“Андижон” ва “Чироқчи воқеалари” эффекти: суд-ҳуқуқ соҳасида жиддий ўзгаришлар бўладигандек



 
  Расм манбаси : BBC.com

Кеча Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ушбу йиғилиш жорий йилда Андижон шаҳрида ҳамда Чироқчи туманида ички ишлар органлари ходимлари томонидан икки нафар бегуноҳ фуқаро қийноққа солиниши ва алалоқибат вафот этиши ҳолатлари жиддий муҳокама қилингани билан диққатга сазовор бўлди, дейиш мумкин.

Президентнинг маълум қилишича, ҳозирда ушбу жиноятларга алоқадор 11 нафар ички ишлар ходимлари қонун олдида жавоб бермоқда. 7 нафар раҳбар лавозимидан озод этилган, яна 16 нафари интизомий жавобгарликка тортилган.

Назаримизда, юқоридаги икки воқеа ҳукуматни жиддий ташвишга солиб, суд-ҳуқуқ соҳасидаги депсиниб қолган ислоҳотларни қайтадан бир оз жонлантиради.

Зеро, видеодоселектор йиғилишида президент тизимда анча-мунча ижобий ўзгариш ясаши мумкин бўлган янги тартиб-қоидаларни жорий этиш хусусида мутасаддиларга топшириқлар берди. Қуйида улардан энг муҳимларини санаб ўтамиз.

1. “Бир суд – бир инстанция”. Президент Олий суд раиси Козимжон Комилов ҳамда Судьялар Олий кенгаши раиси Убайдулла Мингбоевга бир ой муддатда илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимини мазкур тамойилга кўра қайта кўриб чиқиш вазифасини топширди.

Бунда туман (шаҳар) ва вилоят судлари ҳамда Олий суд ваколатлари аниқ чегаралаб қўйилади: туман (шаҳар)да ишлар фақат биринчи босқичда, вилоятда – апелляция, Олий судда эса, кассация тартибида кўрилади.

Назорат тартибида ишларни кўриш амалиётидан тўлиқ воз кечилади.

2. Президент Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилишни таклиф қилди. Унинг фикрича, бу судьяларнинг адолатли қарор қабул қилишларига таъсир ўтказувчи омиллардан бири бўлиб, мазкур амалиётдан воз кечиш мақсадга мувофиқ. Парламент палаталари бир ой муддатда ушбу таклифни кўриб чиқади.

3. Суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда мажбурий қайд этишга ўтилади. Президент Олий суд раиси Козимжон Комилов ва АКТ вазири Содиқовга йил якунигача ушбу тизимни жорий этишни буюрди.

Йиғилишда таъкидланишича, ўтган йили иқтисодий судларда апелляция, кассация ва назорат тартибида кўрилган ишларнинг 2,5 мингдан ортиғи, яъни 44 фоизи бекор қилинган ёки ўзгартирилган.

“Бу – ҳар икки шикоятдан бири бўйича туман ва вилоят иқтисодий суди чиқарган қарорлар юқори судда ўзгараётгани, тадбиркор ва инвесторлар сарсон бўлаётганидан далолат беради.

Судларимиз чиқараётган қарорлар фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиши лозим. Айрим судьялар тергов материалларига боғланиб қолгани ҳам сир эмас. Бу қонун, суд ва давлат обрўсига путур етказади”, деган президент.

4. Судлар ҳудудий қамрови бўйича оптималлаштирилади.

Видеоселекторда таъкидланишича, айрим ҳудудларда аҳоли суд идораларига бориш учун ниҳоятда узоқ йўл босишга мажбур бўлмоқда. Мисол учун, аҳолиси энг кўп туманлардан бири бўлган Ургутда (500 минг киши, 102 та маҳалла) фуқаролик суди йўқлиги сабабли 80 километр йўл босиб, Тойлоқ туманлараро судига борилади. Шундан келиб чиқиб, туман ва шаҳарларда судларни ҳудудий мансублиги бўйича қайта кўриб чиқиш ва улар сонини оптималлаштириш кун тартибига чиқмоқда.

5. Жорий йил якунига қадар Олий судда ягона “Адолат” ахборот тизимлари комплексини ишга тушириш вазифаси юклатилди.

Бунда барча учун судларга электрон мурожаат қилиш, мурожаатлар ҳолатини онлайн тарзда кузатиш, тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш имконияти яратилади.

Судлар жорий йилда видеоконференция алоқа тизими билан 100 фоиз қамраб олинади.

6. Прокурорнинг айбловдан ихтиёрий воз кечиши тартиби жорий қилинади.

Президентнинг қайд этишича,  2018-2019 йилларда биринчи инстанция судларида жами 192 та жиноят иши бўйича 307 нафар шахс оқланган бўлса-да, лекин ҳеч қайси ҳолатда прокурор айбловдан воз кечмаган.

“Бундан буён тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланса, прокурор суднинг тугашини кутиб ўтирмасдан (2 ойдан 6 ойгача), ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартиб жорий этилиши лозим”, деган Шавкат Мирзиёев.

6. Тергов институти ташкил этилади, терговчилик касбини эгаллашга мутлақо янги талаблар ишлаб чиқилади, соҳага илғор тажриба ва стандартлар жорий этилади. Шунингдек, қонунчиликдаги жиноят ишларининг тергов бўйича мансублигига доир чалкашликлар бутунлай бартараф этилади.

2020-07-01 13:42:07  |  2280 |   0  | 

2 изоҳлар

Июль 07, 2020  23:05

1.Ойбек Рахимов

Юкоридаги маколани чикаринг мумкин булса

Июль 02, 2020  09:01

2.Ойбек Рахимов

Аудиоёзув хакидаги талаб Президент фармони билан 2017 йил 30 ноябрда, жпк талабига 2018 йил 04 апрелда, амал килиш эса 2018 йил 04 октябрдан кучга кирган нега бу конун талабига судлар амал килмайди. Судлар нега бу масалада узининг статистикаси йук. Нечта адвокатни бу тугридаги илтимосномаси рад килинган, бу хакда нега адвокатлар палатасида жимлик хукмрон... Бир гурух булиб, тарафлар олдиндан тил бириктирган дейишдан йирокман, маьсулиятсизликни чуккиси холос, нега унда палатага биз адвокатлар взнос тулаймиз унда, нима демокчиман. Судда аудиоёзувни илтимос килинганим рад этилди, мен бу тугридаги суднинг фармойиши амалдаги конунларга зид деб амал килмадим, улар палатага хат киритди, конунда бунга чеклов урнатилмаслиги курсатилганини айтсамда палата хузуридаги комиссия мени харакатимни нотугри деб топди, энди эса судлар узлари куз юмиб келган конун талаби хакида, палата эса чунтак адвокатлари хакидаги маьлумотни Президент маьрузасигача киритишмокда... Кизик жуда кизик...



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация