Собиқ МХХ терговчиси Нодир Тўрақулов 16 йилга “кесилди”



 
  Расм манбаси : Currenttime.tv

Бундан ташқари, Тўрақуловга энг кам иш ҳақининг 400 баравари миқдорда жарима ҳам солинган

Миллий хавфсизлик хизматининг (ҳозирги ДХХ) собиқ терговчиси Нодир Тўрақулов 16 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида бир неча хорижий ОАВ маълум қилди. Ижтимоий тармоқларда “Озодлик” тарқатган хабарга кўра, Олий суд ҳарбий ҳайъатининг бу иш бўйича ҳукми анча аввал – 2018 йил 25 октябрда чиққан.

Бундан ташқари, Тўрақулов энг кам иш ҳақининг 400 баравари (81 092 000 сўм) миқдорида жаримага ҳам тортилган.

Нодир Тўрақулов ҳибсга олингани 2018 йилнинг бошида маълум бўлган эди. Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси томонидан унга нисбатан Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, Сурхондарё вилоятидаги фаолияти давомида шериклари билан нафақат маҳаллий, балки хорижий тадбиркорларнинг бизнесини тортиб олиш, фуқароларга нисбатан зўравонлик қилиш, наркотик савдоларини ташкил этиш каби жиноятларга алоқадорлиги, Денов ва Термиз шаҳарларида унга тегишли «MALIKA GOLD» ресторани, «ORIFA» сауналари борлиги айтилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Миллий хавфсизлик хизматининг вилоятдаги фаолиятини жиддий танқид остига олган, улар орасида айнан Тўрақулов ҳам бор экани тахмин этилади.

«Миллий хавфсизликдагилар Сурхондарёни ўлдирган. Икки-уч сотқин, давлат сотқинлари ишлаган. Булар Сурхондарёни от ўйин қилиб ташлаган. Ҳамма тизимни эгаллаган, ҳамма ташкилотни эгаллаган. Яна бир-иккитаси Тошкентда юрибди, бориб ишдан оламан.

...Сал қарши гап билдирса, ғийбат қилиб ишдан олиб ташларди. Ўғрига чиқарарди, бир айбни бўйнига қўярди. Энди у замон тугади. Ман буларнинг биронтасига ишонмайман, буларнинг маълумоти керак эмас. Шуни билинглар.

...Сурхондарёда бу масалада оғир эди. Шунинг учун бу ерга битта ҳам бизнесмен келмаган, келдими дарров қамарди. Бу фалончининг одами, бу пистончининг одами, бу ҳокимнинг пул берадиган одами, деб. Сан кимсан, ўзинг пул бермайдиганмидинг, сан Ғуломов. Сотқин. Поранинг бошида ўзи ўтирарди», – деган эди ўшанда Шавкат Мирзиёев.

2019-01-09 19:05:24  |  2463 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация