Фермерларни урган собиқ ИИБ бошлиғига 2 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди



 
  Расм манбаси : Ж.Ражабов. Kun.uz фотоси.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти Ургут туман суди Қарши туман ИИБнинг собиқ бошлиғи Жаҳонгир Ражабовга икки йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Шунингдек, унга уч йил давомида корхоналар, муассасалар, ташкилотларда ва ички ишлар органлари тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш тақиқланди, деб хабар беради Газета.uz.

Жаҳонгир Ражабов Ўзбекистон Жиноят кодексининг ЖКнинг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди.

У 2015 йил апрелидан 2018 йил 24 июлига қадар Қарши туман ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган. Суд ҳукмида қайд этилишича, Жаҳонгир Ражабов Қарши туманида 3-сектор раҳбари сифатида комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун масъул бўлган ва 12 июнь куни ҳокимият биносида давлатга ғалла топшириш режасини бажармаган фермерларга қўл кўтарган.

Жумладан, у жамоа олдида уч нафар фермер хўжаликлари раислари – А. Назаров, Б. Тўраев ва Б. Тошевни ҳақоратлаб, юз қисмларига қўллари билан уради.

Бундан ташқари, 17 июнь куни Жаҳонгир Ражабов Ҳ.Жумаева бошқариб келадиган фермер хўжалиги дала шийпонида фермер хўжаликлари раҳбарларини йиғиб, режани бажармаган фермер хўжаликлари раҳбарлари А.Назаров, Р.Хўжақулов, Б.Тураев, Ш. Бабанов, С.Зайиров ва Б.Тошевни ғалла режасини бажармаётгани сабабли қасддан юз қисмларига қўллари билан уриб, оёқлари билан тепиб, ҳақорат қилган.

24 июнь куни фермерлар А. Назаров, Р. Хўжақулов, А. Қоржовов, М. Тошев ва И. Остоновга нисбатан юқоридаги каби ноқонуний ҳаракатларини такрорлайди.

Бундан ташқари, 12 май куни Қарши туманида Жаҳонгир Ражабов ундан сув етказиб беришда кўмаклашишни сўраган фермер хўжалиги раиси Н. Кенжаеванинг юзига бир неча марта уради.

Судланувчи ўз айбларини тўлиқ тан олди ва содир этган қилмишида афсусда эканини таъкидлади, жабрланганларга товон пули тўлашга тайёр эканини маълум қилди. Бунда фермерларга «ўз манфаатлари учун» қўл кўтармаганини ҳам қайд этиб ўтди.

Жаҳонгир Ражабовга нисбатан икки йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди, у Қарши туманидаги Манғит қишлоғида жазони ўтайди.

2018-11-29 17:36:22  |  2372 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация