Ишга кириш чоғида “прописка талаби” бекор қилинади



 
  Расм манбаси : Gazeta.uz

Тегишли қонун лойиҳаси парламентнинг қуйи палатасида қабул қилиниб, Сенатга юборилди

Ўзбекистонда ишга кираётган шахснинг иш берувчи жойлашган вилоят (туман ёки шаҳар)да доимий ёки вақтинча пропискада бўлмаслиги уни ишга қабул қилишни рад этиш учун асос бўлмайди. Меҳнат кодексининг 80-моддасига тегишли ўзгартириш киритиш назарда тутилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида маъқулланиб, тасдиқлаш учун Сенатга юборилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев маълум қилди.

Депутатнинг ёзишича, айниқса Тошкент шаҳри ва вилоятида ёшларнинг ўзи хоҳлаган ишга киришида турли тўсиқларни келтириб чиқараётган мазкур талаб Давлат дастурида белгиланган вазифалар доирасида бекор қилинмоқда.

Р.Кушербоев, шунингдек, «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг «Паспорт тизими қоидаларини бузиш»га бағишланган 223-моддасидан паспорт тизими қоидаларига риоя этиш учун масъул бўлган шахсларнинг фуқароларнинг вақтинча ёки доимий пропискасиз, турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшашига йўл қўйиши бўйича мавжуд бўлган жавобгарлик олиб ташланаётганини маълум қилди.

Бундан ташқари, паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан 5 бараварига камайтирилмоқда. Айни ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, жарима ЭКОИҲнинг 10 бараварини ташкил қилади (ҳозирда 15 баравар).

Шу жумладан, қонун лойиҳасида вояга етган шахснинг 16 ёшга тўлиши муносабати билан ўз вақтида паспорт олмагани учун маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.

2018-12-11 15:34:27  |  2294 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация