Ўзбекистон адвокатлари яна бир халқаро футбол мусобақасида иштирок этди



 
  Расм манбаси : Мусобақанинг расмий логотипи

Тўғри, Озарбайжонда ўтказилган турнирда бизга соврин насиб этмади, аммо халқаро майдонларда яқиндагина кўриниш бера бошлаган ёш жамоамиз учун бу яхши бир тажриба бўлди деб умид қиламиз

Ўзбекистон адвокатларидан ташкил топган терма жамоа навбатдаги халқаро мусобақада иштирок этиб, қайтди – ушбу турнир 2-6 октябрь кунлари Баку шаҳрида, Озарбайжон ва Грузия адвокатлар ассоциациялари ташкил қилинганлигининг 100 йиллиги муносабати билан ташкил қилинган эди.

Мусобақада Озарбайжон адвокатлари 3 та, Эрон 4 та, Польша 2 та, Грузия, Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Болгария ва Туркия биттадан жамоа билан қатнашди.

Якунда биринчи ва иккинчи ўринларни мезбон жамоалар эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Қозоғистон жамоасига насиб қилди.

Эслатиб ўтамиз, бу ўзбекистонлик адвокатлар иштирок этган иккинчи халқаро мусобақа. Терма жамоамиз ҳали жуда ёш бўлиб, жорий йилнинг июль ойида Адвокатлар палатаси ташаббуси ўтказилган адвокатлар ўртасида футбол бўйича I Республика биринчилиги ғолиблари орасидан шакллантирилган.

20-21 сентябрь кунлари Россия Федерациясининг Саранск шаҳрида адвокатлар ўртасида ўтказилган мини футбол бўйича IX Умумроссия чемпионати бизнинг жамоа учун халқаро даражадаги илк мусобақа бўлган эди.

Иккала турнирда ҳам ўзбекистонлик адвокатлар совринли ўринларга “илинмади”, аммо халқаро майдонларда яқиндагина кўриниш бера бошлаган ёш жамоамиз учун бу яхши мактаб бўлди деб умид қиламиз. Зеро, юқори натижаларга аввало тажриба ва маҳорат ҳосил қилиш орқали эришилади.

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси эса жамоани моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда давом этади. Термамиз Саранск шаҳрига аъзоларнинг ўз маблағлари ҳисобидан бориб-келган бўлса, Озарбайжон сафари харажатларининг катта қисми Палата томонидан қопланди. Палата ижроия органи – Бошқарувининг 2019 йил 27 сентябрдаги 2-сон қарори билан адвокатлар ва Адвокатлар палатаси вакилларига уларнинг хизмат сафарлари ҳамда ташкилий тайёргарлик билан боғлиқ харажатлари учун 145 миллион сўм ажратилган эди. Шундан 108 млн сўмдан ортиқ маблағ футбол жамоамизнинг эҳтиёжларига (10 киши учун спорт кийим-кечаклари, авиачипталар, меҳмонхона харажатлари ва ҳоказо) сарфланди.

2019-10-12 19:56:37  |  2018 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация