«Zeromax»нинг собиқ раҳбари Миродил Жалолов озодликка чиқди



 
  Расм манбаси : Ozodlik.org

У халқ орасида «Одилбой» номи билан машҳур бўлиб, Гулнора Каримованинг энг яқин одамларидан бири деб ҳисобланарди

«Zeromax» компаниясининг собиқ ижрочи директори Миродил Жалоловга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, у гаров эвазига озод қилинган. Бу ҳақда бугун, 9 январь куни дастлаб “Озодлик” радиоси, кейинроқ «Газета.uz» нашри хабар берди.

«Айни вақтда Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва бошқа моддалари бўйича айблов эълон қилинган Миродил Жалоловга нисбатан жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», – дея қайд этган нашр суҳбатдоши.

Маълум қилинишича, 8 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди эҳтиёт чорасига ўзгартиш киритган.

Суд Миродил Жалоловни ЖКнинг 167-модда 3 қисм «а» банди (кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 228-модда 2-қисм «а» ва «б» бандлари (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб) ҳамда 228-модда 3-қисми (ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш) бўйича айбдор деб топди.

Суд қарори билан судланувчига 17,687 млн сўм миқдорида жарима жазоси қўлланилди.

Миродил Жалолов, айрим маълумотларга кўра, 2010 йилда ҳибсга олинган. 2017 йил февралда эса унга оид жиноят иши кўриб чиқилган.

Швейцарияда рўйхатга олинган «Zeromax GmbH» компанияси Ўзбекистонда 2005 йилда ўз фаолиятини бошлаган эди. Компания Ўзбекистон иқтисодиётининг кенг жабҳалари, жумладан озиқ-овқат, тўқимачилик ва пахта саноати, энергетика ва спорт соҳаларида фаолият юритди.

Шунингдек, у халқ орасида «Одилбой» номи билан ва «Бунёдкор» клубида катта трансферлар амалга оширгани билан ҳам танилганди.

2010 йил октябрида «Zeromax» банкротлик тўғрисида расман эълон қилди ва компания активлари давлат фойдасига мусодара қилинди.

2019-01-09 16:18:01  |  2607 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация