“Малакали адвокат ҳеч қачон ишсиз, даромадсиз қолиб кетмайди”



 
  Расм манбаси : 

“Bahs-Navoiy” адвокатлар ҳайъати адвокати Тўлқин САМАТОВ билан суҳбат

Тўлқин, билишимизча, 2006 йилда университетни битирибоқ соҳада ишлай бошлаган экансиз. Адвокатликка талабгорлар учун икки йил махсус стажга эга бўлиш талаби ўша пайтлар ҳам бор эди, сиз бу тўсиққа қандайчапбердингиз? Қолаверса, нега айнан адвокатликни танлагансиз? Ахир, тенгдошларингизнинг ярми прокурор, ярми судья бўлишни орзу қилишарди...

Ростдан ҳам, университетни бизнинг “поток”да 66 талаба битирган бўлса, диплом билан тўғри адвокатурага ўтган ёлғиз менман. Тўғри, собиқ курсдошлардан бир қанчаси бошқа идораларни “айланиб келиб”, ҳозир менга ҳамкасб бўлиб ишлашяпти.

Адвокатликка қизиқишим 1-курсда бошланган. “Адвокатлик фаолияти” фанидан кирган Гулчеҳра Тўлаганованинг маърузаларини берилиб тинглардим. Мени бу касбнинг мустақил ва эркинлиги ўзига мафтун қилди. 2-курсда эса ҳавасим – мақсадга айланди, касб хусусида қатъий қарорга келдим.

Хабарингиз бўлса, 2004 йилдан бошлаб давлат гранти асосида ўқийдиган талабаларга битиргандан сўнг бирон ташкилотда уч йил ишлаб бериш тартиби жорий қилинган эди. Ўшанда мен сира иккиланмай, йўлланмани адвокатлик тузилмасига олдим. Битирар йилим эса, адвокат мақомини олиш учун юридик соҳада 2 йиллик стажга эга бўлиш талаби борлигини билганимдан сўнг Адлия вазирлигига мурожаат қилганман. Улар суҳбатга чақиришган, “билимли талаба экансиз, адлия органларида бир оз ишланг, кейин бемалол адвокат бўлаверасиз”, дейишган. Мен одоб билан рад этдим ва имкон доирасида ёрдам беришларини сўрадим. Ҳозир бунақа амалиёт борми-йўқми, билмайман, аммо ўшанда истисно тариқасида стаж талабисиз адвокатура соҳасида ишлашимга рухсат беришган...

Маълум муддат стажировка ёки иш ўрганиш босқичини ўтагандирсиз ҳарқалай?

Албатта. Бошқармамиз бошлиғи Аҳад ака Нарзиев ўзи мен билан суҳбатлашиб, билимимни синаб кўриб, устоз тайинлаган ва иш жойимни белгилаб берган. Ҳозирги ҳайъатимиз ўша пайтлар Навоий шаҳар ҳуқуқий маслаҳатхонаси деб аталарди, шу ерда вилоятнинг энг таниқли ва моҳир адвокатларидан бири бўлган Муҳаммадиев Раҳматилла акага (у киши оламдан ўтиб кетган) ёрдамчи бўлиб ишладим. Устознинг ёнида уч ой иш ўрганиб, якунда имтиҳон топширдим ва адвокатлик фаолиятини бошладим.

Мустақил юритган биринчи ишингизни эслайсизми?

Жуда яхши эслайман. Қорадори билан боғлиқ иш эди, Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми бўйича ҳукм чиқарилиб, ҳимоямдаги шахс 3 йилга озодликдан маҳрум этилган. 2006 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида бўлган эди, адашмасам.

Бирданига жиддий ишдан бошлаган экансиз-да. Тафсилотларини сўзлаб бера оласизми?

Мен ҳимоя қилган одам аслида 273-модда билан айбланганди. Уни тезкор тадбир чоғида қорадори билан ушлашган. Гиёҳвандлик воситаси миқдори кўп (10 грамм эди, чамаси) бўлгани сабабли, табиийки, “у сотиш мақсадида келтирилган”, деб гумон қилинган. Лекин ҳақиқатда эса ҳимоямдаги шахс қорадори савдоси билан шуғулланмаган, балки ўзи гиёҳванд бўлган. Биз унинг наркологик касаллигини, вақти-вақти билан оғриқ қолдирувчи восита сифатида гиёҳванд модда истеъмол қилишини экспертиза ва нарколог мутахассислар хулосаси асосида исботлаб бердик. Шундан сўнг суд айбловни ўзгартириб, енгилроқ жазо тайинлади.

Тўғри, қорадорига аралашган ҳар қандай инсон жамият кўзига олабўжи кўринади, бунақа ишларда судлар ҳам одатда айблов тарафига мойил бўлади. Ҳимоямдаги шахс, агар суд 273-моддани қўлланганида 10-15 йилга “кесилиши” мумкинлигини ҳисобга олсак, ёш адвокат бўлган мен учун бу натижа катта ютуқ бўлган эди.

Асосан жиноят ишлари билан шуғулланасиз, шекилли?

Ҳа, кўпроқ жиноят ишларини оламан. Вилоятимиз транзит ҳудуд экани ҳисобига жиноятнинг оғир турлари нисбатан кўпроқ учрайди. Айни чоғда йилига 4-5 та фуқаролик-иқтисодий тусдаги низолар, маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳам қўлимдан ўтади. Баъзи ишлар, масалан, йўл-транспорт ҳодисалари тан жароҳатининг оғирлик даражасига қараб жиноийдан маъмурий ишга айланиши мумкин...

Навоий вилоятинингжиноий ҳуқуқбузарликлар харитасига батафсил тўхталсак. Айнан қанақа жиноятлар кўп содир этилади ва бунинг сабаблари нимада?

Юқорида айтганимдек, вилоятимиз транзит ҳудуд саналади: чегарада жойлашган, Навоий шаҳрида халқаро аэропорт ва халқаро транспорт-логистика хаби мавжуд. Шу боис гиёҳвандлик воситалари савдоси, рангли металлар контрабандаси, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар учраб туради. Хусусан, олтинни ноқонуний қазиб олиш ва сотиш ёки симоб моддасини контрабанда йўли билан ўтказиш каби жиноятлар бошқа ҳудудларга хос эмас. Ҳатто радиоактив элемент – уран билан контрабанда қиладиганлар чиқиб қолади баъзан.

Қолаверса, вилоятимиз ҳудудида олтита жазони ижро этиш муассасаси бор – бу ҳам жиноятчилик манзарасига таъсир этади, албатта.

Айни чоғда Навоиймамлакатимизнинг индустриал марказларидан бири. Вилоятда бир қанча йирик тоғ-кон ва кимё корхоналари мавжуд. Қолаверса, “Навоийэркин-иқтисодий зонаси (ЭИЗ) ташкил этилган. Бунга кичик тадбиркорлик субъектларини ҳам қўшадиган бўлсак, жуда катта бизнес фаолият юритиб келмоқда. Шунга яраша хўжалик-иқтисодий низолар ҳам кўп бўлса керак?

Маҳаллий бизнес кўлами сиз ўйлагандан кенгроқ. Қўшимча қиламан: тоғ-кон комбинатларига ва ЭИЗдаги 50 та заводга хизмат кўрсатувчи, улар билан савдо қилувчи ва турли бутловчи қисмлар етказиб берувчи юзлаб корхоналар ҳам бор. Аксари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бундан ташқари, битта туманимиз мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашган, бир неча туманда иссиқхона хўжалиги ва агросаноат корхоналари яхши ривожланган.

Бизнес бор жойда хўжалик-иқтисодий низолар бўлиши табиий. Бу адвокатлар учун қўшимча иш ҳажми ва даромад, деганидир. ЭИЗдаги қатор субъектлар қўшма корхона ёки чет эл корхонаси шаклида тузилган, молиявий бақувват, бинобарин, тажрибали ва билимдон адвокатларни ишга ёллашади ва яхши ҳақ тўлашади. Улар орасида ҳайъатимизнинг доимий мижозлари бор, икки адвокатимиз доимий тарзда уларнинг ҳуқуқий муаммолари билан шуғулланади. Шахсан ўзим ҳам телекоммуникация ускуналари ишлаб чиқарувчи бир қўшма корхонага саккиз йил юридик ёрдам кўрсатганман. Хуллас, малакали адвокат ҳеч қачон ишсиз, даромадсиз қолиб кетмайди.

Шунингдек, меҳнат муносабатларига оид низолар ҳам оз эмас. Чунки вилоятда меҳнатга яроқли аҳолининг катта қисми тоғ-кон саноати ва бошқа йирик корхоналарда банд. Россия ва бошқа мамлакатларга меҳнат миграциясига кетувчилар йўқ ҳисоби. Айрим заводларимизда ўн минглаб одам ишлайди. Ойликлар яхши. Аҳолининг турмуш даражаси юқори, ўз ҳақ-ҳуқуқларини анча-мунча билади ва талаб қила олади – бу ҳам адвокатлар учун янги имкониятлар яратади...

Одамларнинг ҳуқуқий саводхонлиги қандай ошган? Бунга ҳам саноатлашув сабабми?

Худди шундай. Вилоятдаги саноат гигантларининг аксарияти стратегик аҳамиятга эга корхоналар. Уларда меҳнат муносабатлари, меҳнат хавфсизлиги жуда юқори даражада ташкил қилинган. Ишчи-хизматчиларга мажбуриятлари ва ҳуқуқлари яхши ўргатилган, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари шунчаки расмиятчилик учун қилинмаган. Бу жуда ҳам оқилона, бозор иқтисодиёти руҳига мос ёндашув, чунки меҳнат ҳуқуқи нормаларидан хабардор ходим ўз масъулиятини теранроқ ҳис этадиган бўлади, уни бошқаришга, назорат қилишга ҳожат қолмайди, натижада меҳнати самарадорлиги ортади – иш берувчи эса бундан бевосита манфаатдор.

Ўша корхоналардан айримларининг ходим билан тузган меҳнат шартномаларини кўрганман – ҳуқуқий жиҳатдан мукаммал тузилган эди. Хуллас, одамлар ана шу шартномаларни ўқиб, англаб, меҳнат ҳуқуқини анча-мунча ўзлаштириб олганлар. Бу базавий билим бўлган ва ҳуқуққа доир бошқа масалаларни тушунишлари осонлашган. Бунақа одамларни ўз фаолиятимда кўп учратдим: одатда маслаҳат сўраб келишмайди, чунки ҳуқуқий муаммонинг моҳиятини ўзлари ҳам тузуккина фаҳмлашади, керак бўлса билмаган жойларини китобдан ўқиб олишади, фақат процессуал ҳужжатларни расмийлаштиришда қийналишади холос – адвокатлар уларга асосан шунинг учун керак. Қолаверса, улар масалани ярим йўлда қолдириб кетишмайди, идоралар жўяли – асослантирилган жавоб қайтармаса, то ишнинг тагига етгунча юқори инстанцияларга ёзаверишади.

Қайси ишларингизни фахрланиб эслайсиз? Қисқача тафсилотлари билан сўзлаб берсангиз.

Худога шукр, бунақа ишларим талайгина. Бир йигитни 273-модда иккинчи қисми билан ноҳақ айбланиб, қамалишдан сақлаб қолганман. Воқеа Нуротада бўлган эди, 2018 йилда. Уни алдаб ИИБга чақириб олишиб, уйида ордерсиз – ноқонуний тинтув ўтказишган ва кўп миқдорда марихуанна “топишган”.

Уюштирилган иш эди, яъни. Аммо ҳимоямдаги шахснинг бахтига нўноқларча уюштирилган эканки, тезкор тадбир лавҳаси кўраётиб, гиёҳвандлик воситаси “ташлаб қўйилгани”ни пайқаб қолдим: эътибор қилсам, кадрда ходим бир жойни кўздан кечириб, ўтиб кетяптию бир оздан сўнг яна ўша ерга қайтяпти ва гиёҳвандлик воситасини “топиб оляпти”. Аллақачон ишнинг миси чиққан бўлса ҳам узоқ олишдик, ҳимоямдаги шахс 10 ой ҳибсда ётди ҳам, лекин пировардида оқланди барибир! Суд айблов томонининг далилларини номақбул деб топди. Мени фахрлантиргани аслида бировни йўқ жинояти учун жазоланишдан асраб қолганим эмас, адолатсизликка баралла курашганим ва ҳақиқатни исботлаб берганимдир...

Улар бирон жазога тортилдими?

Афсуски, йўқ. Жиноят кодексида айбсиз шахсни айблаш ёки адолатсиз ҳукм чиқаришга доир махсус моддалари бор, айнан мана шунақа ҳолатларда ИИО ходимларига нисбатан қўлланиши керак бўлган моддалар. Лекин бу тизим амалиётда камдан-кам ҳолларда “ишлайди”.

Яна бир иш бор. 2020 йили бир шахсга нисбатан 2012 йилда чиқарилган амнистия актига асосан жавобгарликдан озод этиш тўғрисидаги суд ажримини бекор қилдирганмиз. Орадан 8 йил ўтиб, қайта тергов ўтказилган. Амалиётдаги ноёб ҳодисалардан бири бу. Сезиб турган бўлсангиз керак, бу ҳам буюртма иш эди. Ҳимоямдаги шахс ЙҲХ ходими бўлган, уни “маъмурий баённомаларни расмийлаштиришда хато-камчиликларга йўл қўйиш билан давлатга фалон миқдорда зарар келтирган”, деб ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми билан айблашгану кейин айблилик масаласи ҳал қилинмай, “дело” ёпилган. У ишидан айрилган, шунга қарамай амнистия акти билан қутулганига шукр қилиб, раҳмат айтиб, кетган. Чунки тортишган тақдирда бировлардан сохта гувоҳлик олиниб, 210-модда билан қаматган бўлишарди – ўша замонларнинг “тартиб-таомиллари” шунақа эди. Менинг ёнимга келди. Материалларни варақлаб кўрдим. Иш шунақа юмалоқ-ёстиқ қилинганки, кулишингни ҳам, йиғлашингни ҳам билмайсан. Суд ҳимоямдаги шахсни кўрмаган ҳам, у ишда иштирок этмаган, ариза ёзмаган бўлишига қарамай, унга нисбатан амнистия актини қўллаб юборган! Биз вилоят судига шикоят ёздик. Суд ҳимоямдаги шахснинг унга нисбатан амнистия актини қўллаш тўғрисидаги илтимосномасини биринчи босқич судида унинг ўзи иштирокида кўриш тўғрисида қарор чиқариб берди. Биринчи босқич судида фуқаро амнистия акти қўлланишига норози бўлгани боис умумий асосларда тергов қилинди. Терговда унинг айби исботланмади ва ЖКнинг 83-моддаси 2-қисмига биноан – “жиноят аломатлари йўқлиги сабабли” иш ҳаракатдан тугатилди.

Вилоят суд-ҳуқуқ идораларидаги аҳвол ҳақида гаплашсак. Беш-олти йил бурун қанақа эди, ҳозир қандай? Прокуратура ва суд органлари фаолиятида, уларнинг адвокатларга муносабатида қандай ўзгаришлар бўлди ва бўляпти?

Прокуратурага эътирозларим кўп. Бу идора ўзгармаган – ўша-ўша. Қайтага аввалгидан бадтар бўлгандай, назаримда. Бошқа қусурларини қўятурайлик, оқлов ҳукмлари чиқиши кўпайганидан сўнг улар ҳар бир оқлов бўйича адвокатни, унинг алоқаларини, ҳатто судьяни суриштиришни, ҳукм устидан шикоят-устига шикоят киритиб, бекор қилдиришга уринишни одат қилиб олишди. Шахсан бошимдан ўтган, ҳамкасблардан ҳам эшитиб тураман шунақа ҳолатларни...

Суд ҳокимиятига келсак, ижобий силжишлар бор. Олий суд раиси ишни кўриш жараёнида тортишувлик принципи таъминланмаётгани масаласини кўтарганидан кейин яна бир қадар жонланиш бўлганини сезяпмиз. Ҳамкасблар яхши билишади, илгари судлар адвокатларнинг асосли илтимосномаларини мутлақо кўрмайдиган даражага келиб қолган эди. Ҳозир унақа эмас, ҳарқалай. Ўзгариш бор, судьялар адвокатнинг ўз позициясини ҳимоя қилишига қўйиб беришяпти, ҳақли эътирозларимизга, асосли далилларимизга беписандлик анча камайган. Процессуал тенглик ва тортишув принципига имкон қадар риоя қилаётган судьялар собит қарор чиқаришяпти. Яъни, бунақа қарор юқори инстанцияларда унча-мунчага “синмаяпти”.

Айни чоғда суд идораларида айрим эски “касаллик”лар сақланиб қолмоқда.

...Бир судьянинг устидан шикоят қилгандик. У эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш тўғрисида ажрим чиқарган. Биласиз, ажрим устидан 72 соат ичида шикоят қилиш керак, лекин судья бизга ажрим нусхасини бермади. Атайлаб бермади. Ҳануз ололганимиз йўқ. Натижада бир фуқаро шикоят қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Бу бир “томоша”. Ундан катта “томоша” вилоят судида бўлди. Биз воқеани баён қилиб, судьянинг ҳаракати бўйича хизмат текшируви ўтказишни сўрагандик. Малака ҳайъати раиси бўлмиш вилоят суди раиси “шикоятингизда хизмат текшируви ўтказишга асос бўладиган ҳолатлар аниқланмади”, деган мазмунда жавоб олдик. Бу ҳам майли. Адвокатлик сўрови тарзида яна мурожаат қилиб, Хизмат текшируви ўтказиш тартиби тўғрисида йўриқнома билан малака ҳайъати фаолиятига доир низом нусхаларини сўрадик. Яна “отписка” қилишди: “хизматда фойдаланишга мўлжаллангани сабабли” бу ҳужжатларни кўришга ҳаққимиз йўқ эмиш! Куласизми, куясизми?.. Хуллас, шунақа гаплар.

Ойбек МЎМИНОВ суҳбатлашди

2023-03-23 05:33:34  |  1027 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

1 изоҳлар

Худога шукур, серғайрат, теран фикрли, мустаҳкам позицияли адвокат экан, Тўлқинжон. Мен уни айниқса прокуратура тўғрисидаги фикрига жадал қўшиламан ва маъқуллайман. Фикрларини давоми ҳаэ эазмунли ва ҳақиқатдан ўзга нарса эмас. Ҳа, судларда ижобий ўзгаришларга ўсиш бор. Фақат олий суд раҳбарлари жойлардаги суд раҳбарларига судьяларни ишига айнан (персонал) аралашмасликларини қаттиқ назоратга олишларини истардим. Судья бу олий мақом, буни қонун ва Конституция белгилаган(!). Уни пати қирқилган ўрдакка ўхшатиб қўймаслигимиз керак.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация