Даъвогар чекинди, аммо бу ғайритабиийми?



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

Ёки журналист Т.Акбаровга нисбатан даъво бўйича фуқролик ишининг кўрмасдан қолдирилганини қандай тушуниш керак?

Аввал хабар берганимиздек, Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судида “Xabar.uz” ахборот-таҳлилий портали ва қўшимча жавобгар журналист Турсунали Акбаровга нисбатан шаън ва қадр-қимматни ҳимоя қилиш, маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъво юзасидан фуқаролик иши кўриб чиқилаётган ва ушбу суд мажлисини “Advokat” журнали таҳририяти мухбирлари ҳам кузатиб бораётган эди. Аммо бугун биз учун кутилмаган янгилик бўлди — суднинг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун борганимизда даъвогар томоннинг фуқаролик ишини кўрмасдан қолдиришни сўраб ариза берганлиги ҳақидаги хабарни эшитдик!

Тўғриси, биз бундан ҳайратга тушмадик. Қолаверса, даъвогар томоннинг бундай қарорини ич-ичимиздан олқишладик. Зеро, ҳуқуқий демократик жамиятнинг шаклланиши учун фуқароларда ўз шаънини суд орқали ҳимоя қилиш кўникмаси шаклланиши қанчалик муҳим бўлса, суд баҳслари давомида керакли пайтда чекина билиш кўникмаси ҳам шунчалик аҳамиятга эга. Шу боис ҳам ўз даъво ва важлари судда ютиб чиқиш учун етарли эмаслигига кўзи етиши билан томонларнинг суд тортишувларидан воз кечиши, келишувни таклиф қилиши ёки мағлубиятни тан олиши дунё тажрибасида кўп кузатиладиган ва ижобий баҳоланадиган ҳолатдир. Яъни, содда қилиб айтганда, мулоҳазали одам ўзининг ва ўзгаларнинг вақтини олиб, кераксиз жанжални давом эттирмайди...

Қолаверса, биз, умуман, мазкур суд жараёнининг дастлабки мажлисидаёқ бундан бошқа ҳам баъзи ижобий нуқталарни ҳис қилган эдик — фуқароларимизда судда ўзларини тутиш ва ҳимоя қилиш кўникмаси шаклланиб бораётганига гувоҳ бўлдик. Хусусан, жавобгар томон номидан судда иштирок этган журналист Турсунали Акбаровнинг даъвога нисбатан жуда вазминлик билан билдирган эътирозномаси бизни ҳайратда қолдирганини тан олмасдан иложимиз йўқ. Шу боис ҳам ушбу эътирозномани эшитган пайтимиздаёқ бизда уни оммага ҳам етказиш фикри туғилган эди. Чунки бундай маърузалар унча-мунча адвокатлар учун ҳам ибрат бўлишга арзигулик. Қолаверса, у Т.Акбаровнинг салоҳиятини ва нима учун адвокат ёрдамига эҳтиёж сезмаганини ҳам кўрсатади.

Хуллас, фуқароларда шошма-шошарлик билан ноўрин даъво қилмаслик ёки даъвога қарши ҳимоялана олиш кўникмасини шакллантиришда фойдаси тегар деган маънода ушбу Эътирознома матнини Т.Акбаровдан сўраб олиб, айрим қисқартиришлар билан қуйида эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз:

“Xabar.uz” ахборот-таҳлилий портали ва қўшимча жавобгар журналист Турсунали Акбаровга нисбатан шаън ва қадр-қимматни ҳимоя қилиш, маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъво аризасига жавобгар ва қўшимча жавобгар тарафнинг

ЭЪТИРОЗНОМАСИ

Муҳтарама Раислик этувчи!

Аввало, “Рост бўламиз, қозижон! Дўст бўламиз, қозижон!..” мақоласи фельетон жанрида ёзилганига алоҳида эътибор берилишини сўраймиз.

Чунки, қарор, ҳал қилув қарори, ажрим, суд буйруғи каби суд ҳужжатлари чиқарилишининг ўзига хос тартиб-талаби бўлганидек, бадиий-публицистиканинг алоҳида жанри ҳисобланмиш фельетоннинг ҳам ўзи хос талаблари бор. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”да “Фельетон (франц. feuilleton < feuille – варақ, варақа) – бадиий-публицистик жанр бўлиб, ижтимоий ҳаёт масалаларини сатира ва юмор воситаси билан, яъни ижтимоий кулги асосида ёритади ҳамда ижтимоий танқид учун хизмат қилади”, дейилади (Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, Тошкент, 2005 йил, 9-жилд.).  

Демак, фельетон сатира ва юморни талаб қилар экан, унда (фельетонда) қаламга олинган воқелик шу элементлар воситасида ҳикоя қилиниши шарт! Бундан кўринадики, “Рост бўламиз, қозижон! Дўст бўламиз, қозижон!..” фельетонидаги енгил юмор – сатирани мазах ёки одамнинг устидан қасддан кулиш, деб қабул қилинмаслик керак. Бу жанр талаби!.

Қолаверса, “Рост бўламиз, қозижон! Дўст бўламиз, қозижон!..” фельетонида бировнинг шаъни, қадр-қимматини таҳқирловчи ҳеч қандай гап-сўз йўқ.

Ҳаммаси ҳужжатлар асосида, асосли ва мантиқдан келиб чиқиб ёзилган.

Даъвогар ўз даъво-аризасида: “Айниқса, фельетондан келтирилган “шўрлик”, “суд остонасида бош уриб келгунча ички ишлар идораларида озмунча сарғаймаган экан”, “Акс ҳолда даъво чиққан...”, “Ахир судга сохта маълумот тақдим этган кимсанинг ҳеч йўғи “бурнига чертиб”...” каби ибораларни менинг шаън ва қадр-қимматимга доғ туширилиши сифатида қабул қилдим”, дейди.

Бироқ, фельетонда қаламга олинган бирорта факт ёки детални ёлғон, туҳмат, ҳақиқатга тўғри келмайди, дея инкор этаётгани йўқ.

Келинг, даъвогар гўёки ўз шаъни ва қадр-қимматига доғ туширилган деяётган ибораларни бирма-бир таҳлил қилиб чиқайлик.

1. “Шўрлик”.

Бу сўзда инсоннинг шаъни, қадр-қимматига доғ туширувчи ҳеч қандай маъно йўқ. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “шўрлик” сўзи “бечора”, “ачиниш билдиради” деган маъноларни англатиши айтилади (“Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, Тошкент, 2010 йил, 5-жилд, 14-бет). Фельетонда даъвогар Фуқаролик ишлари бўйича (ФИБ) Учтепа туманлараро судига мурожаат қилгунча С1. ва Х. устидан ички ишлар идораларига бир неча бор шикоят қилгани, унинг шикояти юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳатто уч қайта (!) тергов ўтказилганига қарамай важлари исботини топмаганига алоҳида урғу берилади. Шундан келиб чиқиб, муаллиф даъвогарга “ачиниш билдирган” ҳолда бечора, яъни, чорасиз қолгач (ёки бошқа чораси қолмагач), фуқаролик судига мурожаат қилганини ифода қилмоқда, холос. Бошқа ҳеч нарса! Хўш, энди айтинг: “шўрлик” сўзида шаън, қадр-қимматни ерга урувчи маъно бор эканми? Албатта, йўқ!

2. “Суд остонасига бош уриб келгунча ички ишлар идораларида озмунча сарғаймаган экан

Бу жумлада ҳам инсон шаъни, қадр-қимматига дахл қилувчи ҳеч қандай маъно йўқ. Ички ишлар идоралари ким борса дарров қабул қилиб, олдига дастурхон ёзадиган даргоҳ эмас. ИИБ органлари остонасида турли сабаблар билан навбатини кутиб ўтирган фуқароларга ҳар куни кўзингиз тушиши мумкин. Бу кутишлар бир неча соатларга чўзилиши, қабул ҳатто бошқа кунга қолдирилиши мумкинлиги инкор этиб бўлмас ҳолат. Ҳатто суд мажлислари белгиланган вақтда бошланмайди-ю, иш қайнаб ётган ИИБларда ҳамма нарса “немисча” ҳисоб билан амалга оширилармиди? Адоқсиз кутишлар, асабни қақшатувчи тергов жараёни, қайта-қайта шикоят қилганига қарамай охир-оқибат важлари тасдиқланмай умидлари пучга чиққан одамнинг ҳолати “...ички ишлар идораларида озмунча сарғаймаган экан” дея тасвирланмай қандай тасвирланиши керак? Ва бунда шаън, қадр-қимматни камситувчи маъно қани? Бўлса, марҳамат, айтсин!“... суд остонасига бош уриб келиш” ифодасида ҳам бирорта ғайритабиий маъно йўқ. Бу “фуқаролик судига мурожаат қилди” деган гапнинг адабий-бадиий ифодаси, холос. Мақоланинг шикоят-аризадан фарқи ҳам шунда, ахир?!

3. “Акс ҳолда даъво ариза чиққан...”

Даъвогарнинг гўёки шаъни ва қадр-қимматига тегиб кетгани айтилаётган ушбу ибора ва кейинги “Ахир судга сохта маълумот тақдим этган кимсанинг ҳеч йўғи “бурнига чертиб...” жумласига изоҳ беришдан аввал бир ривоятни қисқача келтириб ўтишга эҳтиёж сезамиз. Чунки, у айтмоқчи  бўлган фикримизни кенгроқ тушунтириш ва тушуниш имконини беради.

Эмишки, қадим замонда “Худойберди” деган бир дудуқ одам бўлган экан. Ўша одам бир куни мутаассиб оломонга дуч келибди. Оломон ундан “Исминг нима?” деб сўрабди. Шўрлик (бечора, чорасиз) “Худ-ой... Худойй ... Х-худойб-б...” дея дудуқланиб, исмини айтишга қийналаётганда мутаассиб оломон  “Бу ярамас ўзини “Худо” демоқда!” дея уни уриб ўлдириб қўйган экан. Халқ орасида “Бердиси”ни айтгунча шошма” деган гап юриши шундан!.

Нима демоқчимиз?

Даъвогарнинг фельетондаги бус-бутун жумлалардан ўзига “керакли” сўзларни “юлиб” олиб, маъносини бузиб талқин қилишга уриниб, нима қилиб бўлмасин даъвосига асос ахтариши “бердиси”ни айтишга имкон бермаган оломоннинг қилиғини эслатади. У келтираётган “Акс ҳолда даъво чиққан...” деган чала гап яхлит жумладан “юлиб олинган”  сўзлар, холос. Жумла тўлиғича шундай: “Акс ҳолда, даъво ариза чиққан... узр, келган жойига қайтариб юборилади”. Яъни, бу ўринда муайян фуқаролик иши судда кўрилиши учун белгиланган тартибда давлат божи тўланмаса, даъво ариза қайтарилиб юборилади, дейилмоқда, холос. Жумланинг ярмини “юлиб” олиб, “бердиси”ни кўрсатмай, бу ибора “шаъним ва қадр-қимматимга доғ туширди”, дейиши қуп-қуруқ гап, асоссиз даъво. Бу худдики “Фалончи аҳмоқ одам эмас, у яхши инсон!” деган жумладан “Фалончи аҳмоқ одам” деган жойини “юлиб” олиб, мени ҳақорат қилди дея даъво қилишга ўхшайди.

4. “Ахир судга сохта маълумот тақдим этган кимсанинг ҳеч йўғи “бурнига чертиб...”

Даъвогарнинг шу жумлага ёпишиб олиши ҳам “бердиси”ни айттирмай бировни айбдор қилишга уринишдан бошқа нарса эмас. Ушбу жумланинг тўлиқ шакли шундай: “Ахир судга сохта маълумот тақдим этган кимсанинг ҳеч йўғи “бурнига чертиб” қўйиш ўрнига вазиятдан осонлик билан чиқиш имкониятини тақдим этишнинг ўзи бўладими?!” Фельетондаги наинки ушбу жумла, балки бутун фельетон бевосита даъвогарга қарата ёзилмаган. Аксинча, фельетонда унинг қарз ундиришга боғлиқ даъвоси фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди томонидан қандай ҳал этилганига боғлиқ ҳолатлар қаламга олинган. Эътиборлиси, даъвогарнинг ФИБ Учтепа туманлараро судига сохта маълумотнома тақдим этгани инкор этиб бўлмас ҳолат ҳисобланади. Яъники, у ФИБ Учтепа туманлараро судига даъво аризаси иш юритувга олиниши учун давлат божи тўлашни кечиктириб туриш ҳақида ариза берар экан, ўзини “ҳеч қаерда ишламайдиган”, “оилавий шароити оғир”  қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади.

Суд сохта маълумот билан давлатни алдашга ҳаракат қилган одамнинг жавобгарлик масаласини ҳал этиши шарт аслида. Бироқ, ФИБ Учтепа туманлараро суди раиси М.Имомов даъвогарнинг бундай жинояткорона хатти-ҳаракати учун ҳеч йўғи “бурнига чертиб” қўймайди. Аксинча, ҳеч нима бўлмагандай суд мажлислари ўтказиб, даъвони кўриб чиқишни келган жойидан давом эттираверади.

Шу ўринда бир гап: юқорида даъвогар фельетондаги “шўрлик” сўзига осилганини айтилди. “Шўрлик” сўзининг “бечора” маъноси борлигини ҳам айтдик. Даъвогар ўзига нисбатан ишлатилган “шўрлик” (бечора) сўзидан шунчалар ор қилиб, шаънимга доғ тушди, деб ҳисоблар экан, судга сохта маълумот тақдим этиб, ўзини “бечора” ва ғариб қилиб кўрсатишга уринганига нима дер экан?

Энди айтинг: фельетондаги “Ахир судга сохта маълумот тақдим этган кимсанинг ҳеч йўғи “бурнига чертиб қўйиш” ўрнига вазиятдан осонлик билан чиқиб имкониятини тақдим этишнинг ўзи бўладими?!” жумласининг нимаси ёлғон-у қай нуқтасида туҳмат бор? Ва унда инсон шаъни, қадр-қимматига доғ туширувчи қандай маъно акс этган экан?! Ҳеч қандай!

Муҳтарама Раислик этувчи!

Юқоридаги баёнлар даъвогарнинг даъвоси мутлақо асоссиз эканини билдиради ва даъво талабларини тўлиғича рад этиш учун етиб ортади, деб ҳисоблаймиз. Ва Сиздан шуни сўраймиз.

Бундан ташқари, мазкур фуқаролик иши билан бевосита ва билвосита боғлиқ айрим ҳолатлар хусусида ҳам айтиб ўтишни лозим деб билдик.

Инсон шаъни, қадр-қимматига дахл қилиш қандай бўлади ўзи?

Ушбу саволга узоқдан эмас, мазкур судда даъвогарнинг адвокати сифатида иштирок этаётган жаноб А.нинг хатти-ҳаракати мисолида жавоб берайликми?

“Рост бўламиз, қозижон! Дўст бўламиз, қозижон!..” фельетони “Xabar.uz” ахборот-таҳлилий порталида 2018 йилнинг 4 июнь куни чиққани ва қисқа вақт ичида эллик мингдан кўп марта ўқилганини  муҳтарам адвокат даъво аризасида алоҳида қайд этиб ўтибди. Яхши. Ушбу фельетон шу куннинг ўзида қўшимча жавобгар – журналист Турсунали Акбаровнинг “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги профилига ҳам қўйилган. Ва ўша пайтдаёқ муҳтарам адвокат А. унга шундай изоҳ қолдирган эди: “Журналистда шунча информация қаердан??? (мазах ифодасини берувчи смайлик қўйилган) Ёки ўзлари ҳам манфаатдорларми??? “Фельетон” ёзишдан олдин фуқаролик иши материаллари билан танишдиларми ўзлари??? Ёки фаросатни бир чеккага қўйиб, “фельетон” ёзиб қўяқолдиларми???” (Фейсбук ижтимоий тармоғидан олинган ксеронусха илова қилинади).

Ижтимоий тармоқ орқали бировни (наинки журналистни?!) очиқдан очиқ манфаатдорликда, фаросатсизликда айблаб, мазахни билдирувчи шакллар қўйиб, бунақа шарҳ (коммент) ёзиш – инсон шаъни, қадр-қимматига доғ тушириш мана шу бўлади аслида! Бугун, ушбу судда, не тонгки, шу фельетон ва унинг муаллифини ижтимоий тармоқ орқали мазахлаб, шаъни ва қадр-қимматини ерга уришга ҳаракат қилган адвокат А. даъвогар вакили сифатида “шаън ва қадр-қимматнинг” ҳимоячиси бўлиб ўтирибди?! Албатта, бунинг учун биз ҳам адвокатга нисбатан фуқаролик судида даъво қўзғашимиз мумкин, бироқ бундай қилиш ниятимиз йўқ. Биз  адвокат А.нинг адвокатлик этикасига зид бундай ҳаракатлари устидан Адвокатлар палатасига мурожаат қилиш билан чекланамиз, холос.

Даъво аризаси мутлақо асоссиз бўлгани учун унинг тўлиқ рад этилишини такрор сўраймиз ва шунга умид қиламиз.

Ҳурмат билан,

Жавобгар – “Xadar.uz” ахборот-таҳлилий порталининг ишончли вакили ва қўшимча жавобгар                                Турсунали АКБАРОВ

 

1. Ушбу эътирозномани эълон қилишдан мақсадимиз кимнингдир хатти-ҳаракатини қоралаш ё оқлаш эмас, балки ишда фойдаланиш учун бўлгани сабабли фуқароларнинг исм-шарифларини ошкор қилмаяпмиз.

2019-01-21 22:03:57  |  2956 |   0  | 

1 изоҳлар

Январ 21, 2019  23:07

1.Абдувохид Якубов

Журналист Т.Акбаровга ухшаш аччик, лекин хакикат ва адолат учун куркмасдан кураша оладиганлари жуда кам. Уни хам судга даьво бериш оркали бир куркитиб куймокчи булишгани эхтимолдан холи эмас. Билишмайдики, Т.Акбаровнинг уткир тишлари судда "чиккан" ва "чархланган". Каттик синовлардан утган, синалган. Осонликча "жон берадиганлардан" эмас. Буни узим хам у бн судда судлашиб синаб курганман. Мен у каби хукук, адолат, хакикат химоячилари купайишини тилаб коламан. Калами янада уткир булсин. Бошка журналистларга хам адолат йулида курашдан куркмасликни, лекин кураш вактида такикланган усуллардан фойдаланмасликни, тухмат, хакорат, номардлик каби усуллардан фойдаланмасликни сурайман, яьни хамма хам Т.Акбаров каби ёзган хар бир сузига, хар бир нуктасига жавоб бера олмай колиши мм. Хукук жанги хам узбек кураши каби халол, ошкора, мардларча булишига харакат килайлик. Адвокатлар хам, журналистлар хам, бошка курашчилар хам. Хамма халол курашчиларга шарафлар булсин



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация