейинги сонларда ҳам “Олий суддаги оғриқли нуқта...”, “Ҳамма гап адвокатдами?”, “Ваколатнинг чегараси борми?” каби мақолаларни чоп этилди. Қолаверса, Advokatnews.uz сайтимиз ва унинг телеграмм каналида ҳам бу мавзу доирасида муносабатлар тўхтовсиз давом этмоқда. Айниқса, “Олий суддаги оғриқли нуқта...” сарлавҳали мақоламизга Xabar.uz порталида ҳам муносабат эълон қилингач, мавзу яна янгиланиб, муносабатлар оқимини кучайтириб юборди.

Бироқ, ушбу мавзу кўтарилганига ярим йилдан ошиб кетса-да, унга Олий суднинг ўзидан ҳеч қандай муносабат билдирилмаган эди. Шу боис жорий йилнинг 6 март куни ушбу мартабали идорага хат билан мурожаат қилиб, журналимизда соҳага доир муаммолар кўтарилаётганлигини маълум қилишга мажбур бўлдик. Чунки мавзунинг бир томонлама муҳокамаси қанча узоқ давом этса, кўзланган мақсад ўз аҳамиятини йўқотиб, мақолалар муаммо ечимига эмас, аксинча, жамоатчиликда Олий судга нисбатан салбий муносабат шаклланишига хизмат қилиб қолиши мумкин эди...

Бугун шахсан Олий суд раиси Козимджан Камилов иштирокида марказий ва ҳудудий ОАВ вакиллари учун видеоконференцалоқа орқали ўтказилган очиқ мулоқотда айнан шу масалада ҳам хушхабар олишга муваффақ бўлдик — Олий суднинг Матбуот хизмати раҳбари Олимжон Ўсаров журналимизда чоп этилган мақолалар тегишли бошқармаларга юборилганлиги ва улар томонидан ўрганиб чиқилаётганини маълум қилди.

Умуман олганда ҳам, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси қошидаги Ҳуқуқий журналистлар кенгаши, ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбир ОАВ  ва суд тизими ўртасидаги муносабатлар майдонидаги ҳавони янгилагандек бўлди. Айниқса, Журналистлар ижодий уюшмаси ва Олий суд ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланиши, Олий судда журналистлар учун очиқ эшиклар куни ташкил этилиши каби масалаларнинг кўриб чиқилаётгани, барча вилоятларда Олий суднинг матбуот хизматларини ташкил этиш кўзда тутилаётгани ҳақидаги хабарлар ҳамкорлик борасида ростдан ҳам янги қадамлар ташланишига умид уйғотади.

Олий суд раиси, жумладан, ҳозирги пайтда ОАВда чоп этилган барча мақолаларга жавоб беришга вақтлари ҳам, қурблари ҳам етмаётганлигини, чунки бу ҳам вақт ва меҳнат талаб қилишини, шу боис жойларда вакиллари бўлиши кераклигини таъкидлади. Шунингдек, у айрим ОАВлар томонидан судлар фаолиятига доир ноўрин танқидлар ҳам учраб турганлигини, аммо Олий суд бундай ҳолатлдарда журналистларни судга бериш йўлидан бормаётганлигини, ўша мақолаларнинг ичида 10 фоиз бўлса ҳам ўринли жойлари бўлса, ўшаларни олиб, тегишли чора кўришга ҳаракат қилинишини қайд этди.

Ўзаро мулоқотлар чоғида суд тизимига оид масалаларни ёритиш билан боғлиқ айрим тушунарсиз жиҳатлар, жумладан, суд мажлисларида журналистларнинг иштирок этиши ҳамда унда овоз ва тасвир ёзиб олиш воситаларидан фойдаланиш борасидаги муаммоларга ҳам тўхтаб ўтилди. Жумладан, “Advokat” журнали Бош муҳаррири амалдаги тўртала процессуал кодексларда ҳам суд мажлисларида аудио ва видео ёзувларни амалга ошириш ускуналаридан фойдаланиш учун судга раислик қилувчининг рухсати кераклиги белгилаб қўйилганлиги, аммо судья қандай ҳолларда бунга рухсат бермаслиги масаласи очиқ қолганлигини айтиб, Олий суд Пленуми томонидан бу масалага ойдинлик киритилиши, масалан, шарҳ берилишини  таклиф қилди.

 “Ўзбекитон овози” газетаси Бош муҳаррири Сафар Остонов эса ОАВда суд тизимига доир мақолалар чоп этилганида кўпинча бу масалага чуқур ёндашилмасдан, номигагина умумий жавоб берилаётгани масаласига бутун ҳамкасблар номидан эътибор қаратди. Яъни ҳуқуқий йўналишда мақола ёзаётган журналистлар бунинг учун катта куч ва меҳнат сарф қилишини, қолаверса, уни чоп этишдан олдин ҳуқуқшунослар билан маслаҳатлашиб, ёритилиши қонуний жиҳатдан ўринли деб топилган масалаларнигина олиб чиқишларини, шу боис журналистнинг меҳнатини ҳурмат қилган ҳолда, у келтирган ҳар бир фактни, керак бўлса, суд ҳужжатларини чақириб олган ҳолда чуқур ўрганиб, шунга кўра тегишли чоралар кўрилса мақсадга мувофиқ бўлишини айтиб ўтди.

Ҳа, устоз журналист таъкидлаганидек, аслида иккала томоннинг ҳам мақсади битта — адолатнинг қарор топишига хизмат қилишдир. Шундай экан, барча соҳалар каби суд тизими ҳам журналистларни рақиб деб эмас, соҳадаги муаммоларни маддалаб кетмасидан олдин очиб берадиган энг яқин ҳамкор деб била бошласагина соҳада яхши натижаларга эришилишига умид қилиш мумкин. Зеро, бу ҳақиқат халқ тилида соддагина қилиб “Дўст ачитиб гапиради” дейилади. Шундай экан, Олий суд ҳам журналистларни дўст деб билиб, унинг аччиқ гапини ҳазм қила олиш кўникмасини ўзида шакллантириши мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз. Шу маънода қараганда, очиқ мулоқот давомида ОАВ вакилларини энг қувонтирган нарса ҳам Олий суд раиси Козимджан Камиловнинг айнан шу маънодаги эътирофи бўлгандир балки. Зеро, у Олий суд танқидни қабул қилишни ўрганаётганини турли оҳангда бир неча бор таъкидлаб ўтди!

Тадбир давомида судлар фаолиятига доир ҳисоботлар берилиши баробарида суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, соҳага АКТни жорий этиш борасида қилинган ишлар тўғрисида ҳам батафсил ҳисобот берилди. Булар ҳақида кейинги мақолаларимизда батафсил тўхталамиз.

ТАДБИРДАН СУРАТЛАВҲАЛАР:

Суратлар муаллифи: Олий суд Матбуот хизмати

2019-03-28 19:59:56  |  2440 |   0  | 

3 изоҳлар

Март 31, 2019  21:20

1.Зиёвуддин

Изохларингиз учун рахмат. Тугри, адвокат уз ишини килади, лекин бир омил борки, Буни хам хисобга олиш керак. Яъни мен аник факт беришим мумкин, лекин судья атайлаб касд килиб, ишни атайлаб 2 ойга чузиб, сунгра яна мухокамага кириб кетиб, хукм чикараетгандагина озодликка чикариши мумкин. Ахир, бу омил, бизда жуда ривожланган. Хозир эса кейинги суд мажлисида инсоф бериб, чикариб колиши мумкин, деган умид бор. Мана сизга одил судловнинг ахволи.

Жиноят туфайли етказилган зарар микдори уни квалификация килишда мухим ахамиятга эга эканлигини хисобга олганда ва у айбланувчи томонидан тулик копланган холларда, агар мазкур жиноят учун зарар тулик копланганда озодликдан махрум этиш билан боглик булмаган жазо турларини куллаш ЖКда кузда тутилган булса, айбланувчини жиноят процессининг хар кандай боскичида тезда озодликка чикариш тугрисидаги хукук нормасини амалдаги конунчиликка киритиш максадга мувофикдир.. Зеро, жазонинг асосий максади шахсга жисмоний ва рухий азоблар беришдан иборат булмасдан, уни тарбиялаш ва кайта тарбиялашдир....

Март 29, 2019  02:06

3.Зиёвуддин

Олий суд авваламбор, туман-шахар судларида ишлаётган судьялар фаолиятини ургансин. Нима сабабдан судьялар ЖК нинг 167, 168 моддалари билан айбланган шахслар зарарни тулик копласада, камокка олиш эхтиет чорасини узгартириш масаласини дархол куриб чикмайди??? Нима эмишки, хали зарарни копланганини текшириб чикмаган эмиш, ишни сунггида куриб чикар эмиш!!! Ахир тергов органи зарар микдорини белгилаб берган, шу сумма туланган, тулик копланган. Нима суд яна зарар суммасини кушиб берадими? Нега судьяларнинг узи конунга амал килишмайди???? Ахир, ушбу моддалар буйича зарар копланса, эхтиет чораси узгартирилиши керак эмасми??? Нега айбланувчини камокда сакланиши, уни олиб келиб олиб кетиш, бунга конвойни жалб килиш учун бунга давлат бюджети пулларини ишлатиш керак???? АДОЛАТ БОРМИ УЗИ???



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация