Ўзбекистонлик маньяк иккинчи марта умрбод қамоққа ҳукм қилинди



 
  Расм манбаси : Бахтиёр Матёқубов. Россия тергов қўмитаси

Украинадаги учта қотиллиги учун умрбод қамоқ жазосини олган Бахтиёр Матёқубов Россияда 5 аёлни ўлдиргани учун яна шундай жазога ҳукм қилинди. Энди у Ўзбекистонга келтирилиб, бу ерда содир этган жиноятлари учун судланади

Москва шаҳар суди 2015 йилда Москва ва Москва вилоятида беш нафар аёлни ўлдирган Бахтиёр Матёқубовга умрбод қамоқ жазосини тайинлади, деб хабар беради Sputnik.

“AdvokatNews” аввалроқ суд жараёни бошлангани ҳақида маълум қилган эди. Россия Тергов қўмитасига кўра, “Оқ қўлқопли қотил” лақабини олган Матёқубов 2015 йил январь-апрель ойлари оралиғида Москва шаҳри ва вилоятида 5 нафар аёлнинг умрига зомин бўлган.

Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг шахсини аниқлайди, аммо қўлга олишга улгурмайди – жиноятчи Украинага қочиб кетишга муваффақ бўлади. Шундан сўнг Матёқубов халқаро қидирувга берилган.

Украинада ҳам у тинч юрмаган. Бир неча йил давомида уч нафар аёлни ўлдирган ва қўлга тушиб, суд томонидан умрбод озодликдан маҳрум этилган. 2017 йилнинг декабрь ойида Матёқубов Москва шаҳрига экстрадиция қилинган.

“Экспертиза ўтказилиши давомида, психологлар ва бошқа мутахассислар, Матёқубов руҳиятида муаммолар мавжудлигини тасдиқлаган ва у жуда асабий деган хулосага келган. Матёқубов жуда қизиққон, қасоскор бўлган, аёлларга нисбатан унда шахсий адоват бўлган”, – деб ёзади Sputnik.

У дастлабки тергов вақтида барча содир этган жиноятларини тўлиқ тан олган. Суд ҳукми қонуний кучга киргани йўқ, ҳукм устидан шикоят қилиш учун 10 кун муҳлат бор.

Эслатиб ўтамиз, Бахтиёр Матёқубов Ўзбекистонда ҳам қотиллик ва бошқа жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида Тошкентга келтирилиши маълум қилинган эди.

2019-04-03 10:58:18  |  2087 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация