Навоийда 60 оиланинг ҳақини ким еб кетаяпти: «Халқ банки»ми ёки ношуд қурувчи?



 
  Расм манбаси : Kun.uz

Навоий вилояти Кармана туманининг Навоий шаҳрига туташ ҳудудида барпо этилаётган 5 қаватли, 60 хонадонли уй эгаларидан таҳририятимизга мурожаат келиб тушди, деб ёзади Kun.uz.

Кўп сонли фуқаролар мурожаатининг қисқача мазмуни шундай: улар пешона тери эвазига топилган пулларини тўлаб, «Навоий қурувчи ёшлари» МЧЖ (раҳбари – Феруз Тўхтаев) билан шартнома имзолаб, ҳали қурилмаган уйни харид қилишади.

«Навоий қурувчи ёшлари» МЧЖнинг «Халқ банки» Кармана туман бўлимидан олинган кредитини ўз вақтида сўндирмагани учун, гаровга олинган уйни электрон аукцион орқали сотувга қўяди. Уйни ким ошди савдосида сотиб олган янги эгаси (Бомуратова Матлуба) уй учун пул тўлаган харидорларни тан олмаяпти.

Масала ўта жиддий. Унинг ижобий ҳал қилиниши учун, очиғи, Навоий вилоятида ҳеч ким бош қотирмаяпти. Ҳаммаси Феруз Тўхтаевнинг фирибгарлик учун қамалиши ва 60 нафар оила бошпанасиз чирқиллаб қолишига қараб кетмоқда.

Энди бир бошидан ҳикоя қиламиз.

Уй учун пул тўлаган харидорлар ичида ёши улуғ, кўпни кўрган Ўтаб Нормаматов бундай вазият юзага келиши учун айб кимда эканлигини аниқлаб, фуқароларга уйлари қайтарилишини талаб қилди. У.Нормаматовнинг фикрича, аукцион савдолари уюштирилишида ҳам қўпол қонун бузилишларига йўл қўйилган.

Таҳририятимизга келиб шахсан мурожаат қилганлар ичида Зилола Бобонорова ҳам бор эди. У ва бошқа харидорлар ўзининг эътирозларини шундай изҳор этишди:

– Ахир шунча оила куйиб қолаяпти. Шу ердаги жанжалларни деб оиласи бузилиш арафасида турганлар бор! Одамлар яшаб турган уйини сотиб, ўзи ижарада туриб пул тўлашган. Мана, биз олмоқчи бўлган уйдан кейин қурилган уйлар қурилиб битиб, одамлар кўчиб кирди. Лекин бу ерда халқ икки йилдан буён сарсон! Ким жавоб беради бунга?!

Қайд этиб ўтиш керак, Ф.Тўхтаев фуқароларнинг барчаси билан икки томонлама шартнома имзолаган, нотариус томонидан тасдиқланган кафолат хати ҳам берган, кейин уларнинг кўпчилигидан пулни ўзи қабул қилиб олган ва квитанция берган. Фуқароларнинг айримларигина банк орқали тўлов қилишган.

Албатта бу ўринда фуқаролардан пул қабул қилиб, уни банкка кирим қилмаган Ф.Тўхтаевнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари бор. Фуқаролардан айримлари Навоий вилоят прокуратурасига бу борада мурожаат қилишган. Вилоят прокуратурасининг 2 октябрь куни мурожаатга жавобида ЖКнинг 189-моддаси асосида жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтиб ўтилган.

Уй учун пул тўлаган одамларда «Халқ банки» бизнинг пулимизга қурилаётган уйини арзимаган кредит учун аукционга чиқариб юбориб, бизни хонавайрон қилди, деган фикр ҳам бор экан. Чунки 2016 йилда турар жой биноси гаров учун олинганида унинг подвал қисмигина тикланган бўлган. Кейинчалик қурувчи халқдан йиғиб олган пуллари эвазига бинонинг турар жой учун мўлжалланган тўртта қаватини тиклаган.

Биз вазиятга ойдинлик киритиш учун «Халқ банки» Кармана тумани амалиёт филиалига йўл олдик.

Бу ерга Кармана тумани ҳокими Фахриддин Умаров ҳам келиб, вазиятдан хабардор эканлигини, туман ҳокимлиги фақат ер ажратиш тўғрисида қарор чиқариб бергани, айни пайтда ушбу ҳудуд бош режа асосида Навоий шаҳри ҳудудига қўшиб юборилганини айтиб ўтди.

«Халқ банки» Навоий вилоят бўлими юристи Шуҳрат Амонов ва Кармана тумани амалиёт филиали юристи Бекзод Тўқбоевнинг тушунтиришича, «Халқ банки» Кармана филиали ва «Навоий Қурувчи ёшлар» МЧЖ ўртасида 2016 йил 27 декабрда 227-сонли кредит шартномаси тузилади ва Феруз Тўхтаев раҳбарлик қилаётган ташкилот айланма маблағларни тўлдириш ва қурилиш материалларини сотиб олиш учун 1,5 йил муддатга 16 фоиз йиллик устама билан 410 миллион сўм кредит олади.

Қайд этиш жоиз, Феруз Тўхтаев ўша пайтга келиб фуқаролардан уй қурилиши учун шартнома имзолаб, кафолат хати бериб пул йиғиб олган бўлса-да, банкка кредит узилмагунга қадар ҳеч кимга уйни сотмаслиги ҳақида ҳам кафолат хати беради.

Сўнгра кредит гарови сифатида Феруз Тўхтаев Камолиддин Сафаевга тегишли «Ласетти» автомашинаси, Кармана тумани, Нарпай МФЙ, «Ёшлик» маҳалласи ҳудудида жойлашган қурилиши тугалланмаган 5 қаватли бинони қўяди.

Бироқ 2017 йил 13 июнь ҳолатига келиб «Навоий Қурувчи ёшлари» МЧЖ кредитнинг асосий қарзи ва ҳисобланган фоизларни тўлашни кечиктиради.

2017 йил 14 сентябрда Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди қарори билан 227-сонли кредит шартномаси муддатидан аввал бекор қилинади. Тўланмаган қолган жами 383,5 миллион сўмни ундириш учун гаровдаги мулкларга эътибор қаратилади.

Ф.Тўхтаевнинг Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят кассация судлов ҳайъатига берган аризаси 2018 йил 5 май куни қаноатлантирилмасдан қолдирилади ва гаровдаги мулклар МИБ томонидан электрон аукционга чиқарилади.

Биз билан суҳбатда Ф.Тўхтаев бу масалада банкни айблади. Уни хабардор қилмасдан суд мажлислари ўтказишгани, барчаси яширин тарзда сирли бўлганини таъкидлади. (Банк ходимлари Ф.Тўхтаев чиндан ҳам фақат бир марта дастлабки судга келганини, бироқ кейинги жараёнларнинг барчасидан хабардор бўлганини таъкидлаб ўтишган эди).

«Ўзингиз ўйланг, 200 миллионча қарзим қолган эди, ҳали кредитни ёпиш учун 1 йил муддат бор эди. Уни зудлик билан бекор қилиш учун қандай асос бор эди?! 1 йил кутишса ҳам бўлар эди-ку? Гаровларим нақд-ку?! Менинг бошқа мол-мулкларим бор – плита ишлаб чиқарадиган заводим ҳам бор. Ҳеч бўлмаса ўшани сотиб тўлар эдим ўша кредитни! Ахир уйни одамлардан пул йиғиб, бирга қураётган эдик. Шунча одамнинг олдида менинг юзимни шувут қилиб, фирибгарга чиқаришмоқчи.

Аслида, мен эмас банкдагилар фирибгар! Ахир 5 қаватли уйнинг 4 та қаватини тиклаб қўйган эдим. 200 миллион сўм қарз учун қарийб 7 миллиард қийматдаги уйни аукционда 1 миллиардга сотиб олишяпти. Орадаги фарқ – 6 миллиард. Ким 6 миллиардлик уйни 1 миллиардга сотиб олинишига йўл қўйиб беради? Бу ҳеч нарсадан дарак бераяптими?! – деди Феруз Тўхтаев.

Хуллас, аукционда 1 миллиард сўмга чала қурилган уйни харид қилган янги эгаси айни пайтда унинг 5-қаватини қуриш билан банд: уни битказиб, умуман бошқа инсонларга сотиб, камида 8 миллиард сўм фойда кўриш илинжида.

Барчанинг манфаатдор томонларнинг фикри билан танишдингиз. Хуллас калом, 60 та оила пулига куйиб қолмоқда. Аслида, ҳуқуқ-тартибот идоралари учун қурувчини олиб бориб, қамаб қўйишдан осони йўқ. Лекин уй учун пул тўлаган, таъбир жоиз бўлса айтиш керакки, уларнинг пулига қурилган уйни беш-бегона одам сотиб олиб, бировларни чирқиллатаверадими?

Фуқароларнинг ҳуқуқий саводсизлиги, қурувчининг барча гап-сўзларига ишониши уларга қимматга тушмоқда. Қурувчи нега кредитни ўз вақтида тўламаган? Нега одамлардан йиғилган пулни банкка кирим қилиб кредитни сўндирмаган?

Бу – шу кунларда куппа-кундузи, Навоий вилоятида бўлаётган воқеа... Ўйлаймизки, вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот органлари, АТБ «Халқ банки» масалани жиддий ўрганиб чиқиб, масалага ижобий ечим топишади. Бу вазиятда ижобий ечим эса битта – уй учун пул тўлаган инсонларнинг куйиб қолмаслиги.

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz махсус мухбири

2018-10-10 12:29:17  |  2122 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация