Қуйи чирчиқлик адвокат: менга ҳужум қилган шахс ИИБнинг “ўз одами”



 
  Расм манбаси : Рустам Джуманов. "Advokat" журнали фотоси.

Адвокат Рустам Джумановнинг ўз хизмат хонасида ҳужумга учраши ҳолати бўйича, воқеадан роса 12 кун ўтиб жиноят иши қўзғатилган эди. Аммо иш “дело очилган” нуқтада яна таққа тўхтади-қўйди – орадан 6 кун ўтибдики, процессуал ҳаракатлардан дарак йўқ. Жабрланувчи ва унинг адвокати тергов органининг ҳаракатсизлигини ҳужум қилган шахснинг ИИБ тезкор ходимларига хизмат қилувчи хуфя экани билан боғлайди...

Қуйи Чирчиқ туманидаги “Haqiqat izlab” адвокатлик фирмаси адвокати Рустам Джумановга ўз хизмат вазифасини бажараётган пайтида пичоқ билан ҳамла қилиниб, тан жароҳат етказилгани ҳақида хабар қилган эдик.

Воқеа 2 март куни содир бўлган. Эртасига эса жабрланувчи туман прокуратурасига мурожаат қилган, аммо орадан 10 кун ўтса ҳамки тергов органлари томонидан зарур процессуал тадбирлар бажарилмагач, иш “босди-босди” қилинишидан хавотирга тушиб, 12 март куни Адвокатлар палатасига маълум қилган эди.

Воқеа Advokatnews.uz орқали жамоатчиликка етказилгач (13 март), Бош прокуратура матбуот хизати Xabar.uz сайтига мазкур ҳолат бўйича 14 март куни, яъни орадан 12 кун ўтиб Жиноят кодексининг 112-моддаси («Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш») 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилганини ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирган эди.

Бироқ бугун, 20 март куни жабрланувчи, 66 ёшли Р.Джуманов ҳамда унинг ҳимоячиси, “Mezon Himoya” адвокатлик бюроси адвокати Мухсум Миркамаловлар билан учрашганимизда улар тергов органи томонидан ҳануз ҳеч қандай амалий чора-тадбирлар кўрилмаганини айтишди. Яъни, воқеа ОАВда чиққанидан сўнг туман прокуратураси “иш” қўзғатиб, терговни туман ИИБга топширгану шу билан ҳаммаси унутилгандек гўё.

Рустам Джумановнинг ҳимоячиси М.Миркамалов.

Жиноят жойи (адвокатнинг “Haqiqat izlab” а/ф офисидаги хизмат хонаси) ҳануз кўздан кечирилмаган, ҳужум қуроли (пичоқ) топилмаган, стол устидаги қоғозлар сиртидаги қон доғлари кимга мансублигини аниқлаш учун экспертиза тайинланмаган – яъни, зарур процессуал тадбирлар кечикмоқда.

Шунингдек, Рустам Джуманов ва унинг ҳимоячиси М.Миркамаловларни ИИБ ва прокуратурадан ҳеч ким йўқлаб келмаган, ҳеч қаерга чақиришмаган. Ҳужум қилишда гумонланаётган шахс (У.Ж) сўроқ-савол қилиндими-йўқми, буниси ҳам қоронғи...

Лекин Джуманов ва унинг ҳимоячисини бошқа ҳолат кўпроқ хавотирга солмоқда – У.Ж.га нисбатан эҳтиёт чораси масаласи ҳал қилинмаётгани. Хусусан, адвокат М.Миркамалов ўз ҳимояси остидаги шахснинг ҳаёти ва соғлиғига эҳтимолий таҳдидлар йўқолмаган, деб ҳисоблайди.

– Прокуратура томонидан ЖКнинг 112-моддаси 3-қисми (ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан содир этилган бўлса) билан иш қўзғатилган экан, ушбу қисм санкциясида оғир ҳолатлар учун 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилганини ҳисобга олиши, бинобарин, зарур криминалистик чора-тадбирлари кўрилгач, У.Ж.ни вақтинча қамоқда сақлаш ташаббуси билан судга мурожаат қилиниши ўринли бўлар эди, – дейди М.Миркамалов.

Тергов органларининг бунай муносабати, муқаддам узоқ йиллар прокуратура тизимида фаолият юритган Р.Джумановга ёмон таъсир этиб, чуқур стресс ва тушкун кайфиятга солган.

– Очиғи, нима қилишга ҳайронман: ёшим 70 га қараб кетяпти, биринчи дафъа ўзимни ҳимоя қилишга куч топа олдим, лекин бунақа ҳолат яна такрорланса, қаршилик кўрсатишга қурбим етадими, йўқми – билмайман. Ана шу мавҳумлик, қолаверса, соғлиғимга путур етгани, кексалигим билан боғлиқ ожизлик ҳисси – бир тарафдан, масъул органларнинг ўз ваколатларига панжа орасидан қараётгани иккинчи тарафдан юрагимни сиқиб, касб фаолиятимдан бездирмоқда, бирон ишни олиб, шуғулланишга чўчиб қолдим, – дейди Р.Джуманов маъюсланиб ва бир оздан сўнг синиқ жилмайгач, қўшиб қўяди: – Қаранг, бирон даъво ишини судда ютиб чиқиш ўзимизга зарар келтирадиган бўлиб чиқяпти. Ана сизга “мотивация”!..

Тергов органининг муносабатини нима билан изоҳлаш мумкин? Шунчаки лоқайдликми? Ёки ишлари шу қадар кўпайиб кетгану маданий мамлакатларда фавқулодда ҳолат сифатида қараладиган мазкур воқеани суриштиришга вақт йўқми? Жабрланувчи ва унинг ҳимоячисининг бу хусусда ўз мулоҳазалари бор: Уларнинг фикрича, ҳамма гап – ҳужум қилган шахснинг туман ИИБнинг “ўз одами” эканида!..

– У.Ж. аввалдан Қуйи Чирчиқ тумани ИИБ жиноят-қидирув бўлими тезкор ходимларига ишлаган. Бунақаларни “хуфя ходим” деб аташади, халқ орасида “информатор” деган номи ҳам бор. Унинг аввалги “патрони”ни танирдим, у вилоятга “кўтарилиб кетгач” ҳозир Ю.А. исмли ходимга ишлайди,

– дейди Р.Джуманов.

Адвокат М.Миркамалов эса бу сўзларни тасдиқлаб, тергов бошқа туман ИИБга ўтказилиши зарурлигини, акс ҳолда иш одилона ва холис тергов қилинишига ишонмаслигини айтади.

– ИИБ хуфя ходимини ҳеч қачон ошкора тан олмайди, айни чоғда имконияти доирасида турли маъмурий усуллар билан уни ҳимоя қилиши турган гап, – дейди М.Миркамалов. – Бу фактни исботлаш қийин, гарчи У.Ж.нинг ўзи “оперативник”ларга ишлашини одатда яширмаган, қайтага буни алоҳида фахр билан тилга олган бўлса-да.

Джумановнинг қўшимча қилишича, ўша куни хизмат хонасида пичоқ билан ҳужум қилганида ҳам У.Ж. “токи мелисанинг одами эканман, ҳеч нарсадан қўрқмайман” дея очиқ-ойдин таҳдид қилган.

 Джумановнинг хизмат хонасидаги иш қоғозлари сиртида қолган қон доғлари.

***

Таҳририятдан: Албатта, биз бу гапларни мутлақ ҳақиқат деб талқин қилиш фикридан йироқмиз. Қолаверса, ҳуқуқий нашр бўлганимиз боис, исботлаш қийинлигини ҳуқуқчиларнинг ўзлари эътироф этаётган ҳолат ҳақида ёзишга одатланмаганмиз ҳам. Аммо масаланинг журналистика соҳасига дахлдор бошқа тарафи ҳам бор – инсон ҳақлари ҳимоячиларининг ўзлари ҳимояга муҳтож бўлиб турсалару биз кўра-била туриб уларнинг хавотирларини оммага етказмасак, касбимизга хиёнат қилган бўламиз. Ахир, қонунлар талаби қонун ижрочилари томонидан бузилган пайтларда бирдан-бир самарали чора жамоатчилик назорати эмасми?..

2020-03-20 20:30:06  |  2321 |   0  | 

4 изоҳлар

Март 21, 2020  06:59

1.Tahririyat

Maqolalarni faqat advokatlar o'qiyapti degan fikr to'g'ri deb hisoblamaymiz. Mazkur masalada jinoyat ishi aynan maqolamizdan keyin qo'zg'atilgani ham shundan darak beradi. Qolaversa, biz har bir maqolamiz haqida tegishli idoralarga (mazkur holatda Bosh prokuraturaga) alohida bildiramiz. Bundan tashqari, maqolalarimiz ijtimoiy tarmoqlar orqali ham keng jamoatchilik e'tiboriga havola etilmoqda. Shunga qaramasdan, advokatlar jamoasining alohida sa'y-harakati kerakligi haqidagi takliflarni qo'llab-quvvatlaymiz. Biz ana shunday harakatlarni ham yoritib borishga tayyormiz!

Тахририятга берилган хабарни адвокатлардан бошқа хеч ким ўқимайди ва ахборотларга прокуратура ва бошқа органлар хеч қандай эътибор қилмайди. Шикоят ёзиз, ёзиз ва Яна ёзиш керак. Улар фақат қоғоздан қўрқадилар.

Бу воқеани адвокатлар орасида муҳокама қилганидан кўра, бирга ишлайдиган 5-6 та адвокатлар бирлашиб, Адвокатлар палатасидан Вакил олиб, вилоят прокурори қабулига киринглар эътирозларни айтиб, ёзма рввишда хам беринглар. Бир вақтнинг ўзида Сенат Раисига, Омбудсманга, президентга хам ёзиб ташланглар. Хеч ўйланиб тинч ўтирманглар. Агар бизга яқин бўлганида мен ўзим борардим. Сал бўлса хам харакат қилиб шиддат билан ёпирилиб биргалашиб ишланглар. Ёлғиз отни чанги чимас, чанги чиқса хам Донги чиқмас-деган халқ мақоли бор. Хар куни хар саоат ар бир Давлат идорасига тинмай шикоятларни тўҳтатмай ёзинглар. Ҳеч ўйланиб ўтирманглар. Тинч турсаларинг андишани оти қўрқоқ деб билиб улар ҳеч нарса қилмайди. ИИВ П.Бобожоновга хам терговчи муносабати хақида ёзинглар. Мухокама қилиб ўтирсаларинг хеч ким ёрдам бермайди. Биз адвокатлар ўзимиз учун ўзимиз курашишимиз керак. Бунинг учун бирлашишимиз керак. Атрофингизга 5-6 та хамкасбларни йиғиб, биргалашиб маслахатлашиб иш бошланглар. Омад ёр бўлсин.

Ҳимоя (адвокат) ҳимояга муҳтожми? Ҳақиқатан ҳам нима сабабдан адвокатнинг жиноят ҳақидаги аризаси 03.03.2020 йил куни тақдим этилганидан сўнг, терговга қадар текширув давомида Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 329-моддасида назарда тутилган кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатлари (кўздан кечириш, олиб қўйиш, экспертиза ўтказиш учун намуналар олиш ва экспертиза) ўтказилмаган? Агар жиноят иши 10 кун ичида қўзғатилган бўлса, нима сабабдан жиноят иши қўзғатилгандан сўнг шу кунгача айтиб ўтилган тергов ҳаракатлари ҳамда кечиктириб бўлмайдиган (аллақачон кеч бўлган) пичоқни топишга қаратилган тинтув тергов ҳаракати ўтказилмаган? Нима сабабдан мазкур жиноят иши бўйича прокурорлик назорати таъминланмади ва таъминланмасдан келинмоқда, иш бўйича ёзма кўрсатма берилмаган, дастлабки тергов ўз ҳолига ташлаб қўйилган? Агар жабрланган прокуратура ходими (МИБ ёки бошқа ходим) бўлганида эди, зудлик билан жиноят иши қўзғатилиб, кенг қамровли, керак бўлса тергов гуруҳи тузилган ҳолда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган бўлармиди?! Яна билмадим. Демак, ҳимоя (адвокат) ҳимояга муҳтожми?



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация