“МАСАЛА МОҲИЯТИ КЎР-КЎРОНА БУЗИБ ТАЛҚИН ҚИЛИНГАН”. Олий суд танқидларга қандай жавоб берди?



 
  Расм манбаси : Gazeta.uz

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманига уюштирилган пресс-турда Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоровнинг иштироки, аниқроғи, унинг масалага ижро ҳокимияти позициясидан ёндашуви жамоатчилик томонидан танқидий баҳолангани ҳақида ёзган эдик. Олий суд ижтимоий тармоқлардаги жиддий муҳокамаларга жавобан ўз баёнотини эълон қилди.

Баёнотдаги иддаолар асослими ёки асоссиз – ўқувчиларимиз ўзлари ҳукм қилсинлар деган мақсадда унинг матнни айнан келтиришга қарор қилдик. Олий суд баёнотига унинг танқидчиларининг муносабатини ҳам сайтимизда албатта ёритамиз. Бизни кузатиб боринг.

***

ОЛИЙ СУД БАЁНОТИ

Бир неча кундан буён Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига уюштирилган пресс-тур, ушбу тадбирга Олий суд раҳбариятининг иштироки, шунингдек, ноқонуний қурилишларга нисбатан кўрилаётган қонуний чора-тадбирлар ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди бу фикр-мулоҳазаларга ҳурмат билан ёндошган ҳолда суд тизими фаолияти хусусидаги айрим нохолис ва асоссиз фикрларга ойдинлик киритишни лозим топди.

Бундай асоссиз танқидлар баъзи ҳолларда одоб-ахлоқ меъёрларидан четга чиқиб, ҳатто жамиятнинг фаол аъзолари, хусусан, депутат мақомидаги инсонлар томонидан ҳам билдирилаётгани масалага шундай ёндошишни тақозо этади.

Аввало, шуни таъкидлаш керакки, Бўстонлиқ туманига уюштирилган пресс-тур ташкилотчиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди эмас. Айни тадбирдан кўзланган асосий мақсад аҳолига холис ва ҳаққоний ахборот етказиш, бу жараёнда ноқонуний қурилмаларни бузиш юзасидан Олий суд судьялари томонидан қабул қилинган суд қарорларига тушунтириш бериш бўлгани боис Олий суд раҳбарияти ташкилотчи-ишчи гуруҳининг, пресс-тур иштирокчилари бўлган журналист ва блогерларнинг қатъий талабига кўра, иштирок этиш ҳақидаги таклифни (янаям аниқроғи, хабарни) қабул қилди.

Қолаверса, суд ҳужжатларига тушунтириш бериш суднинг тўғридан-тўғри ваколатига киради. Шунга қарамай ҳуқуқий тушунтиришларни гўёки суд органи ижроия ҳокимиятига «адвокатлик қилиш» тариқасида талқин қилиб, бу ҳақда ижтимоий тармоқлар орқали бонг уриш, юмшоқ қилиб айтганда, масъулиятсизлик ва “оқ”ни “қора”  дейишдан бошқа нарса эмас.

Иккинчидан, Бўстонлиқдаги айрим қурилмаларни бузишга оид низолар ўша жойнинг ўзида, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилмоқда.

Аслида сайёр суд мажлислари томонларга қулайлик яратиш мақсадида ташкиллаштирилади. Бироқ ўтказилган сайёр суд мажлислари моҳиятини тўғри тушунмай, кенг жамоатчиликка судьяларни гўёки «ҳашарга келган шахс» сифатида талқин этишни бир томондан, ҳуқуқий саводсизлик, иккинчи томондан, суд обрўйига путур етказишга уриниш, деб баҳолаш мумкин.

Учинчидан, низоларни биринчи инстанцияда Олий суд томонидан кўриб чиқилаётгани – суд қарорларига нисбатан томонларнинг  шикоят бериш ҳуқуқини чекламайди ва бу пресс-тур жараёнида масъул шахслар томонидан алоҳида қайд этилган.

Ниҳоят, тўртинчидан, амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибга риоя қилмасдан эгаллаб олинган ер участкалари ва бажарилган қурилишларни бузишдан ўзгача тартиб белгиланмаган. Суд қарорлари асосида бузилиши белгиланган қурилмаларга оид ҳужжатлар қалбакилаштирилгани, бунинг ортидан ўнлаб шахсга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, бир қанча шахслар ҳибсга олингани инкор этиб бўлмайдиган фактдир.

Энг қизиқ томони шундаки, бевосита пресс-турда иштирок этган оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан эътироз билдирилаётгани йўқ.

Аксинча, ушбу тадбирда иштирок этмаган шахслар томонидан кўр-кўрона масала моҳияти нотўғри талқин қилинаётгани кишини таажжубга солади.

Яна бир гап, суд қарори билан бузилиши белгиланган иморатларнинг биронтаси одам яшаётган хонадон эмас, балки аксарияти қуриб биткизилмаган қурилмалар, битказилгани ҳам дала ҳовлиларни ташкил этади.

Ушбу қурилмалар қалбаки ҳужжатлар асосида 2019 йилнинг охирига келиб қуриб бошланганига шубҳа-гумон билан қараганлар “Сил касалликлари сиҳатгоҳи”га тегишли ерни талон-тарож қилинишига панжа орқасидан қараётган муассаса раҳбари ёки ўзи ҳам ўзбошимчалик билан уй қуриб олган маҳалла раисидан сўраб юрмасдан, жиноят иши ҳамда фуқаролик иши материаллари билан танишиб чиқишса, бинолар қачон қурилганини аниқ билмоқчи бўлганлар низоли ер майдонинининг интернет тармоғининг “google maps” тизими орқали аниқлаши мумкин (пресс-турда Олий суд раҳбарияти томонидан иштирокчиларга планшетда кўрсатилган йилма-йил маълумот).

Энг афсусланарли жиҳати шундаки, бавтафсил сўраб-суриштирмасдан, масалани ҳар томонлама ўрганмасдан кенг жамоатчиликка нотўғри ва нохолис маълумот берилаётгани ва уларда норозилик кайфиятини юзага келтирилаётганидадир.

Олий суд томонидан ушбу баёнотни беришдан мақсад кимлар биландир матбуотда тортишиш, баҳс-мунозарага киришиш эмас, балки ҳақиқий ҳолатни кўрсатишдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати

2020-07-07 17:10:26  |  1955 |   0  | 

3 изоҳлар

Июль 07, 2020  23:13

1.Ойбек Рахимов

Тизимни созлаш учун чириган мурувватларни алмаштириш керак. Ухшаш янгисига эмас/жиян, пиян, кариндош кондош дегандек/ сифатлисига, яьни уз билимига таяниб фикрини асослаб бера оладиганига...

Июль 07, 2020  17:49

2.Санжар

Хуллас "буюртма" топширилди, "буюртма" бажарилди! Саёр судда шундай мураккаб иш холисона, хар томонлама ва холисона кўриб чиқилиши мумкинми? Хужжатлар қалбаки эканлиги сайёр суд жараёнида экспертиза қилинганми? Шу сайёр судлар айнан Олий суд судьялари чиқиб, қарор чиқаргани, ушбу сайёр судлар кўз бўямачилик асосида ўтиб, масалага биратўла қалин нухта қўйиш мақсадида қилинганини далолатидир! Суд тизими қай ахволдалигини, мустақил эмаслиги, ушбу низо мисолида яна бир бор яққол намоён бўлди!

Бу ишларни бевосита Олий суд судьяларининг куриб чикаетганлиги ва Олий суд раиси уринбосарининг бундай баенот билан чикиши бу ишларга сиесий тус берилаетганлигини хамда бк ишларнинг ортида олий макомдаги мансабдорлар турганлигини англатади.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация