Сурхондарёлик аёл нима учун ўзини 9 ёшга “яшартиргани” маълум бўлди
Сурхондарёда ўзини тўққиз ёшга ёшартирган фуқаро аниқлангани ҳақида оммавий ахборот воситаларида хабар берилган эди (beta.advokatnews.uz/xabar82.html). Turon24 мухбирининг ойдинлик киритишича, сариосиёлик аёл ИИБ соҳасида кўпроқ ишлаб пенсияга чиқиш мақсадида ёшини ўзгартирган.
Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармасининг хабар беришича, М.М. 1976 йил 20 май куни туғилган бўлса-да, сохта маълумот ва ҳужжатлар асосида ёшини тўққиз йилга кичрайтириб олишга эришган. Ички ишлар тизимида ёлланма ходим бўлиб ишлаб келган аёл фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судига ариза билан мурожаат этиб, ўзининг 1976 йил 20 майда эмас, балки 1985 йил 20 майда туғилгани, туғилган вақтида отаси вафот этганлиги сабабли онаси ўз вақтида туғилганлик ҳақида гувоҳнома олмагани, 1999 йилда бобоси Сариосиё тумани ФҲДЁ бўлимига бориб, эътиборсизлик билан унга 1976 йилда туғилганлик ҳақида гувоҳнома олганини маълум қилган.
Судда у туғилганлик гувоҳномаси ва фуқаролик паспортида 1976 йили туғилган деб кўрсатилган бўлса-да, ўзи аслида 1985 йили туғилгани, яшаган жойининг қишлоқ врачлик пункти ва маҳалла фуқаролар йиғинининг аҳолини рўйхатга олиш расмий дафтарида 1985 йили туғилганлар рўйхатида туриши ҳақида кўрсатма беради. Бундан ташқари, фуқаро даъвосини асослаш учун мактабда ҳам 1985 йили туғилган тенгқурлари билан ўқигани, бу ҳолатни Сариосиё туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабини 2002 йил 16 июнда битирганлиги ҳақидаги шаҳодатномаси тасдиқлашини айтади.
Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди унинг важларини қаноатлантириб, туғилган йилини 1976 йилдан 1985 йилга ўзгартириш мажбуриятини Сариосиё тумани ФҲДЁ бўлими бошлиғи зиммасига юклаган. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан М.М.га туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома дубликати берилган бўлиб, унда 1985 йил 20 май куни туғилганлиги кўрсатилган бўлса-да, гувоҳнома ФҲДЁ бўлимидаги далолатномаларни қайд этиш дафтарига 1976 йил 11 июнь куни 222-рақам билан қайд этилгани ҳақида ёзиб қўйилган.
Кейинчалик олиб борилган суриштирувдан маълум бўлишича, М.М. Сариосиё туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синфини 1992–1993-ўқув йилида тамомлаган, унга 1993 йили АУ №191376 рақамли шаҳодатнома берилган. Қолаверса, фуқарога тегишли меҳнат дафтарчасидаги маълумотларга кўра, у 1997 йилда илк марта ички ишлар тизимига ишга қабул қилинган, бундан эса М.М. ростан ҳам 1985 йилда туғилган бўлса, 12 ёшида ишга қабул қилинган экан-да деган хулоса келиб чиқади.
Ҳозир аниқланган ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш