Медиация жараёнини бошлаш тўғрисида келишув имзоланганда даъво муддати ўтиши тўхтатилади
Фуқаролик даъволари муддати ўтишининг тўхтатилиши шартларига медиацияга оид банд ҳам киритилди
Ўзбекистонда медиация тартиб-таомилларини ўтказиш тўғрисида келишув имзоланиши даъво муддатининг ўтиши тўхтатиб туриладиган ҳоллар (Фуқаролик кодекси 156-моддаси) сирасига киритилди.
Бу Ўзбекистон Республикаси Президенти 2019 йил 20 март куни имзолаган “Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда кўзда тутилган.
Фуқаролик кодексининг 156-моддасига мувофиқ, даъво муддатининг ўтиши қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:
1) агар даъво қўзғатилиши учун муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган фавқулодда ҳодиса (енгиб бўлмас куч) тўсқинлик қилган бўлса;
2) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати мажбуриятларни бажаришни кечиктирганлиги (мораторий) туфайли;
3) агар даъвогар ёки жавобгар ҳарбий ҳолатга ўтказилган Қуролли Кучлар, чегара қўшинлари ва ички қўшинлар таркибида бўлса;
4) агар муомалага лаёқатсиз шахснинг қонуний вакиллари бўлмаса;
5) тегишли муносабатни тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг амал қилиши тўхтатилган бўлса;
6) медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида келишув тузилган тақдирда.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш