Самарқандда учрашув: Янги Конституцияда акс этажак адвокатурага оид нормалар муҳокама қилинди



 
  Расм манбаси : 

Жорий йилнинг 11 март куни Адвокатлар палатасининг Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасида вилоят суди раиси ўринбосари Шуҳрат Мамадиёров, вилоят Адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Мақсуд Қурбонов, шунингдек Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Услубий-маслаҳат кенгаши раиси Баҳром Саломов ҳамда “Аdvokat” журнали бош муҳаррири Ойбек Мўминовнинг маҳаллий адвокатлар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Палатанинг Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Тоҳир Қодиров тадбирни очиб, ислоҳотлар даврида жойларда адвокатлар билан мунтазам мулоқотлар ташкил қилиб, улар билан соҳадаги аҳвол, ўзгаришлар, суд-ҳуқуқ идоралари фаолияти билан боғлиқ ҳал этилган ва янги пайдо бўлаётган муаммолар, қолаверса, жорий этилаётган янги қонун-қоидалар ҳақида фикрлашиш жуда муҳимлигини, зеро, бу ислоҳотларнинг самарасини баҳолаш баробарида соҳа ривожи учун зарур кейинги қадамларни белгилаб олиш имконини беришини таъкидлади.

Самарқанд вилоят суди раиси ўринбосари Шуҳрат Мамадиёров ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуришда адвокатура институтининг роли жуда муҳимлигини айтиб, шу боис ҳам мамлакатимизда сўнгги тўрт-беш йилдан бери олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларида адвокатурага кенг ўрин берилганини урғулади.

“Адвокатларнинг ваколатлари кенгайтирилаётганлиги, янги Конституциямизда адвокатурага бағишланган алоҳида боб бўлиши назарда тутилаётганлиги Ўзбекистон ҳукумати ушбу соҳанинг аҳамиятини теран англаганидан далолат беради, – деди, жумладан, маърузачи. – Адвокатуранинг мустақиллиги, одил судлов тизимидаги процессуал мақоми Асосий қонунимизда белгиланмоқда. Бу, алалоқибат, давлат органлари ва мансабдор шахслар тарафидан адвокатлар фаолиятига ноқонуний аралашувлар бўлишининг олдини олиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишига хизмат қилади”.

Вилоят Адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари М.Қурбонов ҳам ўз нутқида конституциявий ислоҳотлар ҳақида фикр юритиб, адвокатура институтининг мустақиллиги ва унинг фаолиятига доир муҳим тамойиллар конституцияда акс этишини “буюк ғалаба” деб ҳисоблашини айтди.

“Адвокатуранинг ташкилий-институционал мустақиллиги Асосий қонун билан белгиланиб, мутлақ давлат муҳофазасига олинмоқда. Бу адвокатуранинг фуқаролик жамияти институти сифатидаги макоми конституциявий даражада эътироф этилганини англатади”, деди М.Қурбонов.

Палата ҳузуридаги Услубий-маслаҳат кенгаши раиси Баҳром Саломов мамлакатимиз адвокатурасининг ўтмиши ва бугуни, ўзгаришлар, хусусан, сўнгги 4-5 йилдан бери олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида ўз фикрларини билдирди, соҳани ривожлантириш учун қабул қилинган қонун ҳужжатларини санаб ўтиб, уларнинг долзарблигини қайд этаркан, ислоҳотлар тўғри йўналишда давом этаётганини таъкидлади.

Маърузачи ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сон фармонининг мазмун-моҳияти, хусусан, Прокурорлар корпусини ташкил қилишдан кўзланган мақсад ва кутилаётган натижалар ҳақида ҳам сўзлаб берди. Шунингдек, янги Конституцияга киритилаётган адвокатурага доир махсус боб, ундаги нормаларга алоҳида тўхталиб, ҳар бирининг аҳамияти ва кутилаётган самараси хусусида ўз мулоҳазаларини баён қилди.

Учрашув якунида Баҳром Саломов адвокатларнинг конституциявий ислоҳот, янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси ва уларни амалиётда қўллаш билан боғлиқ қатор саволларига жавоб берди.

“Аdvokat” журнали бош муҳаррири Ойбек Мўминов эса адвокатларни соҳа ривожи йўлида фаол бўлишга чақириб, таҳририят адвокатларга амалиётда учраётган муаммолар, уларнинг ечимлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириш учун минбар беришга ҳамиша тайёрлигини билдирди.

Ўз мухбиримиз.

2023-03-14 15:51:16  |  1418 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация