Кемтик адолат



 
  Расм манбаси : Еспресо.TV

Ёки оқланган шахслар реабилитациясига доир оғриқли муаммонинг илдизи қаерда?

Туҳмат билан 16 йилга қамалиб, оқловга қадар уйига қайтиш бахтига эриша олмаган марҳумнинг меросхўрлари ноҳақ ҳукм туфайли кўрган моддий зарарларини талаб қилаяпти, аммо суднинг бу зарарни «ҳисоблаш усули» уларга малол келмоқда...

Сурхондарё вилоятининг Узун туманида яшаб, ишлаб келган, 2008 йилда «буюртма» билан қорадорифурушликда айбланиб 16 йилга «кесилган» (тафсилотларига ҳали тўхталамиз) ва маҳкумликнинг олтинчи йилида, 62 ёшида вафот этган фермер Азамат Ҳасанов, жуда кеч бўлса-да, оқланди. Оқланишга оқланди, аммо, афсуски, тўла реабилитация қилинди дея олмаймиз. Зеро, реабилитация «ноқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортилган, ёки мулкий ҳамда бош­қа қонуний манфаатлари чекланган шахснинг оқланиши ва унга келтирилган моддий ва маънавий зарарнинг қопланишини кўзда тутади» (Конституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат. Масъул муҳаррир ва муаллифлар жамоасининг раҳбари Б.Мустафоев – Тошкент: «Ўзбекистон нашриёти», 2006 йил).

Азамат Ҳасанов вафот этди, зарар энди қонунга биноан унинг меросхўрларига тўланиши керак. Шунга кўра Жиноят ишлари бўйича (ЖИБ) Сурхондарё вилоят суди 2018 йилнинг 18 мартида марҳум А.Ҳасановнинг тўнғич ўғли Ойбек Ҳасановнинг аризасига асосан етказилган моддий зарарни қоплаш масаласини кўриб, ажрим чиқарди. Аммо суд аризада кўрсатилган тўққиз банддан иборат зарарлар рўйхатидан фақат биттасини тан олди – марҳумнинг ўзи раис бўлган «Азамат» фермер хўжалигидан ололмай қолган ойлик иш ҳақини у ҳибсга олинганидан (2007 йил 3 ноябрь) то вафотига (2013 йил 21 май) қадар бўлган давр учун ҳисоблади. Аниқроғи, ойлик маош суммасини 2007 йилги (565 минг сўм) ҳолича (гўё шу 12 йил давомида Ўзбекистонда умуман инфляция бўлмаган, иш ҳақлари ошмагандек!) ойларга кўпайтириб ҳисоблаб, жами 37 млн 855 минг сўм ундириш тўғрисида ажрим чиқарди. Бу эса сўралаётган зарар миқдорининг ўндан бири ҳам эмас.

Фермернинг қамалиши...

Келинг, тушунарлироқ бўлиши учун шу ерда озгина тарихга қайтайлик. Биз юқорида тилга олган марҳум, суд-ҳуқуқ тизимининг хатоси (афсуски, бу сўз ҳамиша кичик ҳарфларда ёзилади, гарчи оқибати қанчалик катта бўлса ҳам...) туфайли ҳаётининг сўнгги кунларини оиласи даврасида ўтказа олмаган Азамат Турсуналиевич Ҳасанов ўша пайтларда Сурхон воҳасида номи чиққан омилкору миришкор фермер ва шунга яраша бадавлат одам эди. 2002 йилда собиқ «колхоз»нинг ташландиқ фермаси ўрнида «Азамат» фермер хўжалигини ташкил этиб, ғалла ва пахта эккан, чорва боққан. Деҳқончиликда катта ютуқларга эришган. Хусусан, 2007 йилда Узун тумани бўйича давлатга ҳаммадан кўп – 170 тонна (40 гектар ердан) пахта топширган. Тадбиркорлиги соясида бойиган, бақувват хўжалик ташкил қилган. Фермер хўжалигининг молиявий фаровонлигини қуйидаги рақамлар ҳам тасдиқлайди: 2006-2007 йилларда унинг соф фойдаси 61 миллион сўмдан ортиқ бўлган экан, биргина 2007 йил учун бюджетга 57 миллион сўмдан ортиқ солиқ тўлаган. Бундан ташқари, Азамат Ҳасанов 1990-йиллар ўрталарида кимошди савдосида 2 гек­тар ер сотиб олиб барпо этган узумзоридан ҳам ҳар мавсумда 120 тоннагача ҳосил кўтарган.

Таниган-билганлар уни «бойлигига яраша қўли очиқ, саховатпеша одам эди» деб таърифлашади. Маҳалладаги 1500 ўқувчили мактабни оталиққа, болалар боғчасини ҳомийликка олганди, муҳтож, қўли калта хонадонлардан ёрдамини дариғ тутмаган (бу фактларни маҳалладошлар судга вакиллар юбориб тасдиқлашди ҳам). Хусусан, қамалиши арафасида ҳам А.Ҳасанов ўз ёнидан Узун тумани марказий шифохонасига ошхона қуриб бериш ташвиши билан юрган эди...

Аммо унинг бундай жўшқин фаолияти собиқ МХХнинг, Президент таъбири билан айтганда, «Сурхондарёни от ўйин қилиб ташлаган» машҳур амалдорлари «назарига тушиб қолди». Азамат Ҳасанов нафақат туман, балки бутун воҳада кўзга кўринаётган кунларнинг бирида уни МХХ вилоят бошқармасига чақиришади. Ўша пайтларда Бошқарманинг тергов бўлими бошлиғи ўринбосари билан Азамат Ҳасанов ўртасида қанақа суҳбат кечганию, фермерда унинг нима хусумати бўлгани номаълум (фарзандларининг сўзларига кўра, ундан «эсон-омон юриши учун» чўтал талаб қилишган. Чўталки, нақд 500 минг доллар! Аммо Азамат Ҳасанов кўнмаган. Балки қонун билан муаммоси йўқлигига ишончи комил бўлгани учун таҳдидни жиддий қабул қилмагандир, ким билсин...). Бироқ, орадан бир неча кун ўтиб, фермер қўлга олинади: унинг яқиндагина сотиб олган «Toyota Prado»машинасидан 1 килодан ортиқ (1 кг. 50 гр. 280 мгр.) героин ва «Калашников» автомати тиғ-пичоғи «топилади»!..

Воқеа 2007 йилнинг 3 ноябрь санасида содир бўлган бўлса, 2008 йилнинг 29 январь куни ЖИБ Сурхондарё вилояти суди ҳукм ўқийди, аниқроғи, суд амалда МХХ вилоят бошқармаси тергов бўлимининг айблов хулосасига гўёки «қўл қўйиб» беради: фермер Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёвандлик воситалари олди-сотдиси) 5-қисми, шунингдек, қўшимча «ёпиштирилган» 219-модданинг (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 1-қисми билан айбдор деб топилиб, узил-кесил 16 йиллик озодликдан маҳрум этиш жазоси та­йинланди ва амнистия актига асосан жазонинг ўталмай қолган қисми чорак ҳиссага қисқартирилди. Яп-янги «Toyota Prado» автомобили ва фермернинг чўнтагидан чиққан 200 доллар пул эса «жиноят қуроли» сифатида мусодара қилинди...

Бу аччиқ тарихнинг энг фожиали қисми шундаки, 2004 йилга қадар икки марта инфаркт ўтказган, камига, қандли диабет касали бўлган Азамат Турсуналиевич Ҳасанов «муддати»ни ­охиригача ўтай олмайди – 2013 йил 21 май куни УЯ 64/65 ЖИЭМда (Зангиота тумани) вафот этади.

... ва оқланиши

Хўш, фермернинг айбсизлиги қандай юзага чиқди?

Хабарингиз бор, Шавкат Мирзиёев президентликка сайлангач, аввало собиқ МХХни ислоҳ қилишга енг шимарган эди. Шу жараёнда ўз ваколатларидан жиноий мақсадларда фойдаланган қатор катта мансабдорларнинг кирдикорлари фош бўлиб, тизим яхшигина тозаланди. Жумладан, Азамат Ҳасановга қасдлашган тергов бўлими бошлиғи ҳам навбат етиб келди (Бу пайтда у МХХ Тергов бошқармаси раҳбарлигига кўтарилган эди. Норасмий маълумотларга кўра, ҳозирда у узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган).

Президент кўрсатмаси билан собиқ МХХ мансабдорларининг жиноят иши тергови доирасида Сурхондарёда улардан зулм ва зуғум кўрган барча тадбиркорлардан маълумот йиғилгани ОАВ орқали хабар қилинган. Мазкур тергов-суриштирув жараёнида қанчадан-қанча «кўмилиб кетган из»лар очилгани ҳам айтилмоқда. Жумладан, МХХ «эрка»сининг Сурхондарёдаги қора ишлари элакдан ўтказилиши асносида Азамат Ҳасанов мавзуси ҳам кўтарилади ва собиқ «чекист» фермерни ноҳақ қаматиб юборганига иқрор бўлади!.. Ўзининг тан олишича, буйруқни юқори амалдаги раҳнамоси (айни пайтда у ҳам қамоқда) берган, у эса ходимлари орқали героин билан автомат тиғ-пичоғининг Азамат Ҳасанов автомашинасига «ташлаб қўйилишини» таъминлаган. Хуллас, унинг ҳарбий прокуратура терговчисига берган мазкур кўрсатуви асос бўлиб, ЖИБ Сурхондарё вилояти суди 2018 йил 25 декабрдаги ажрими билан Азамат Турсуналиевич Ҳасановга нисбатан 10 йил муқаддам чиқарилган ҳукмни бекор қилади, уни айбсиз деб топиб, «жиноий ҳодиса юз бермагани сабабли», оқлайди. Шунинг баробарида, унга нисбатан очилган жиноят иши доирасидаги тезкор тадбир ўтказиш, далилларни йиғиш, гувоҳлик олиш, жиноят ишини малакалаш каби процессуал хатти-ҳаракатларда қонунчилик талабларига риоя қилинмаганлиги ҳам эътироф этилди (Демак, битта «эркатой»нинг хоҳиши билан суд-ҳуқуқ тизимидаги қанча ходим ноқонуний хатти-ҳаракат содир этган...).

Ноҳақлик қурбонлари учун оқлов катта муваффақият! Аммо оқланган шахс реабилитация қилиниши, яъни қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида унга етказилган моддий-маънавий зарар тўла қопланиши ҳам шарт – адолатли қонунларимиз шуни тақазо этади. Марҳумнинг ўғли Ойбек Азаматович Ҳасанов шу боис ҳам отаси оқланганидан сўнг, ЖПКнинг 302-моддасига мувофиқ, моддий зарарни қоплаш тўғрисида ЖИБ Сурхондарё вилоят судига ариза берган эди.

Сўралаётган моддий зарар рўйхати

Хўш, О.Ҳасанов қандай моддий зарарларнинг қопланишини талаб қилмоқда? Қуйида унинг аризасидан кўчирма (имловий ва услубий тузатишлар билан) келтирамиз:

«1. Отам А.Т.Ҳасановга тегишли, 2007 йилда, жиноят иши қўзғатилганида олиб қўйилган ва давлат фойдасига ўтказилган, 64 минг АҚШ долларига баҳоланган «Toyota Prado» русумли автомашина ҳамда 200 АҚШ доллари;

2. Ҳар икки ойда отам А.Т.Ҳасанов билан узоқ муддатли учрашувга сарфланган харажатлар: 7 йил давомида 42 марта 24 кг.дан озиқ-овқат берилган бўлиб, ҳар бир узоқ муддатли учрашув учун 3 млн сўмдан пул сарфланган. Жами: 126 000 000 сўм;

3. Ҳар икки ойда отам А.Т.Ҳасанов билан қисқа муддатли учрашувга сарфланган харажатлар: 7 йил давомида 42 марта 24 кг.дан озиқ-овқат берилган бўлиб, ҳар бир қисқа муддатли учрашув учун 3 млн сўмдан пул сарфланган. Жами: 126 000 000 сўм;

4. Отам А.Т.Ҳасановга 7 йил давомида берилган 130 млн сўмлик дори воситалари (Ҳасанов юраги хаста, ҳам қандли диабети бўлгани сабабли алоҳида парвариш ва дори-дармонга эҳтиёжманд бўлган – изоҳ муаллифники);

5. Отам А.Т.Ҳасанов жазони ўтаган УЯ 64/65 ЖИЭМга келиб-кетиш учун сарфланган йўлкира ҳақи: 7 йилда 84 маротаба, ҳар бирига 100 АҚШ долларидан – жами 8400 АҚШ доллари;

6. Отам А.Т.Ҳасанов билан учрашиш учун оила аъзолари 84 маротаба Тошкентга келганида ҳар келишида 2 кундан меҳмонхонада қолган. Ҳар бир кун учун 100 АҚШ долларидан сарфланган, жами: 16 800 АҚШ доллари;

7. Отам А.Т.Ҳасановнинг ўзи раис бўлган «Азамат» фермер хўжалигидан олган ойлик иш ҳақи. 2007 йилги маълумотга кўра у ойига 565 000 сўм маош олган;

8. Отам А.Т.Ҳасанов раис вазифасида ишлаган «Азамат» фермер хўжалигидан олган соф фойда 2006-2007 йилларда йилига 61 372 720 сўмни ташкил қилган;

9. Отам А.Т.Ҳасанов оилавий тадбиркорлиги натижасида етиштирилган узумзордан олинган 120 тонна узум мевасининг нархи ҳар йилга 360 000 000 сўмни ташкил қилган».

(Кўчирма тугади).

Шу ўринда сўнгги икки банд нега киритилганига изоҳ бериб ўтсак. Қонунчиликда «бой берилган фойда» деган тушунча мавжудки, у ҳам реабилитация қилинган шахс талаб қилишга ҳақли бўлган моддий зарарлар сирасига киради. Фуқаролик кодексининг 14-моддасидан ўқиймиз:

«Зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади».

Суд бу даъволарга нима деди?

Юқорида қайд этганимиздек, суд 9 бандда кўрсатилган моддий зиёндан фақат биттасини тан олган – Азамат Ҳасановнинг 67 ой давомида ойлик иш ҳақидан маҳрум бўлганини (яна тағин шунча вақт давомида умуман ошмаган ҳолда).

Шунингдек, суд 2019 йил 18 мартдаги ажримида:

давлат фойдасига ўтказилган чоғда яп-янги бўлган «Toyota Prado» автомобили ва 200 доллар пулни ундириш масаласида ноҳақ айловга алоқадор бўлган собиқ МХХ амалдорларига «оид жиноят иши бўйича мурожаат қилишни лозим топди»;

оиланинг Азамат Ҳасанов билан учрашувларга бориб-келиш учун қилган харажатлари (озиқ-овқат ва дори-дармон харид қилишга, йўлкира, меҳмонхонага сарфланган маблағлар)ни «ушбу харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмагани сабабли» тан олмади;

«бой берилган фойда» юзасидан даъволарни эса «А.Ҳасанов озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган бўлса-да, фермер хўжалигини унинг фарзандлари юритиб ҳам шунча даромад қилиши мумкин бўлган» деган важ билан асоссизга чиқарди.

Суд вазифасини қай даражада бажарди?

Албатта, суднинг қарори ҳамиша охирги сўз ҳисобланади. Шу боис ҳам уни муҳокама қилиш бизнинг вазифамиз эмас. Аммо масаланинг бошқа томони бор — суд қарор чиқариш мобайнида процессуал қонун талабларига риоя этдими, ўз зиммасидаги вазифаларни бажардими, нималарнидир билибми-билмайми унутиб қолдирмадими?

ЖПКнинг 306-моддасига кўра, реабилитация этиш тўғрисида қарор чиқарган суд, прокурор, терговчи ёки суриштирувчи реабилитация этилган шахсдан ариза тушган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмасдан зиён миқдорини аниқлаши, зарурат туғилганда бунинг учун молия органларидан ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимларидан ҳисоб-китоб талаб қилиб олиши лозим. Иш кассация ёки назорат тартибида кўриш чоғида суд томонидан тугатилган бўлса, зиён миқдорини ҳукм чиқарган суд аниқлайди.

А.Ҳасановнинг жиноят ишини кассация тартибида кўриб, уни оқлаган ЖИБ Сурхондарё вилоят суди эди. Бинобарин, реабилитация жараёнига худди шу маҳкаманинг ўзи бош-қош бўлиши керак экан. Қонун моддий зарарни аниқлаш, керак бўлса, бунинг учун молия ва статистика идораларини жалб қилиш вазифаларини ҳам суднинг зиммасига юкламоқда. Зеро, орада ўтган шунча вақт мобайнида иш ҳақлари неча марта ва қанча миқдорда ошганию нарх-наво йил са­йин нечоғли ўзгарганини тегишли ташкилотлар кўмагисиз аниқлаб бўлмаслиги кундек равшан. Аммо суд молия органларига мурожаат қилганмикан? Ажримда фермернинг 67 ойлик иш ҳақи 12 йил бурунги коэффициент бўйича ҳисоблаб чиқарилганига қараганда... даргумон.

А.Ҳасанов оиласининг у билан учрашувга Сурхондарёдан Тошкентга келиб-кетишию озиқ-овқат ва дорилар сотиб олиш, меҳмонхона харжи каби чиқимларига келсак, бу сарф-харажатларнинг ҳужжатлари судга тақдим этилмагани рост. Бўлса тақдим этилади-да! Аксар ҳолларда 2-3 киши бўлиб хусусий киракаш автомашинада келиб-кетишган – расман қайд этилмаган. Дори-дармон – аптекалардан, озиқ-овқат эса бозору дўконлардан харид қилинган, тўлов қоғозлари бўлмаган, бўлса ҳам сақлаб қўйилмаган. Меҳмонхона квитанциялари ҳам. Хуллас, туҳмат билан «ётган» касал отани кўргани Сурхондан Тошкентга 84 марта учрашувга келиб-кетган фарзандлар, ҳар гал егулик ва дорилардан иборат 24 кг. юк билан келишганини ҳужжатлар билан тасдиқлай олишмайди ростдан.

Шу нуқтаи назардан қарасак, суд ўз эътирозларида ҳақлидек. Тўлов қоғозлари бўлмаса зарарни қайси ҳужжатга асосан ҳисоблайди ахир?

– Йўқ, асло ундай эмас, – дейди Ойбек Ҳасановнинг ишончли вакили, Тошкент шаҳридаги «Adolat ustivorligi sari» адвокатлар ҳайъати адвокати Қодир Юлчиев. – Бундай ҳолатда суд жазони ижро этиш муассасасига мурожаат қилиши лозим эди. Зеро, УЯ 64/65 ЖИЭМда А.Ҳасановнинг қариндошлари қачон, неча марта, неча киши бўлиб узоқ ва қисқа муддатли учрашувларга келганию ўзлари билан неча килограмм юк (қанча озиқ-овқат ва қай турдаги дори воситалари) келтиришгани ҳақида маълумот мавжуд (Бунақа муассасаларда маҳкумлар билан учрашувлар вақти, борган кишилар исм-фамилияси, юклари миқдори, ҳатто турларигача «темир» дафтарларга тиркалади). Улардан кўчирма олиш учун суднинг сўровнома юбориши етарли эди. Аммо суд бу вазифасини бажармагани туайли энди бу ишни ўзимиз бажаришимизга тўғри келмоқда. Таассуфки, яқинда қайта ташкил этилгани боис УЯ 64/65 муассасасидан маълумот олишимизнинг имкони бўлмади. Шу боис Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармасига сўровнома жўнатдик, жавобини кутяпмиз.

Адвокатнинг сўзларига кўра, ЖИЭМдан маълумот олинса кўп нарса ойдинлашади.

Марҳум А.Ҳасановнинг инфаркт оқибатлари ва қандли диабетдан даволаниб юргани ҳам факт, буни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд. Бунақа хасталиклар профилактикаси ва муолажасида бемор қанақа дори препаратларини қабул қилишини эса ихтисослашган тиббиёт муассасасидан, дориларнинг турли йиллардаги нархларини статистика идоралари ёки фармацевтика ташкилотларидан билиб олиш мумкин.

Қолаверса, хаста бўлгани учун оила аъзолари ҳар борганларида унга сифатли, сара егуликлар элтишган. ЖИЭМ буларни маълумотномасида тасдиқлаб берса, судга қоладигани – уларнинг нархларини белгилашу тафовут ва инфляциядан келиб чиқиб, умумий сарф-харажатни чиқариш. Табиийки, бундай экспертиза тадбирлари суд ташаббуси ва раҳбарлигида ўтказилиши керак. ЖИБ Сурхондарё вилоят суди эса қонунда белгиланган бу каби вазифаларини бажармаган.

– Йўлкира ва меҳмонхона харажатлари ҳам худди шу йўсин – гувоҳлик, сўровлар, маълумотларни қиёслаш ва таҳлил қилиш орқали аниқланиши лозим, – сўзини давом эттиради Қодир Юлчиев. – Вилоятлар билан пойтахт ўртасида асосий транспорт – бу киракаш машиналар, А.Ҳасанов оиласи ҳар доим ёлланма хусусий автомобилда Тошкентга қатнар эди: келибоқ меҳмонхонага тушишар ва эртасига Зангиотага йўл олишарди. ЖИЭМ тартиб-таомилларидан ўтиб, ота билан учрашгунча қош қорайиб қолгач, тағин бир кеча меҳмонхонада тунашар ва эртасига уйларига қайтиб кетишарди. Суд бу фактларни ўша меҳмонхоналардан сўровлар орқали маълумот йиғиш билан аниқлаши керак. Йўл чиқимларига келсак, ўша кезларда Ҳасановларни Узун туманидан Тошкентга элтган бир неча хусусий автомашина ҳайдовчиларини қидириб топдик, улар гувоҳлик беришга тайёр. Лекин уларнинг гувоҳлигига маҳтал суд қани дейсиз?

Адвокатнинг сўзларига кўра, суднинг «бой берилган фойда» масаласидаги эътирози ҳам ноўрин.

– Ажримда суд «А.Ҳасановнинг фарзандлари ҳам ердан ўшанча даромад олиши мумкин эди», дея осон қутулмоқчи бўляпти. Бу худди «Болалари отасидек ишбилармон бўлмаса, бизда нима айб» дегандай пуч иддао. Фуқаролик кодексининг 14-моддасига диққат қилинг: «...шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари» ҳақида гап бораяпти. Азамат Ҳасановнинг қамалишидан олдин йилига фалон миллион даромад қилгани эса факт – солиқ идораси буни тасдиқлаб турибди. Демак, қамалиб кетмаганида, яъни, қонунда таърифланганидек, ўз ҳуқуқлари бузилмаганида, одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида ҳар йили камида шунча даромад олиши мумкин эди. Қолаверса, деҳқончиликдан илмидан йироқ фарзандлар бошларига тушган оғир мусибат ва ташвишлар билан бўлиб хўжалик ишларига етарлича ҳафсала қила олишмаган. Натижада экин-тикин, узумзор қаровсиз қолиб, даромаднинг баракаси учган. Бу бой берилган фойда бўлмай, нима ахир!

Айбдор шахслар нега моддий жавобгарликка тортилмаяпти?

Бордию ЖИБ Сурхондарё вилоят суди давлат бюджетига «ачинаётган» бўлса, бюджетга тегмасдан ҳам марҳум фермернинг реабилитация қилинишини ва моддий зарар даъволари қондирилишини таъминлаши мумкин эди. Мутлақо қонуний йўл билан. Қандай қилиб?

Фуқаролик кодексининг 991-моддасида (Суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг қонунга хилоф ҳаракатлари туфайли етказилган зарар учун жавобгарлик) «суднинг қарори билан зарарни қоплаш зарар етказилишида айбдор бўлган мансабдор шахслар зиммасига юкланиши мумкин», дейилган.

Демак, А.Ҳасановга етказилган моддий зарарни унинг қамалишига бевосита айбдор бўлган шахслардан ундириш мумкин экан. Яъни, фермерни қаматиб юборган МХХ амалдорларидан. Аммо бу даъвогар тарафнинг эмас, суднинг вазифаси. ЖИБ Сурхондарё вилоят суди собиқ МХХ амалдорларининг жиноят ишларини юритган (ёки юритаётган) тергов ва суд идораларига чиқиб, улардан мусодара қилинган мол-мулк ва пул маблағлари ҳақида маълумот талаб қилиши ва А.Ҳасанов меросхўрларининг ҳаққи бўлган моддий зарарнинг катта қисмини шулар ҳисобидан қопланиши чораларини кўриши керак... эди. Бироқ суд нима қилди? Ўзи ташаббус кўрсатиш ўрнига А.Ҳасановга тегишли «Toyota Prado» автомобили ва 200 доллар пулни ундириш масаласида собиқ МХХ амалдорларига «оид жиноят иши бўйича мурожаат қилинглар» дея масъулиятни зиммасидан соқит қилиб қўяқолди...

– ЖИБ Сурхондарё вилоят суди мазкур собиқ МХХ амалдорларига оид жиноят ишлари бўйича тергов ва суд ёпиқ тартибда ўтказилганини, хусусий шахслар учун ҳарбий прокуратура ва ҳарбий суддан бу борада маълумот сўраб олиш дахмаза эканлигини била туриб, яна ўз процессуал вазифаларини охиригача бажармасдан бизни «копток қилиб ўйнамоқчи»ми? – дейди Қодир Юлчиев.

Муаммога оид баъзи мулоҳазалар

Ислоҳотлар шамоли судларимизнинг юзидаги пардани кўтаргач, тизимдаги нуқсонларни жамоатчиликдан яшириб бўлмай қолди. Қувонарли томони, энди бу қусурлар тан олина бошланди, расмий йиғинларда ва матбуотда муҳокама қилинмоқда. 27 йил «ғафлатда ётган» Ўзбекистон учун шунинг ўзиёқ катта гап аслида. Тўғри, тизимни «эпақага келтириш» бир-икки кунда битадиган иш эмас, йиллаб давом этадиган мураккаб ва машаққатли жараён бу, муҳими эса бу жараённинг бошланганида.

Аммо, шу ўринда бир мулоҳаза борки, яқин вақтларга қадар асосан жазоловчи машина бўлиб хизмат қилган тизим Президентнинг амнистия ва афвлари, ноҳақ қамалган (қаматилган)ларни оқлаш ташаббуслари қаршисида довдираб қолаётгандек. Маълум маънода уларни тушунса бўлади: эски кадрлар ўз зеҳнияти ва иш услуби билан янги талаблар ва шарт-шароитга дарров мослаша олмаслиги табиий ҳол. Жумладан, реабилитация ҳам Ўзбекистон қонунчилигига кеча ёки бугун киритилган тушунча бўлмаса-да, бу механизм шу пайтгача ИШЛАТИЛМАГАН эди. Тўғрироғи, бунга эҳтиёж бўлмаганди. Чунки судлар оқлов ҳукмларини деярли чиқармасди.

Шу маънода марҳум фермер Азамат Ҳасанов меросхўрларининг моддий зарарни ундириш ҳақидаги даъвосига нисбатан ЖИБ Сурхондарё вилоят судининг бир қадар ғалатироқ муносабатини (Ахир адвокат билган қонунларни судья билмайдими?..) бир томондан тажрибасизликка ҳам йўйиш мумкин. Аммо бу билан судьяларни ҳимоя қилмоқчи эмасмиз: зеро, реабилитация нормаларини қўллаш бўйича тажриба ҳосил бўлиши учун бу амалиётни бошлашга кимдир журъат қилиш керак-ку, ахир.

Яна бир масала. Биздаги маълумотларга кўра, реабилитация қилинганларга улар кўрган моддий зарарни давлат бюджетидан қоплашга доир суд актлари бўйича вилоятларда миллиардлаб сўм қарздорлик йиғилиб қолган. Сабаби, молия вазирлиги тасдиқлаган ҳужжатларда бунақа харажатлар «кўзда тутилмаган». Бу эса ҳали қонунчилигимизда ҳам реабилитация қилинган шахсларнинг моддий зарарини қоплаш механизми, тартиб-таомили ва манбалари билан боғлиқ камчиликлар мавжудлигини кўрсатади.

***

Хўш, шахс тўла маънода реабилитация қилинмас экан, адолат тантанаси ҳақида гап бўлиши мумкинми? Ҳолбуки, такрор айтамиз, Азамат Ҳасановнинг фарзандлари ҳали маънавий зарардан сўз очганлари йўқ. Ваҳоланки, ота улкан бир туҳмат билан қамалди, маҳкумликда ўлди, уни тирилтириб бўлмайди. Ўта хавфли жиноятда ноҳақ айбланиш, кўп йиллик жазо унинг ўзини ва оиласини нечоғли оғир сурункали руҳий изтиробларга гирифтор этган – буларнинг баҳосиборми? Бўлса, қанча?..

Йўқ, яхшиси бу ҳақда бош қотирмай қўяқолайлик. Ахир, деярли аниқ кўриниб турган, қўполроқ қилиб айтганда, «ушлаб кўрса» бўладиган зарарларни ҳисоблай олмай турган ҳолимизда бир қарашда мавҳум туюладиган маънавий зарарни ўлчаш учун адолат тарозисини қаердан топамиз?..

Ойбек МЎМИНОВ,

«Advokat» журнали мухбири.

2019-06-17 21:12:52  |  2453 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация