Автосалон ходими ёлғон ваъда билан 73 кишини чув туширди



 
  Расм манбаси : GM Uzbekistan

Фарғонада янги автомашина олиб беришни ваъда қилиб, кўплаб фуқароларни «чув» туширган шахс устидан суд жараёни бошланди. Дастлабки терговда маълум бўлишича, «Фарғона автосавдо» масъулияти чекланган жамиятида омбор мудири вазифасида ишлаган И.Телябаев Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган турли русумлардаги автомашиналарни навбатсиз ва тез фурсатда олиб беришни ваъда қилиб, 2017 йилнинг июль ойидан 2018 йилнинг май ойига қадар жами 73 кишидан 9 миллиард 374 миллион сўм – 1 млн доллардан ортиқ пул йиғиб олади. Аммо ваъдасини бажармайди ва пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.

12 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди биносида И.Телябаевга оид жиноят иши муҳокамаси бошланди. У фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддасига мувофиқ, фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш – ЭКИҲнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Оғирлаштирувчи ҳолатларда эса ЭКИҲнинг 100 бараваридан 600 бараваригача жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади.

GM-Ўзбекистон хабарига кўра, текширув якунларига кўра “Фарғона автосавдо” дилерлик маркази раҳбари вазифасидан озод этилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш янги тайинланган директор в.б. – Ботиржон Акбаров зиммасига юкланган.

2018-10-18 19:22:16  |  2131 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация