Ҳуқуқий маданият кундалик одатимизга айланмаса, қонунга ҳурмат пайдо қила олмаймиз



 
  Расм манбаси : Certificate in Educational Law (GUC)

Давлат ва жамиятнинг ривожланганлигини белгилайдиган бир қатор муҳим омиллар бор. Биз қисқа қилиб бунинг учтагина жиҳатини санаб ўтамиз:

биринчидан, ривожланган жамият аъзоларининг, давлат фуқароларининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги юксак бўлиши керак;

иккинчидан, ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти, ҳуқуқий саводхонлик даражаси баланд бўлиши лозим;

учинчидан, уларнинг ўша жамиятдаги ислоҳотларга нисбатан дахлдорлик туйғуси бор бўлиши талаб этилади.

Қонунларни қай даражада биламиз?

Тўғрисини айтиш керак, ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий саводхонлик ҳақида гап кетганда кўпчилигимизда фақат қонунларни билиш ёки улардан бохабарлик тушунилади. Аслида, бу жуда кенг тушунча. Юқорида санаб ўтганимиз давлат ва жамиятнинг ривожланганлигини белгилайдиган учта муҳим омилни ҳам ўз ичига олади. Ҳуқуқий маданияти юксак инсон қонунларга итоаткор бўлади, ҳамиша унга бўйсунади ва қонунларга нисбатан ҳурмат билан қарайди. Бундай инсонлар қонунларда белгиланган қоидаларга зид хатти-ҳаракат қилмайди, аксинча, бошқаларни ҳам шунга даъват этади. Энг муҳими, у мамлакат тараққиётига амалий ҳисса қўшишга ҳаракат қилади.

Президентимизнинг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони кенг жамоатчиликнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти, ҳуқуқий саводхонлик даражаси юксалишида муҳим амалий аҳамият касб этади.

Ҳуқуқий маданият юксалишига нима тўсиқ бўлади?

Ушбу Фармонда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини оширишга тўсқинлик қилувчи бир қанча муаммо ва камчиликлар сақланиб қолинаётганлиги санаб ўтилди.

Келинг, санаб ўтилган ушбу муаммо ва камчиликларни бироз таҳлил қилиб чиқайлик.

Давлатимиз раҳбари ўзининг кўплаб маъруза ва чиқиш­ларида давлат ва жамиятни тараққий эттириш ­умумжамиятнинг ишига айланиши кераклигини, бунинг учун ҳар бир фуқаро ўзининг бу борада қатъий фуқаролик позициясини намоён этиши, фуқаронинг шахсий манфаати ҳеч қачон жамият манфаатидан устун бўлмаслиги лозимлигини таъкидлаб ўтади.

Албатта, бу бежиз эмас. Сабаби, қаердаки шахсий манфаат жамият ва давлат манфаатидан устун қўйилар экан, ўша ерда жиддий муаммо пайдо бўлади. Айтиш лозим бўлса, коррупция, таъмагирлик ва бошқа иллатлар вужудга келади. Бу икки манфаат ўртасидаги мувозанатни сақлаш ниҳоятда муҳим. Шундан келиб чиқиб, аввало, кенг жамоатчилик орасида ушбу мувозанатни ҳар қандай шароитда ҳам сақлаш ғоясини тизимли тарғибот қилиш лозим.

“Ҳуқуқий таълим ва тарбия борасидаги ишлар тизимли ва узвий олиб борилмаётган”лиги ҳам ҳақиқат. Мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб, олий ўқув юртларигача бўлган босқичлардаги ўзаро узвий боғлиқлик етишмайди. Ёки мактабгача таълим муассасаларида ўқитиладиган ҳуқуқий сабоқлар учун дарслик ва ўқув қўлланмалар, кўргазмали қуроллар етарлими, деган саволга ҳам “ҳа”, деб жавоб бериш мушкул. Бу борада мана шу ёшдаги болалар онгига ҳуқуқий маданият қандай усуллар билан сингдирилиши лозим, деган жиддий масала кўзга ташланади.

Ҳуқуқий адабиётлар ишлаб чиқилиши керак

Бу ўринда психологлар ва ҳуқуқшунослар билан ҳамкорликда ҳуқуқий сабоқлар ўқув адабиётларининг ­ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ.

Шунинг учун, Фармоннинг 9-бандида Мактабгача таълим вазирлиги билан Адлия вазирлиги биргаликда мактабгача таълим муассасаларида “Бола ҳуқуқлари ва мажбуриятлари” мавзуидаги машғулотларни малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда кўргазмали тарзда тизимли жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши белгиланди.

10-бандида эса, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда:

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб таълим муассасаларида ўқувчи ва талабаларнинг ҳуқуқий билимлари узлуксиз ва тизимли ошириб борилишини таъминлаш механизмини жорий этиш, шунингдек, ўқувчи ва талабаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган ўқув дастурларини тубдан қайта кўриб чиқилишини таъминлаш;

2019 йил 1 мартга қадар ёшларда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, айниқса, уларнинг онгида коррупциянинг жамият ва мамлакат равнақи учун ўта салбий иллат эканлигини тарғиб қилишга қаратилган ўқув материаллари тайёрланишини ташкил қилиш;

ёш авлоднинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича таълим муассасаларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилишининг самарали механизмларини кенгайтириш чораларини кўриш каби жиддий вазифалар юклатилди.

Миллий дастурни янгилаш зарурати

Бундан 22 йил олдин Олий Мажлис қарори билан қабул қилинган “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Миллий Дастури”ни орадан шунча вақт ўтганидан кейин бугунги кун талабидан ва руҳидан келиб чиқиб янгилаш зарурати туғилди. Эътибор қилинг, бугунги кунда қанчадан-қанча ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ўзгариш­лар рўй бермоқда. Шу нуқтаи-назардан, ушбу Фармон билан Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси тасдиқланиб, унда бир қатор муҳим аҳамиятга эга бўлган йўналишлар белгиланди:

биринчи йўналиш, 1-бобда назарда тутилиб, у “Шахс, давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш”, деб номланган.

Дарҳақиқат, шахс, давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларида қонун, ундаги ҳуқуқий меъёрлар ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бу ҳар бир шахснинг жамият ва давлат олдидаги ижтимоий масъулиятини белгилайди.

Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясининг ўзига хос энг муҳим жиҳатларидан бири, ҳуқуқий тарбияни шакллантириш ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш дастлаб оиладан бошланиши лозимлиги белгиланганидир. Концепция бизнинг миллий менталитетимиз, яшаш тарзимиз билан узвий боғлиқ ҳолда ­ишлаб чиқилганлигидан далолат беради.

Ота-оналарнинг ўзлари учун услубий тавсиялар керак

Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган пурмаъно ақида бор. Оилада, яъни ота-онада ҳуқуқий маданият бўлса, шубҳасиз, бу фарзандларга ҳам кўчиб ўтади. Шунинг учун ҳар бир оилада болаларга ҳуқуқий тарбия ва одоб-ахлоқнинг бошланғич қоидаларини ўргатиш бўйича биринчи навбатда ота-оналарнинг ўзлари учун услубий тавсиялар ишлаб чиқиш ва тарқатиш масаласи белгиланаяпти. Бундан ташқари, оила даврасида ҳуқуқий саводхонликни оширишга мўлжалланган, ҳар бир элементар ҳуқуқий билимларни ўргатишга қаратилган ва кундалик ҳаётдаги муҳим масалалар юзасидан ҳуқуқий қўлланма тайёрлаш ва бепул тарқатиш, болалар учун ҳуқуқий мавзуларда ва одоб-ахлоқнинг оддий ва кундалик қоидаларини билишни, ватанпарварлик, қонунларни ҳурмат қилиш, ўзбек халқининг тарихи ва миллий қадриятларини ўргатишни тарғиб қилувчи турли мультипликацион фильмларни яратиш, болалар учун ҳуқуқий ахборотни етказишга ҳамда кундалик турмушда қўлланиладиган нормалар ва одоб-ахлоқ қоидаларини ўргатишга қаратилган аудиоэртаклар, кинофильмлар ва киножурналлар ишлаб чиқиш каби вазифалар биринчи йўналишда ўз аксини топган.

Аҳолининг барча қатлами ҳуқуқий саводхон бўлса

Концепция 5 бобдан иборат бўлиб, “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларини жорий қилиш”, “Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш”, “Юридик таълимни, шунингдек, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва ­уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш”, “Ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг илмий асосларини тадқиқ этиш” сингари бобларида аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка ­эришиши, мустаҳкам иродали, ўз ҳуқуқларини биладиган ва қонунларни ҳурмат қиладиган, ҳуқуқий билимларини кундалик ҳаётда қўллай оладиган, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ва ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасиз муносабатда бўладиган фуқароларни тарбиялашнинг кенг қамровли мунтазам тизимини яратиш масалалари акс этган.

Худоёр МАМАТОВ,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази директори, юридик фанлар доктори, профессор

2019-02-19 20:17:01  |  3241 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация