Маҳкумлар психологик ёрдам олиш, дам олиш ва таътилга чиқиш ҳуқуқларига эга бўлди
Жиноят-ижроия кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди
“Маҳкумларнинг ҳамда қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун Жиноят-ижроия кодексига қатор қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.
Жумладан, 9-модда (Маҳкумларнинг асосий ҳуқуқлари)га киритилган янги хатбошиларга кўра, маҳкумлар об-ҳаво шароити йўл қўйганда, ишдан бўш вақтда тоза ҳавода жисмоний машқлар билан шуғулланиш, жазони ижро этиш муассасасининг психологик хизмат кўрсатиш ходимлари томонидан кўрсатиладиган психологик ёрдамни олиш, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ хавфсиз меҳнат шароитига эга бўлиш, дам олиш, таътилга чиқиш ҳуқуқига эга бўлди.
Шунингдек, 84-модда (Маҳкумларнинг яшаш жойи)нинг биринчи қисми янги таҳрирда қабул қилинди. Унга кўра, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар яшайдиган умумий турар жойлар, хоналар ёки камералар белгиланган тартибда тасдиқланган санитария-гигиена ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларига мос келиши керак.
Қонун “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган ва 15 мартдан кучга кирди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш