ЮРИДИК КЛИНИКА: ТАЛАБАЛАР УЧУН АМАЛИЁТ, ЖАМИЯТ УЧУН ЁРДАМ



 
  Расм манбаси : 

АДВОКАТУРАМИЗ ИСТИҚБОЛЛАРИ

 

ТАҲРИРИЯТДАН: Мазкур мақолада юридик клиникалар ҳуқуқий ёрдамга муҳтож жамият аъзоларига хизмат кўрсатиш орқали ижтимоий адолатни таъминлаши, талабалар клиникада ҳуқуқий муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қилишлари, мулоқот қилиш ва амалий қарорлар қабул қилиниши, саволар бўйича ташкил этилган бўлимлар, таълим ва тажриба, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳуқуқий маслаҳатлар, про боно, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, рақамли технологияларни жорий этиш каби фикрлар илгари сурилган.

 

 

Камолиддин Ёриев Оқилжон ўғли,

 ТДЮУ жиноий одил судлов факультети

2-босқич талабаси

 

ЮРИДИК КЛИНИКА: ТАЛАБАЛАР УЧУН АМАЛИЁТ, ЖАМИЯТ УЧУН ЁРДАМ

 

Юридик клиника – бу ҳуқуқ мактаблари томонидан талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш ҳамда аҳолининг юридик ёрдамга муҳтож қисмига бепул юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этиладиган про боно тамойили асосида фаолият кўрсатувчи кўнгилли талабалар ташкилотидир. Маълумот сифатида шуни айтиб ўтиш жоизки, про боно тизими бу ҳуқуқий ёки бошқа хизматларни бепул ёки белгиланган нархсиз тақдим этиш амалиётини англатади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида ҳам айнан шу тизим доирасида ногиронлиги бор шахсларга ёрдам бериш назарда тутилади. Лўнда қилиб айтадган бўлсак, адвокатлар ёки юридик мутахассислар мижозларга, айниқса моддий ёки жисмоний имконияти чекланган фуқароларга ижтимоий аҳамиятга молик масалалар юзасидан хизматларни бепул ёки минимал тўлов эвазига тақдим этишига – про боно дейилади. Юридик клиника нафақат жамиятимизнинг ҳар бир фуқаросига, балки клиникада фаолият кўрсатадиган талабалар учун ҳам  фойдали ҳисобланади.

Маълумки юридик клиникалар университетлар ва юридик факультетлар томонидан ташкил этилади. Уларнинг асосий вазифаси эса талабаларни юридик соҳадаги амалий фаолиятга тайёрлаш, ҳуқуқий масалаларни ҳал қилишда амалий тажрибаларни ўргатиб боришдир. Юридик клиникалар орқали талабалар ҳуқуқий назарияни ўрганибгина қолмай, балки кундалик ҳаётдаги долзарб ҳуқуқий муаммоларни ҳам ҳал қилишда ўз билим салоҳиятларини ишга солган ҳолда иштирок этади. Бу амалиётлар уларнинг юридик билимларини мустаҳкамлаш ва уларни ижтимоий ва профессионал жиҳатдан ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, университет талабаларининг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш, талабаларда амалий кўникмаларни ривожлантириш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга беғараз юридик маслаҳатлар кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириши мақсад қилинган. Клиникаларда ишлаш жараёнида талабалар, шунингдек, мижозлар билан мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини тинглаш ва тўғри ҳуқуқий ечимлар таклиф қилиш кўникмаларини ривожлантириб боради.

Юридик клиника томонидан кўрсатиладиган хизматлар фуқароларга  ва амалиётчи талабаларга фойдаси тегиши билан биргаликда жамиятга ҳам катта фойда келтиради. Талабалар томонидан тақдим этиладиган ҳуқуқий хизматлар, асосан, моддий ва жисмоний имкониятлари чекланган ёки ҳуқуқий ёрдамга муҳтож шахсларга қаратилган. Масалан, ўтган йиллар мобайнида кўп сонли мурожаат қилувчилар ёки юристлар тили билан айтганда, «ишонувчилар»га кўмак кўрсатилди. Бу ерга мурожаат қилувчиларнинг асосий қисми аҳолининг заиф қатламлари, пенсионерлар, жисмоний имконияти чекланганлар, кам таъминланган ва кўп фарзандли оилалар вакилларидан иборат. Шу маънода, юридик клиникалар нафақат талабаларни соҳага тайёрлайди, балки жамиятнинг кам таъминланган қатламларига ҳуқуқий ёрдам тақдим этишлари орқали ижтимоий адолатни таъминлашга ҳам бевосита хизмат қилади. Амалиётчи талабада бу ерда ўз билимларини кенгайтириш имконияти мавжуд бўлиб, бу, профессор ўқитувчилар томонидан турли мавзуларда ташкил этиладиган тренинг машғулотларида иштирок этиш орқали амалга оширилади.

Клиникага келадиган Юридик саволлар турли соҳаларга тааллуқли. Клиникамизда  бу турли саволларни ҳал қилиш учун алоҳида бўлимлар ташкил этилган ва  ҳар бир бўлим ўзига хос муаммоларни кўриб чиқади ва ўзининг юридик ёрдамини тақдим этади. Саволлар клиниканинг ижтимоий тармоқларда ташкил этилган ботларига ва сайтларига йўлланади ва у ерда фаолият кўрсатадиган модераторларимиз саволларнинг тегишлилик хусусиятига кўра: Фуқаролик, Меҳнат, Оила, Маъмурий, Жиноят ҳуқуқи бўлими ва бошқа масалалар бўлимларига йўналтиришади ва амалиётчи талабалар томонидан 72 соат ичида жавоблар тайёрланиб, профессор ўқитувчилар томонидан текширилиб берилгандан сўнггина telegram ижтимоий тармоғида @Yuridik_klinika_bot орқали ёки tsulclinic.uz сайти орқали мурожаатчининг ҳуқуқий тусдаги саволларига жавоб  берилади.

Қўшимча қилиб шуни айтиб ўтиш мумкинки, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Республикамизнинг олис ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари Юридик клиниканинг tsulclinic.uz сайти орқали видео мурожаат тариқасида ўз масаласи юзасидан мурожаат этишлари ёки соҳанинг бўлажак мутахассислари билан боғланиб ўз  масалаларини юзма-юз, яъни онлайн маслаҳатлашиб олишлари ҳам  мумкин. Бу фуқароларга катта қулайликлар яратади, яъни уларнинг ҳар қандай ҳудуддан ва исталган вақтдаги мурожаатига ечим топиш учун қулай имкониятдир. Онлайн хизматлар орқали мурожаатчилар ўз манзилларидан чиқмай туриб, барча саволларини ёки муаммоларини сайт ёки телеграм бот орқали юборишлари мумкин. Бу айниқса, узоқ туманларда ёки шаҳарларда яшовчи фуқаролар учун жуда қулай, чунки юридик маслаҳат олиш мақсадида узоқ масофаларни босиб ўтишларига ҳожат қолмайди.

Клиника бугунги кунда дунёдаги етакчи таълим ва илмий муассасалар, халқаро ташкилотлар ва юридик клиникалар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Улар орасида Қирғизистон Республикаси Юридик клиникалар ассоцацияси, Евроосиё фонди, БМТ тараққиёт дастури USAID, АҚШнинг Street Law Inc. Компанияси, БМТнинг наркотик моддалар ва жиноятчилик назорати бўйича офиси UNODC, БМТнинг ривожланиш дастури UNDP ва АҚШнинг New York Cyracuse университетлари бор. 

Шунингдек, Юридик клиника фаолиятида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, «Interlex» адвокатлик фирмаси, Ўзбекистон Республикаси Волонтёрлар ассоциацияси, «Yuksalish» умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси, «Mehr koʻzda» нодавлат-нотижорат ташкилоти, Тошкент шаҳар «Sharoit plyus» ногиронлар жамоат бирлашмаси нодавлат-нотижорат ташкилоти ҳамда «Madad» нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан кенг ҳамкорликни йўлга қўйган. Шунингдек, «Dunyo boʻylab» телеканали, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси, «Este Prime» «Verum Law firm», «Sentil Law» адвокатлик фирмалари, «ADVOKAT press» газетаси ва «ADVOKAT» журнали билан ҳамкорликда фаолият юритади. Бу ҳамкорликлар клиника фаолияти тараққиётига кўплаб қулайликларни яратмоқда.

Юридик клиника ижтимоий, давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда жамиятдаги турли муаммоларни ҳал қилишда муҳим роль ўйнайди. Жумладан, аҳоли саломатлиги, таълим ёки инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда ҳамкорликда ишлаш ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради. Мазкур ташкилотлар билан ҳамкорлиги орқали кенг масштабли юридик ёрдам тармоғини яратиш ва ҳуқуқий маслаҳатларни кўпроқ одамларга тақдим этишга имкон яратади.

«Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш – устувор вазифа» шиори остида Юридик клиника талабалари, профессор ўқитувчилар билан биргаликда тарғибот тадбирлари, сайёр қабуллар ташкил этилмоқда. Бу борадаги лойиҳалар:

– Street law лойиҳаси

– «ЭНГ ФАОЛ КЛИНЦИСТ» кўрик танлови

– «Қонунчиликдаги янгиликлар» 

– Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш  

– Онлайн мурожаатлар билан ишлаш 

Мурожаатлар ва сайёр қабуллар таҳлили асосида энг долзарб ҳуқуқий масалалар бўйича серияли кичик ҳажмли оммабоп амалий қўлланмалар тайёрлаш ишлари йўлга қўйилган.

Бугунги кунда мамлакатмиздаги юридик клиникалар Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида, Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Андижон ва Самарқанд вилоятларида фаолият юритмоқда. Шунингдек, хорижда АҚШ, Канада, Австралия, Буюк Британия, Ҳиндистон ва Африканинг бир неча давлатларида кенг тарқалиб, оммалашиб бораётган фаолият турларидан бири ва асосийси ҳисобланади. Мисол тариқасида Торонто университети юридик факультетининг Юридик клиникаси (Канада), жаҳоннинг Топ–1000 университетлари рўйхатида 18-ўринда туради. Торонто университети юридик факультетидаги Юридик клиника аҳолига ҳуқуқий хизматлар кўрсатибгина қолмай, шу билан бирга талабаларга ҳам илғор амалий клиник таълим тажрибаларини ўргатиб бормоқда. Ёхуд Universidad Pontificia Comillas университети Юридик килиникаси (Испания), дунёнинг Топ–1000 университетлари рўйхатида 651-ўринда туради. Ушбу университетда ташкил этилган Юридик клиника талабаларнинг аниқ амалий машғулотларини уларнинг ижтимоий мажбуриятлари билан боғлаш, ўқиш давомида олган билимларини қўллаш ва тўлдириб бориш, кўникмаларга эга бўлишга кўмаклашиш ва фуқароларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида фаолият юритади.

Айнан бизнинг Юридик клиникамиз АҚШда дастлабки ташкил этилган клиникалар дастури асосида бунёд этилган. АҚШда фаолият юритадиган юридик клиникалар қулайлиги ва фаолият кўрсатиши нуқтаи назаридан халқчиллик позициясига эга. Яъни, АҚШ университетларидаги юридик клиникалар жуда кенг қамровли ва турли соҳаларга ихтисослашган, жумладан, жиноят ҳуқуқи, фуқаролик, муҳожирлик, инсон ҳуқуқлари, экология ва бошқа тармоқларни ўз ичига қамраб олган. Талабалар ушбу соҳаларда чуқур амалий тажриба касб қилишлари мумкин. Юридик клиникалар ижтимоий жиҳатдан муҳтож бўлганлар (паст даромадли оилалар, миграция муаммолари билан юзлашаётган шахслар)га бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатади. АҚШда юридик клиникалар кўпинча тажрибали юридик мутахассислар, профессорлар ва адвокатлар томонидан бошқарилади, бу эса талабалар учун мукаммал билим ва тажрибали ўқитувчиларни тақдим этади.

Шунингдек мазкур юридик клиникаларда талабалар учун ҳар бир соҳада ўз амалий ва назарий кўникмаларини синовдан ўтказиш имкониятлари яратилган. «Талабалар фестивали» доирасида ташкил этиладиган юридик клиниканинг бир неча танловлари мавжуд. Жумладан: «Энг яхши фуқаро қабул қилувчи талаба», «Энг кўп ҳуқуқий пост ёзган талаба», «Энг яхши ҳуқуқий видеоролик», «Ҳуқуқий заковат» интеллектуал ўйини, «Юридик клиниканинг энг фаол талабаси» танловларидир. Танловлар талабаларни ўз билим ва кўникмаларини ривожлантиришга ундайди.

Юридик клиникаларда ишлаб чиқилган ҳуқуқий маслаҳатлар ва хизматлар жамиятда ҳуқуқий саводхонликни оширади, бу эса жамиятнинг адолатли бўлишини таъминлайди.

Юридик клиникамизда олиб бориладиган энг муҳим ишлардан яна бири бу – жамиятдаги энг долзарб мавзулар талабалар томонидан олиб чиқилиб, ижтимоий тармоқларга қўйилиши бўлмоқда. Бу билан биз нимага эришишимиз мумкин? Юридик клиникада видеороликларни яратиш ва жамиятдаги муаммолар ҳақида оммага тақдим этиш жуда самарали восита, чунки бу нафақат талабалар учун амалий тажриба ва билимларини оширишга амалий ёрдам беради, балки кенг жамоатчиликни ҳуқуқий муаммолар, ижтимоий адолат ва бошқа масалалар ҳақида хабардор қилади. Клиникада яратилган видеороликлар, биринчи навбатда, жамиятга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда муҳим роль ўйнайди, чунки улар фуқароларга ўз ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилишлари ва юридик масалаларни ҳал қилишда қандай йўл тутиш зарурлигини тушунтиради.

Шунингдек, видеороликлар орқали ижтимоий муаммолар, масалан, гендер тенглиги, оила зўравонлиги, чет эл фуқароларининг ҳуқуқлари ёки экологик муаммолар ҳақида маълумот бериш мумкин, бу жамиятни юқорида саналган масалалар тўғрсида хабардор қилади ва уларни ҳал этишда юридик ёндошувларини таклиф этади. Бу видеороликлар, шунингдек, жамоатчиликка ижтимоий адолатни таъминлашда, дискриминацияга қарши курашишда ва ижтимоий ёрдамга муҳтож гуруҳларга ёрдам беришда қандай ҳуқуқий воситалар мавжудлигини кўрсатади.

Бугунги кунда Юридик клиника фаолиятини келгусида янада ривожлантириш мақсадида хорижий давлатларда ташкил этилган клиникалар (Россия, Қозоғистон, АҚШ, Туркия) билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб турли масалалар юзасидан маълумот алмашинуви кутилмоқда. Юридик клиниканинг фаолиятини мунтазам равишда баҳолаб, йирик амалиётлар ва юридик хизматларда юзага келаётган камчиликларни бартараф этиш лозимлигини англаган ҳолда клиника раҳбарияти ва мутахассис услубчилари томонидан семинар-тренинглар ўтказилиши ҳақидаги фикрлар илгари сурилмоқда ва яқинда ушбу таҳлилий тренинг машғулотлари ҳам старт олади. Юридик клиника турли ижтимоий гуруҳлар ва ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини олдинга сурмоқда. Бу ўз ичига кўнгилли ташкилотлар, экологик ёки инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишни олиши мумкин. Бундай ҳамкорликлар жамият учун кўпроқ ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш имкониятини яратади.

Бугунги кунда Юридик клиниканинг фаолиятини янада яхшилаш учун бир неча чора-тадбирларни амалга ошириш керак деб ўйлайман. Жумладан, ривожланиб бораётган дунёда ахборот уриши кетмоқда. Айнан шу даврда инсонларнинг эътиборини жалб қила олиш, ҳар бир давлат органи ва ташкилотининг муаммоси ҳисобланади, қайсики унинг фаолияти ва даромади фуқарога боғлиқ бўлса. Шуларни ҳисобга олган ҳолда Юридик клиника ҳақида Республиканинг ҳар бир гўшасида истиқомат қиладиган фуқаролар билиши керак. Бунинг учун клиника томонидан яратилган платформаларни такомиллаштириш, реклама агентликлари ва энг муҳими ойнаи жаҳон билан ҳамкорликда Юридик клиника тарғиботи ва ташвиқотига доир амалий ишлар олиб борилиши керак. Шу орқали биз нафақат Республиканинг барча ҳудудларидаги аҳоли билан, балки чет элдаги фуқароларимиз билан ҳам кенг қамровли ишлаш имкониятига эга бўламиз. Шунингдек, профессор ўқитувчилар, тажрибали адвокатлар билан биргаликда фуқаролар ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадида семинар-тренинг машғулотларини мунтазам ташкил қилиш. Кейинги ўринда Юридик клиникага келадиган масалалар баъзида бир-бирига ўхшайди. Бундан келиб чиқиб хулоса қилишимиз мумкинки, Клиниканинг сайти ва телеграм ботларида фуқаролар ўз масалалари ҳақида ёзганда агар аввал шу масалада иш кўрилган бўлса қандай чора кўрилгани тўғрисидаги хабарларни жойлаштириб бориши (албатта олдинги мурожаатчининг шахсга доир маълумотлари сир сақланган ҳолда), бу орқали фуқаро овора бўлиб Клиникага келмайди, вақти тежалади. Агар зарурат бўлса, ариза ёзишга тўғри келган вазиятда керакли ҳужжатлар қисмини танлаган ҳолда бот ва сайтга маълумотларини жойлаштирса, тўғридан-тўғри Клиника ходимлари томонидан ариза ёзиб бериш имконияти вужудга келади. Қўшимча қилиб клиника қоидаларига киритилиб ўтиладиган яна бир масала талабалар томонидан бепул юридик хизматлар тақдим этилганда, фуқароларга ушбу хизматнинг қандай қийматга эга эканлигини тушунтириш ҳам муҳим. Масалан, Юридик клиника фуқаролар учун хизматлар кўрсатишда юқори малакали юридик мутахассис профессор ўқитувчилар томонидан вақтини сарфлашни англатади. Хизматнинг қийматини тушунтириш орқали, фуқаролар  унга нисбатан масъулият билан ёндошишади. Юқоридаги таклифларни амалга ошириш орқали Юридик клиника ҳар томонлама профессионал хизмат кўрсатадиган ижтимоий ҳимоя  марказига айланиши мумкин.

 

2024-02-28 16:40:24  |  1992 |   0  | 

3 изоҳлар

Октябрь 18, 2024  06:47

1.Илхом

Мен ишга тиклаш буйича фукаролик судига даъво ариза килгандим судга жавобгарлар 3мартадан бери келмаябди улар судга келмаса уларсиз хам суд ишни курадими

Феврал 29, 2024  19:32

2.Фарход Мирахмедов

Узи шу конун кабул килиниш жараёнида мен Тошкент шахар Адлия бошкармасида утказилган музокарада катнашган эдим. Ушадаёк мен ушбу конун лойихасини тайёрлаган ташаббус гурухининг олдига куйган максади битта эканлигини - яъни бюджет пулини иктисод килиш учун кабул килинаётганини таъкидлаган эдим. Сабаби, уша конунда факати ижтимоий химояга мухтож фукароларга юридик хизмат курсатилиши белгиланганлиги, менда катта таажжуб уйготган эди. Вахоланки уша пайтда хали янги тахрирдаги Конституция кабул килинмаган эди, мен ушбу конун Конституцияга зид эканлигини, Конституциямизда хар бир шахс химояга хукуки бор эканлиги ёзилган деб айтган эдим. Афсуслар булсинки, янги Конституциямизда шу хакда моддага узгартириш киритилиб, конунда белгиланган тартибда деган сузлар кушилган, яъни энди бепул юридик хизмат тугрисидаги Конституцияга зидлик йукотилган. Шу сабабли мен юзага келаётган вазиятга хеч хам хайрон булмаяпман, чунки хозирги кунда давлатимиз арбоблари узларига куйган энг олий максадлари, хар хил ислохотлар натижасида давлат бюджетини иктисод килиш. Бу иктисод натижасида инсон хукуклари поймол булиши эса, улар учун унинчи масалага айлантирилган. Афсус, лекин бу асосий трендга айланган.

Феврал 28, 2024  17:16

3.Зохиджон

Терговгоид саволим бор Ердамингиз керак 83 2б буйича



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация