Солиқ кодекси лойиҳаси: адвокатурани солиққа тортишнинг амалдаги тартиби қолдирилган
Қонунчилик палатасидан олинган илк маълумотимиз тасдиқланмади. Аввалроқ таклиф қилинган қоидалар Сенат муҳокамасига киритишдан олдин лойиҳадан чиқариб ташланибди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қабул қилган Солиқ кодекси янги таҳрирининг адвокатурага оид қисми – аввалроқ, жамоатчилик муҳокамасига қўйилган лойиҳада таклиф қилинган кўринишда қолдирилганлиги ҳақидаги маълумотимиз тасдиқланмади.
Бир неча манбадан аниқлашимизча, узоқ тортишувлардан сўнг адвокатлик тузилмаларига солиқ солишда ҳозирда амалда бўлган тартиб-қоидалар қарийб сақлаб қолингани маълум бўлди. Энг муҳими, адвокатлик фирмалари ва бюроларини тадбиркорлик субъектларига тенг мақомда солиққа тортиш таклифи Қонунчилик палатаси қабул қилган лойиҳада йўқ экан.
Тузилмалар (ташкилий шаклидан қатъи назар) нотижорат ташкилотлари сифатида фаолиятнинг адвокатлар томонидан юридик ёрдам (хизмат) кўрсатиш билан боғлиқ қисми бўйича солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлашдан озод этилган бўлиб, бундан божхона тўловлари, ижтимоий солиқ, автотранспорт йиғими ҳамда тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган солиқларгина мустасно.
Эслатиб ўтамиз, янги Солиқ кодекси лойиҳаси 14 декабрь куни чақирилган Олий Мажлис Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган.
Таҳририятдан. Хабарнинг тасдиқланмаслиги уни эълон қилган оммавий ахборот воситасига обрў келтирмайди одатда. Аммо биз бундан хафа бўлмадик. Аксинча, енгил тин олдик. Зеро, мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида адвокатуранинг қаддини кўтаришга, соҳага янги ва ёш кадрларни жалб қилишга астойдил ҳаракат қилинаётган, бу йўлдаги маъмурий тўсиқлар катта қийинчилик билан бартараф этилаётган пайтда ислоҳотлар табиатига зид янги бир ғовнинг пайдо бўлмаслиги ҳаммасидан муҳимроқдир.
Шундай экан, барча адвокатларни дастлабки ғалаба билан табриклаймиз. Ва Кодекснинг адвокатурага дахлдор бандлари Сенат муҳокамаларида соҳа зарарига ўзгартирилмайди, дея умид қилиб қоламиз.
1 изоҳлар
1.Адвокат Б.М.
Тушунганлар ва адолатли булганлар барака топишсин!
Изоҳ қолдириш