Прокурор протести айбсизлик презумпциясига зид...ми?



 
  Расм манбаси : businessman.ru

Жиноят-процессуал кодекснинг 297-моддаси хусусида мулоҳазалар

Ҳуқуқий ҳужжатлар инсон манфаатига хизмат қилади ёки аксинча, эркин ҳаракатланишга тўсиқ бўлиши ҳам мумкин. Жаҳон тажрибасида деярли барча мамлакатлар қонунчилигида айбсизлик презумпцияси (айбдорнинг жинояти қонуний тартибда исбот қилинмагунча, у айбсиз ҳисобланади ва айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас) мавжуд. Хўш, Ўзбекистон қонунчилигида вазият қандай? Айбсизлик презумпциясига амал қилинмоқдами?

Қоидалар жонли яшаши учун, аввало, қонунчиликнинг ўзида айбсизлик презумпциясига зид келмайдиган тартиб белгиланиши лозим. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 297-моддасида жиноят сабабларини бартараф этиш ва олдини олиш ҳақида суриштирувчи, терговчи, прокурор тегишли органлар (шахснинг иш жойи, маҳалласи)га тақдимнома киритиши айтилади. Ҳали суд томонидан шахснинг ҳаракат ё ҳаракатсизлигига ҳуқуқий баҳо берилмай, жиноятни келтириб чиқарувчи омиллар бартараф этилиши сўралади. Табиийки, саволлар пайдо бўлади: тергов органининг бундай тақдимномани киритиши айбсизлик презумпциясига зид келмаяптими?

Тошкент Давлат юридик университети ўқитувчиси Ўткир Холмирзаевнинг айтишича, айбсизлик презумпцияси умумҳуқуқий норма бўлиб, унга амал қилиш жиноят процессининг барча босқичларида устувор ҳисобланади.

«Аслида, жиноятларнинг олдини олиш жиноят-процессуал қонун ҳужжатларининг асосий вазифаларидан ҳисобланмаса-да, ЖПКда жиноят ишларини юритишнинг жиноят-процессуал қонунларда белгиланган тартиби жиноятларнинг олдини олишга ёрдам қилмоғи лозимлиги кўрсатилган.

Тақдимнома фақатгина жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш юзасидан киритилади. Мантиқан олиб қаралганда, жиноятнинг зарурий белгиси сифатида шахснинг айби исботланиши билан жиноят (жиноий ҳолат эмас) содир этилганлиги эътироф этилади. Бу эса суд ҳукми билан тасдиқланади. Демак, суд ҳукми бўлмасдан туриб жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этишни сўраш нотўғридай кўринади.

Масалан, шахс фирибгарлик жиноятида айбланяпти, терговчи у яшайдиган маҳаллага фирибгарлик жиноятнинг сабабларини, шарт-шароитларни бартараф этишни сўраб тақдимнома киритди, дейлик. Маҳаллада ушбу ҳолат муҳокама этилади, одамлар фирибгарлик ҳолатидан огоҳлантирилади. Бироқ судда шахснинг айби исботланмай, терговчи фирибгарлик, деб малакалаган қилмишни суд қарз муносабати, деб топса-чи? Умуман судланувчининг айби бўлмай, у оқланса-чи? Оқибатда судланувчи шахснинг яшаш жойида шарманда бўлгани қолди, шаъни-қадр қиммати камситилди.

Баъзида, ҳатто тақдимномадан келиб чиқиб айрим ходимларга интизомий таъсир чоралари қўллаш ҳолатлари ҳам учраб туради. Бунда судгача иш юритишдаги тақдимнома тартибининг айбсизлик презумпциясига зид қўлланилишини кўриш мумкин. Тақдимнома киритилгандан кейин ташкилотлар уни ижро этишда шахснинг кейинги тақдири ҳақида ҳам чуқур ўйлашлари керак»​, - дейди у.

Адвокат Абдумалик Абдуллаев эса тақдимнома киритиш амалиёти бекор қилиниши тарафдори. У киритилаётган тақдимномалар жойларда ўзгача талқин этилаётгани ҳақида гапирди.

«Амалиётда шундай ҳолатлар кузатиляптики, тергов органи томонидан тақдимнома тайёрланиб, тегишли идораларга юборилиб, уни тайёрлаган мансабдор шахс (терговчи) иштирокида жамоа олдида муҳокама қилиш ҳоллари, ўз навбатида муҳокама қилиш натижасига кўра, тегишли чоралар (ҳайфсан, жарима, лавозимдан четлатиш кабилар) кўрилишига сабаб бўлмоқда. Жиноят иши бўйича юборилаётган тақдимномаларга асосан шахсни жиноят содир этганликдаги айби жамоада муҳокама қилиниб, йиғилиш баённомаларида кўрсатилиб, лавозимдан четлатиш ҳақида буйруқлар чиқарилишига олиб келмоқда. Ваҳоланки, лавозимдан четлатиш ЎзР ЖПКнинг 258-моддасига асосан фақатгина суд томонидан амалга ошириладиган мажбурлов чораси ҳисобланади»​, - деб таъкидлайди адвокат.

Адлия вазирлиги масъул ходими Алишер Исмоилов эса тақдимнома киритишни асосли, деб баҳолайди. Унинг айтишича, тақдимнома ёки хусусий ажрим бажарилмаган ёки виждонан бажарилмаган тақдирда корхона, муассаса ёки ташкилотнинг айбдор раҳбари қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилади.

«Тақдимномани киритишдан мақсад шахснинг хулқ-атворини муҳокама қилиш эмас, балки жиноят содир этилишига сабабчи бўлган омилларни бартараф этишдир»​, - дейди вазирлик ходими.

Унинг мантиғига мувофиқ, тегишли органнинг тақдимномаси киритилган бўлса, унда баён этилган ҳолат суд қарорига қадар бўлса-да, жиноят сифатида талқин этилади, тақдимномада кўрсатилган ҳолат жиноятга туртки бўлувчи омиллар сифатида бартараф этилиши лозим.

Ўзбекистон Республика Бош прокуратураси маълумотига кўра, тақдимномалар ҳар қандай ҳолатда ҳам қайтариб олинмайди, чунки у шахсга эмас, жиноят содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларга нисбатан киритилади. Шахс оқланган ҳолатда ҳам у аҳамиятли бўлиб қолади. 2018 йилнинг 11 ойи давомида жами 16090​ та тақдимнома киритилган. Улар асосан:

қасддан одам ўлдириш;

ҳокимият ёки фуқаролик бурчини бажарган шахсга қаршилик кўрсатиш;

сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқариш;

солиқ ва бошқа тўловлардан бўйин товлаш жиноятлари юзасидан киритилган.

Бош прокуратура Матбуот хизматининг Kun.uz’га айтишича, бу турдаги тақдимнома фақат жиноятнинг оқибатларини ва уни содир бўлишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш ва жиноятчиликни олдини олиш мақсадида чиқарилади. У фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлар ва манфаатларини амалга оширилишига дахл қилмайди, аксинча қонун бузилишини олдини олиш мақсадида қўлланилади. Айбсизлик презумпцияси ва прокурор тақдимномаси икки хил тушунча бўлиб, бир-бирига зид эмас, аксинча улар бир мақсад яъни фуқароларни ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунийликни таъминлаш йўлида хизмат қилади.

Суд қарорига қадар муайян ҳолат жиноят сифатида кўрсатилиб, уни маҳаллада муҳокама қилиб юришса, судья тергов органининг айблов хулосасини нотариал тасдиқлаб берувчи орган бўлиб қолмайдими? Ушбу амалиётнинг суд жараёнига бирор таъсири борми? Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди раиси Бахтиёр Мамадаминов ўз фикрини билдириб, шундай дейди:

«Прокуратура тақдимномасининг суд ҳукмига ҳеч қандай таъсири йўқ. Биз ҳолат бўйича барча аспектларни кўриб чиққан ҳолда сўнгги хулосани берамиз. Тақдимнома киритишнинг ўзини оладиган бўлсак, менинг фикримча, ЖПКдан уни олиб ташлаш керак. У айбсизлик презиумпцияси тамойилларини қатъий бузади. Негаки, тақдимнома киритилганидан сўнг шахснинг кейинги ҳаёти ҳақида кўп ҳам қайғуришмайди.

Олийгоҳда ўқиб юрган вақтимда профессор-ўқитувчиларимиз тақдимнома киритиш шаклини ўзгартириш керак, яъни бунда шахснинг исм-фамилияси ошкор этилмаслиги, фақат жиноят содир бўлганлиги ҳақида хабардор қилиш керак, деган фикрни айтишарди. Тақдимнома киритилсаю суд ҳукми билан шахс айбсиз деб топиладиган бўлса, нотўғри киритилган тақдимнома юзасидан тергов органига қонун бўйича ҳеч қандай жазо қўлланилмайди»​, - дейди судья.

Фикрлар турлича ва бир-бирини инкор қилувчи зид ҳолатлар юзага келяпти. Кимдир тақдимномани бекор қилиш, яна бошқалар бу қонуний тўғри ёндашув эканлигини таъкидламоқда. Жуда кўп ҳолатларда жамоат бирлашмалари, маҳалла ва бошқа тегишли идоралар тақдимномани нотўғри талқин қилиши оқибатида салбий оқибатлар келиб чиққан. Суд сўнгги қарорни айтмасдан туриб айбланувчига «айбдор»​ тамғаси қўйилиши нечоғлик тўғри?

Тақдимномада иллатли шарт-шароитларга кураш белгилаб берилган бўлса, айбланувчини ишдан бўшатиш энг олий ечим, деб билиш – барча масалага нуқта қўя оладими? Балки, суд ҳукми ўқилганидан кейин тақдимномани киритиш тўғридир. Жиноят процессининг ҳар бир ҳолатида (жамиятнинг барча соҳаларида ҳам) инсон омили олий ўринга олиб чиқилиши лозим. Ана шунда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда яна бир муҳим қадам ташланган бўларди.​

Муҳаббат Маъмирова

Kun.uz

2018-12-25 11:55:57  |  2522 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация