Яна бир адвокат ўзи дуч келган муаммолар ечимини Бош прокурорга ишонди



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

Бош прокурорнинг адвокатлар ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини ўз назоратига олиш борасидаги ташаббуси ушбу касб вакиллари томонидан жуда катта умид билан қарши олинмоқда

“Адвокатлар ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатларини шахсан Бош прокурор ўз назоратига олгани айни муддао бўлди, – дейди таҳририятимизга мурожаат қилган адвокат А.Хамидов. – Сайтингиз орқали бу хабарни ўқиб шахсан менда умид учқунлари уйғонди. Чунки айнан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан кейинги пайтда бир жиноят иши бўйича иштирок этаётган биз адвокатларнинг ва ҳимоямиздаги шахсларнинг ҳуқуқлари бузилаётган, бу ҳақда 2019 йил 21 январда бошқарма бошлиғи номига ёзган шикоятимиз эса жавобсиз қолаётган эди. Шу боис, айниқса, ҳамкасбимиз Пашковскийнинг мурожаатидан завқланиб, ҳуқуқларимиз бузилишига доир барча ҳужжатларни Адвокатлар палатасига тақдим қилдим. Агар Бош прокурор назоратида ушбу масала ҳам ростдан ўрганиб чиқилиб, тегишли чора кўрилса, бу хушхабарни биз ҳам албатта ҳамкасбларимизга етказамиз. Чунки, ишончим комилки, бизга ўхшаб дардини кимга айтишини билмай юрган адвокатлар ҳали кўп топилади”.

Адвокатнинг айтишича, унинг ҳимоясидаги шахсга доир жиноят иши бўйича тергов 2018 йилнинг 30 ноябрида тугаганлиги эълон қилиниб, иш ҳужжатлари билан таништириш жараёни бошланган бўлса-да, адвокатларга ҳужжатлар тўлиқ тикилмаган ва рўйхати тузилмаган ҳолда тақдим этилган. Бундан ташқари, “жиноят иши ҳужжатлари махфийлаштирилган” деган важ билан унинг варақларини фотосуратга олишга ҳам қаршилик қилиб келинмоқда экан. Аммо махфийлаштириш ҳақидаги қарорни сўрашганида кўрсата олишмаган. Шунингдек, адвокат ўз ҳимоясидаги айбланувчини қамоқда сақлаш муддати ҳам ўтиб кетганини, аммо Бош прокуратура бу масалага ҳам ўз муносабатини билдирмаганини айтади. Қолаверса, тергов тугаган бўлишига қарамасдан, жорий йилнинг 23 январидан 1 февралигача айбланувчини ҳар куни, ҳатто шанба ва якшанба кунлари ҳам, тергов бошқармасига олиб келишгани ҳақида ҳам айбланувчининг ўзи адвокатга маълум қилган экан. Шуларга асосан адвокат жорий йилнинг 4 февралида шахсан Бош прокурорнинг номига шикоят аризаси ёзган.

Ушбудан ҳам кўринадики, Бош прокурорнинг адвокатлар ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини ўз назоратига олиш борасидаги ташаббуси ушбу касб вакиллари томонидан жуда катта умид ва хурсандчилик билан қарши олинган. Бундай ўзаро ишонч мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар жараёнини олға ҳаракатлантирувчи яна бир муҳим туртки вазифасини ўтаб берса ажаб эмас.

2019-02-14 13:55:44  |  2647 |   0  | 

1 изоҳлар

Албатта, Бош прокурор томонидан адвокатларнинг шикоятлари юзасидан тегишли чоралар курилиши айни муддаодир, лекин хар кандай конунбузилишларнинг олдини олиш ва конун устуворлигини сузсиз таьминлаш барча прокурорларнинг мукаддас бурчи-ку! Ахир шундай экан, качонгача Бош прокурорга мурожаат килиш билан умримиз утади? Уз хизмат вазифаларини виждонан ва халол бажармайдиган прокурорлар билан кандай муносабат урнатиш керак? Ана шу саволга аник ва тугри жавоб топмагунимизча, юкорида айтиб утилган салбий холатлар такрорланаверади. Шундай булмаслигига ким кафолат беради? Хар биримиз, юксак хукукий маданият билан уз хизмат вазифаларимизни виждонан ва халол бажарганимиздагина кафолат берилиши мумкин...



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация