Мақсад – меҳнат муҳофазасини таъминлаш
Юридик шахс ташкил этмай шуғулланиш мумкин бўлган фаолият турлари нега қайта кўриб чиқилди?
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 22 октябрдаги 850-сон қарори якка тартибдаги айрим тадбиркорларга 2018 йил 1 январдан бошлаб фаолиятини давом эттириши учун юридик шахс ташкил этишни мажбурий қилиб қўйди.
Соддароқ қилиб айтганда, қурилиш материаллари, цемент, шифер, ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари савдоси билан шуғулланаётган, алюминий (пластик) профиллардан эшик, дераза ва бошқа буюмлар тайёрлаётган якка тартибдаги тадбиркорлар энди юридик шахс ташкил этиши, халқ тили билан айтганда, фирма очиши шарт. Сабаби бу йўналишлардаги фаолият турлари хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатидан чиқарилди.
Тадбиркор деганда шахсан менинг кўз ўнгимда ҳаракатчан, доим янгилик яратишга интиладиган, бир сўмини икки сўм, бир ходимини икки ходим, битта маҳсулот турини иккита маҳсулот тури қилиш пайида ёниб яшайдиган одам гавдаланади. Оддий ҳаётий кузатишларимга қараганда йўқдан бор қилиш, кичикни катталаштириш, бошқалар бир йилда қиладиган ишни бир-икки ойда, балки ундан ҳам тез битириш хусусиятига эга бўлган киши тадбиркор бўлади.
Бухоролик Жобир деган бир йигитни танийман. Кўп эмас, 5-6 йил аввал «Отчопар»да аравакашлик қиларди. Секин-аста олиб сотишни бошлади, кейинроқ олиб келишни бошлади, ҳозир ўзи ишлаб чиқаради. Энди ўзига ўхшаб «Ипподром»да арава тортган юзлаб йигитлар унинг қўлида ишлайди. Суҳбатлашсангиз, беш йиллик, ўн йиллик режаларини айтадики, эшитиб, «Шу ишларни қилиб бўладими?» дейсиз. Лекин у ҳаммасини уддалайди.
У арава тортиб юрганда шунчаки ёлланма ишчи эди. Кейинчалик савдогар, яъни якка тартибдаги тадбиркор бўлди. Четдан маҳсулот олиб кела бошлаганида икки-уч одамни ишлатди. Бугун эса у катта бир фирманинг эгаси. Бозор шафқатсиз. Ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Жобир ҳам бу орада неча марта «банкрот» бўлгани ва яна қайта оёққа туриб кетгани унинг ўзига аён. Лекин асло ортга қайтмагани учун бугун шундай натижаларга эришди.
Энди бевосита масалага қайтадиган бўлсак, давлат аввал бошданоқ юқоридаги фаолият турлари билан шуғулланиш учун фақат юридик шахсларга рухсат бериши мумкин эди. Лекин ундай бўлмади. Бу соҳада тадбиркорларга катта имконият яратиб берилди. Натижада шу соҳаларда минглаб тадбиркорлар пайдо бўлди ҳамда ўз ишини йўлга қўйди. Энди улар асло ортга қайтмайди ва ўйлайманки, фаолиятини янада ривожлантириш ҳаракатида.
Амалдаги қонунчиликка асосан хусусий тадбиркорлар чакана савдо, маиший хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги жами 81 та фаолият билан юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши, бир нафардан уч нафаргача ходимни ёллаб ишлатиши мумкин. Мисол учун, чакана савдо фаолияти билан шуғулланганда бир нафар, маиший хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланганда уч нафаргача, фаолиятнинг бошқа турлари билан шуғулланганда икки нафаргача ходимни ёллаб ишлатишига рухсат этилган.
Лекин, келинг тан олайлик, қурилиш материаллари, цемент, шифер, ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари савдоси билан шуғулланадиган хусусий тадбиркорлар уларни транспортга юклаш, ташиш, тушириш, қадоқлаш, қўриқлаш ва сотишни бир нафар ёлланма ишчи билан бажара оладими? Шунинг учун улар қонунчиликда белгиланганидан ортиқча ходимларни ёллаб, норасмий ишлатишга мажбур бўляпти.
Иккинчидан, алюминий (пластик) профиллардан эшик, дераза ва бошқа буюмларни тайёрлаш учун каттагина бир цех керак. Йирик ускуналар, станокларни ишлатмасдан туриб бу ишларни қилиб бўлмаслигини исботлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Хом ашё материаллари ва тайёр маҳсулотларни ортиш, ташиш, тушириш ва ўрнатиш учун кўп ишчи кучи талаб этилишини ҳаммамиз биламиз яхши биламиз. Натижада бу йўналишдаги якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам ходимларни норасмий ёллаб ишлатишига тўғри келмоқда.
Энди бир ўйлаб кўрайлик. Якка тартибдаги тадбиркор шунча одамни ишлатяпти, уларга ойлик маош бериб, рўзғорини обод қиляпти. Энди қилаётган шу ишини қайтадан рўйхатдан ўтказиб, юридик шахс ташкил этади ва қўлида норасмий ишлаётган одамларни расман ишга қабул қилади ва уларга қонун доирасида иш ҳақи тўлайди. Бу ахир бизнесимни ривожлантираман, йириклаштираман, катта-катта лойиҳаларни амалга ошираман деб ёниб яшаётган тадбиркорга бир имконият аслида. Бундан ташқари бу ерда фақат битта тадбиркорнинг эмас, унинг қўлида ишлаётган қанчадан қанча ёлланма ишчиларнинг манфаати бор. Шундай экан, юридик шахс ташкил этишнинг нимаси ёмон?
Аслида якка тартибдаги тадбиркорнинг қўлида ишлаётган норасмий ёлланган ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ва меҳнат хавфсизлигига умуман кафолат йўқ. Меҳнат стажлари юритилмасдан, ижтимоий муҳофазаси, келгусида пенсия таъминоти кафолатланмасдан қолмоқда. Эртага уларнинг ҳаётига, тақдирига ким жавоб беради? Пенсия таъминотининг кафолати борми? Ким бу масъулиятни зиммасига олади? Куч-қуввати борида ишлатган тадбиркор кексайганда ҳам уни боқадими?
«Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунга кўра юк ортиш ва тушириш ишлари оғир ва хавфли ишлар тоифасига киритилган. Иш жараёнида бир ходимнинг доимий кўтарадиган юк оғирлиги 15 килограммдан ва иш сменаси давомида жами кўтарадиган юк оғирлиги 870 килограммдан ошмаслиги керак. Ахир қурилиш моллари билан савдо қиладиган якка тартибдаги тадбиркорнинг қўлида ишлайдиган ёлланма ишчилар бир кунда тонналаб юкни ортади, туширади, ташийди. Уларнинг қанчаси бел оғриғи, диск чурраси билан боғлиқ касалликларни орттириб олган. Хўш, унинг саломатлигига ким жавоб беради? Норасмий меҳнат фаолияти билан шуғуллангани, иш берувчи билан расмий шартнома тузмагани учун унинг манфаатларини ҳатто суд ҳам ҳимоя қилолмайди. Чунки судга исбот керак, далил керак, факт керак, ҳужжат керак. Норасмий ёлланма ишчида улар борми?
Юқоридаги барча ҳолатлар ҳисобга олиниб, ҳукумат хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлди.
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан шу каби 17 та фаолият турларига тегишли ўзгартиришлар киритилди ва 2 та фаолият тури фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилиши белгиланди. Бу эса юридик шахс мақомида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчилар учун қулайликлар яратиш, ёлланиб ишлаётган фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш, ходимларнинг меҳнат муҳофазаси, ижтимоий муҳофазаси ва бошқа ҳуқуқларини таъминлайди. Бундай ишлардан давлат ҳам, жамият ҳам, тадбиркор ҳам, унинг қўлида ишлаётган юзлаб, минглаб ишчилар ҳам бирдек манфаатдор бўлади.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш