Форумга рўйхатдан ўтиш нега эрта ёпилгани маълум қилинди
Гап шундаги, жорий йилнинг 25-27 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Tashkent Law Spring” Халқаро юридик форумида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш мудати аввалига 24 апрелгача деб белгиланган бўлса-да, махсус сайтда рўйхатдан ўтказиш тизими, кутилмаганда, бундан 5 кун олдин, яъни 15 апрелда ўз фаолиятини тўхтатди. Бу эса ҳали вақт бор деб бемалол юрган айрим фуқаролар ўртасида тушунмовчиликни келтириб чиқарди. Шундайлар орасида, жумладан, адвокатлар ҳам бор эди ва улар форум ташкилий қўмитасидан рад жавобини олишгач, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига, ҳатто таҳририятимизга ҳам мурожаат қилиб, рўйхатдан ўтишда амалий ёрдам сўрадилар. Аммо рўйхатга олиш расман ёпилгани сабабли бу борада ёрдам беришнинг имкони бўлмаганди.
Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи, Форумга тайёргарлик кўриш ишчи штаби раҳбари ўринбосари Аъзам Мадаминовнинг бугун “Ҳаракатлар стратегияси маркази”да бўлиб ўтган брифингда маълум қилишича, бунинг сабаби рўйхатдан ўтган иштирокчилар сонининг кўпайиб кетгани билан боғлиқ. Яъни, форумни ўтказиш учун барча тайёргарлик ишлари кўпи билан 800 иштирокчини инобатга олган ҳолда бошланган бўлиб, рўйхатга олинганлар сони бу чегарадан жуда ошиб кетгач, ташкилий қўмита иштирокчиларни рўйхатга олишни муддатидан олдин ёпишга мажбур бўлган.
Шу боис Аъзам Мадаминов ташкилий қўмита номидан форумга рўйхатдан ўта олмай қолган маҳаллий ва хорижий фуқаролардан узр сўрар экан, айни пайтда, улар учун “Ўзбекистон 24” телеканалида ва форум сайтида барча муҳокамаларнинг он-лайн тарзда ёритиб борилишини маълум қилди.
Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистон тарихида илк бор ўтказилаётган бундай катта форматдаги тадбирда қатнашиш пуллик асосда ташкил этилган эди (Икки хил пакетда аввалига 900 минг ва 2,5 миллион сўм, 29 мартдан бошлаб эса 1,1 ва 3 миллион сўмдан). Шунга қарамасдан, унда иштирок этиш учун бунча кўп миқдорда одам тўпланиши қувонарли ҳол, албатта. Улар орасида эса 90 га яқин адвокатлар ҳам бор. Мухбиримиз уларнинг айримлари билан боғланиб, ушбу тадбирдан нима натижалар кутаётгани билан қизиқиб кўрди.
“МЕНИ ХОРИЖЛИК МУТАХАССИСЛАРНИНГ ФИКРИ ҚИЗИҚТИРАДИ”
Маҳмуд ШОУМАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг Қонунчилик департаменти бошлиғи, «Legal Protection» адвокатлар ҳайъати раҳбари:
Ғоят жадал техник тараққиёт, телекоммуникацияларнинг гуркираб ривожланиши туфайли турфа мамлакатлар ва халқлар маданияти ва иқтисодиёти борган сари омихталашиб бораётир. Шундай бир даврда, ҳар бир давлат ва умуман жаҳон ҳамжамиятининг энг муҳим устунлари ўлароқ, ҳуқуқ фанлари ва амалиёти ҳам бир чеккада қолиб кетолмайди. Зеро, турли давлатларнинг бир-бири билан ҳар қандай алоқалари айнан халқаро ва локал ҳуқуқ нормаларига асосланади. Бинобарин, мамлакатларнинг қонунчилиги, ҳуқуқ тизимлари ўзаро қанчалик уйғун бўлса, ҳамкорлик шунча сермаҳсул бўлади.
Худди шунинг учун ҳам дунёда хилма-хил форматларда ўтказилаётган юридик форумлар, айтиш мумкинки, глобаллашув даврининг хос аломатига айланган. Аммо, айрим сабабларга кўра, Ўзбекистоннинг юридик соҳалари вакиллари бунақа форумларда катта-катта гуруҳ бўлиб иштирок эта олмаётган эди. Шу маънодҳа «Tashkent Law Spring» халқаро юридик форумининг илк бор мамлакатимиз пойтахтида ўтказилиши айни муддаодир.
Бу маҳаллий ҳуқуқшуносларимизнинг кўпчилик бўлиб унда иштирок этишини таъминлаши баробарида, мезбон мамлакат сифатида, Форумнинг дастурини белгилаш, айнан биз учун, айнан бугун муҳим ва долзарб бўлган саволлар ва муаммоларни кенг муҳокамага кўтаришдек ноёб имкониятни тақдим этади бизга.
Маълумки, 2019 йил Ўзбекистонда «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб эълон қилинди. Шу маънода Форумнинг бош мавзуси «Ҳуқуқ – жадал модернизация даврида» деб белгилангани мутлақо ўринлидир.
Давлат органлари, халқаро, миллий ва чет эл юридик ва консалтинг ташкилотларининг, илмий ва эксперт давраларнинг вакиллари ушбу мавзу доирасида давлат бошқаруви, замонавий ҳуқуқий фанлар ва амалиётга доир долзарб масалаларни, шунингдек сифатли давлат бошқарувини яратиш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, фаол инвестицион сиёсат юритиш сингари жабҳаларда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишни муҳокама қилишлари мумкин.
Ўйлайманки, ушбу масалаларни етакчи хорижий юридик ва консалтинг компанияларининг вакиллари, арбитраж ва медиация, давлат бошқаруви ва стратегик планлаштириш соҳаларидаги халқаро экспертлар, чет эл суд экспертлари ва олий таълим муассасалари вакиллари билан муҳокама қилиш ва уларнинг фикрларини билиш ўзбекистонлик юристлар ва адвокатлар учун жуда қизиқ ва фойдали бўлади.
Форум, унда иштирок этган ҳар бир ҳамкасбимизнинг профессионал жиҳатдан камол топишига туртки бўлиши билан бирга, мамлакатни модернизация қилиш, қонунчилик ва юридик амалиётни такомиллаштириш каби умумий вазифаларимизни ҳам муваффақиятли адо этишимизга ёрдам беради деб ишонаман.
“МУАММОЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНИШИНИ КУТЯПМАН”
Илҳом АЗИЗОВ,
«Азизов ва ҳамкорлар» адвокатлик фирмасининг катта ҳамкори:
Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий соҳаларда жаҳоннинг пешқадам мамлакатларига етиб олишни хоҳлайди ва шунга интилмоқда. Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва яқин истиқболга мўлжалланган бошқа қатор соҳавий ҳамда секторал дастурлар қабул қилинди. Сўнгги икки йил мобайнида мамлакатимизда чиндан ҳам катта ўзгаришлар рўй берди. Улардан энг асосийчи – очиқлик сиёсатидир.
Шу жумладан, бизга яқин бўлган ҳуқуқ соҳасида ҳам янгича руҳ, янги тенденциялар пайдо бўлди. 25-27 апрель кунлари Ўзбекистон тарихида илк марта «Tashkent Law Spring» халқаро юридик форуми ўтказилмоқда. Хўш, бу тадбир нимаси билан эътиборга лойиқ?
Ҳар қандай профессионал ҳамжамият ўзаро мулоқот ва тажриба алмашишга эҳтиёж сезади. Адлия вазирлигининг мазкур форумни ҳар йили ўтказиш режаси эса жорий ва истиқболдаги иқтисодий ҳамда ҳуқуқий ислоҳотларнинг юридик негизлари муҳокама этиладиган майдон яратиш ниятида эканини англатади. Дарҳақиқат, Ўзбекистон учун «соатларни тўғрилаб олиш» ва ҳуқуқий тартибга солиш механизмларининг нозик созланмаларини белгилаш объектив эҳтиёждир. Шу жиҳатдан Адлия вазирлигининг ташаббуси мақтовга сазовор, чунки бу мамлакатимизга ўтиш даврида жуда фойдали бўлиши мумкин.
Энди, шахсан ўзим мазкур форумдан нималарни кутаётганим ҳақида икки оғиз.
Барчамизга аёнки, ҳозирда энг муҳим вазифаларидан бири – тижорат айланмасини жадаллаштиришдир, мазкур жараённинг субъектлари ва асосий иштирокчилари эса – аввало маҳаллий, сўнгра ажнабий тадбиркорлар бўлади. Бу жабҳада биз юристлар «янги қонунчиликни яратиш максимал эркинлик ва бизнесни тартибга солишни минималлаштириш доктринасига асосланиши лозим», деган тушунчадан келиб чиқмоғимиз керак. Айни чоғда бизнесни чекловчи, шунингдек рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларига дахл қиладиган соҳалар ҳам жиддий тартибга солинмоғи зарур.
Маълумки, энергия ишлаб чиқариш қувватлари, транспорт коммуникациялари ва бошқа инфратузилмаларга салмоқли сармоя киритмай иқтисодиётда глобал силжишларга эришиш имконсиз. Катта маблағ талаб қиладиган бундай лойиҳаларни молиялаш учун эса халқаро институционал инвесторларнинг жиддий кўмаги керак бўлади. Форум давомида мамлакатимизга четдан сармоя кириб келишини сустлаштираётган муаммолар ва омиллар муҳокама қилинишини кутамиз.
Тажриба алмашиш ва қонунчиликни такомиллаштиришга муҳтож соҳалардан яна бири давлат-хусусий шериклигидир. Умид қиламанки, Форумда ҳамкасбларимиз ушбу соҳадаги хорижий моделлар ва стандартлар билан яқиндан танишиб, ўз билимларини янада бойитадилар.
Мамлакатимиз олдидаги долзарб вазифалардан яна бири – ўрта ва кичик хусусий бизнесни молиялашдир. Бу ерда кўп нарса банк соҳаси ва қимматбаҳо қоғозлар бозорининг ислоҳ қилинишига ва пировардида арзон (қиммат бўлмаган) қарз капитали бозорининг шакллантирилишига боғлиқ. Бироқ мен Форум доирасида мазкур сегментни банкка алоқаси бўлмаган инструментлар орқали самарали молиялаш усуллари билан танишиш истагидаман – бундай инструментлар хорижий давлатларда бизнес лойиҳаларни амалга оширишда кенг қўлланилади. Улар орасида илғор молиявий интернет-технологиялар ҳам, корпоратив облигациялар, векселлар, опционлар, фьючерслар сингари биз аллақачон унутиб юборган талай инструментлар бор.
Аграр секторни, биринчи галда, фермерликни ҳуқуқий тартибга солиш алоҳида эътибордаги масаладир. Молиялашни, суғурталашни, стандартлаштиришни, экспортни, давлат харидларини норматив тартибга солиш масалаларида чет эллик мутахассислар билан фикрлашиш керак. Ўйлайманки, аграр секторни қонунчилик йўли билан тартибга солишда биз бошқа мамлакатлардан бир қадам олдинда бўлишимиз шарт. Шунингдек, биз кенг фойдаланадиган контрактация амалиётидан муваффақиятлироқ бўлган бошқа моделлар ҳам бормикан, шуни билмоқчи эдим.
Хуллас, ана шунақа некбин кайфиятда Форум бошланишини кутяпмиз. Умид қиламанки, адвокатларимиз ажнабий ҳамкасблари билан мулоқотлардан мўл-кўл ғоялар ва интеллектуал озиқ олиб, уларни ўз амалиётларини такомиллаштириш баробарида ҳуқуқ тизимимизни ривожлантиришга сарф этажаклар.
ТАДБИР ҲАҚИДА МАЪЛУМОТЛАР:
Иштирок этиш нега пуллик?
Бу саволга Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Маҳмуд Истамов аввалги брифингда жавоб берган эди. Унинг маълум қилишича, иштирокнинг пуллик бўлиши бу хорижий тажрибадан келиб чиққан бўлиб, асосан иккита мақсадни кўзлайди: биринчиси, хориждан етук мутахассислар, спикерлар, маърузачиларни чақириш харажатларини қисман бўлса ҳам қоплаш учун бўлса, иккинчиси, бунга ўхшаш тадбирларда қатнашишнинг ўзига яраша қадри бўлиши учундир. Шунингдек, пуллик иштирок махсус ва тўлиқ пакетларда ташкил этилган (Тўлиқ пакет кечки овқатни ҳам ўз ичига олади).
Иштирокчилар ва маърузачилар қатлами
Маълум қилинишича, форумда иштирок этиш учун юриспруденсия соҳасидаги мингдан зиёд вакиллар рўйхатга олинган. Жумладан, дунёнинг 37 мамлакатидан (АҚШ, Англия, Австрия, Австралия, Озарбайжон, Буюк Британия, Германия, Ирландия, Италия, Франция, Нидерланлар, Швейцария, Польша, Канада, Молдова, Беларусь, Украина, Мальта, Латвия, Литва, Россия, Грузия, Саудия Арабистони, БАА, Хитой, Япония, Корея Республикаси, Сингапур, Ҳиндистон, Малайзия, Туркия, Шри-Ланка, Қозоғистон, Афғонистон ва ҳоказо) қарийб 240 нафар делегат ташриф буюради. Шунингдек, алоҳида қайд этиш керакки, ушбу анжуманда Корея Республикаси, Сингапур, Россия, Афғонистон, Беларусь, Озарбайжон, Саудия Арабистони, Шри-Ланка давлатларининг адлия вазирликлари ва қонунчилик тизими раҳбарлари ҳамда дунёнинг еткачи арбитраж марказлари бошлиқлари ҳам иштирок этади.
Адвокатлар учун ҳам алоҳида тадбирлар бор
Форумда асосий муҳокама йўналишларидан ташқари юридик фирма ва адвокатура юритишда қандай қилиб муваффақиятга эришиш мумкинлиги мавзусида маҳаллий ва хорижлик амалиётчи адвокатлар томонидан маҳорат дарслари ўтилиши ҳам кўзда тутилган.
Шунингдек, Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатаси ҳамкорлигида ўтказилаётган “Йилнинг энг яхши адвокати”, “Йилнинг энг яхши адвокатлик тузилмаси”ва “Йилнинг энг яхши корпоратив ҳуқуқшуноси” танловлари ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам форум доирасида бўлиб ўтади.
Муҳокамалар натижаларидан фойдаланилади
Адлия вазири ўринбосарининг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 80 мингга яқин ҳуқуқшунослар мавжуд бўлиб (Демак лицензияли адвокатлар уларнинг бор-йўғи 5 фоизини ташкил этади), Ўзбекистон тарихида илк маротаба ташкил этилаётган бу каби тадбирлар соҳа вакилларининг малакасини оширишда муҳим рол ўйнайди. Қолаверса, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” учун тасдиқланган давлат дастури ҳамда Ҳукуматнинг 2019 йил 24 январдаги фармойишига асосан ташкил этилаётган бу “Форум муҳокамалари натижалари миллий қонунчилигимизни модернизация қилишда албатта фойдаланилади”.
Тадбирни онлайн тарзда ёритамиз!
Мазкур халқаро форумни ёритиш учун “Advokat” журнали таҳририяти жамоаси ҳам рўйхатдан ўтган бўлиб, тадбирни Advokatnews.uz сайти ва унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали онлайн тарзда ёритиб бориш режалаштирилмоқда.
Форум тадбирлари ўзбек, инглиз ва рус тилларида олиб борилади ва шу уч тилга синхрон таржима қилинади.
Форум ҳақидаги батафсил маълумотлар билан эса tashkentlawspring.uz веб-сайти орқали танишиш мумкин.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш