Зангиотада аёл ва унинг икки фарзанди ўз уйида ўлдириб кетилди
Камера тасвирларига асосланиб, асосий гумонланувчи сифатида унинг турмуш ўртоғи қўлга олинган
2019 йил 17 март куни Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Хушрўй кўчаси, 13-уйда яшаган Н.А. (аёл киши, 1972 йилда туғилган) ва унинг биринчи турмушидан бўлган фарзандлари Ҳ.Н. (1994 йил) ва Ш.Н. (1995 йил)ларнинг мурдалари кўкрак қафаси, ўпка ва юракка санчилиб кирган оғир тан жароҳатлари билан топилган.
Бош прокуратура хабарига кўра, воқеа жойига тезкор тергов гуруҳи етиб борган ҳамда кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатлари ўтказилиб, суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган.
Хонадонга ўрнатилган кузатув камерасининг хотира қурилмасидаги видеотасвирлар ушбу қотиллик жинояти Н.А.нинг шаърий никоҳдаги турмуш ўртоғи И.Х. томонидан содир этилганлигини кўрсатмоқда. Ўлдирилган болалар унинг ўз фарзандлари бўлганми йўқми, прокуратура хабарида ойдинлик киритилмаган.
Асосий гумон қилинувчи И.Х.ни мазкур жиноят иши юзасидан Жиззах вилояти прокуратураси ва вилоят ИИБ ходимлари Зомин туманида қўлга олишган.
И.Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “а” ва “ж” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговнинг бориши устидан Бош прокуратура томонидан алоҳида назорат ўрнатилган, дейилади хабарда.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш