КУЗАТУВ КАМЕРАЛАРИДА ЁЗУВЛАР БЎЛМАСЛИГИ МУМКИН... ёки ҳуқуқларига дахл қилинган адвокатнинг хавотирлари ўринлимиди?
Кеча кутилмаган гап эшитдик — сайтимизда эълон қилинган хабарда Поп туман ички ишлар бўлимида сақланаётган ўз ҳимояси остидаги шахс билан кўриша олмаган адвокат томонидан айтиб ўтилган ҳолатларни туман ИИБдагилар тан олишмаётган экан... Демак, журналистик текширув ўтказишга эҳтиёж бор!
“Аввал ҳужумга ўтиш” усули қўлланди...
Поп туман ички ишлар бўлимининг 1-қўриқлаш-ўтказиш жойидаги панжарали эшик биз етиб борган пайтимизда очиқ эди. Аммо муддаомиздан хабар топишгач, эшик ҳар бир кирган-чиққанга алоҳида очилиб-ёпиладиган тартибга ўтилди ва тегишли одам топилгунича биз ҳам ташқарида кутадиган бўлдик...
Катта дарвоза ортидан бизни чақирган йигит панжара ортида тургани ҳолда мақсадимизни қайта сўраб олгач, “У нарса ўз тасдиғини топмаган, жиноят иши вилоят терговда тергов қилинаяпти”, дея гапни қисқа қилар экан, кутилмаганда ҳужумга ўтди (важоҳатни тарифлашга ҳожат бўлмаса керак қуйидаги нутқ турганда):
“Гувоҳномангиздан нусха берсангиз, Республика Адвокатлар палатасига “запрос” жўнатаман, агар ростдан ҳам фалончи-фалончи журналист, мана шунақа-мана шунақа ваколатлари бор дейдиган бўлса...”
Хуллас, йигитнинг (кейинчалик маълум бўлишича терговчи экан) айтишича, сўровнома жўнатишса, 5-6 кунда унга жавоб олишар экан-у, ўшандан кейин бизга ишонишиб, ўзлари чақириб олишар экан.
Шундан сўнг биз бу йигитдан ўзининг кимлигини танитишини талаб қилишга мажбур бўлдик. У эса танитиш ўрнига “Ҳозир бошлиқ чиқади, бошлиққа ахборот берилди” дея бизни панжарали дарвозанинг ташқарисидан ҳам узоқлаштириш пайига тушди — 3-4 метр наридаги кўздан пана махсус кутиш жойига боришимиз керак экан...
Балки иккинчи, айёрона усул иш берар...
Биз итоаткорона дарвоза олдидан ҳам узоқлаша бошлашимиз билан терговчи ортимиздан чиқиб келди.
“Ҳаммаси яхши бўлади. У ўз тасдиғини топмади” деди у энди сал важоҳатдан тушиб ва бизга нималарнидир тушунтирмоқчи бўлди: “Ака, сиз тушунмаяпсиз, раҳбарият рухсат берса сиз биринчи ўринда камерани кўришингиз керак, ҳақиқатдан маълумот ўз тасдиғини топганми-топмаганми ахборот беришингиз керак, тўғрими, шунга ойдинлик киритгали келгансиз, Фейсбукда мен ҳам кўрдим, тўғрими, ўшанга ҳозир раҳбарият айтаяпти менга, “Дело” менда эди, акага тушунтириб қўй, вилоят бошқармасида “дело”, Ҳайиталиев Улуғбекда, ё шу терговчи билан гаплаштириб қўй акани Тошкентдан келган бўлса, ёки нима мақсадда келганлигини ЖҚБ бошлиғи Самандар тушаяпти, айтиб қўй”.
Шундан сўнг бошида қизишиб кетгани учун узр сўраган бўлиб, баҳонада яна масалага қайтади у: “Мен терговчи бўлсам менга ордер бериши керак-да адвокат, бермаган-да”. Шунингдек, “дело” вилоятда эканини, уни ўрганиш учун вилоят ИИБ Тергов бошқармасидаги Улуғбек ака билан учрашишни тавсия қилади.
Биз тергов ҳужжатларини ўрганиш учун келмаганимизни, мақсадимиз адвокатнинг эътирозлари қанчалик ҳақиқат эканлигига ойдинлик киритиш эканини айтганимиздан кейин эса яна бошқа тавсия бўлди ундан: “Ҳа, тушунарли, демак сиз Эшонов Умид ака билан, бўлим бошлиғи билан гаплашишингиз керак экан...”.
Аммо биз у билан “тушунтириш ишлари”ни давом эттиришга яна бор уруниб кўрмоқчи бўлди шекилли, видеони кўришимиз учун асос кераклигини, ҳеч бўлмаса ордер тақдим қилишимиз лозимлигини, чунки бу ерда тоифаланган объектлар борлигини, қурол-аслаҳалар сақланишини, уларни кўрсатишга ҳақлари йўқлигини айтди. Биз эса ўша куни адвокат ҳаракатланган жойлар кўрсатилса етарли эканини баён қилдик. Шунингдек, биз ҳам вазият юмшаганидан флйдаланиб айрим нарсаларга аниқлик киритмоқчи бўлдик. Жумладан, адвокат излаган ўша йигитни тергов қилган-қилмаганини сўраганимизда терговчидан ўша пайтда у бола “номаълум шахсда бўлган”лигини айтган бўлса (бу билан нима демоқчи бўлганини тушунгандирсиз), унинг бу ерда бўлган-бўлмаганлиги ҳақидаги сўровимизга жавобан гапни “опа ордер тақдим қилмаган”га буриб кетди ва ҳоказо...
Саволларимиз кўпаявергач эса қўриқчи милиционерга биз учун ЖҚБ бўлими бошлиғи Самандарни чақириб беришини буюриб, ўзи кўчага қараб юриб кетди (Эътибор қилинг, аввал сўровнома, сўнг терговчи билан гаплаштириш, кейин ЖҚБ бўлими бошлиғининг тушаётгани, вилоятга боришимиз лозимлиги, бўлим бошлиғи билан учрашишимиз кераклиги ва яна Самандар...).
Хуллас, ўзини таништиришни мутлақо истамаган бу терговчи “иккинчи усул” ҳам иш бермаганидан ҳафсаласи пир бўлди шекилли...
Учинчи маккор усул: “Адвокат терговда қатнашган...”
Орадан маълум фурсат ўтгач қўриқчи милицонер бизни чақириб, ичкарига таклиф қилди ва ўтиш жойида телефон ва фотоаапаратимизни топшириб кетишимизни айтди. Табиийки, биз бунга эътироз билдириб, иш қуролисиз ичкарига киришимиздан ва биров билан учрашишимиздан мантиқ йўқлигини тушунтирмоқчи бўлдик. Милицонер бунга жавобан ички тартиб-тамоилни рўкач қилаётганида эса сал ичкарироқда кузатиб турган йигит бизни ёнига чақириб, ўзини маънавий ишлар бўйича ИИБ бошлиғи ўринбосари Собитхон дея таништирди. У билан ҳовли йўлагида гаплашдик.
Энг қизиғи, бу масъул ходим ҳам аввалига терговчилар билан гаплашганлигини, улар “ҳеч қанақа ордер билан келишмаган, “дело”да ордер йўқ” деётганлигини айтди. Шу жойнинг ўзида уни Наманган шаҳридаги «SOLIDARITY» адвокатлик ҳайъати адвокати Лазиза Тўхтамуродова билан телефонда боғладик. Адвокат ўзининг ордер тақдим қилганлигига бир неча асосларни келтирди. Жумладан, у кириш жойида ва кириш йўлагидан ўтганида қўлида иккита ордер ва адвокатлик гувоҳномаси бўлганлиги, қайтиб чиқиб ташқарида кутиб тургани, чиқиб кетаётган бўлим бошлиғи ўринбосарининг автомобилигача ортидан бориб ордерини кўрсатгани — ҳамма-ҳаммаси кузатув камералари ёзувларида кўринишини, қолаверса, агар ордер тақдим этмаган бўлса уни ичкарига қўймасликларини, айниқса, терговчининг хонасига олиб кириб, 3-4 соат ўтирғизиб қўйишлари мумкин эмаслигини айтди. Шунда ходим ҳали телефон гўшагини қўймасдан бизга юзланиб, “Мана, опа кирган эканларку терговга” деди бирдан ўзгариб.
Биз адвокатнинг терговга қатнашмаганлиги, ҳатто ҳимоясидаги шахсни кўрсатмагани ҳақидаги иддаосини тушунтирганимизда эса, кутилмаганда, бир неча дақиқа аввалги гапининг аксини айта бошлади: “Мен тергов бўлими бошлиғи билан гаплашдим, у “адвокати кирган терговга, мен ўзим киргизганман терговга” деяпти”.
Шундан сўнг биз, яхшиси, тафсилотларни адвокатнинг ўзидан эшитишини илтимос қилдик ва ҳали қўйилмаган гўшакда адвокат унга воқеани қуйидаги мазмунда айтиб берди:
“Мен терговчи Равшаннинг хонасида ўтирганимда у тепадан Самандар деган болани олиб тушиб, сизларда шунақа одамлар борми деб сўради. У эса ордерни қўлимдан олиб, борлигини тасдиқлади. Аммо уларни кўрсата олмаслигини, сабаби, кичкина одам эканлигини, бу иш вилоятда назоратда турганлигини, бу фуқароларни маъмурий ҳуқуқбузарликка тортиб беришни сўраб Поп туман маъмурий судига мурожаат қилганида у рад этилганлигини, шу боис асос кўрсата олмаслигини ва тўғри тушунишим кераклигини айтиб мендан илтимос қилди (Изоҳ: айни пайтда адвокат ҳимоясидаги фуқаролардан бири ўша воқеанинг эртасига — 28 февраль куни Чуст туман маъмурий суди томонидан ҳуқуқбузар деб топилиб, унга 15 суткалик қамоқ жазоси белгиланган — Таҳририят). Мен эса унга маъмурийми, ушлаб турилибдими, нима бўлса ҳам, менинг қўлимга асос беришини, шунда мен ҳимоямдаги шахсларнинг ота-оналарига фарзандлари фалон асос билан қонуний ушлаб турилганлигини айтишимни тушунтирдим ва ҳимоям остидаги шахсни кўрсатишини сўрадим. Барибир кўрсатишмади...”.
Шундан сўнг масъул ходим тергов бўлими бошлиғи ва бошқалар билан бу масалани яна бир бор гаплашиб кўришини ҳамда камерани кўрсатиш тартиби масаласида вилоятдаги раҳбарлар билан маслаҳатлашиши кераклиги айтиб, жумладан “камералар унақа ўчиб кетадиган нарсамас, ака, записни хоҳлаган пайтда тикласа бўладиган нарса” дея мени ишонтирди. Шунингдек, унинг айтишича, камераларнинг мияси ИИБ бошлиғининг хонасида жойлашган бўлиб, уни биров ўчириб ташлашининг ҳам иложи йўқ экан...
Видеоёзувларни кўриш тартиби қанча вақтда аниқ бўлишини сўраганимизда эса у, яхшиси, бу масалада ўзимизнинг вилоят ИИБга Тергов департаментига мурожаат қилишимиз мақсадга мувофиқ эканини, шунда улар мутахассис қўшиб жўнатишса, тасвирларни бирга кўришимиз мумкинлигини, бунга кечки саккизгача улгура олишимизни тушунтирди. Бу пайтда соат 18.00 дан оша бошлаганлиги боис биз шошилинч йўлга отландик.
Охирги усул: “Сақланмас экан ёзувлар...”
Вилоят ИИБда эса мулоқот қисқа ва лўнда бўлди. Ўзини Боситхон дея таништиган ходим (бошлиқ муовини дейишди) аввалига мақсадимизни телефонда эшитгач, тафсилотларни ўрганиб, кейин жавобини айтишини маълум қилди. Орадан бир мунча вақт ўтгач эса пастга тушиб, кутилмаган маълумот берди. “Поп билан гаплашдим, сақланмас экан ёзувлар деяпти” дея бизни ҳайратда қолдирди.
Биз агар сақланмаган бўлса сақланмаганлигини текшириб кўришимиз кераклигини айтдик. У эса вилоят ИИБ бошлиғининг номига ёзма мурожаат қилишимиз кераклигини, шунда мутахассислар билан кўриб чиқиб, жавоб берилишини айтди. Биз мурожаатни қўлда ёзиб беришга розилик олдик ва Поп туман ИИБ биносдаги кузутув камераларининг 2020 йил 27 февраль кунги ёзувларини кўришимизда амалий ёрдам беришини сўраган ҳолда бир энлик Илтимоснома хат қолдирдик. Унинг жавоби қачон чиқишига эса ҳеч ким аниқлик кирита олмади бу ерда...
Назаримизда, томошанинг қизиғи ҳали олдинда... Ҳозирча эса воқеалар ривожини кузатиб турамиз...
7 изоҳлар
1.Tahririyat
Hurmatli Tohirbek aka, mulohazalar uchun rahmat. Ammo hali hech narsani tugatganimiz yo‘q. Kim xato qilganini (bizmi yoku ichki ishlar xodimlarimi) vaqt ko‘rsatadi. Zero, biz bilmaganimiz uchun emas, atay o‘zimiz bordik. Ruhan qo‘llab tursalaringiz bo‘ldi.
2.Адвокат Гулнора Иномова
Салом хурматли хамкасблар.Кадрли Норбой.Сизга катта рахмат.
3.Адвокат Тоҳирбек Тожибоев
Мен адвокат Журнали Тахририятидан ва Журналистлардан кечирим сўрайман агаро ошириб юборган бўлсам. Мен Айнан Журналистнинг ўғлман. бу сохани оз-моз биламан. Журналистик суриштирувга боришдан аввал Пухта тайёргарлик кўриш керак эди. Шошмашошарлик билан бориш керак эмас эди. . ИИБ олдида 5-10 та фуқарони йиғиб ташқарида камерани ишлатиб таниқли одамлардан фикрлдарни ўзларингча ёзишни бошлаганларингда эди. ИИБ бошлиғи ўзи шахсан югуриб чиқар эди. ЁКИ ИИБ га боришдан олдин вилоят прокуратураси, ИИБ ёхуд Адвокатлар палатаси худудий бошқарма бошлиги ёхуд Суддан ИИБ бошлиғига тел. орқали қўнғироқ қилдириб, кутуб олиглар деб кейин тайёргарлик кўриб бориш керак эди.
4.Адвокат Тоҳирбек Тожибоев
Эй журналист!.... Биринчидан Худудий бошқарма вакили билан ёки ўша инсдентга сабабчи бўлган адвокат билан бирга бориш керак эди. Иккинчидан, Поп туман ИИБ ходимларига Ўз.Р.ЖКнинг 2301-модда. Далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) , 2302-модда. Тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш (қалбакилаштириш) нормаларни тушунтириш керак эди. Кейин бошқа қоннунлар Ахборот олиш эркинлиги, Адвокатура и.тд. Қонунларни тушунтириб, Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси орқа Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Олий Мажлисдаги ОМБУДСМАНга ёзма мурожаат қилишлик хақида тушунтириб, Видеокузатув ёзувларини ДХХ мутахассислари орқали қайта тиклаш йўли билан олишимиз мумкин деб сиёсат қилиб, сўнгра Журналист ваколатларини айтиб, уларга улитматум қўйиб муддат белгилаш лозим эди. Кейин ташқарида камерани ишлатиб ўзларинг билан бирга борган Худудий бошқарма вакили ва адвокатни гапиртириб фуқаролар иштирокида тасвирга тушуриш керак эди. Шунда ИИБ ходимларига психологик таъсир бўлиб, улар ёлғон гапиришни ўйлаб кўрган бўлур эди. Лекин бу мунозара хақида каналга ёзиб адвокатларни ўзи билан мухокама қилгандан кўра. Чунки бу гаплар ўзимизни ичимизда қолиб кетади. Юқорида мен айтганимдек. Ўша жойни ўзида ОМБУДСМАНГА харар қилиш керак. Тўпланган хужжатлародан нусҳа кўчириб Олий Мажлис Сенати спикерига хам юбориш керак эди. Сизлар яхши ишни бошлаябсизлар лекин уни охиига етказмаябсизлар. Журналистнинг хам баъзи холларда вколати чекланган бўлсада, бошқа ваколати бор шахслардан унумли фойдаланиш керак эди. Ноқонуний ушлаб турилган фуқаронинг ота-онаси номидан хамма инстанцияларпга аризани тайёрлаб фақат уларга имзо қўйдириб, Сизлар олган видеороликлардан нусҳа кўчириб фуқарога асос қилиб қўшиб бериб, тегишли органларга юбориш керак эди. Сизлар ўз имкониятларингиздан тўғри фойдалана олмабсизлар. Ушбу мен қайд этган барча тадбирлар ва харакатларни Журналистик суриштирув материаллари сифатида жамлаш лозим эди. Агар Сизлар айнан ўша адвокатнингг иштирокисиз ёки худудий бошқарма вакилисиз ўша ПОП туман ИИБга борган бўлсангиз ва улардан ахборот талаб қилган бўлсангиз демак нотўғри иш қилибсизлар. Сизлар Журналистлар бир вақтнинг ўзида, айнан ўша инсдентга сабабчи бўлган шахсни ёки Худудий бошқарма вакили кузатувида бррганингизда улар бошқача кутиб олган бўларди. Хамкасбим Усмонхон Салохиддинов тўғри ёзибди. ПАНЖАРАЛАР хақидаги муаммони ПреЗидентга, Телевидения матбуотга, Инсон хуқуқлари ОМБУДСМАНГА, ва бошқа тегишли давлат органларига, Халқаро кузатувчиларга, ва Х.К ушбу масалани кескин қўйиш вақти келди. Ҳеч қайси Давлатда ИИО. Прокуратура ва СУд органлари идоралари ПАНЖАРА билан тўсилган эмас. Бу Дунё сандартларига ЗИД.. Мени бу фикрларимдан хулоса қилиб Ўзларингизни хам камчиликларингизни йўл қўйган ҳатоларингизни Тан олиш вақти келди деб хисоблайман. Тўғридан тўғри хар қандай ИИБга хабар бўйича Журналистик суриштирув деб кириб борсангиз Сизларни қўймасликни олдиндан биласизлар-ку?.... Демак Сизларни танийдиган вилоятдаги таниқли шахслар кузатуви остида боришларингиз керак эди. Норбой мендан хафа бўлманг Дўст ачитиб гапиради қизишиб кетиб Сизларни камчиликларингизни хам ёзиб юбордим. Шундан Экстремал ҳолатда тўғри Қарор қабул қилиш ва керакли жойда Сенсация қилишни билиш керак деб хисоблайман. .
5.Адвокат Усмонхон Салохиддинов
Ҳа, томоша олдинда. Мана шу ишни совитмай Республика бош прокурори ва ИИВ назоратига олдириб, давом этдириш керак. Адвокат ҳам жим турмай, маъмурий судга мурожаат қилсин. Далилларни тўплаб, жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли жиноят иши қўзғатишга ва уни Сенат орқали ИИВ ҳисоботини эшитишгача эришиш керак. Керак бўлса, халқаро экспертларни жалб этиш лозим. Бу ҳолатлар, милиция панжараларини олиб ташланишигача Президент эътиборига тушишига ишончим комил. Чунки, халқдан ўзини панжара билан ҳимоя қилганларни индаллоси энди чиқяпти. Одатда панжара ҳайвонот боғида бўлишлигини улар тушунишлари учун ҳали бор...
6.Ойбек Рахимов
Тушунган тушунди...
7.Ойбек Рахимов
Ассалому алайкум кадрли дустларр, хакикий хаётга хуш келибсиз... Бу хали холвасии...
Изоҳ қолдириш