Маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхоналарда қабул қилиш ва сақлаш қоидалари белгиланди
Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналарнинг ички тартиб қоидалари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Қоидаларга мувофиқ, назорат қилувчи прокурор муассасага монеликсиз ва исталган вақтда киришга, ҳамма камералар билан танишишга ҳамда махсус қабулхонада сақланаётган шахслар билан суҳбатлашишга ҳақли, деб ёзмоқда “Ҳуқуқий ахборот”канали.
Маъмурий қамоққа олинган шахс адвокат олганида қабулхона маъмурияти адвокатнинг монеликсиз иш юритувидаги ҳужжат юзасидан киришини таъминлайди.
Маъмурий қамоққа олинган шахслар қуйидаги ҳужжатлар асосида сутка давомида қабул қилинади:
• туман (шаҳар) маъмурий судининг қарори, фавқулодда ҳолат режими шароитларида эса шунингдек ҳарбий комендантнинг ёки ички ишлар органи бошлиғининг қарори;
• маъмурий қамоққа олинган шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати.
Маъмурий қамоққа олинган шахсга телефон орқали адвокатга, қариндошларига ёхуд бошқа шахсларга қўнғироқ қилиш ёки хабар қилиш ҳуқуқи берилади.
Қуйидагилар маъмурий қамоққа олинган бошқа шахслардан алоҳида жойлаштирилади:
• чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;
• юқумли касалликларга чалинган беморлар ёки тиббий кузатувга муҳтож бўлган шахслар;
• собиқ судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг собиқ ходимлари, собиқ адвокатлар.
Камераларда бир кишига тўғри келадиган яшаш майдонининг нормаси икки ярим квадрат метрдан, аёллар учун эса уч квадрат метрдан кам бўлмаган ўлчамда белгиланади.
Маъмурий қамоққа олинган шахсларга алоҳида ётоқ жойи, кўрпа-тўшак (кўрпа, ёстиқ, иккита чойшаб ва ёстиқ жилди), идиш-товоқ ҳамда овқатланиш анжомлари (коса (миска), кружка ва қошиқ) берилади.
Маъмурий қамоққа олинган шахслар икки кун ичида мажбурий рентгенофлюрографик текширувидан ўтказилади.
Маъмурий қамоққа олинган шахслар пул, почта жўнатмалари ва йўқловларни олиш ва жўнатиш, диний расм-русумларни адо этиш, бир маротаба ўзи билан сақлаш тақиқланмаган озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсаларни сотиб олиш, қабулхона маъмуриятига, давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳамда жамоат бирлашмаларига ўз она тилида ёки бошқа тилда аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш