Икки қадам орқага йўл йўқ!
Йигит номи булғанса. Қотиллик, ўғрилик қилса, Ватанини сотса... Ота-онаси, яқинлари унинг булғанган номусидан уялиш ўрнига “билмай қолибди,” дея фарзандини оқлаб турса, демак, жиноятнинг илдизи – оилада.
Етти уруғини иснодга қўйган жиноятчи (агар қотил бўлса) ҳатто ўз оиласининг ишончидан қолган бу муртадни ким тўйга, азага чақиради!? Тўйни қўйинг, қачонлардир беозор бўлган боласи билан энди ўз онаси бир том остида хотиржам ухлай олармикин? Бу қайси ўлимдан кам!?
Боласи жиноят қилганда жуда камдан-кам оналар бундан озор чекмайдилар. Зеро, жондан азиз жигарбанди жиноят қилса, виждони уйғоқ, иймони саломат она жабрланувчидан ортиқроқ жабр кўради. Фарзандига тош отсангиз, онасига тегади. Аммо ҳали ўзи улғайиб улгурмай, қачон ўғри, қотил бўлишга улгура қолди бу нотавонлар...
...Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида яшовчи, ҳали она сути оғзидан кетмаган, 2002 йилда туғилган Артур (исмлар ўзгартирилган) мудҳиш жиноятга қўл урди. Ўз қўшниси 1934 йилда туғилган Мелис исмли мўйсафиднинг уйига ўғриликка тушиб, уй эгасини ўлдирди. Уйдан “LG” русумли 43 диагоналли телевизорни олиб, эшикни ташқарисидан қулфлади. Сўнгра “ўлжа”ни “Малика” савдо мажмуасига олиб бориб, 300 АҚШ долларига пуллади... Хамирдан қил суғургандек. Аммо... Шаҳар тинчиб, ҳамма уйқуга кетганида негадир юраги ғашлана бошлади.
...Мелис бобо чўнтагига гоҳ қурут, гоҳ ширинлик солиб юрар, йўлидан чиққан ҳар қандай кичкина болани улар билан сийлашга тушиб кетарди. Ўша меҳрибон кўзлардаги ҳаётни энди у нафсининг гапига кириб, сўндирди. Артур бир-икки кун шу каби ўйлар билан ўзини қўярга жой тополмай юрди. Кейин интернет кафега бориб, ваҳшийликка ундовчи ўйинларга киришиб кетган эди, кўнглидаги ғашликдан асар ҳам қолмади.
Дарвоқе, интернет... Ундаги маълумотлар қамрови... Сир эмас, интернетдаги маълумотлар турли ёшдаги ва турли қарашларга эга инсонларнинг қизиқишини ҳар томонлама қаноатлантирадиган даражада захирага бой. Аммо “олтин балиқ”дан ким, нимани сўрайди? Артур каби қаровсиз болалар учун интернет – ноқонуний ишлардан сабоқ берувчи текин “мастер класс”.
Орадан деярли ярим ой вақт ўтди. Артурнинг руҳиятида ўзгариш бўлмаган, дейсизми? Бўлган, аммо буни сезадиган отанинг ўзи йўқ. Она, деб аталмиш “улуғ” зот сурункали маст-аласт юради. Тўрт фарзанднинг на иссиғидан ва на совуғидан бохабар. Аммо жамият бирор фуқарога очлиги ва оиласидаги етишмовчилиги учун ўғрилик, қотиллик қилиши учун имконият бермаган.
Корейс халқида “Дангасадан боласига мерос бўлиб камбағаллик қолади”, деган мақол бор. Айш-ишратга берилган, бу майхўр онадан, бетайин отадан ҳали ўн гулидан бири очилмаган Артурга маҳбуслик, ҳақорат ва нафрат мерос бўлиб турибди. Эндигина 10-синфни битирган ўсмир мустақил ҳаётга илк қадамни ўғрилик ва қотилликдан бошласа... Гапнинг пўскалласини айтганда, энди нафақат Мелис бобо, балки Артурнинг ҳам ҳаётининг атиги 300 долларчалик қадри қолмади. Ахир шу арзимас пулни деб у ўз келажагига болта урди, инсонлик шаънини булғади. У ўғригина эмас, қотилга айланди, арзимас дақиқалар ичида... Энди уни бу гуноҳи учун худо кечирганида ҳам унга ким турмушга чиқади-ю, ким лаънат тамғаси босилган бу ўсмирдан фарзанд кўришни истайди?
Ўзбекистон ҳеч қачон - энг қаҳатчилик, ҳатто уруш йилларида ҳам қорнинг икки марта тўйиб, бир яйрашинг учун одам ўлдирадиган юрт бўлган эмас. Шу боис, бу юртнинг одамлари бировдан ёки ўлимдан қўрққанидан эмас, меҳр ва оқибат ҳисси сабаб оғзидаги сўнгги луқмагача бировга илинган бўлса, эҳтимол.
Айниқса, ҳозир, ҳалол меҳнат орқасидан бой бўлишни истаган ҳар қандай фуқарога ҳам амалий, ҳам назарий кўмак берилмаяптими? Албатта, бериляпти. Муҳими, истак ва ғайрат бўлса, бас!
Артурнинг феълида ноқонуний хатти-ҳаракатларга мойиллик тўсатдан пайдо бўлгани йўқ. Эркак ўз бурчини адо этса (яъни, ота ажрашган бўлса-да, гоҳ-гоҳ ўғли билан учрашиб, унинг орзу-ҳаваси билан қизиқса, хато ва нуқсонларини тузатишга уринса эди), аёл оналик вазифасига эътиборли бўлиб, ҳалоллик тўғрисида кунда гапирмаган тақдирда ҳам оддий одамлар каби меҳнати орқасидан кун кўриб юрганида, ҳалоллик ҳақида бола ҳам бироз тасаввурга эга бўлармиди?.. Ахир, у кимсасиз ўрмонда, эгасиз мамлакатда яшаётгани йўқ-ку?!
Бинобарин, ҳамма айбни мактабга, ўқитувчиларга, маҳаллага тўнкаш ҳам ярамайди. Аммо, унинг ҳозирги холатида кимдан ҳам нажот кутиш мумкин!? Мактаб ўқувчилари орасида бебошлик, ўғрилик, талончилик, зўравонлик, ҳатто одам ўлдириш каби жиноятлар қандай қилиб урчимоқда?
Ҳалоллик, ҳалол луқма. Болалигимизда бу сўзларни қулоғимизга кўп қуйишган. “Одамзоднинг бошига ҳар хил савдо тушади, у бир умр фақат бахт ва саломатлик оғушида яшамайди. Кўнгилсизликлар пайти сизга илк ёрдамга келадиган куч бу - ҳалол меҳнат ортидан топилган луқма бўлади. Халол луқма еган инсонни ёнида фаришта қўриқлаб юради. Дуоси ижобат бўлади”, деб ўргатишган бувиларимиз. Биз шуларга ишониб катта бўлдик. Инсонда эътиқод деган тушунча фақат динга нисбатан айтилмайди. Эътиқодсиз, маънавиятсиз, ахлоқсиз, лоқайд, порахўр, ўғри одамлар мамлакатни ичкаридан емирувчи ниқобли душмандир. "Ўзингдан чиққан бало", деб шуни айтсалар керак.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда адолатли жамият барпо этиш мақсадида турли жиноятлар, айниқса, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли дастурлар ҳаётимизга жорий этиляпти ва бу ўз самарасини бермоқда. Аммо, биз ютуқларимиз билан мақтаниб, камчиликларни яширсак, бу - бир қадам олға юриб, икки қадам орқага ташлаш билан баробар.
Ахир, ёшлар бизнинг келажагимиз! Эртамизнинг қандай бўлиши уларнинг бугун олаётган таълим ва тарбиясига боғлиқ. Бизнинг болаларимизни қаёқдаги виртуал одамлар ўзининг мавҳум оламида ўтириб олиб тарбиялашига асло изн бермайлик. Жигарбандларимиз учун жилла қурса 15 дақиқа вақтимизни ажратайлик!
Ота-оналар хатосининг жабрини фарзандлар тортмасин. Ёшларимиз ўз аждодларига муносиб бўлиб камолга етмоғи лозим.
Мумтоз
(ЎзАдан олинди).
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш