Ер участкалари олиб қўйилиши туфайли етказилган зарарни қоплаш жамғармалари ташкил этилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармаларни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан икки жамғарма ташкил қилиниши мумкин:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармаси маблағларининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда Вазирлар Маҳкамасининг давлат ҳамда жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармаси;
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари захира жамғармалари маблағларининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг давлат ҳамда жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармаси.
Республика жамғармасининг шакллантириш манбалари Республика бюджети ва республика бюджетининг қўшимча манбалари маблағлари, Ҳудудий жамғармаларнинг шакллантириш манбалари эса, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари маблағлари ҳисобланади.
Республика ва Ҳудудий жамғармалардан маблағ ажратиш бўйича республика Кузатув кенгаши ва ҳудудий Кузатув кенгашлар таркиби тасдиқланиши мумкин.
Ҳудудларда давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилишини ҳудудий Кузатув кенгашлари билан мажбурий тарзда келишилиши белгилаб қўйилади.
Республика ва Ҳудудий жамғармалар юридик шахс тузмасдан ташкил этилади ҳамда уларнинг маблағлари шахсий ғазна ҳисобварақларида жамланади.
Республика ва Ҳудудий жамғармалар маблағлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари орқали давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш учун сарфланади.
Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ташаббуси билан давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши билан боғлиқ бўлган жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш Ҳудудий жамғармалар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши билан боғлиқ бўлган жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш Республика ва Ҳудудий жамғармалари маблағлари ҳисобидан тегишлилиги бўйича республика Кузатув кенгаши ва ҳудудий Кузатув кенгашлари тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг фармойишлари асосида ажратилади.
Республика Кузатув кенгаши ва ҳудудий Кузатув кенгашларининг тақдимномаларини тайёрлаш, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ва уларни сақлаш мазкур кенгашларнинг ишчи органлари томонидан амалга оширилади.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш