“Бош прокурор адвокатларнинг касбий ҳуқуқлари ўз назоратида эканлигига мени шахсан ишонтирди!”



 
  Расм манбаси : Prokuratura.uz

Адвокат ўз ҳамкасблари, Адвокатлар палатаси ва Бош прокуратура ходимларига Facebook ижтимоий тармоғи орқали қилган мурожаатида шу ҳақда айтар экан, шахсий қабул учун Бош прокурорга миннатдорчилик билдирди ва барча адвокатларни бу имкониятдан фойдаланишга чақирди.

“Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг зиммасидаги иш ҳажмидан келиб чиқиб, у тергов ва суриштирув органлари мансабдорлари ёки судлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари устидан қилган шикоятлари бўйича адвокатларни қабул қилишга имкон топа олмайди деб ҳисоблаган эдим, — дейди ўз мурожаатида адвокат А.С.Пашковский. — Аммо аслида бундай эмаслиги маълум бўлди. Мен 2019 йил бошида дастлабки тергов органлари ва тергов ҳибсхонаси мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан бир неча маротаба процессуал шикоятлар берган эдим. Шунга кўра 2019 йилнинг 8 февраль куни Бош Прокурор Отабек Баҳритдинович мени ўзининг қўл остидаги раҳбар ходимлари билан биргаликда шахсан қабул қилиб, шикоятим мақсадини диққат билан эшитди ҳамда айрим ўринларига аниқлик киритиб олди. Шундан сўнг шикоят қилинган ҳуқуқ-тартибот органлари мансабдор шахсларига нисбатан зудлик билан тегишли чоралар кўрилиши тўғрисида қабулда иштирок этаётган ваколатли ходимларига кўрсатма берди. Уларнинг зиммасига адвокатларнинг касбий фаолиятига доир ҳуқуқлари бузилиши бўйича тушган ҳар қандай шикоятлари ҳақида Бош прокурорга шахсан ҳисобот бериш ва уларни зудлик билан ўрганиб чиқиб, айбдорларга нисбатан жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар кўриш вазифаларини юклади. Шунингдек, Бош прокурор шу пайтдан бошлаб адвокатларнинг касбий ҳуқуқлари ўз назоратида бўлишига ва унга риоя этилмаслиги юзасидан хавотирга ўрин йўқлигига мени шахсан ишонтирди”1.

Бу мурожаатга сабаб бўлган тарихдан хабарингиз бўлса керак. Яъни, хабар бериб борганимиздек, жорий йилнинг 30 январь куни Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси сайтида адвокатларнинг касбий фаолиятларига дахл қилиниши юзасидан ўтказилган аноним сўровнома асосида тайёрланган маълумотнома эълон қилингач, аввалига мазкур маълумотнома ҳақидаги хабарлар, кейин эса унга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан билдирилган муносабатлар ОАВда кетма-кет ёритилган ва бу ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокага сабаб бўлган эди. Шундан сўнг Адвокатлар палатаси сайтида яна бир Хабарнома пайдо бўлди. Унда, жумладан, Бош прокурор ва Адвокатлар палатаси раиси ўртасида учрашув бўлиб ўтганлиги маълум қилиниб, бундан кейин адвокатларнинг касбий фаолиятларига доир ҳуқуқларнинг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар Адвокатлар палатаси раиси билан бигаликда Бош прокурор томонидан ҳам шахсан назоратга олиниши таъкидланди.

Адвокатлар палатаси сайтида эълон қилинган мурожаатномада адвокат Пашковский ушбу ваъданинг қанчалик ҳақиқат эканлигига ўз мисолида гувоҳ бўлганини баён қилар экан, бунинг учун Бош прокурорга миннатдорчилик билдиради ва айни пайтда Олий суд раиси томонидан ҳам худди шундай йўл тутилиб, суд тизими ходимлари томонидан адвокатларнинг касбий ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини назоратга олиш ва бартараф этиш учун уларни шахсан қабул қилишни ташкил этишига умид билдиради.

Шунингдек, адвокат ўз ҳамкасбларини ҳам фаолликка ундаб, фаолиятлари давомида касбий ҳуқуқларига турли идоралар мансабдор шахслари томонидан дахл қилинганида сусткашлик қилмасдан, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли процессуал ҳаракатларни амалга оширишга, бу йўл билан масала ҳал бўлмаганида эса бу ҳақда Бош прокуратурага мурожаат қилишга чақиради. Айни пайтда бу жараёнда адвокатлар ўзларининг ва раҳбариятнинг қимматли вақтларини ҳурмат қилишлари лозимлигини ҳам таъкидлайди.

 

1. Мурожаатнома рус тилида бўлиб, иқтибос эркин таржимада келтирилмоқда.

2019-02-09 18:01:30  |  647 |   0  | 

1 изоҳлар

Феврал 09, 2019  18:18

1.asd

asd



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация