“Вазирни алқашдан бошқа ишимиз йўқми?..”



 
  Расм манбаси : amazon.es

Бу гап қанчалик ғалати туюлса-да, Телеграмм каналимиз манзилига келган “Мурожаатнома”нинг мазмуни деярли шундай! Хабарингиз бор, ўтган ой охирида бўлиб ўтган халқаро юридик форумда ишни уч тилда, жумладан, давлат тилимизда ҳам олиб боришга шароит яратилганлиги тўғрисида хабар берган эдик. Шунингдек, тадбирнинг очилиш маросимида Адлия вазирининг ўзбек тилида гапириши тилга ҳурмат маъносида муҳим бўлганига ҳам ишора бор эди хабарда. Аммо ўқувчилар уни сал бошқачароқ талқин қилди, шекилли, деярли оммавий тарзда вазирни алқашга ўтиб кетилди (Ваҳоланки, форум сессияларида вазир асосан рус тилида гапирган эди). Худди шу нарса ўқувчиларимиз, аниқроғи, адвокатларимиздан бирига ёқмаган кўринади...  

Нима бўлганда ҳам, бизни эркин минбар сифатида кўришни истаган бир мухлисимиз йўллаган мурожаатни эълон қилмасликка ҳаққимиз йўқ эди... Шу боис бу гаплар кимгадир оғир ботса ҳам бизга таъна қилмайд деган умиддамиз:

“ҲАМКАСБЛАРГА МУРОЖААТ!

Кейинги пайтда “Advokat” жуналида, унинг сайтида соҳага доир қанча муаммолар кўтарилмоқда, соҳа ислоҳотига доир, муҳокамага лойиқ қанча таклифлар, фикрлар билдирилмоқда. Аммо булар юзасидан жўяли муносабатлар жудаям кам билдирилади. Бунинг ўрнига эса деярли бир ҳафтадан бери адлия вазирининг форум минбарида ўзбекча гапирганини алқаганимиз-алқаган. Нима, бизнинг бундан бошқа ишимиз, айтадиган гапимиз йўқми? Аслида биз ана шу вазир раҳбарлигидаги идоранинг ҳали-ҳамон адвокатурани ҳиқилдоғидан бўғиб ўтиргани ҳақида бонг уришимиз, ундан эркинлик сўрашимиз керак эмасмиди?!

 Мен вазирликнинг ва вазирнинг ўз соҳасидаги ижобий ишларини инкор қилмоқчи эмасман. Балки кейинги пайтда Адвокатлар палатаси ишида кўзга ташланаётган озгина мустақил ҳаракат ва жонланишда ҳам вазирликнинг ўрни бордир. Лекин “яхшилик қилсанг охиригача қил” деганларидек, бутун дунёдаги ўзини билган мамлакатларда адвокатура аллақачон эркин эканини била туриб бўйнимизга бўйинтуруқ солиб ўтирган бу вазирликни ва вазирни ўзбекча гапиргани учун (аслида бу табиий ҳол-ку) мақтайверишга сал уялишимиз керакмасми? Биз эса форумда Озарбайжон вакилидан бу мамлакатда адвокатура бундан 20 йил олдин мустақил бўлганини эшитиб лол қолиб ўтирибмиз (Залдаги гулдирос қарсаклар бунинг далили!) Нега ҳеч бўлмаса шуни вазирга айтишга шошилмаймиз?

Адлия вазирлиги соҳани қандай жиловлаб турганини яхши билсангиз керак. Шу боис бу ҳақда гапириб ўтирмайман. Аммо халқаро форум куни ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани айтиб ўтай. Кўз ўнгимда Адлия вазирлигининг бир ходими “Advokat” журнали муҳарририни бир ахбороти учун қисноққа олишга уринди. Нимамиш, форумда меҳмонларга бериш учун бошқалардан савол тўплаш Дастурда кўзда тутилмаган эмиш, бунақа “ўзбошимчалик” қилишга таҳририятнинг ҳаққи йўқ эмиш... Бу қандай демократия, ахир? Шуни кўриб, тўғриси, тазйиқларга қарамасдан ҳақиқатни айтишга, соҳанинг муаммоларини кўтаришга уринаётган журналимиз таҳририяти ходимларига ҳурматим ошди. Аммо биз нима қиляпмиз, уларни қўллаб-қувватлаш ўрнига Адлия вазирлигиниг “пиар” компаниясига алданиб, “ура-ура” билан овворамиз!.. Шундай муносабат билан адвокатуранинг обрўсини кўтаришимиз, бу йўналишда бирон натижага эришишимиз мумкинми?

Бироз ошириб юборган бўлсам узр! Аммо юрагим ачишганидан айтаяпман бу гапларни. Ҳурматли ҳамкасблар, озгина кўзимизни очайлик, атрофга теранроқ нигоҳ билан қарайлик, Президентимиз қўллаб-қувватлаб турганидан фойдаланган ҳолда адвокатуранинг ҳақиқий мустақиллигига эришиш учун, ҳеч бўлмаса  ўз фикр-мулоҳазаларимиз, ўринли таклифларимиз ва холислигимиз билан ҳисса қўшайлик! Халқимизда фалсафий бир мақол бор, бола йиғламаса она кўкрак тутмайди дейди. Худди шундай, ўзимиз талаб қилмасак бизга биров мустақилликни ҳам обрў-эътиборни осонгина совға қилмайди...

Хуллас, ўз минбаримиздан самарали фойдаланайлик деман! Адвокатлар Палатаси ва таҳририят томонидан яратиб берилган имкониятни “ўтин ёришга” сарфламайлик!

Усмонхон САЛОҲИДДИНОВ, “ADOLAT DARCHASI” адвокатлик бюроси раҳбари, адвокат”

2019-05-02 12:39:48  |  3058 |   0  | 

3 изоҳлар

Сентябрь 24, 2019  22:22

1.Адвокат Б.М.

Ислохотлар жараёнидаги янгилик вп узгаришларни, шу максаддаги тажрибаларни тугри кабул килиш урнига исёнчиларга ухшаб изох таркатиш канчалик тугри буларкан? Халк учун кулайлик максадидаку бу ишларни хаммаси, колаверса хеч ким мажбурий нотариус лавозимига тайинланмайди.

Сентябрь 24, 2019  22:12

2.Нуриддин

Хакикатан хам нотариатни тажриба полигонига айлантириб юборди бу вазирлик, якинда нотариусларни устида 40 градус иссик ва совукда неча минут тирик туриши мумкинлиги хакида тажриба утказса ажабланмайман.Энг кизиги барча нотариуслар жим огзига толкон солвоган. Биров нима киляпсан демайдиям

Май 02, 2019  23:29

3.Abduqahhor Raximov

Долзарб масала кўтарилибди. Барака топинг. Адвокатура институти хақиқатан мустақил ва қонунда таъкидланганидек ўзини ўзи бошқарадиган бўлиши керак.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация