Бош прокуратура: пахта мавсумида 561 тонна қўшиб ёзилган
Мавсумда умумий ҳажми 755,6 млрд сўмлик турли жиноятлар фош этилган
2018 йилги пахта мавсумида 561,7 тонна (266.6 млн сўмлик) пахта қўшиб ёзилган, 22,3 тонна ҳосил камайтириб кўрсатилган. Шунингдек, пахта мавсумида умумий ҳажми 755,6 млрд сўмлик турли жиноятлар фош этилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Пахта хомашёси ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими маълум қилди, деб ёзади Turon24 агентлиги.
Пахта ишида пора олиш ҳолати ҳам кузатилган. Масалан, Андижон вилояти Булоқбоши туманида Хўжаобод пахта тозалаш маскани классификатор-катта товаршуноси 10 октябрь куни “Шерали Абдумуталиб” ва бошқа фермер хўжаликлари ҳисобига 7 та ҳолатда 13 тонна пахта хомашёсини қўшиб ёзган. Эвазига 2 400 АҚШ доллари ва 4,4 млн сўм пора олган.
Шунингдек, пахта тозалаш масканлари ходимлари турли миқдорда молиявий зарар етказган. Молиявий зарарнинг умумий миқдори 3,5 млрд сўмни ташкил қилган. Энг катта зарар Жиззах вилояти Пахтакор туманида кузатилган: 2018 йил пахта хосили учун тайёрланган уруғлик чигит партияларидан ортиб қолган 626,3 тонна чигитни сақлашда зараркунандаларга қарши ишлов берилмаган. Оқибатда 2,7 млрд сўмлик зарар етказилган.
Республикада ўзлаштириш ва камомад билан 205,9 млрд сўм миқдордаги маблағ талон-тарож қилинган: Теримчиларга мўлжалланган 40,5 млн сўм, пахта хомашёлари, ўғитлар, уруғлар, омбордаги бошқа маҳсулотлар.
Бундан ташқари, ҳужжатларни сохталаштириш орқали жами 130,7 млрд сўм, жумладан, 16,3 тонна пахта (57,1 млн сўм) талон-торож қилинган.
Шунингдек, прокуратура маълумотига кўра, пахта мавсумида 1,6 млрд сўм маблағ белгиланган иш ҳақига нисбатан нотўғри тўланган, умумий камомад эса 56,2 млн сўмни ташкил қилган.
Пахта билан боғлиқ жиноятлар энг кўп Тошкент вилоятида содир этилган – 17 та. Кейинги ўринларда Андижон ва Жиззах (5 тадан), Бухоро (4 та), Самарқанд (3 та), Хоразм, Наманган, Сирдарё (2 тадан) ва Сурхондарё (1 та) турибди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш