Қўқондаги жиноий гуруҳнинг қамоқ муддатига қотиллик учун “қўшиб берилди”



 
  Расм манбаси : BNews.kz

Гуруҳ бошлиғи М.Олимов шаръий никоҳда яшаган хотини Ш.Назаровани жиноий шериклари билан бирга ўлдиргани аниқланди. Вилоят суди унинг “муддати”ни 11 йилдан 20 йилга узайтирди, бошқаларга ҳам “қўшиб берди”

Қўқон шаҳрида собиқ ва амалдаги ички ишлар ходимлари бошлиқ гуруҳнинг қуролли босқинчилик, талончилик ва бошқа жиноятларда айбланиб, суд қилингани ҳақида хабар берган эдик.

Мазкур иш бўйича янги тафсилотлар эълон қилинди.

Маълум бўлишича, жиноий гуруҳ қотиллик жиноятини ҳам содир этган бўлиб, бунинг учун Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди туман суди берган муддатларга қўшимча муддатлар киритган.

ЎзА хабарига кўра, гуруҳ бошлиғи М.Олимов 2014 йил апрель ойида шаръий никоҳдаги хотини Ш.Назаровани шериклари ёрдамида ўлдирган. Айтилишича, қиз фарзандли бўлишганига қарамай у билан қонуний никоҳдан ўтмасдан бошқа аёлга уйлангач, Ш.Назарова ундан ўч олиш ҳаракатига тушган. М.Олимовнинг жиноий ишларидан хабардор бўлган аёл унинг иш жойига (бу пайтда у Қўқон шаҳар ИИБ ҲООБ профилактика нозири эди) бориб жанжал кўтарган ва 4 минг доллар пул талаб қилган. Акс ҳолда унинг жиноий ишларини ва ноқонуний хотини борлигини тегишли идораларга етказишини айтган.

М.Олимов сирлари фош бўлишидан қўрқиб, Ж.Олимов ва шериги А.Бакиматовлар билан бирга 2014 йил 25 апрель куни Ш.Назарованинг жонига қасд қилгани ва унинг мурдасини қабристонга олиб келишиб, яширинча кўмиб юборишгани ойдинлашди.

Жиноят ишлари Фарғона вилояти судининг ҳукми билан М.Олимовга аввалги жазони янги жазога қисман қўшилиб, узил-кесил ўташ учун 20 йил, Ж.Олимов ва А. Бакиматовларга эса 19 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Аввалроқ Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди судланувчилар М.Олимов ва Ж.Олимовларга узил-кесил 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.

2019-02-04 20:15:11  |  2285 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация