Жиноят камайиши мумкин, қачонки...



 
  Расм манбаси : "Huquq" газетаси

Оила – ҳар бир шахсда болалигидан бошлаб шаклланадиган инсоний фазилатлар, эзгу истаклар, ўзбек халқининг қадриятлари ва маънавий мероси равнақини таъминловчи тарбия масканидир.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб жамиятда оиланинг мавқеини ошириш, манфаатларини таъминлаш ва муҳофаза қилиш, ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, кам таъминланган оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, баркамол авлодни тарбиялашдаги ролини кучайтириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилди.

Маънавий етук ва жисмонан соғлом авлодни тарбиялашда оиланинг ўрни беқиёс. Шу боис халқимизнинг азалий қадрият ва анъаналари эътиборга олиниб, Конституциямизга «Оила» боби киритилган. Асосий қонунимизнинг мазкур бобида оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган. Конституциядаги бу қоидадан келиб чиққан ҳолда ўтган давр мобайнида Оила кодекси, оила билан боғлиқ 50 дан ортиқ қонун, Президентнинг 20 дан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Бугун ахборот технологиялари тобора ривожланиб, инсоният учун катта имкониятлар яратилаяпти, лекин мазкур технологиялар болалар тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. Боланинг телеэкран қаршисида узоқ қолиб кетиши, айниқса, компьютер ўйинлари ва интернет бола тарбиясида янги-янги муаммоларни олдимизга кўндаланг қилиб қўймоқда. Шунингдек, бугунги глобаллашув даврида халқимиз менталитетига бутунлай ёт бўлган, турли ғаразли, жумладан, оилавий қадриятларни топтайдиган ахборотлар оилавий ва қариндошлар ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир этмоқда.

Бунга мисол қилиб, ўтган йилда оилавий келишмовчиликлар сабабли содир этилган 767 та жиноятни келтириб ўтиш мумкин. Уларнинг 35,8 фоизини қотиллик ва суиқасд қилиш жиноятлари ташкил этган. Ачинарлиси, яқин қариндошларнинг бир-бирига нисбатан содир этган қотилликлари қарийб 200 тани ташкил этган.

Республика миқёсида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасида қатор тадбирлар амалга оширилган бўлса-да, айрим ҳудудларда оила-турмуш муносабатлари билан боғлиқ маиший жиноятлар ҳамон учраб турганлиги бу борада амалга оширилаётган ишларнинг янада ривожлантиришни талаб этади. Хусусан, ўтган йилда 536 та ҳолатда қасддан одам ўлдириш жинояти содир этилиб, бу кўрсаткич олдинги йилдагига нисбатан 163 (699) тага камайган бўлса-да, рақам салмоқлилигича қолмоқда. Энг ачинарлиси, қасддан одам ўлдириш жиноятининг 194 таси қариндошлар ўртасида келиб чиққан жанжал ва келишмовчиликлар замирида содир этилган. 69 та ҳолатда эр хотинини, 9 та ҳолатда хотин эрини, 26 та ҳолатда ота-оналар ўз боласини, 20 та ҳолатда фарзандлар ўз ота-оналарини, 20 та ҳолатда ака-ука ва опа-сингиллар бир бирларини ёки 50 та ҳолатда бошқа қариндошлар бир-бирларини қасддан ўл¬дирганлар.

Эр хотинини, бола отасини, ака укасини ўлдираяпти, жанжалашиб бир-бирига тан жароҳати етказаяпти, турли куракда турмайдиган сўзлар билан сўкишиб, ҳақоратлашаяпти, бир бирини судга беришаяпти. Халқимизнинг минг йиллик урф-одат ва қадриятлари, жамиятимизда шаклланган хулқ-атвор нормаларига хилоф равишда бундай жиноятлар содир этилаётганлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоатчилик ўз ишини қай даражада бажараётганига аниқлик киритиб турибди. Яъни бундай ҳолатлар ҳудудлардаги ички ишлар органлари, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар қўмиталари ҳамда бошқа мутасадди идораларнинг ўзаро ҳамкорлиги, маълумот алмашув тизими лозим даражада йўлга қўйилмаганлигини, нотинч оилаларни аниқлаш, улардаги зиддият ва келишмовчиликларни ўрганиш, мавжуд муаммоларга барҳам бериш ҳамда жанжаллашаётган қариндошларни яраштиришга қаратилган ҳаракатлар тўлақонли ўз самарасини бермаётганини кўрсатмоқда.

Албатта, бу тоифадаги жиноятларни содир этиш ҳақидаги ўй-фикр ҳеч қайси инсон онгига бир кечада келиб қолмайди, бунга йиллар давомида газак олиб келган аччиқ муносабатлар сабаб бўлади. Ҳар нарсанинг чораси бўлгани каби ушбу тоифада содир этилаётган жиноятларнинг олдини олиш, бу каби ҳолатлар содир этилмаслигига эришиш ҳам мумкин. Бунда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, балки ҳокимлик, таълим, соғлиқни сақлаш, маҳалла, ўзини ўзи бошқариш органлари мутасаддилари ва кенг жамоатчилик ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиши даркор. Бунинг учун маҳалла фаоллари ва жамоатчиликнинг масъулиятини ошириш, аҳоли ўртасидаги бефарқлик кайфиятига қарши қатъий курашишимиз, хусусан, ҳар бир маҳалладаги нотинч оилаларнинг аниқ рўйхатини шакл¬лантириб, улар ўртасида профилактик тушунтириш ишлари олиб боришимиз, улардаги муаммо ва низоларни ҳал этиш чораларини кўришимиз керак. Бунинг учун давлат бошқаруви органлари, хотин-қизлар қўмиталари, «Маҳалла» ва «Нуроний» жамғармалари, Ёшлар иттифоқи ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ўзаро ҳамкорликда ҳудудлардаги оилавий, қўшнилар ўртасидаги келишмовчилик ва низоларнинг туб сабабларини аниқлашлари, масаланинг ечимини топиб, тарафларни яраштириш юзасидан зарур чоралар кўришлари лозим. Чунки ҳар бир содир этилган жиноят ортида, аввало, инсон тақдири, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимояси, қолаверса, жамият ва давлат манфаатлари турганлигини эсдан чиқармаслик керак.

Ҳар бир жиноятнинг содир этилишига имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш жиноятчиликка қарши курашишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, ҳуқуқий демократик жамиятнинг яна бир, муҳим жиҳати шундаки, унда ўз ўзидан қонун устуворлиги тан олинади ва бутун жамият ана шу қоида асосида фаолият юритади, яшайди ва ривожланади. Худди шу сингари жамиятнинг кичик бўғини бўлмиш оила аъзоларининг тотувлиги таъминланса, бундай жамият ҳеч қачон парокандаликка юз тутмайди.

 

Азамат МИРЗАЕВ,

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари

("Huquq" газетасидан олинди).

2018-09-28 16:21:55  |  2326 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация