Адвокатлар жиноят ишига доир барча ҳужжатлар билан тергов пайтидаёқ танишиш ҳуқуқига эга бўлишлари мумкин!



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳи координатори Марат Полвоновнинг бу ҳақдаги хабари давра суҳбатида иштирок этаётган адвокатларни тўлқинлантириб юборди. Ҳатто улар орасида “наҳотки, мумкин эмас” дея ўз ҳайратини яшира олмаганлар ҳам бўлди...

Юқорида қайд этилган ишчи гуруҳи аъзолари билан адвокатлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасида ташкил этилган учрашувда Жиноят-процессуал кодексини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида батафсил маълумотлар берилди. Жумладан, такомиллаштирилган Кодексда адвокатнинг ваколатларини кенгайтириш ҳам  кўзда тутилаётган бўлиб, “Ҳимоячининг ваколатлари” деб номланган моддага “ишда иштирок этиб бошлаган пайтидан бошлаб ҳимоясидаги шахс иштирокида олиб борилган тергов ва бошқа процессуал ҳаракатларга доир барча материаллар билан танишиш ва нусха олиш” (ушбу ва хабарда келтирилган бошқа барча меъёрлар русчадан эркин таржима қилинди) ваколати ҳам киритилган. Бундан ташқари, ушбу моддада ҳимоячи учун қуйидагича янги ёки тўлдирилган ваколатлар ҳам акс этиши мумкин:

— тергов ва бошқа процессуал ҳаракатларда иштирок этиш пайтида ушбу ҳаракатлар жараёнини ва натижаларини қайт этувчи техника воситаларидан жиноят ишига масъул шахс рухсати билан фойдаланиш;

— ёпиқ тергов ҳаракатларига доир масалаларни истисно қилган ҳолда ҳимоясидаги шахснинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор процессуал қарорлар қабул қилинганлиги ҳақида хабардор қилиниш, шунингдек, илтимосномасига кўра мазкур қарорлардан нусха олиш;

— жиноят ишига масъул шахснинг ҳаракати ва қарори устидан шикоят қилиш ва унинг кўриб чиқилишида иштирок этиш;

— судгача бўлган жараён якунланганидан кейин жиноят иши бўйича ҳимоя томоннинг хулосасини тақдим этиш ва жиноят иши материаллари билан танишиш;

— суд мажлисида жиноят иши бўйича бошқа иштирокчиларнинг илтимоснома ва таклифлари бўйича ва суд рухсат берган бошқа масалалар юзасидан фикр билдириш;

— айблов томонлари ёки раислик қилувчининг ҳаракатларига эътироз билдириш ва ҳоказо.

Қайд этилишича, ЖПКни такомиллаштиришда, бундан ташқари: хориж давлатлари судлари қарорларини қабул қилиш ва ижросини таъминлаш, шунингдек, озодликдан маҳрум қилинган маҳкумларни бериш ва қабул қилиш;  «Хабеас корпус» институтини қўллаш доирасини кенгайтириш;  суд жараёнининг барча босқичларида ярашув институтини қўллаш; вояга етмаганлар учун алоҳида тартибларни ўрнатиш (ювенал юстиция); жиноят ишини бекор қилишнинг асос ва тартибларини жорий этиш; реаблитация институтини кенгайтириш; терговга қадар текширув имкониятларини кенгайтириш каби масалалар ҳам кўзда тутилган.

Ишчи гуруҳи ўз фаолиятини ташкил этишда асосий эътиборни аввало амалдаги ЖПКда мавжуд камчиликларни аниқлаб олишга қаратганлиги ҳам тадбир давомида қайд этилди. Жумладан, тақдимотда жиноятнинг олдини олиш ва профилактика қилиш механизми етарли даражада белгилаб берилмаганлиги; жазонинг муқобил турлари, кечириш меъёрлари ва жамоатчилик таъсир чораларини қўллашнинг етарли даражада эмаслиги ва самарасизлиги; суд-тергов фаолиятида замонавий АКТдан фойдаланишнинг паст даражада эканлиги; халқаро ҳуқуқ ва хориж тажрибасидаги тан олинган жиноий-ҳуқуқий институтларнинг етарли даражада ўзлаштирилмаганлиги; фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишга, жиноят ишлари бўйича судгача ва суд жараёнларининг қонунийлигини ва холислигини таъминлашга тўсқинлик қиладиган қонуний бўшлиқларнинг мавжудлиги; тезкор тергов тадбирларини ўтказиш сифатининг қониқарсизлиги, кўрсатувлар сифатида процессуал қонунчилик талаблари бузилган ҳолда олинган маълумотлардан фойдаланиш ҳолатларининг мавжудлиги каби  муаммолар санаб ўтилади. Шу боис ҳам ишчи гуруҳи комплекс ўзгариш қилмасдан туриб амалдаги ЖПКни ткомиллаштириб бўлмайди деб ҳисоблайди.

Шулардан келиб чиққан ҳолда ЖПКни такомиллаштириш жараёни қуйидаги учта асосий вазифани кўзда тутади:

— жиноят-процессуал қонунчилиги меъёрларини тизимлаштириш ва уйғунлаштириш (турлича талқин қилинишига йўл қўювчи меъёрлар ва коллизияларни баратарф қилиш, бир-бирига мос келмайдиган меъёрларни мувофиқлаштириш);

— жиноят ишини юритиш жараёнида шахс ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланишини ишончли тарзда таъминлай оладиган механизмларни такомиллаштириш (жиноят ишини юритиш жараёнининг шаффоф ва ошкоралигини таъминлаш, томонларнинг тортишуви тамойилини жорий этиш, вояга етмаганлар учун алоҳида процессуал тартибларни такомиллаштириш);

— жиноят ишини юритиш тартибларининг янги шаклларини киритиш (иш юритиш жараёнининг содда тартибларини жорий этиш, АКТдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш).

Хуллас, ишчи гуруҳининг ваъда қилишича, янги тақдим қилинадиган ЖПК лойиҳаси жиноят ишини кўриб чиқиш жараёнининг босқичлари бўйича мантиқан тизимлаштирилгани, кенг жамоатчилик учун тушунарли бўлиши, янги процессуал институтлар жорий этилганлиги ва қисмларнинг рақамланганлиги каби қулайликлари билан амалдагисидан фарқ қилади.

Шу ўринда айтиш керакки, ЖПКни такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳали лойиҳа сифатида тақдим этиш даражасига етиб бормаган бўлиб, турли тажрибаларни ўрганиш ва мутахассислар, хорижлик экспертлар билан маслаҳатлашиш босқичида давом этмоқда. Шу боис юқорида қайд этилган янгиликлар ҳам ҳали кўзда тутилаётган меъёрлар, холос. Яъни улар ҳали яна такомиллаштирилиши, ўзгартирилиши, ҳатто олиб ташланиши ҳам мумкин.

— Ҳисоботингиздан ЖПКни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамда йўналиш тўғрисида анча-мунча нарсани билиб олдик, — деди тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров ишчи гуруҳи аъзларига мурожаат қилиб. — Аммо бизни айнан ҳимоя соҳасида кўзда тутилаётган ўзгаришлар кўпроқ қизиқтиради. Агар шу ҳақда кўпроқ маълумотга эга бўлиб борсак, адвокатлар жамоаси шунга қараб ўз таклифларини, балки эътирозларини билдиришлари мумкин. Бу эса, назаримда, жуда муҳим. Чунки айнан адвокатлар жиноят ишларини юритиш жараёнининг барча босқичларида иштирок этиб, процессуал қонунчиликда мавжуд муаммолар билан бевосита тўқнаш келган. Яъни буни ўз бошидан ўтказган. Аммо, ёмон томони, улар ишчи гуруҳи таркибида доимий фаолият юрита олмайди. Бунинг учун оиласини боқиб турган ишларини ташлаб келишлари керак. Шу боис мана шунақа учрашувлар ташкил қилиб турсак ёки ишчи гуруҳи томонидан янгиликлар ҳақида доимий тарзда маълумотлар бериб борилса адвокатлар ҳам шундан келиб чиқиб ўз муносабатларини билдиришлари мумкин бўлади. Бу борада эса ишчи гуруҳ таркибидаги Палатанинг вакили боғловчилик вазифасини ўташи мумкин.

Шундан сўнг адвокатлар амалдаги ЖПК билан боғлиқ айрим муаммолар борасидаги мулоҳазалари ва уларни бартараф        этиш бўйича ўз таклифларини билдиришди (ушбу таклиф ва мулоҳазаларини сайтимизда алоҳида эълон қилиб борамиз). Энг эътиборлиси, уларнинг айримлари ишчи гуруҳи учун янгилик бўлди. Шу боис меҳмонлар учрашувнинг ўзлари учун жуда фойдали бўлганлигини эътироф этиб, адвокатлардан тушадиган барча таклиф ва мулоҳазаларни қабул қилиш ҳамда кўриб чиқишга, улардан фойдаланишга ҳамиша тайёр эканликларини билдиришди. Ўзаро келишувга кўра барча таклифлар Палатада тўпланиб, умумлаштирилган ҳолда ишчи гуруҳига тақдим этиб бориладиган бўлди.

ТАДБИРДАН СУРАТЛАВҲАЛАР:

2019-03-27 16:17:16  |  4367 |   0  | 

2 изоҳлар

Июнь 17, 2019  22:15

1.Адвокат Ойбек Рахимов

Хамкасбимни фикрига кушиламан, нега мансабдорнинг рухсати билан техника воситаларидан фойдаланиш йулга куйилган. Хатто рухсат бермагани учун чора куришга мансабдорлар хакли. Хулоса тайёр конун чикарувчилар фойдасига конун лойихасини тайёрлашади... Бу муаммолар натижасида Давлат идоралари билан жамият уртасидаги узилишни чукурлаштирамиз холос. Нега бу лойихаларда жамоатчилик фикри инобатга олинмайди... Лойиха эьлон килинмайди. Адвокатлар фикри олинмайди. Тарафлар манфаати тенг хисобга олинмайди...

Июнь 16, 2019  12:09

2.Адвокат Туйчиев Илёс

тергов ва бошқа процессуал ҳаракатларда иштирок этиш пайтида ушбу ҳаракатлар жараёнини ва натижаларини қайт этувчи техника воситаларидан жиноят ишига масъул шахс рухсати билан фойдаланиш; Ушбу жойдан «рухсати билан» жумласини чикариб ташлаш лозим, рухсат сураладиган булса ваколат булмайди, айтайлик терговчи рухсат бермади, конунда масъул шахснинг рухсати билан дейилган мен рухсат бермадим деса адвокат нима килади мажбурсиз дея оладими, конунга асосланса терговчи хак сени рухсатим билан дейилган дейди, конунда качон рухсат бериш качон рухсат бермаслик тартиби курсатилмаган, бунга ухшаш холатдар сохага оид бошка конунларда хам бор, ундан кура адвокат иш хужжатларидан масъул шахсни хабардор килган холда иш хужжатларидан нусха олади, масъул шахс (сабабларини курсатиб куйиш керак) холларда рухсат бермаслиги мумкин дея узгартириш киритиш керак



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация