Суд ва адвокат муносабати билан боғлиқ муаммолар юқори доирада муҳокама қилинди!



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

Ушбу мулоқот адвокатура ва суд тизими ўртасида ҳамон ўз ечимини топиб улгурмаган муаммоларни ҳамкорлик асосида бартараф этиш йўлидаги амалий қадам бўлиши мумкин...

Суд тизимида кейинги йилларда жуда катта ислоҳотлар жараёни амалга оширилаётганига қарамасдан, соҳада йиллар давомида шаклланган айрим жиддий муаммолар ҳали-ҳамон ўз ечимини топиб улгурганича йўқ. Улар орасида эса адвокатларнинг асосли эътирозларига сабаб бўлаётганлари ҳам етарлича. Кейинги бир йил ичида “Advokat” журналида ва Advokatnews.uz сайтида чоп этилган қатор мақолалар ҳам шундан далолат беради. Қолаверса, ўқувчиларимиз адвокатлар ўртасида ўтказилган аноним сўровнома натижаларидаги “қўрқинчли статистика”, Олий суднинг унга раддияси ва бу раддияга билдирилган эътирозлар тўғрисидаги маълумотлардан ҳам журналимиз орқали хабардор бўлишса керак. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси расмий сайтида пайдо бўлган хабарнома ҳар қандай кишининг эътиборини тортиши турган гап.

“Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ташаббусига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий судида Олий суд раиси Козимджан Камилов ва Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров ўртасида учрашув бўлиб ўтди, — дейилади жумладан хабарда. — Юқори ишчанлик руҳида, дўстона ва самимий кайфиятда ўтган ушбу учрашув давомида мамлакатимизда адвокатлар учун яратилаётган шарт-шароитлар, суд ишларида адвокатларнинг ўрнини мустаҳкамлаш ҳамда Олий суд ва Адвокатлар палатаси ўртасида келгусидаги ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Жумладан, томонлар мамлакатимиздаги суд биноларида Адвокатлар хоналари ташкил этилиши ва унда адвокатларнинг ишлашлари учун шарт-шароитлар яратилиши борасида Адвокатлар палатаси ўтказган ўрганиш натижаларига кўра аниқланган камчиликларни кўриб чиқдилар. Олий суд раиси Козимджан Камилов айрим суд биноларида ростдан ҳам жой билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини қайд этар экан, бу масалани ўз назоратига олганлигини таъкидлади. Шунингдек, янги қурилиши режалаштирилаётган суд биноларида Адвокатлар хоналари учун алоҳида жой ажратилаётганини маълум қилар экан, Алим Эрназаровни янги лойиҳалар чизмаси билан таништирди. Мавжуд Адвокатлар хоналарида етарли шарт-шароит яратилиши бўйича эса муаммоларни биргаликда аниқлаб, тез кунларда бартараф этиш чораларини кўришга келишиб олинди. Энг муҳими, Адвокатлар палатаси бу масала юзасидан Олий суд томонидан бириктириб бериладиган масъул ходим билан доимий тартибда ишлаши мумкин бўлади.

Суҳбат давомида суд мажлисларида адвокатларнинг иштироки билан боғлиқ муаммоларга биргаликда ечим топиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Ўзаро келишувга кўра, бундан кейин Адвокатлар палатаси ўзининг ҳудудий бошқармалари орқали судлар томонидан адвокатларнинг ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини мониторинг қилиб боради ва бу борадаги маълумотларни жадвал кўринишида жамлаб, Олий суд раисига тақдим этади. Ўз навбатида, Олий суд томонидан бу маълумотлар муаммоларни имкон даражасида ҳудудларнинг ўзида, Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси билан биргаликда ҳал этиш учун тегишли вилоят судларига юборилади. Ҳудуднинг ўзида ечим топиш имкони бўлмаган муаммолар эса, Олий суднинг видеоконференцалоқа тизими имкониятидан фойдаланилган ҳолда, Олий суд раиси ва Адвокатлар палатаси раиси иштирокида кўриб чиқилиб, биргаликда қарор қабул қилинади.

Шунингдек, учрашувда Олий суд ва Адвокатлар палатаси ўртасидаги ишчан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро ҳамкорликни талаб этувчи ҳар қандай масалани биргаликда тез ва самарали ҳал этиш учун шарт-шароит яратиш борасида ҳам келишиб олинди. Зеро, муҳокамалар пайтида қайд этилганидек, ҳар икки томон учун ҳам мамлакатимизда адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш ягона мақсад ҳисобланади. Жумладан, судлар томонидан адвокатларнинг ишлашлари учун қулай шароит яратилиши ҳимоянинг юқори даражада бўлишига имкон яратса, малакали ҳимоянинг таъминланиши, табиийки, судлар ишини енгиллаштириб, адолатли қарорлар қабул қилинишига хизмат қилади.

Шу маънода, мамлакатимиз суд тизими ва адвокатура соҳаси раҳбарлари ўртасида илк бор ўтказилган бундай самимий учрашувни ана шу ҳақиқатнинг амалда бўй кўрсата бошлаши учун ташланган катта қадам сифатида баҳолаш мумкин”.

Шў ўринда эслаб ўтадиган бўлсак, жорий йилнинг февраль ойи бошида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Отабек Муродов ҳам Адвокатлар палатаси раиси билан учрашган ва адвокатларнинг касбий ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ масалаларни шахсан назорат қилишини, адвокатлар уларнинг фаолиятига аралашиш ёки бирон-бир тарзда тазйиқ ўтказиш ҳолатлари юзасидан бевосита Бош прокурорга мурожаат қилишлари мумкинлигини билдирган эди. Гарчи ушбу ваъданинг сезиларли натижалари ҳақида ҳозирча маълумотга эга бўлмасак-да, адвокатлар ҳуқуқлари масаласи юқори даражада муҳокама қилина бошланганининг ўзини ҳам суд-ҳуқуқ соҳасидаги ижобий ҳодиса сифатида эътироф этишга лойиқ деб ўйлаймиз

2019-05-30 17:12:25  |  3643 |   0  | 

2 изоҳлар

Май 26, 2020  18:54

1.адвокат Охунова Зилола

бу учрашувлар расмиятчиоик булмасдан, натижаларини курамиз деган умиддаман

Май 31, 2019  02:40

2.Advokat B.M.

Албатта адвокатлар судьяларнинг ишини енгиллаштириб, ердамчи булиб келишади, лекин афсус буни хамма судьялар хам тушунмайди. Алохида хоналар булмасада, айтган вактларида адвокат иштирокида суд мажлисини бошласалар хонага хам зарурат булмасди, чакиртирган вактида ишни куришса бир оз вакт дарахтни тегида хам кутиб туриш мумкин, лекин соатлаб куттирса хонада утираверганда нима фойда, агар мукаддам маколаларда тилган олинган «чунтак адвокатлари»га кулай демасак. Куп судлар, масалан ЖИБ Тошкент шахар суди кассацияда ишларни куришда ва бошка судларда чакирилган вактдан хатто икки соат утиб хам ишни куриш холлари кузатилади, манимча буни купчилик адвокатлар тасдикласа керак. Шу каби судларда судьялар ишларни режа ва графикларга амал килиб, хар бир ишни куриш учун узларига аник вактларни белгилаб олсада, уша вактга чакирилган одамларни кабул килишса буладику. Нахотки шу муаммони хал килиб булмаса, шунча кутиб, буям етмагандек кулида ишингиз булгани сабаб хохлаганича бехурмат киладиганлари хам учраб туради. Агар шу ишни вактида куриш ва белгиланган вактга катъий риоя килишни кандай чора куриш оркали тартибга солинса, судьялар хам бироз масъулиятни хис килган булардилар, ана шунда адвокат хам уз вактини тугри таксимлаб, кейин иш вактларини режа асосида бажариши мумкин булади.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация