Банк ҳисобварақлари тўғрисидаги йўриқномага қандай ўзгартиришлар киритилмоқда?
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Марказий банк бошқарувининг “Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги йўриқномага киритилиши режалаштирилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар:
1. 7-бандда:
қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилади:
“Банк ҳисобварағи шартномаси оферта шаклида тузилиши мумкин.”;
учинчи – бешинчи хатбошилар тегишли равишда тўртинчи – олтинчи хатбошилар деб ҳисобланади;
қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилади:
“Тадбиркорлик субъектларидан ҳужжатларга муҳр қўйиш ёки ҳужжатларни муҳр билан тасдиқлаш талаб этилмайди.”.
2. 8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“8. Мижозлар томонидан ҳисобварақлар очиш учун банкка мазкур Йўриқномада кўзда тутилган ҳужжатлар тақдим қилинган кундан сўнг, банклар кейинги иш кунидан кечиктирмай, агар қонун ҳужжатларида бошқача ҳоллар назарда тутилмаган бўлса, уларга ҳисобварақлар очишлари шарт.
Ҳисобварақлар очиш учун ҳужжатлар мижознинг имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган варақчасида кўрсатилган ёки мижознинг ишончномаси асосида вакил қилинган шахслар томонидан шахсан тақдим қилинади, муассислари резидент жисмоний шахслар бўлган юридик шахслар томонидан масофадан туриб ҳисобварақ очиш ҳолатлари бундан мустасно.
Банклар томонидан ушбу Йўриқномада кўзда тутилган ҳужжатлардан бошқа қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.
Мижозлар ҳисобварақ очиш учун тақдим қилинган ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги учун жавобгар бўладилар.
Муассислари резидент жисмоний шахслар бўлган тадбиркорлик фаолияти субъектлари – юридик шахсларнинг рўйхатдан ўтказиш жараёнида масофадан туриб ҳисобварақ очишга асос бўлган ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги учун жавобгарлик ушбу субъектларни рўйхатдан ўтказувчи органга юклатилади.
Тадбиркорлик субъектларига банкларда ҳисобварақлар очиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 0,5 баробари, қишлоқ жойларда эса энг кам ойлик иш ҳақининг 0,1 баробари миқдорида ҳақ олинади.
Кичик бизнес субъектларидан тижорат банкларида миллий валютада ҳисобварақ очганлиги учун ҳақ олинмайди.”.
3. Қуйидаги мазмундаги 12-1-банд билан тўлдирилади:
“12-1. Муассислари резидент жисмоний шахслар бўлган тадбиркорлик фаолияти субъектлари – юридик шахслар томонидан рўйхатдан ўтказиш жараёнида масофадан туриб миллий валютада талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақ очиш учун банкка мазкур Йўриқноманинг 2-иловасида келтирилган шаклга мувофиқ ҳисобварақ очиш тўғрисида ариза электрон шаклда тақдим қилинади.
Мазкур юридик шахслар томонидан тўловлар ушбу Йўриқноманинг 3-иловасида келтирилган шаклга мувофиқ имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган икки дона варақча тақдим этилгандан сўнг, амалга оширилиши мумкин.”.
4. 18-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилади:
“Ушбу ариза электрон шаклда ҳам тақдим этилиши мумкин.”.
5. 21-банднинг “а” кичик бандида “12-бандида” деган сўзлар “12 ва 12-1-бандларида” деган сўзлар билан алмаштирилади.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш